Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

«Мен Каримов қонини тўкишга рози бўлмаганман»

«Мен Каримов қонини тўкишга рози бўлмаганман»
25 Nisan 2018 - 13:18 'да юкланди ва 1245 марта ўқилди.

«Мен Каримов қонини тўкишга рози бўлмаганман». Муҳаммад Солиҳ Абдуллаев иши, МХХ провокациялари ва «Жатва» лойиҳаси ҳақида

Бу интервью 2018 йил апрель ойининг ўрталарида , жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Бобомурод Абдуллаев, Ҳаётхон Насриддинов, Шавкат Оллоёров ва Равшан Салаевларнинг иши кўрилаётган бир пайтда ёзиб олинди. Маълумки судланувчилар Ўзбекистоннинг конституциявий тузумини бузиш, қуролли қўзғолон кўтариш, шунингдек мазкур мақсадларни кўзлаган “Жатва” (“Ўрим”) лойиҳасининг муаллифлигида айбланмоқда.

Март ойининг охирида айбланувчи Бобомурод Абдуллаевнинг адвокати Сергей Майоров Туркияда яшаётган мухолифат сиёсатчиси Муҳаммад Солиҳнинг судда кўрсатма бериш бўйича сўровнома киритганди. Муҳаммад Солиҳнинг исми доимо судланувчилар, судялар ва прокурорлар чиқишларида тилга олиняпти. Бу шахс айблов томонини жуда қизиқтиради. Гарчи, терговчилар Солиҳнинг “тўртлик иши”га бевосита алоқадорлигини таъкидлаётган бўлсалар-да, судя “ҳали эрта” важи билан уни судга кўрсатма беришга чақирмаяпти.

«Фарғона»нинг бош муҳаррири Даниил Кислов Стамбулда бўлиб, Муҳаммад Солиҳга саволлар берди. Назаримизда ушбу саволларга берилган жавоблар судя ва прокурорларни қизиқтирган бўларди.

– Қачон ва қай ҳолатда Бобомурод Абдуллаев билан танишгансиз?

– Мен Бобомурод Абдуллаев билан 2001 йили Норвегиянинг Осло шаҳрида, унинг журналист ва ҳуқуқ ҳимоячилари делегацияси қаторида ЕҲҲТ дастури доирасида ўтказилган халқаро анжуманда иштирок этганида танишганман. Янглишмасам, у Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари борасида нутқ сўзлаганлардан бири бўлган. (Муҳаммад Солиҳ 1999 йилдан Ослода сиёсий қочқин сифатида яшаган. – «Фарғона» изоҳи.) Бунгача у билан учрашмаганман ва уни танимаганман ҳам.

Ўшанда, Ослода Бобомурод мендан ўзининг «Озод Овоз» сайти учун интервью олган. Интервьюда Каримов режими ва Ўзбекистондаги вазият ҳақида фикрларим ўртоқлашганман. Мен Абдуллаев интервьюни чоп қилмаса керак, деб ўйлагандим, зеро бу журналист учун қалтис иш бўлиб, нашрдан кейин сайтни ёпиб ташлашлари мумкин эди. Лекин шунга қарамасдан у интервьюни эълон қилди. Шундай қилиб ўртамизда дўстлик алоқалари пайдо бўлди. Шундан бери у билан доимо ёзишмалар олиб борардик, Ўзбекистондаги вазиятни муҳокама қилардик.


Муҳаммад Солиҳ Даниил Кислов саволларига жавоб беряпти, 2018 йил 18 апрель, Стамбул

– Ҳаётхон Насриддинов билан қачон танишгансиз?

– 2013 йили. У менга Facebook орқали чиқиб, Стамбулдаги биржага ишга жойлашиши учун ёрдам беришимни кўраганди. У менга Ўзбекистонда яшаш оғирлиги, пул йўқлигини айтди. Унинг «Фарғона»даги материалларига кўзим тушгани эсимда, янглишмасам у «Озодлик»да рус тилида блог олиб борарди. (Насриддинов «Свобода» сайти учун колонка ёзарди. – «Фарғона» изоҳи.) Мақолалари ёмон эмасди ва у менга дурустгина йигитдек туюлганди.

Мен уни Стамбулга таклиф қилдим, унга бориб-келиш пулини жўнатдим. У меникида 10 кун турди. Кейин у онасининг касал эканини гапирди. Биз хотиним билан унга ёрдам бермоқчи бўлдик. Мен унга рафиқам Ойдин Солиҳнинг “Ҳақиқий тиббиёт. Йўқотилган шифо изидан” китобининг рус тилидаги электрон версиясини Ҳаётхоннинг онаси ўқиб, даволаниши учун бердим. Лекин орамизда унинг онасини Стамбулга чақириб, даволатиш ҳақида гап бўлмаган. Нега унинг судда ёлғон гапираётганини билмайман. (2018 йил март ойида судда Насриддинов Солиҳнинг онасини даъволашга ёрдам беришга ваъда бергани, лекин кейинчалик Насриддинов мухолифатчилар ҳақида ёзган мақолаларидан норози экани туфайли ваъдасидан қайтганини маълум қилганди. – «Фарғона» изоҳи.)

– Қачон интернетда Усмон Ҳақназаров номи пайдо бўлган? Унинг Абдуллаев ёки Насриддиновга алоқаси борми?

– Унинг Насриддиновга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Абдуллаевга алоқаси бор. Янглишмасам, Бобомурод Абдуллаев 2002 йилдан мазкур тахаллус билан мақолалар ёза бошлаган ва улар «Центразия» сайтида чоп этилган.

– «Усмон Ҳақназаров» тахаллусини биринчи бор қўллаган инсон Абдуллаев бўладими?

– Ҳа, албатта, бу тахаллусни унинг ўзи ўйлаб топган.

– Ушбу матнларга алоқангиз борми? Сиз Абдуллаевга мақолалар ёзиш учун буюртма берганмисиз?

– Йўқ. Мазкур текстларга менинг алоқам йўқ. Мен ҳаттоки дастлабки мақола муаллифи ким эканинини билмаганман. Иккинчи мақоладан сўнг унинг муаллифи Бобомурод эканини билдим, чунки биз яқин алоқада эдик. Лекин 2012 йилгача чоп этилган мақолаларга ҳеч қандай алоқам йўқ.

– Қачондан бери Абдуллаев мақолалари Ўзбекистон халқ ҳаракати партиясининг сайтида нашр қилина бошлаган?

– 2012 йилдан бошлаб биз унинг мақолаларини сайтимизда чоп қила бошладик. Ҳақназаров тахаллуси остида бошқа мақолалар ҳам бўлган, балки ўнга яқин, аниқ эслолмайман.

– Муаллифларини биласизми? Ёки уларни сиз ёзганмисиз?

– Уларнинг муаллифларини айтмаган маъқул, деб ўйлайман. Лекин уларни мен ёзмаганман, бу аниқ. Муаллиф Ҳақназаровга тақлид қилмоқчи бўлган. Ҳақназаров – ўзига хос бренд, биз уни қолдиришни маъқул топдик. Бизнинг (бошқа муаллиф қаламига мансуб) мақолаларни бераётганимизни Абдуллаевнинг ўзи ҳам ҳам биларди.

– Абдуллаев билан алоқангиз қандай бўлган? Мавзуларни ким танлаган? Сиз унга пул тўлаганмисиз? Сайтингиз учун у тез-тез мақолалар ёзиб турармиди?

– Янглишмасам, ҳар ойда материал бериб турарди. Мен Абдуллаевга пул тўламаганман, шартимизда бу масала қўйилмаганди, Бобомурод ҳам ҳеч қачон пул сўрамаган. Мен унга ёрдам беришга ҳаракат қилганман ва булар арзимас пуллар бўлган. Бир марта мен унга 5 минг доллар тўлаганман: рафиқамнинг «Ҳақиқий тиббиёт» китобини турк тилидан ўзбек тилига таржима қилиш учун. У ўз ишини виждонан бажарди, гарчи 4 минг долларга келишган бўлсак-да, мен унга 5 минг тўлаганман. Камдан-кам у мендан қийин моддий вазият туфайли пул сўраган. Мен унга 200 ёки 300 доллар пул жўнатганман. Буни пул демаса ҳам бўлади. Бобомурод журналист сифатида юракдан, ғоялари йўлида, ўзбек халқига ёрдам бериш учун холисона ишлаган, унинг бошқа мақсади бўлмаган.

– Абдуллаев билан муносабатингиз фақат ёзишмалар билан чекланмаган бўлса керак, сиз унинг шахсий ҳаётидан ҳам хабардор бўлгансиз, шундайми?

– Ҳа, албатта. У кенг дунёқарашли шахс. У ҳар томонлама комилликка эришган инсон: мусиқадан хабардор, ажойиб шеърлар ёзади. У замонавий ўзбек интеллектуали, афсус, у каби инсонлар жуда кам.


Муҳаммад Солиҳ

– Судда сиз, Абдуллаев ва Насриддинов ўртасида Скайп орқали суҳбат ўтгани, унда сизлар Ўзбекистондаги ҳукуматни ағдариш масаласини муҳокама қилганингиз ҳақида кўрсатмалар берилди. Судда мазкур суҳбатда иштирок этган Кенжа Мусанов ҳам гувоҳ сифатида иштирок этди. Ўша суҳбат бўлганмиди? Агар бўлган бўлса, унда қандай масалаларни муҳокама қилгансизлар?

– Ҳеч қачон уларнинг судда берган кўрсатмалари бўйича (мен Мусанов ва Насриддинов кўрсатмаларини ўқидим) суҳбат бўлмаган. Уларнинг айтишича, мен улар билан чегарада Ўзбекистонга киришга шай қандайдир одамлар борлиги, гўёки улар ҳам ҳамма нарсага тайёр бўлишлари ҳақида гапирганман…Албатта, бу ғирт ёлғоннинг ўзгинаси.

– Келинг, аниқлик киритиб олсак. Сиз Абдуллаев ёки Насриддинов билан Ўзбекистон ҳукуматига қарши қуролли чиқишни муҳокама қилганмисиз?

– Ҳеч қачон. Абдуллаев билан ҳам, Насриддинов билан ҳам бу ҳақда гап юритилмаган. Насриддинов билан биз сиёсат ҳақида умуман гаплашмаганмиз. У менга онасининг бетоблиги ҳақида ёзган, кейин Ислом давлати ҳақида саволлар берган (мен уларни чоп қилганман). У мендан мазкур ташкилот ҳақидаги фикрларим билан қизиққан. Унга улар ислом дини, мусулмонларнинг душмани бўлмиш террорчилар экани ҳақида ўз фикримни айтганман. Бор гап шу.


М.Солиҳ ва Ҳ.Насриддинов ёзишмаларидан кўчирма. «Ферғона»га М.Солиҳ томонидан берилган.

– Айбланувчилар курсисида ўтирган Шавкат Оллоёров ва Равшан Салаевларнинг бу ишга қандай дахли бор?

– Мен шахсан Равшан Салаевни ҳам, Шавкат Оллоёровни ҳам кўрмаганман. Фақат Оллоёров бир марта мендан ресторан сервиси ҳақида қандайдир китобни топиб беришимни сўраган. Мен унга ўша китобни топиб берганман. Кейин у менга қўнғироқ қилиб, китоб учун раҳмат айтган. Алоқамиз шу билан якунланган. Салаев билан ҳеч қачон гаплашмаганман, овозини ҳам танимайман. Фақат бир марта у ҳақда Абдуллаев билан Facebookда тез-тез кўриниб турадиган, ҳозирда Швецияда яшовчи ҳуқуқ ҳимоячиси Дилобар Эркинзода билан Салаевнинг жанжали юзасидан гапирганман. Бу аёл менга қўнғироқ қилиб, хоразмлик Салаев деган кимса у билан «Фейсбук»да куракда турмайдиган сўзлар билан уришганидан шикоят қилди. У Абдуллаев билан қишлоқдош бўлган. Мен Абдуллаевга қўнғироқ қилиб, сенга маълумотлар (мақола учун) бераётган кимса ўша одам эмасми, деб сўрадим. Бобомурод ҳақиқатан ўша инсонлигини айтди. Мен унга Салаевнинг тектак экани, бизларни шарманда қилаётганини айтдим. Мен Салаевни мана шу сифатида танийман.

– Агар бугун сизда судда иштирок этиш имконияти бўлганда, «Жатва» лойиҳаси ҳақида нималар деган бўлардингиз? У қанақа лойиҳа, нималарни мақсад қилиб олган, унинг ғоячиси ва муаллифи ким?

– Мен уни 1999 йил февраль ойида амалга ошмай қолган лойиҳанинг бугунги кунда жонлаштиришга бўлган уринишдир, деб ўйлайман. Ўшанда Каримов мени мазкур воқеалар ортида турганликда айблаган. Каримов сиёсий мухолифат ва диний радикалларни йўқ қилмоқчи бўлганди. Ҳукумат 1999 йилги портлашувни ўйлаб топган ва амалга оширган. Ҳозирда ҳам, менинг Ватанга қайтмаслигим учун улар шунга ўхшаш операция ҳозирламоқдалар. Мана шу мақсадда “Жатва” лойиҳаси ўйлаб топилган. Улар битта зарба билан Усмон Ҳақназаров ва мени гумдон қилмоқчи. Улар Ўзбекистонда сиёсий режимни ағдаришга бағишланган «Жатва» лойиҳасини бизларга тўнкамоқчилар. Улар 1999 йилги каби мени айбламоқчилар. «Жатва» ва аввалги лойиҳа ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ.

– Нима деб ўйлайсиз, лойиҳанинг муаллифи Абдуллаев бўлиши мумкинми? Терговчилар маълумотларига кўра, мазкур лойиҳа файли унинг флэшкаси ва компьютерида топилган ахир.

– Ҳаттоки экспертларнинг ўзлари ҳам Абдуллаевнинг муаллиф бўлолмаслигини гапиришган. Муҳаммад Солиҳ ҳам унинг муаллифи эмас. Экспертлар буни тан олишди. Бу – биринчидан. Иккинчидан, МХХ терговчиларининг кўрсатмасига биноан Абдуллаев компьютерида ким, қандай материални топганлиги масаласи турибди. Дастлаб компьютерни тортиб оладилар, кейин уни очиб, файлни юклайдилар, сўнг унда ўша «файл»ни топадилар. Компьютер Абдуллаевнинг иштирокисиз, ноқонуний равишда очилган. Агар унинг ҳузурида компьютерни очиб, унда ўша файлни топганларида ва бу ҳақдаги протоколни Абдуллаев имзолаганда эди, бунга ишониш мумкин бўларди. Аслида эса, унинг иштирокисиз компьютерни очишиб, орадан тўрт ой ўтганидан кейин унда «Жатва» лойиҳасини топадилар. Бобомурод «МХХ ҳибсхонасида ўтириб «Жатва» лойиҳасини ёзган эканман», деб киноя қилди. Бу вазиятга ойдинлик киритадиган ҳақиқий сўзлардир. МХХ терговчилари қўполлиги билан ўзларини-ўзлари фош этиб қўйдилар. Улар бировнинг текширмаслигига мутлоқ ишонишган. Улар Бобомурод Абдуллаевнинг судда саволлар бермаслигига, аввалгидек жараёнга бирорта ҳам журналист қўйилмаслигига мутлоқ амин бўлишган. Шунинг учун улар очиқдан-очиқ ёлғон гапиришган, жиноятлари, сохта далилларининг изини йўқотишга ҳам ҳаракат қилишмаган. Улар Абдуллаевни нимага ҳукм қилишган бўлса, суд ҳам ўшандай қарор чиқаришига мутлоқ ишонишган. Шунинг учун улар қупол ҳаракат қилишган, шунинг учун уларни фош қилиш қийин бўлмаган.

Бироқ, суд замонавий давлатларда бўлгани каби ўз ишини бошлайди, айбланувчи гапириш ҳуқуқига эга бўлади, адвокат ва бошқаларга эътироз билдириш имконияти берилади. Улар буни кутмагандилар. Шунинг учун сохта далиллар қўполлик билан йиғилган. Бунинг бошқа сабаби йўқ.


Муҳаммад Солиҳ

– «Жатва» дастури матни ҳеч қаерда чоп этилмаган, уни ҳеч ким кўрмаган, лекин айтишларича, унда режимга қарши қуролли қўзғолон учун кимдир томонидан катта пул ажратилган экан. Ўша одам сиз эмасми, сизда катта миқдорда пул борми? Бугунги кунда қайси пул эвазига яшаяпсиз? Балки, ортингизда бу каби ишларни молиялаштиришга қодир қандайдир ташқи кучлар тургандир?

– Ҳа, у ерда ўн миллионлаб доллар ҳақида гап бораётганини биламан. Бу ерда ҳам махсус хизматлар шошилинч, қўпол ишлаган ва молиялаштириш манбасини кўрсатишмаган. Яъни, кимдир пул ажратган, лекин кимлиги кўрсатилмаган. Хоҳлаган инсон миллион доллар ажратилган деб ёзиши, манбасини кўрсатмаслиги мумкин.

Менга келсак, албатта, менинг бунақанги пулим йўқ. Агар бундай миқдорда пулим бўлганда эди, Ўзбекистонда режимга қарши курашадиган яхшигина мухолифат тузилмаларини тузган бўлардим. Нима ҳисобига яшаяпман? Ўғлим ишлайди, унинг бир нечта дўконлари бор. Ортимизда ҳеч ким йўқ, бирорта давлат молиявий ёрдам кўрсатмайди. Аллоҳга шукр, рўзғорга етадиган пулим бор, муаммолар йўқ. Нонга доим пул топилган, ҳозирда ҳам етарли.

– Агар пулим бўлганида, Ўзбекистонда режимга қарши курашадиган мухолифат тизимларини ташкил қилардим, дедингиз. Режимга қарши қай усул билан курашган бўлардингиз ва бу кураш нимадан иборат бўларди?

– Шу пайтгача қандай курашиб келганмиз? – Ўзимизнинг нашримиз, мақолаларимиз, сайтларимиз, мафкурамиз билан. Тўғри, ҳукумат учун кураш усулларидан бири – қуролли қўзғолондир. Бошидан, тўқсонинчи йиллар бошидан бери бизга Каримов режимини демократик усул билан енгиб бўлмаслигини гапиришган. Доиммо бу йўлда радикал усулларни тавсия қилишган. Бундай инсонлар бугунги кунда ҳам бор, лекин биз бу йўлдан юрмаганмиз. Чунки, ўшанда ҳам қонга беланиб ҳукумат тепасига келишни хоҳламаганман, бугунги кунда ҳам хоҳламайман. 1992 йили менга ўта муҳим инсонлар Каримовни зўрлик билан йўқ қилиш таклифи билан чиққан. Уларнинг пули, одамлари бор эди. Менга бундай таклиф билан чиққан одамга КГБнинг ярми ишларди. Мен бу таклифни қабул қилмадим. Бунга Ўзбеикстонда ҳозирда ҳам олтита инсон гувоҳлик бериши мумкин. Гарчи Каримов очиқ душманим бўлгани билан, мен ўша лойиҳани инкор қилганман. Агар Каримов мени ушлаб олганида эди, шунчаки мени ўлдирган бўларди. Очиқ душманимга нисбатан ҳам зўрликни қўллаш усулидан воз кечганман. Энди эса, менда мутлоқ бундай ниятнинг ўзи йўқ.

– Агар судда гапириш имкони бўлса, кўриб турибмизки бугунги кунда суд жараёни иштирокчиларга нисбатан ҳурматда ўтмоқда, судланувчига ҳам, адвокатларга ҳам сўз бериляпти, нималар деган бўлардингиз? Саволларга жавоб тариқасида нималарни қўшимча қилган бўлардингиз?

– Аниқ нарсадан бошлаган бўлардим. Бобомурод Абдуллаевга савол берган бўлардим, зеро қолган учта судланувчи Бобомурод шахси билан боғлиқ одамлар. Агар Бобомурод иши ҳал бўлса, уларнинг ҳам иши ҳал бўлади. Негадир ўша учта шахс буни тушуниб етмаётгандай кўринади, МХХ зарбаси бир одамга йўналтирилган, афсус. Судда уларнинг шундоқ ҳам билган нарсалари ҳақида гапирган бўлардим: Бобомурод Абдуллаев кейинги йил давомида мутлоқ янги ҳокимятни қўллаб мақолалар ёзган. У Мирзиёев режимини қўллаб-қувватлайди. Бунгача у Каримовга қарши кескин мақолалар ёзган ва буни у инкор қилмаяпти. Судя бу инсон Мирзиёев ислоҳотлари тарафдори эканига эътиборини қаратиши керак. Агар судя Мирзиёев тарафдори бўлса, суд Мирзиёевни қўллаб-қувватлайдиган Бобомурод тарафини олиши керак. Суднинг Бобомурод Абдуллаевнинг озод этилиши ёки айбланишига доир қарори янги режим ва одил судлов учун лакмус қоғози вазифасини ўтайди. Мен мана шу ҳақда гапирган бўлардим ва уларни эсэнбичилар босими, зўравонлигига қарши қаттиқ туриб, адолатдан йироқлашмаслик кераклигидан огоҳлантирган бўлардим.

– Биз президентни қўллаб-қувватлаш суд вазифасига кирмайди, деб ўйлаймиз. Суд сиёсий эътиқоддан қатъий назар, у ёки бу томоннинг ёнини олмаслиги керак. Суд Бобомурод ва яна учта судланувчининг айби исботлангани ёки исботланмагани, айблов томонидан тақдим этилган исботлар сохта экани ёки сохта эмаслиги тўғрисида ўз қарорини чиқариши керак. Умид қиламизки, суд ўзининг конституциявий вазифаларини унутмайди. Раҳмат, омон бўлинг.

Даниил Кислов суҳбатлашди

Манба: «Фарғона» АА 

Матн “Фарғона.ру” сайти тарафидан русчадан таржима қилинди

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort