Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Бухоролик Амир Султон – Йилдирим Боязиднинг куёви

Бухоролик Амир Султон – Йилдирим Боязиднинг куёви
01 Mayıs 2018 - 9:59 'да юкланди ва 654 марта ўқилди.

(Суратда: Йилдирим Боязид портрети)

Амир Султон Усмонлилар даврида яшаган, тафсир, ҳадис, калом олими ва мутасаввуфдир. Исми Муҳаммад бин Али ал-Ҳусайний ал-Бухорий бўлиб, лақаби Шамсиддиндир. Ҳижрий 770 (милодий 1368) йилда Бухорода туғилди. Ҳижрий 833 (милодий 1430) йилда Бурсада вафот этди. Қабри Бурсадаги унинг номи билан аталувчи жоме масжиди ёнидадир. Саййид (яъни пайғамбаримиз авлодидан) бўлиб, насл-насаби Ҳазрати Ҳусайнга бориб тақалади.

Бухорода вояга етган Амир Султон илм талабида Макка ва Мадинага боради. Ҳаж вазифасини адо этганидан сўнг нияти Мадинага жойлашиш эди. Бироқ у ерда кўрган бир туш сабабли фикрини ўзгартиради ва Туркиянинг Бурса шаҳрига йўл олади.

Бухорода туғилгани учун унга “Муҳаммад Бухорий”, Саййид (яъни Пайғамбаримиз авлодидан) бўлгани учун “Амир Бухорий”, Йилдирим Боязидхонга куёв бўлганидан кейин эса унга “Амир Султон” насаблари берилган.

Бурсада Шамсиддин Фанорий деган улуғ зотдан дарс олди. Шамсиддин Фанорий унга табаррук дасхати билан васиқа – шаҳодатнома ёзиб берди.

Энг аввало, Султон Боязидхон ва бурсаликларнинг ҳурмат-эҳтиромига сазовор бўлди, меҳрини қозонди.

Амир Султонни жуда севган ва ҳурмат қилган Султон Боязидхон бу севгисининг аломати ўлароқ унга қизини никоҳлаб берди. Султон Боязид хонга Аббосий халифаси томонидан “Султони иқлими Рум” унвони берилганида Амир Султон хонга бу шарафли унвоннинг рамзи бўлган қилични тантанали равишда топширганди.

Ўз даврининг улуғ валийларидан саналган Амир Султон “Кароматлар Султони” дея ҳам эсга олинади.

Замонасининг Усмонли султонлари бу зотга ҳурмат кўрсатишар, сафарга чиқишларидан олдин ҳузурига келиб дуоларини олишарди.

Амир Султон ўз фаолияти давомида дин, миллат, Ватан равнақи йўлида улкан хизматлар қилди.

Вафотидан кейин ҳам маънавий ёрдамлари, кашфу кароматларига сарҳадлардаги ғозийлар гувоҳ бўлгани бот-бот айтилади.

***

Амир Султон ҳазратлари қанчалик уринмасин, Темур – Йилдирим тўқнашувини тўхтатолмади. Икки мусулмон турк қўшинининг ўзаро жанг қилишини ҳеч хоҳламаган Амир Султон оқибат нима бўлишини жуда яхши билар эди. Анқара жанги бошланишига жуда оз вақт қолганида аҳли аёли Ҳинди Хотуннинг илтимоси; Аллоҳ таолонинг изн-иродаси билан бир зумда сарҳадга борди. У ерда Султон Боязидхон билан кўришиб, гаплашишига қарамай, подшоҳни жанг қилиш ниятидан воз кечтира олмади. Амир Султон огоҳлантиргани каби, жанг Йилдирим Боязиднинг зарарига якун топди.

***

Амир Султон Бурсага келганида Йилдирим Боязидхон Можар (Венгрия) қўшинига қарши жанг қиларди. Душман қўшини Усмонли лашкарларига кучли зарба ва талофат етказарди. Бу аснода бир ёш йигит ярадорларнинг ярасини боғлар, баъзан эса қўлларини очиб, дуо қиларди. Билагидан яраланган Боязидхоннинг бу йигитга нисбатан қалбида бир яқинлик, илиқлик пайдо бўлди. Ёнига бориб “Менинг ҳам билагимда яра бор”, дейиши билан бу йигит чўнтагидан бир дастрўмол олиб: “Султон ҳазратлари, ижозатингиз билан ярангизни бу дастрўмол билан боғлайин”, дейди.

Тонг отгач, Амир Султон боғлаган барча яралар битгани, аскарлар соғайиб оёққа турганларини Йилдирим Боязидхонга хабар беришди. Йилдирим Боязид ҳам қизиқиб ўз ярасини очар экан, билагидаги дастрўмол аёли фотиҳаланган пайти унга ҳадя этган дастрўмол эканини кўрди.

Кеча оқшом аскарларнинг яраларини боғлаган йигитни ҳузурига олиб келишларини буюрди. Бироқ у фидокорни тополмадилар. (У Бухородан келган Амир Султон эди).

***

Шу аснода Йилдирим Боязиднинг қизи тушида Жаноби Пайғамбаримизни кўради. Расули акрам алайҳиссалом унга: “Фарзандим Муҳаммад Бухорийга турмушга чиқ, зинҳор сўзимни рад этма”, дея марҳамат қилади. Покиза руҳли, одоб ва ҳаё соҳибаси бўлган Ҳинди Фотима Султон бу тушни ҳеч кимга айтолмади. Иттифоқо эртаси куни Расули акрам алайҳиссаломни яна тушида кўради. Сарвари олам унга: “Агар охиратда сенга шафоатчи бўлишимни истасанг, Муҳаммад Бухорийга турмушга чиқ”, дейдилар. Ҳолбуки, ўша кунлари Ҳинди Фотима Султон билан Румели Беклар беги Сулаймон Подшонинг турмуш қураётгани гапирилаётган эди.

***

Ҳинди Султон бу чорасизликдан қийналиб, дуолар қилди. “Қизиқ, Амир Бухорий бу ҳодисалардан хабардормикан?..” дер эди. Ким орқа
ли ва қандай хабар юборишни ўйлади. Ниҳоят, ўзи каби боадаб ва боҳаё хизматкорига тушини айтиб берди ва бу ҳақда бориб Амир Султонга гапиришини айтди. Хизматкор келиб, бу борада Амир Султонга хабар етказганида у: “Бу ҳол бизга ҳам маълумдир. Бу никоҳ Аллоҳнинг хоҳиш-иродаси… Вазиятни Ҳинди Султонга етказинг…”, – деди. Шундан сўнг Амир Султон совчилар юбориб султон қизининг қўлини сўради…

***

Амир Султон Бухорий ҳазратлари қуйидаги мазмундаги шеърни бот-бот ўқир эканлар:

Агар кўнглинг мен-ла бўлса,
Яманда бўлсанг-да, ёнимдасан.
Агар кўнглинг мен-ла бўлмаса,
Ёнимда бўлсанг-да, узоқдасан.

Тингла, Ҳақ на хуш сўйлади,
“Забур”да Довудга айтди:
“Душман бўл аввал нафс балосига,
Ундан Менга эргашмоқ-ла қутулгайсан”.

Кел, сен ҳам душман бўл нафсингга,
Зое айла уни ҳар не тиларса.
Дарҳол ташлагин риёни,
Ўзингга раҳбар қил авлиёни.

Агар англасанг, шудир сенга йўл,
Нафсинг ёмонлигидан халос бўл.
Нафсинг муродидан узоқ тур,
Эргашма шайтонга, ундан йироқ юр.

Абдумурод Тилавов,
филология фанлари номзоди.

Манба: ЎзА 

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort