Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Бобомурод Абдуллаев: Агарда Муҳаммад Солиҳ ва журналистлар бўлмаганида, мени ўлдириб юборган бўлишарди

Бобомурод Абдуллаев: Агарда Муҳаммад Солиҳ ва журналистлар бўлмаганида, мени ўлдириб юборган бўлишарди
12 Mayıs 2018 - 13:55 'да юкланди ва 1082 марта ўқилди.

Тошкент шаҳар суди залида озод этилиши сўнгги ойлар сенсацияси бўлган журналист Бобомурод Абдуллаев “Фарғона.ру”га интервю берди. Бу озодликка чиққандан кейинги биринчи интервю: Бобомурод бир йилу икки ой давомида маошининг 20 фоизини давлатга бериши керак, аммо ҳали иш топилмаган; лекин аппеляция бўлмаслиги маълум, қасос олиш истаги йўқ. Журналистика асосий касб бўлиб қолади, албатта фақат “Усмон Ҳақназаров” тахаллусисиз: бу масала тугатилди. Бизнинг Ўзбекистондаги мустақил мухбиримиз Тимур Карпов Бобомурод Абдуллаевнинг хонадонида бўлди.

-Барчаси тугаганига ишонаоляпсизми?

-Бугун ҳа, ишонаяпман. Кеча, ҳукм ўқилишидан аввал 50 га 50 эди. Яхшисига умид қилаётгандим, аммо бошқа тарафдан ёмонига ҳам тайёр бўлиш керак эди. Лекин, Худога шукур, ҳаммаси яхши тугади. Мени Жиноят кодексининг 159-моддаси 3-қисми (“мавжуд давлат тузумини конституцияга хилоф равишда ўзгартиришга оммавий тарғиб қилиш”) билан айбдор деб топишди (аввал бошида Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисмига асосан айб қўйилаётган эди: “Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариш ёки ҳокимиятни босиб олиш мақсадида тил бириктириш” – “Фарғона.ру” изоҳи). Ушбу айблов менинг шерикларим Оллоёров ва Салаевларнинг судда эмас, балки терговда берган кўрсатмаларига асосланади. Яъни, улар дастлабки тергов жараёнида, гўёки мен давлат тўнтариши ҳақида гапирганлигимни, гўёки уларни бунга тарғиб қилганимни айтишган, ваҳолангки бунақа гап асло бўлмаган. Агарда улар ҳақиқатни гапиришганида эди, мен ҳам улар каби оқланган бўлар эдим. Аммо улар ўз кўрсатмаларини ўзгартиришмади, кўрсатмаларни ўз ҳохишлари билан берганликларини айтишди. Шунга асосланган ҳолда мен минимал жазо билан озодликка чиқдим. Буни мен ўзим учун катта муваффақият деб ҳисоблайман. Ҳаттоки бу менинг учун кутилмаган совға бўлди.

-Қамоқхонада сиз учун энг қийин нарса нима эди?

-Биласизми, инсон ёмон нарсага ҳам яхши нарсага ҳам тез мослашади. Мен уч-тўрт кун ичида қийноқларга, оғриққа кўникдим. Аммо жаллодларнинг менинг қариндошларимга, болаларимга, оиламни йўқ қилиб юборишларини, болаларимни зўрлашларини айтиб қилган таҳдидлари қийноқлардан кўра ёмонроқ эди. Болаларга қаратилган таҳдидлар бу – энг даҳшатлиси эди. Мен биламан, улар бу гапларни шунчаки айтишмайди, улар шундай ишларни қилишади. Мен уларга: менинг оиламни йўқ қилиш билан қўрқитгандан, таҳдид қилгандан кўра яхшиси мени уринглар, дер эдим. Чунки, сенинг қилмишларинг учун ҳеч қандай айби бўлмаган қариндошларинг азоб чеккандан кўра, яхшиси қийноқларни ўзингга қўллангани яхшироқдир.

-Сизни қийнаганлардан қасос олишни истайсизми?

-Йўқ, мен қасоскор одам эмасман. Менимча, Аллоҳ, Яратгувчи, ҳаммасини кўриб турибди, унинг ўзи мазлумлар учун қасос олади. Мен уларнинг жиноий жавобгарликка тортилишини хоҳлар эдим, аммо тергов жараёнида қийноқ қўлламасдан, тўғри, профессионал равишда улардан кўрсатма олиб, айблов эълон қилишларини истардим. Мен кимгадир нисбатан қийноқлар кўлланишига қатъиян қаршиман. Ҳатто менинг жаллодларимга ҳам.

-Бўлиб ўтган воқеаларни болаларингизга қандай тушунтирдингиз?

-Мен изолятордалигимда адвокат менинг оиламда нималар бўлаётгани ҳақда хабар бериб турди. У, болаларим мен учун жуда хавотирда эканликларини, ҳаттоки, касал бўлишганини айтди. Менинг қамоқда эканлигимни эшитганидан кейин қизим жуда қаттиқ касал бўлиб қолган. Мен уларга бари ортда қолганини, Аллоҳ асрасин, бундай вазият қайтиб бошимизга тушмаслигини тушунтирдим.

-Яқин кунларда нималар қилишни режалаштираяпсиз?

-Агар ҳукмни эшитган бўлсангиз, мен бир йилу икки ой давомида ишлаб, ойлик маошимнинг йигирма фоизини давлат ҳисобига тўлашим шарт. Шунинг учун тез кунларда иш топишим керак бўлади.

Ишлайман, ва менга берилган муддат давомида ойига уч маротаба ўзим яшайдиган Яккасарой тумани ички ишлар бўлимига бориб, шаҳардан ҳеч қаерга чиқмаганлигим, ишлаб юрганим ҳақида ҳисобот бериб тураман.

-Аппеляция аризаси берасизми?

-Менимча аппеляция бериш мақсадга мувофиқ эмас, чунки ушбу ҳукм Салаев ва Оллоёровларнинг дастлабки тергов жараёнида берган кўрсатмаларига асосланади. Шу сабабдан, агарда биз апелляция берганимиз тақдирда ҳам, уларни кўрсатма беришга чақиришади ва улар яна ўз кўрсатмаларини тасдиқлашади. Энг яхши ҳолда ҳаммаси ўз ўрнида қолади, ҳукм ўз кучида қолади. Ёмон тарафи эса, янада жиддийроқ жазо тайинланиши мумкин. Оллоёров ва Салаевлар менга қарши берган кўрсатмаларини қайта беришларига 90 фоиз ишончим комил.

-Журналистикага қайтасизми?

-Ҳа. Мен журналистлик фаолиятимни давом эттираман, аммо Усмон Ҳақназаров тахаллуси остида бошқа ҳеч қачон ҳеч нима ёзмайман, чунки бу ишни бошлашимга сабаб бўлган миссияни бажарилди деб ҳисоблайман. Менинг миссиям авалги режимнинг ноқонуний, антиконституциявий ва ҳаттоки жиноий ҳаракатлари ҳақида билган нарсаларимни инсонларга етказишдан иборат эди. Энди ҳокимиятга Мирзиёев келгач, ушбу режим аста-секин йўқ бўлиб бормоқда. Ва менда аввалги ишимни амалга ошириш учун ҳаттоки сабаблар ҳам қолмади деб ҳисоблайман.

-Муҳаммад Солиҳга нисбатан муносабатингиз ўзгардими?

-Йўқ, қандай қилиб унга муносабатимни ўзгартиришим мумкин? Менга тергов жараёнида, ҳали мен оддий гумонланувчи сифатида кўрилаётганимда, унинг конференция тўплаб, Ҳақназаров бу – Абдуллаев эканлигини эълон қилганини, айтишганди. Буни менга, гўёки Муҳаммад Солиҳ мени ташлаб ўзини четга олгандек, бошқа бир муаллифни ёқлаб мени сотгандек айтишганди. Мен: бу сизнинг версиянгиз, деб жавоб бердим уларга. Мен ҳар доим айтаман, инсоннинг ниятини фақат унинг ўзи билади. Ва Аллоҳ билади. Масалан, бир киши қўлига пичоқ олса, мен дарров у кимнидир сўймоқчи деб, ҳукм чиқараолмайман. Балки у картошка тозаламоқчидир? Ниятини фақат унинг ўзи ва Аллоҳ билади. Тергов органидагилар, Муҳаммад Солиҳ ўзини хавфдан ҳоли қилиб, сени сотиш учун конференция берди, дейишди. Мен эса бундай деб ўйлашга ҳақли эмасман, деб ўйлайман. Менимча, у буни, мени қийнашлари, ўлдиришлари хавфи мавжудлигини тезроқ жамоатчиликка, оммавий ахборот воситаларига етказиш мақсадида килган. Муҳаммад Солиҳнинг нияти яхши бўлганлигига ишончим комил. Унинг ёмон бир нарсани кўзлаганига ёки ўзини хавфдан ҳоли қилишга урунганига ишонмайман. Аммо аниқ биламанки, ушба матбуот баёнотининг менинг тергов изоляторида ушланишимга ва суд жараёнига жуда катта ижобий таъсири бўлди.

Менинг биринчи мақолам 2003 йилнинг 2 январ куни чиқган эди. Яъни, мен 2003 йилдан 2017 йилга қадар – 15 йил давомида ёздим. Мен Каримов ҳақида, ҳукумат бошидаги бошқа шахслар ҳақида ёзганимда, махсус хизматлар Усмон Ҳақназаровни топишга унчалик ҳам зўр бермадилар. Топишга урундилар, аммо ғайрат кўрсатмадилар. Лекин 2017 йилда мен Мирзиёев ташаббусларига қарши саботаж муаммоси ҳақида, МХХ монополияси ҳақида ёзишни бошлаганимдан кейин улар мени топишга бел боғладилар, жиддий киришдилар бу ишга.

Уларнинг Муҳаммад Солиҳнинг уйи яқинида қимматбаҳо ускуна ўрнатишгани ҳақида менга маълум бўлди. Махсус хизматлар ушбу ускуна ёрдамида ноқонуний равишда Муҳаммад Солиҳнинг компютерига кириб, у ердан Ҳақназаров кимлигини, Салаев ва Оллоёров мен билан мулоқотда бўлишини ўрганишган. Шундан сўнг мени қўлга олишди. Уларнинг мақсади фақатгина мени қамаш эмас, балки менга маълумот берган барча информаторларни ҳам топиш бўлган. Мен уларга информаторларни топиш учун керак эдим. Аммо мен фақат икки кишини билар эдим, бошқаларни билмасдим. Улар мени узоқ қийнашди: сенда яна манбалар бор, қани уларни ҳам номини айт, дейишарди. Аммо менда бундай маълумот бўлмагач, мен ҳеч нарса деяолмадим ҳам. Мен судда ҳам шундай деб айтдим: “Бир нарсани айтиб қўймасликнинг энг яхши йўли бу- ҳеч нарсани билмасликдик”.

Улар икки-уч марта мени ёлғон детекторида текширишди, менинг ёлғон гапирмаганимни, ҳақиқатни айтганимни билгач бошқа манбаларни излашдан тўхтадилар. Улар командадаги барчани топишни исташганди. Аммо натижада мени, Оллоёровни ва Салаевни топишди. Насриддиновни эса мен фақатгина бир марта кўрганман, мен буни айтган эдим: бир марта унинг уйида ўтириб чой ичган эдик ва терговчилар буни фитна сифатида кўрсатишди. Мен эса биламан у ерда ҳеч қандай фитна бўлмаганини.

Агарда Муҳаммад Солиҳ, хорижий ахборот воситалари, махаллий ва хорижий ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари бўлмаганида ва улар ушбу масалани кун тартибига кўтариб чиқмаганида мени ўлдириб юборишлари ҳам мумкин эди. Олишлари мумкин бўлган барча маълумотларни олиб бўлишган эди, шу сабабдан мени ўлдириб юборишлари мумкин эди. Бундай ҳолатларда жазо тайинлашади ва қамоққа жўнатишади – у ерда эса бошқа маҳбуслар ўлдириб юборишади. Изоляторда бундай қилаолишмасди, чунки жавобгарлик ўзларининг бўйинларига тушар эди, қамоқхонада эса ИИВ жавоб беради. Қамоқхонада одам ўлдириш учун қотил ёнлаш эса жуда осон. Аллоҳга шукур, бунгача етиб бормади.

-Сизнинг ишингизнинг нисбатан муваффақиятли тугашига нима сабаб бўлди?

-Менимча, бу Мирзиёевнинг умумий эркинлаштириш сиёсати остида юз берди. МХХда ҳали менинг қўлга олинишимдан аввал Шуҳрат Ғуломов тарафдорларини тозалаш ишлари амалга оширилаётган эди. Мен қамоқда ўтириб, судга тайёрланаётганимда эса нафақат Ғуломов тарафдорларинидан, балки қийноқларда иштирок этган қолган барча шахслардан ҳам тозалаш ишлари бошланиб кетди. Ҳозир у ерда катта ўзгаришлар бўлмоқда, қийноқ қўллаганлар ва ҳатто одамларни ўлдирганларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилмоқда. Уларда терговлар бошланган. Менинг ишим, нега ушба ташкилотни тозалаш кераклигини кўрсатиш учун яна бир сабаб бўлиб хизмат қилган бўлиши мумкин. Агарда менинг ишимни МХХни тозалаш йўли билан қандайдир маънан асослаш керак бўлган дея фараз қилганимиз тақдирда ҳам – бу ақлли бир ҳукуматнинг ишидир. Ақлли ҳукумат билади қачон, қаерда, кимдан фойдаланиш ва нимани бошлашни. Бу профессионалликдан, сиёсий профессионалликдан далолатлир.

 “Фарғона.ру”нинг русча матнидан таржима қилинди

Манба:  «Фергана» АА

ЎХҲ хабарлар бўлими

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort