Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

МХХнинг Миллий телерадиокомпаниядаги куратори ишдан бўшатилди

МХХнинг Миллий телерадиокомпаниядаги куратори ишдан бўшатилди
13 Nisan 2018 - 17:09 'да юкланди ва 945 марта ўқилди.

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (МТРК) раисининг Хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари, 44 яшар Абдусалом Шодмонов ишдан бўшатилган.

МТРК таркибидаги телеканаллардан бири Бош муҳаррирининг “Озодлик” радиосига маълум қилишича, Шодмонов 6 апрель куни ишдан бўшатилган.

Бу воқеа юзасидан “Озодлик” радиосига гапирганларга кўра, МТРК персоналини “тотал назорат” қилиш, ходимларни ишга олиш ва ишдан бўшатиш масалалари Абдусалом Шодмоновнинг хизмат ваколатлари доирасида бўлган.

МТРКдаги таниқли журналистлардан бири Шарофиддин Тўлагановнинг “Озодлик” радиосига айтишича¸ “Шодмонов ишдан олингани ортидан у эгаллаган лавозим ҳам таг-туги билан тугатилган: “Унинг лавозими бекор қилинди, худди диний идорада бўлгани каби. Диний идорада ҳам МХХ вакили ишдан олинган эдику?” деди журналист.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида 21 йил ишлаган мустақил журналист Малоҳат Эшонқулованинг айтишича¸ “телерадиокомпания раисининг хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари Ўзбекистон МХХнинг (ҳозирда ДХХ – таҳр) телекомпания журналистларини назорат қилувчи вакили бўлиб келган”. Суҳбатдошга кўра¸ МТРК раисининг ўринбосари “мухолифат¸ диндорлар ëки коррупцияда айбанган собиқ мулозимлар ҳақидаги” махсус дастурларни ишлаб чиқариш ва назорат қилиш билан ҳам шуғулланган.

МТРК таркибидаги каналлардан бири Бош муҳаррирининг “Озодлик” радиоси билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, Шодмонов МХХнинг МТРКдаги “кўз-қулоғи” бўлган.

“Шодмонов Миллий хавфсизлик хизматининг вакили сифатида ишлар эди. Кўз қулоғи бизда эди. Хавфсизлик идораси, биласиз. Ходимлар айнан шу кишининг буткул назорати остида эди. Отпускада Иссиқкўлга дам олишга бормоқчи бўлсам, ўша киши рухсат бермаган. Кетганидан ва умуман бу лавозим бутунлай тугатилганидан мамнунман”¸- деди МТРКда ишлайдиган, исми очиқланишини истамаган каналлардан бири Бош муҳаррири.

Абдусалом Шодмоновнинг ишдан олингани ва лавозими тугатилгани, шунга ўхшаш, “Озодлик” радиосига маълум, иккинчи воқеадир.

17 февралда Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси раисининг МХХдан тайинланган ўринбосари Айдарбек Тулепов ишдан олиниб, унинг лавозими тугатилган эди.

Шавкат Раҳмон ҳақидаги кўрсатув учун Шодмонов жавобгар бўлдими?

МТРКда ишлайдиган журналистнинг айтишича¸ жорий йилнинг 3 апрелида таниқли шоир Шавкат Раҳмон ижодига бағишланган кўрсатув МТРКнинг “Маданият ва маърифат” каналида эфирга узатилган. Кўрсатувда чет элда яшаëтган мухолифат арбоби Муҳаммад Солиҳ тасвири кўриниб қолгани, суҳбатдош таъкидича¸ Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчи Хайриддин Султоновнинг эътирозига сабаб бўлган.

“Эътироз, асосан, режим раҳбари Абдусалом Шодмоновга билдирилди. Мавжуд қоидага кўра¸ чет элдаги мухолифат билан боғлиқ тасвирлар кетиш-кетмаслигига Шодмонов қарор бериб келган. Шодмонов ўзини оқлаш учун кўрсатув муаллифларини айблади. Муаллифлар эса, техник ҳодимларни. Ҳуллас, шу разборкадан 3 кун ўтиб Шодмонов ишдан кетди” – деди МТРКда ишлайдиган журналист.

3 апрель куни МТРК дастурида кўрсатилгани эътирозга сабаб бўлган сурат
3 апрель куни МТРК дастурида кўрсатилгани эътирозга сабаб бўлган сурат

“Озодлик” радиоси  суҳбатлашган бошқа журналистлар эса¸ “Шодмонов кўрсатув учун эмас, балки МТРКни МХХ қолдиқларидан тозалаш мақсадида ишдан олинди”, дейишди.

6 апрель куни ишдан олинган Абдусалом Шодмоновнинг исми МТРК расмий сайтидаги раҳбарлар рўйхатидан 13 апрель куни олиб ташланди.

“Озодлик” радиоси мухбири 6 апрель куни МТРК га телефон қилиб, “раис ўринбосари Шодмонов ишдан олиндими”, деб сўраганида ўзини “девонхона котиби”, деб атаган мулозима “Йўқ у киши ишдан олинмади”, деб жавоб берган эди.

“Озодлик” радиоси  айни номерга 13 апрель куни телефон қилганида “лавозим тугатилгани боис Шодмонов 6 апрель куни вазифасидан озод қилинди”, деган жавоб бўлди.

Ўзбекистон расмий матбуотида Шодмоновнинг ишдан олингани, орадан бир ҳафта ўтса ҳамки, ëритилмади. МТРК собиқ ходими Малоҳат Эшонқулованинг айтишича¸ “Одатда бундай сукунат қарорни ўзгартириш ниятида қилинади”.

– Шодмонов шу 6 кун ичида МТРК таркибида қолишга уринган бўлиши мумкин. Маҳаллий матбуотнинг ëзмаганини¸ МТРК расмий сайтида номи турганлигини ҳам шу билан изоҳлайман,- деди суҳбатдош.

ТВ журналистлари “кишансиз” қолдими?

Миллий телерадиокомпания раисининг Хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари Абдусалом Шодмоновнинг ишдан кетиши ва бу лавозим бекор қилинганини олқишлаган Эшонқулованинг фикрича, “Ўзбек ТВ журналистлари оëғидаги кишандан қисман қутулишди”.

– Керак бўлмаган тузилма эди бу режим. Бундан буëғига журналистларни ишга олиш масаласи билан кадрлар бўлими шуғулланади. Сиëсий мухолифат¸ диндорлар ҳақидаги эшиттиришлар масъулияти муҳаррирлар зиммасига ўтади. МТРКни доимгидек ИИВ га қарашли қўриқчилар қоровуллайверади. Режим деб айтиладиган шу идорадан жабр кўрганим учун эмас¸ холис айтаяпман. Шодмонов кетгани яхши бўлди¸ журналистлар эркин нафас олади¸- дейди суҳбатдош.

Шу йилнинг 19 январида Сурхондарё вилоят, Қизириқ туман ҳокимлигида вилоят фаоллари билан учрашган президент Мирзиёев идора ва ташкилотларни МХХ кураторлари назорат қилаëтганлигини танқид қилган эди.

ЎХҲ хабарлар бўлими

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort