Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Эҳтимол, ишни, энг аввало том маънодаги туб ислоҳатлардан бошлаш керакдир? (видео)

Эҳтимол, ишни, энг аввало том маънодаги туб ислоҳатлардан бошлаш керакдир? (видео)
15 Nisan 2018 - 23:21 'да юкланди ва 1052 марта ўқилди.

Ушбу тасвирлар 2018 йилнинг 10 апрель куни соат 11.00 да Президент халқ қабулхонаси биноси олдидан олинган….

Қабулга келган аксарият фуқароларнинг айтишича, апрел ойининг биринчи жума куни – яъни 6 апрель куни Бош прокурор Отабек Муродов қабули ташкил этилмагач бундан азобланган аҳоли кўмак сўраб мамлакат Президентининг ҳузурига ошиққан.

Шу ўринда, таъкидлаб ўтиш керакки, халқимиз ўз Президентига жуда-жуда ишонади.

Аҳолининг ишончига кўра, қуйи қонун идораларида содир бўлаётган қонунбузарликлар, ҳокимият ҳаракатсизлиги ҳақида Президент хабар топгудек бўлса, албатта бунингдек ўзибўларчиликка чек қўйилади…

Аслида Президент халқ қабулхонасига одамлар оқимини Шавкат Мирзиёевга бўлган ана шу ишонч олиб келмоқда…

Тан олиш керак, Ўзбекистон Президенти кейинги пайтларда ўзининг олийжаноб нутқлари билан халқ эътирофига сазовор бўлмоқда.

Бироқ ҳокимиятнинг қуйи буғинида ўтирган ва ўз ўриндиғига елимланиб қолган айрим амалдорлар, у суд ҳокимияти бўладими, прокуратура органими, милициями, маҳалла фуқаролар йиғиними, шаҳар ва туман ҳокимияти бўладими, солиқ, божхона, касаба уюшмаси, касалхона бўладими, у ерда қўр тўқиб ўтирган масъул мансабдор шахслар ҳали ширин уйқусидан уйғонган эмас. Ҳамон атрофида қандай ўзгаришлар рўй бераётганидан бехабар… Ҳалигача мудроқ… Эсна-ааб ўтиришибди….

Ва яна жойлардаги амалдорларнинг айнан ўша мудроқлиги, бефарқу боқибеғамлиги, лоқайдлиги Президент халқ қабулхонасига одамлар оқимининг оқиб келишига сабаб бўлмоқда…

Ушбу лавҳалар 10 апрель куни Президент халқ қабулхонаси биноси олдидан олинган тезкор тасвирлар…..

Ҳуқуқбон Аъзам Турғунов билан биргаликда халқ арзини тасврига олаётган пайтимизда милиция формасидаги ходимлардан бири келиб “Опа, ичкарига киринг, сизни чақиришмоқда” деди…. Мен ўз телефон аппаратимни қабулга келган фуқаролардан бирига қолдириб, Турғуновнинг қўл телефонини олганча, милиция ходимига эргашдим. Ҳуқуқбон Турғунов менга ҳамроҳлик қиди….

Президент халқ қабулхонасига кираверишда милиция формасидаги бир аёл ва бир эркак киши ўтирарди.

Ўзини таништирмаган ички ишлар ходими, “Бу ер “секретный” объект. Қанчадан-қанча душманларимиз кўз тикиб туришибди. Бу ерда тасвирга олиш мумкин эмас. Қани, тезда олганларингизни ўчириб ташланг” дея амр қилди.

Шунда ҳуқуқбон ҳамроҳим, “Мен Аъзам Труғунов бўламан, собиқ сиёсий маҳбус. Бу қандайин муомила бўлди? Нега гапни ўзингизни таништиришдан бошламайсиз?” дея эътироз билдирди.

Ҳақли эътирозга жавобан суҳбатдошимиз “Мен шу объектга жавобгар шахсман. Бирор кор-ҳол содир бўлса, бошим билан жавоб бераман” деганча, ўзини таништирди.

Турғуновнинг қаршиликларига қарамасдан, ортиқча муаммоларнинг олдини олиш мақсадида мен ҳуқуқбоннинг телефонидаги тасвриларни ўчириб ташлашга мажбур бўлдим…Сиз тасврида кўраётган ушбу лавҳалар эса ички ишлар ходимларининг талабидан омон қолган тасвирлар эди….

Турли вилоятлардан келган фуқаролар ўз ҳасратларини мамлакат отасига етказиш илинжида ҳар куни Халқ қабулхонаси остонасида ҳалак бўлмоқда….

Аъзам Турғуновга телефон орқали берилган хабарга кўра 6 апрель куни бизга ушбу тарзида арзини изҳор қилган, Бухоронинг Жондор туманидан келган ушбу икки болали аёл кеча кечаси Тошкентдаги ижара уйига қайтмаган…

Ҳуқуқбон Шуҳрат Рустамовнинг телефон орқали бизга ташвишланиб берган маълумотига кўра, Президентимизнинг ва Бош прокурорнинг қабулларига ножот истаб боришлари ортидан ҳожати равон бўлмаган аҳоли вакиллари – турли вилоятлардан ўз муаммолари билан азр қилиб келган бир гуруҳ аёллар бугун, 15 апрель, якшанба куни эрталаб Шавкат Миромоновичнинг резеденциясига – яшаш қароргоҳига бориш мақсадида Ички ишлар вазирлигининг Академияси муюлишида тўпланишган.

Бироқ бахтга қарши Президент қароргоҳига отланган аёллар Академия яқинида уларни қадамини қаричлаб юрган Ички ишлар ходамлари томонидан қўлга олинган ички ишлар идорасига олиб кетилган.

Шу сабаб айни дамда Президент қароргоҳига отланган одамлар билан телефон алоқалари узилиб қолган…

Президент резиденциясига бориш истагидаги одамлар орасида Хоразмлик Аделия Худойберганова, Зулфия Хуждойберганова, Самарқандлик Фароғат Йўлдошева, Севара Ғуломова, Ферайде Ғуломова, Гулбаҳор Каримбекова ва бошқалар бўлган.

Хурматли Шавкат Миромонович!

Халқингиз сизни халоскоримиз деб билмоқда ва умид билан сизнинг қабулингизга ошиқмоқда.

Ўз мансабини ўйлаган айрим амалдорлар эса халқингизнинг сизга бўлган ишончини ўлдириш, аҳолини қўрқитиб қўйиш билан шуғулланмоқда…

Халқ ишончини суиистеъмол қилмаслик учун, эҳтимол ишни Президент Халқ қабулхонаси фаолиятини ислоҳ қилишдан бошлаш керакдир?

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
мустақил ҳуқуқбон, журналист

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort