Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

МХХ (ДХХ) ниқобидаги миллат хоинлари: Муҳиддинов, Веселов, Якубов ва бошқалар ҳақида

МХХ (ДХХ) ниқобидаги миллат хоинлари: Муҳиддинов, Веселов, Якубов ва бошқалар ҳақида
14 Mayıs 2018 - 10:25 'да юкланди ва 1641 марта ўқилди.

МХХ (ДХХ) НИҚОБИДАГИ МИЛЛАТ ХОИНЛАРИ: МУҲИДДИНОВ, ВЕСЕЛОВ, ЯКУБОВ ВА БОШҚАЛАР ҲАҚИДА

Куни кеча Усмон Ҳақназаров тахаллуси билан фаолият олиб борган Бобомурод Абдуллаев суди якунланиб журналистнинг суд залидан озод қилингани бу сохта жиноят ишини очган ва юритган МХХ (ДХХ) ходимларини қаттиқ жазавага туширгани шубҳасиз. Бу кимсалар ҳали ҳам эски тузумни қўмсаб, ҳеч қандай жавобгарликсиз давлат берган ваколатни оддий халққа қарши қўллаб, бойлик ва сохта обрў орттириб, керилиб юриш ниятидан қайтмагани учун ушбу мақолада уларни эски номи – МХХ билан атаймиз.

Б.Абдуллаев озод қилинганидан бир кун ўтиб содир бўлган баъзи кўнгилсиз воқеалар, тўғрироғи мххчиларнинг ғаразли ниятларда уюштирган фитналари бизни хушёр торттирди ва бу фитна ортида кимлар турганини жиддий суриштиришга ундади.

ЎЧ ОЛИШ ҲИРСИ

7 май куни журналист Б.Абдуллаев суд залидан озод қилиниб, қўйиб юборилди ва мххчиларнинг уюштирган сохта жиноят иши фош бўлди.

Журналистни ўғирлаб кетиб жиноят иши очишганида оғзи қулоғига eтиб, севинчдан ичига сиғмаган мххчилар воқеаларнинг бундай ривожини ҳатто ҳаёлига ҳам келтиришмаганди.

Бунинг устига бу иш тепасида турганлардан бири подполковник Нодир Тўрақуловнинг ашаддий жиноятчи сифатида қамоққа ташланиши гуруҳнинг қолган аъзоларини анча гангитиб қўйганди. Лекин мххчилар Б.Абдуллаевнинг охирги суд мажлисига қадар ғаразли ниятларидан қайтишмади.

Нихоят, бутун режалари чиппакка чиққанидан сўнг, улар инсонликка номуносиб, ўта разил ва қабиҳ фитнага қўл уришди.

Бу режани қуйидаги босқичларда амалга ошириш кўзда тутилди:

1. ЎХҲ лидери Муҳаммад Солиҳга оид электрон почталарга вирус юбориб бузиб кириш.

2. “Ўтюраклар клуби” интернет саҳифасини бузиб кириш ва саҳифада ЎХҲ лидери Муҳаммад Солиҳ ҳамда журналистлар Шуҳрат ва Қудрат Бобожоновларнинг шаънини булғовчи уйдурма мақолаларни жойлаш.

3. Ҳуқуқ ҳимоячиси ва журналист Малоҳат Эшонқуловага тегишли himoyauz.com интернет саҳифасини бузиб кириш ва саҳифага Мўътабар Тожибоева, Галима Бухарбоева ва Абдураҳим Пўлатовларга қарши мақолалар жойлаш.

4. Турли хил сайтларда, блогларда ва ижтимоий тармоқларда сохта ҳисоблар очиб, бу мақолаларни тарқатиб, юқоридаги шахслар орасига нифоқ солиш ва катта жанжал чиқариш.

Қуйида МХХ ниқобини кийган виждонсиз нусхалар томонидан тузилган бу қабиҳ ва ғайриинсоний режанинг қандай амалга оширилгани ҳақида ҳикоя қиламиз.

ЎХҲни М.ТОЖИБОЕВАГА ҚАРШИ ГИЖ-ГИЖЛАШ РЕЖАСИ

8 май куни тушдан кейин Мўътабар Тожибоевага тегишли бўлган интернет саҳифасида мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракати лидери Муҳаммад Солиҳ ҳамда “Озодлик” радиоси журналистлари ака-ука Шухрат ва Қудрат Бобожоновларнинг шаънини булғовчи ўта жирканч услубда ёзилган мақола ва фотомонтаж қилинган шармсиз суратлар пайдо бўлиб қолди.

М.Тожибоеванинг ЎХҲ ва унинг лидерига бўлган муносабати кўпчиликка маълум, бу ишни навбатдаги “душманлик” акцияси сифатида қараб дарҳол қарши ҳужумга ўтиб кетилиши мумкин эди. МХХнинг нияти шу эди.

Бироқ миллат душмани бўлган бу ташкилотга қарши йиллар давомидаги кураш тажрибаси бизни бироз оғир бўлишга ва бу ишни яхшироқ суриштиришга мажбур қилди. Чунки интернет саҳифадаги мақоланинг жойлашуви ҳам кучли xакер томонидан уюштирилган бир тузоқ эканига ишора қиларди.

Авваламбор мақола тагига жойланган ва фотомонтаж йўли билан уланган расмдаги ЎХҲ лидери Муҳаммад Солиҳнинг юзи қайси суратдан олингани текширилди.Маълум бўлдики, бир кун олдин Муҳаммад Солиҳнинг электрон почтасига вирус юборилган ва почта бузиб кирилиб тайинли нарса топа олишмаган. Электрон почтани бузиш асносида телефон ҳотирасидаги расмларни монтаж қилиш учун кўчириб олишган.

Электрон почтанинг бузилгани ҳақидаги Google ширкати томонидан жўнатилган билдирув хатида кўрсатилган IP адреси текшириб кўрилганда, ҳужумнинг Тошкент шаҳридан амалга оширилгани маълум бўлди. IP адреслар картотекаси бўйича мутахассисларимиз олиб борган суриштирувлар эса ҳужумнинг МХХ чиларга оид ва бизга маълум бўлган манзилдан уюштирилгани юзага чиқди.

Бу вақтга келиб, аввало журналист Улуғбек Бакиров “Ўтюраклар клуби” интернет саҳифасининг ҳужумга учрагани ҳақида Facebook саҳифасида баёнот бериб бўлганди.Бир кун ўтиб веб-саҳифа эгаси М.Тожибоева ҳам интернет саҳифасининг ҳужумга учраганини, у ерга жойланган ҳақоратли мақолага алоқаси йўқлигини билдирди. Бунинг уни обрўсизлантириш мақсадида уюштирилган фитна эканини маълум қилди.

ТОЖИБОЕВА, БУХАРБАЕВА ВА ПЎЛАТОВНИ ЎХҲга ҚАРШИ ҚЎЙИБ, ҲАММАСИНИ ТУЗОҚҚА ТУШИРИШ РЕЖАСИ

Юқоридаги воқеа МХХчилар уюштирган разил фитнанинг бир қисми эди холос.Аслида, Б.Абдуллаевнинг судида қаттиқ зарба олган мххчилар гуруҳи қасос олиш учун қабиҳ режасини яна-да мукаммал қилишни ўйларди.  Айни кун, яъни 8 май куни ҳуқуқ ҳимоячиси ва журналист Малоҳат Эшонқуловага оид himoyauz.com интернет саҳифасида “Суйкалган суяк ғажир” ва “Абдурахим Пўлат: одам қиёфасидаги шайтон ва харомий” сарлавҳалари остида Мўътабар Тожибоева, Галима Бухарбаева ва Абдураҳим Пўлатовларга қарши фитна-фасоддан иборат ва ўта разил мақсадда ёзилган иккита мақола жойлаб қўйилди.

9 майдан 10 майга ўтар кечаси сайтдаги бегона мақолаларни пайқаб қолган М.Эшонқулова зудлик билан ушбу мақолаларни олиб ташлашга ҳаракат қилади ва ўзининг Facebook саҳифаси орқали бу разолатга ҳеч қандай алоқаси йўқлиги ҳақида баёнот беради.

М.Эшонқулова МХХдаги нопок кимсаларнинг бу ғаразли режасига ўз муносабатини шундай ифода қилади: “Махсус хизматлар пичоқнинг сопини ўзидан чиқаришга, ўзини ўзига емиш қилишга, мухолифат ва инсон ҳуқуқлари фаоллари ўртасига шу тариқа нифоқ солиб қўйиб, бу олам одамларининг соч юлишишларини бир четдан туриб маза қилиб томоша қилишга жазм этган кўринади. Акс ҳолда бир кунда 100 та одам киради, ё кирмайдиган бизнинг сайтга бунингдек мағзава мақолани кўйишдан кимга нима наф? Бунингдек тубанликдан ким манфаадтор?”…

ҚАБИҲ РЕЖАНИ ИНТЕРНЕТДАГИ БЛОГ САҲИФАЛАРИ ВА ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДА ТАРҚАТИШ РЕЖАСИ

МХХ ниқобини кийиб ўзлари хўрлаган халқнинг пулидан йиғилган давлат бюджетидан маош олиб оиласи ва бола-чақасини ҳаром луқма билан боқиб юрган бу разил кимсалар ўз режаларининг янада катта резонанс бериши учун ўзлари тайёрлаган мақолаларни интернетдаги бутун тармоқларда тарқатишни ўйлашганди.

Шу мақсадда интернетдаги Blogger сайтида “Муҳаммад Солиҳ блоги” номи билан сохта бир саҳифа очишди. Ушбу блог саҳифасига М.Тожибоева, Г.Бухарбаева ва А.Пўлатовларнинг шаънини булғаб ёзилган мақолаларни жойлашди.

Шундан сўнг medium.com интернет саҳифасида mike8687 номи билан сохта бир блог очиб ичига Муҳаммад Солиҳ ҳамда Шуҳрат ва Қудрат Бобожоновларга қарши ёзилган мақолани жойлашди.

Бундан ташқари мххчилар ўз қабиҳ режаларини ижтимоий тармоқларда кенгроқ тарқалиб овоза бўлиши учун ўзлари томонидан odnoklassniki тармоғида 2018 йилнинг 23 март куни “Жалол Назаров” номи билан очилган сохта саҳифа орқали юқоридаги мақолани тарқатишга киришишди.

МХХ (ДХХ) ниқобидаги разил кимсалар ушбу ғаразли режа орқали ҳаммани бир-бирига қарши қайраган ҳолда катта жанжал чиқариб Б.Абдуллаев судида олинган зарба учун ўч олишмоқчи эди. Лекин ўйлаган режалари кутилган натижаларни бермади.

МХХ НИҚОБИДАГИ ПРЕЗИДЕНТ ДУШМАНЛАРИ ЁКИ “ЛАҚАБЛИЛАР”

Журналист Бобомурод Абдуллаев МХХ тергов изоляторидан туриб Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга ёзган мактубини “Каламушлар қуёш чиқишини исташмайди” деб атаганди. Дарҳақиқат бутун фаолияти ушбу мақолада тилга олинган тубанликларни режалаштириб ўзгалар ҳаётини барбод қилишдан иборат бўлган МХХчиларни каламушлар тўдасига қиёслаш мумкин. Алаббта, биз бутун Давлат Хавфсизлик Хизмати (ДХХ)ни қоралашдан йироқмиз. Аммо бу ташкилот ичида махсус хизматлар ишига умуман алоқаси бўлмаган ишлар билан шуғулланиб бир гурух мххчилар борки, улар мамлакатдаги ҳурфикрлилик, эркинлик ва фаровонликнинг кушандасидир. Бошқа сўз билан айтганда, мақолада тилга олинган нусхалар миллатимиз хавфсизлиги учун ҳақиқий таҳдид ва бугун ислоҳ бўлган ДХХ ташкилотининг йиринг босган ярасидир.

Ташкилот бу ярадан қанчалик тез қутилса шунчалик ҳурмат қозониши тайин.

Мавзуга қайтсак, Б.Абдуллаевнинг судда берган кўрсатмаларида сохта жиноят ишини уюштирган мххчиларнинг ўзларига лақаб қўйиб олишлари маълум бўлди. Масалан Б.Абдуллаевни қийноқларга солган Мажид ва Қобил исмли мхх муштумзўрлари ўзларига “Ҳожиб” ва “Жавлон” каби лақабларни қўйиб олишган. Яна бир Элмурод исмли нусха эса ўзини “Ойбек” деган лақаби билан таништирган. Б.Абдуллаевнинг кўрсатмаларидан маълум бўлишича, бу уч нусха асосан буйруқ бажарувчилардир. Буларнинг тепасида эса юлдузи каттароқ бўлган Ўлмас ва Андрей деган кимсалар турибди. Володя деган мххчи ҳам ўзига “Андрей” деб лақаб қўйиб олган.

Б.Абдуллаев суд жараёнида жуда муҳим бир маълумотни айтиб ўтди. (Бу хусусга ДХХ раҳбарияти ҳалигача жиддий эътибор қаратмагани бизни таажжубга солмоқда). Юқорида тилга олинган Ўлмас исмли мххчи тергов жараёнида Б.Абдуллаевга: “Биз сени 20 йил қамоққа ташлаймиз ва зонада биз нима десак шуни қиласан. Совет давридагидек 5 йиллик режани бажарасан. 5 йил Ихтиёр Абдуллаев ҳақида, кейинги 5 йил Пўлат Бобожонов ҳақида, учинчи 5 йилда Муҳаммад Солиҳ ҳақида ва сўнги 5 йилда Президент маъмурияти ҳақида ёзасан” деб таҳдид қилган. Яъни бу нусха давлат раҳбарига бўлган нафратини очиқча ошкор қилмоқда, лекин ҳалигача ялло қилиб юрибди.

Худди шу мазмундаги кўрсатмани ёздиришга уринган яна бир мххчи нусханинг исми Тимур Якубов. Баъзи маълумотларга кўра отасининг исми Комил. Бу кимса ўзини барчага “Рустам” деган лақаби билан таништириб келган. Б.Абдуллаевнинг ишида нима қинғир иш бўлса ортидан мана шу кимсанинг исми чиқиб келади.

Масалан, у 26 декабрда Б.Абдуллаевдан тушинтириш хати ёздириб, 26 сентябрь сифатида расмийлаштирган. Б.Абдуллаевга қарши гувоҳлик беришга мажбурланган Чарос Абдуллаевадан ҳам ўтган муддатли тарих билан тушунтириш хати ёздириб олган ҳам шу кимса. Энг муҳими у   Ўлмас исмли мххчи бошлаб берган Президентга қарши саботажни авжига чиқарган.

Б.Абдуллаев судда берган кўрсатмасида Тимур Якубовнинг ўша вақтдаги Бош прокурор Ихтиёр Абдуллаев ва Ички ишлар вазири Бўлат Бобожоновларнинг расмларини кўрсатиб уларни жиноятдаги шериклари сифатида ёзма гувоҳликка мажбур қилганини айтди. Мана шундай ҳолатлардан сўнг ҳам майор унвонини тақиб олган “Рустам” лақабли бу нусха ДХХ идорасида қандай ишлаб юрибди?

Ёки ДХХ раиси И.Абдуллаевнинг бу гаплардан хабари йўқми?

Б.Абдуллаев ишида асосий жонбозлик кўрсатганлар шубҳасиз подполковник Нодир Тўрақулов, майор Александр Веселов ва капитан Нодир Муҳиддиновлардир. “Нодир худо” лақабли мххчи паразитни президент Ш.Мирзиёев “ит” деб атаганди. Бу “ит” ҳақида кўп маротаба ёзилгани учун ортиқча тўхталиб ўтишли лозим топмадик.

Зеро ҳозир у ўзига муносиб жойда қилмишларига жавоб бермоқда.

Қолган иккита нусха – Муҳидинов ва Веселов, шунингдек юқорида номи тилга олинган Якубовлар бугун биз кўтарган мавзунинг асосий “қаҳрамон”ларидир. Чунки ўтган йиллар ичида Ўзбекистонда Каримов диктатурасига қарши бирон фикр айтган ҳурфикр, миллатини севадиган ва фидоий инсон чиқса, хаммасини уйдирма айблар билан ноҳақ қамашда мана шу кимсаларнинг у ёки бу даражада қўли бор.

ЎХҲ ва мухолифат фаолларини тухмат билан қамоққа ташлаш борасида эса бу учала “каламуш”га мутлақ ваколатлар берилган.

ЁШ ОЛИМЛАР АКРОМ МАЛИК ВА РУСТАМ АБДУМАННАПОВЛАРНИНГ ХАЗОН ҚИЛИНИШИ

Жорий йилнинг 3 май куни Ўзбекистон Халқ Ҳаракати сайтида мустақил ҳуқуқ ҳимоячиси ва собиқ сиёсий маҳкум Аъзам Турғуновнинг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида” номли мақоласи эълон қилинди. Мақолада уйдирилган тўқима айбловлар билан ноҳақ қамоққа ташланган иккита ёш олимнинг тақдири ҳақида гап боради. Булар – Навоийшунос олим Акром Маликов ва илмий сиёсий мақолалар ёзган сиёсатшунос олим Рустам Абдуманнаповлардир.

Ушбу иккита сохта жиноят ишини ўрганиб чиққан Аъзам Турғунов қуйидаги хулосаларга келади:

Акром Малик 2016 йил 22 июлда ушланган;
Рустам Абдуманнопов ҳам 2016 йил 22 июлда ушланган;
Ҳукмда ҳар иккаласигаям 2016 йил 6 августда ушланган деб ёзилган;

Демак, Акром Малик ва Рустам Абдуманноповни 14 кун қаердадир сақлашган, қийноқлар қўллашган. (Аъзам Турғунов мақоласида Маликов ва Абдуманноповларнинг ушлангани борасида хато сана ўтиб кетган, аслида иккала ёш олим ҳам бир кунда қўлга олинган – Таҳририят)

Биттасини 2017 йил 13 январ куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди ЖКнинг 159-моддаси 3-қисмининг “а,б”бандалари, 244/1- моддаси 3-қисми “а,в,г”, 244/2-моддаси 1-қисми билан айблаб, 6 йил муддатга, иккинчисини эса жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2017 йил 20 январ кунидаги хукмига кўра Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 159-моддаси 3-қисмининг “а,б” банди, 244/1-моддаси 3-қисмининг “а,в,г” бандалари, 168-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланиб, 9 (тўққиз) йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

Аъзам Турғуновнинг бу иккита сохта жиноят ишидаги ўхшашликларга эътибор қаратгани бизнинг ҳам эътиборимизни тортди ва бу ишларни жиддий текширишга киришдик.

Иккала жиноят иши материаллари ва суд ҳукми билан танишиб чиқиш баробарида маҳкумларнинг яқинлари билан суҳбатлашиб яна бир қанча маълумотларни қўлга киритилди.

Юзага чиққан гувоҳликлар ва далиллар биласизми бизни қаерга етаклади? Айнан Бобомурод Абдуллаевнинг қамашга уринган мххчилар “каламушлар гуруҳи” – Мухиддинов, Веселов ва Якубовлар гуруҳига!.

Бу олимларни қўлга олиш учун режа пухта тузилган.

Энг ҳайратли томони бу икки ишни тергов қилган ИИВ вакиллари ишнинг ҳақиқий мазмунини тўла-тўкис билишмайди ҳам. Билгани фақат бир гап – улар “назоратдаги ишлар” эди.

Қанақа назорат, ким назорат қилади….каби саволлар ва қайта суриштирувлар натижасида иккала олимга нисбатан уюштирилган ишнинг аслида битта режанинг иккита қисми экани маълум бўлди. Калаванинг учи айланиб яна Мухиддинов, Веселов ва Якубовларга бориб тақалди.

Аъзам Турғунов айтганидек бу иккала олим турли вақтларда эмас, айнан бир кунда, яъни 2016 йилнинг 22 июль куни ўғирлаб кетилган. Бир-бирини танимайдиган бу икки олимга шаҳарнинг турли чеккаларида бир хил усулда тузоқ қўйилган. Иккаласига ҳам бир вақтда шаҳарнинг иккита жойида бир тўда шаллақи фоҳишалар ҳужум қилишади.

Кейин панада пойлаб турган ИИБчилар пайдо бўлишади ва изоляторга олиб кетишади. Иккаласининг ҳам чўнтагидан гўёки флеш карта чиқади. Буни қарангки, ҳар иккаласидан чиққан флеш карталар ичида бир хил материал мавжуд.

Ишнинг уюштирилганлиги шундоқ кўриниб турганига қарамасдан жиноят ишлари бўйича касбига нолойиқ жиноятчи судья М.Ходжаев юқоридаги мххчи каламушларнинг буюртмасини бажариб 2017 йилнинг 13 январь куни Р.Абдуманнаповга 9 йил, яна бир қўрқоқ ва жиноятчи судья Ш.Турсунов эса 2017 йилнинг 20 январь куни Акром Маликка 6 йиллик қамоқ жазоси тайинлайди.

ЁЗУВЧИ МАМАДАЛИ МАХМУДОВГА ТЕЛЕФОНДА ТАҲДИД

2017 йилнинг февраль ойида журналист Исмат Хушевнинг Дунё Ўзбеклари сайтида “Ёзувчи Мамадали Маҳмудовга СНБ дан телефон қилишди” номли мақола эълон қилинди. Мамадали Маҳмудов шундай ҳикоя қилади: “Исматбек! “Дунё ўзбеклари”да менинг Президентга ёзган хатимни босган экансиз. Раҳмат Сизга. СНБдан Рустам исмли йигит телефон қилиб, бир соат асабимни эговлади. Нега “Дунё ўзбеклари”га бергансиз бу мақолани, нега бутун дунёга жар соласиз, нега ўзимизга айтмайсиз дардингизни, нега уларга шикоят қиласиз ва ҳоказо…Мен Рустам (Телефони: 997-35-13) га: “Қамоқдан чиққанимга тўрт-беш йил бўлди, мени тинч яшагани қўясизларми, йўқми, мендан нима истайсизлар? – дедим. Мамадали Маҳмудов СНБ ходимига: “Исмат Хушевга бу мақолани дўстларим ва шогирдларимдан қайси бири юборганини билмадим, лекин билганимда ҳам уни Сизларга ҳеч қачон айтмасдим!” деганидан сўнг, СНБчи Рустам ёзувчига: “Соғлигингизни тилайман!” деб тагдор гап қилиб, кесатибди. Бундан олдин эса: “Тошкентдаги қайси касалхонада юрагингизга стимулятор қўясиз деб, роса суриштирди. Мен унинг товушида самимийликдан кўра кўпроқ шантаж ва таҳдидни сездим, – дейди Мамадали ака.”.

Биз ушбу мақола чиққан куниёқ Мамадали ака тилга олган телефон рақамига бир неча марта қўнғироқ қилдик. Мақола чиққанидан сўнг ўтакаси ёрилиб кетиб, “қуёшдан қўрққан каламуш” телефон рақамни бутунлай ўчириб ташлабди.

Гап ким ҳақда бораётганини пайқагандирсиз. Юқорида тилга олинган Мухиддинов ва Веселов командасининг энг фаолларидан бўлган “Рустам” лақабли Тимур Якубов ҳақида бормоқда гап.

ЭРКИНЛИК ИСТОВЧИ БАРЧА ҲУРФИКР ИНСОНЛАРГА МУРОЖААТ

Ҳар бир давлатнинг махсус хизматлари олдидаги бош вазифа авваламбор ўша халқнинг хавфсизлигини таъминлаш, тинчлик ва барқарорликка таҳдид солувчи ички ва ташқи хуружларга қарши курашдир. Бу вазифани амалга оширишда махсус хизматларнинг иш услуби разведка ва контр-разведкадир. Бу бутун дунёда қабул қилинган стандарт.

Махсус хизматларга миллий хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид юзага келган ҳолатларда тезкор фаолиятлар олиб бориш учун маълум даражада ҳарбий салоҳият ҳам берилган, аммо бу куч ўта жиддий вазиятлардагина қўлланилади. Бу жиҳати билан махсус хизматлар давлатнинг куч ишлатар тизимининг ажралмас бир бўлагидир.

Ўтган 27 йил давомида Ўзбек махсус хизматлари бўлган собиқ Миллий Хавфсизлик Хизматининг ўз вазифасига мутлақо тўғри келмайдиган ишлар билан шуғулланиб уюшган жиноий фаолиятга айлангани тўғрисида жуда кўп маротаба ёзилди.

Бугун бу хизматнинг ислоҳотга юз тутгани борасида гап борар экан, ушбу мақолада тилга олинган тайинсиз гуруҳлар, яъни ҚИЛАДИГАН БУТУН ВАЗИФАСИ ФАҚАТ ЭРКИН ФИКРЛОВЧИ ФУҚАРОЛАРНИ ОВЛАШдан иборат бўлган “каламушлар”га ДХХ тизимида мутлақо ўрин йўқ.

Қанчадан қанча зиёлиларимизнинг умрини хазон қилган бу манфур кимсаларни дунёга келтирганларга минг лаънат бўлсин.

Оналарнинг кўз ёшларини тўкиб, ёш умрларни хазон қилган бу жиноий гуруҳ фаолиятини кузатишда давом этамиз.

Шу мақсадда сизга мурожаат қилиб,  бу мақолада номи ёки лақаби тилга олинган мххчи кимсалар ҳақида маълумотга эга бўлсангиз, бизга билдиришингизни, келажагимиз илдизига болта ураётган бу манфур кимсаларнинг  қилмишларини фош қилишда кўмак беришингизни сўраймиз.

Мақолада тилга олинган НОДИР МУХИДДИНОВ, АЛЕКСАНДР ВЕСЕЛОВ, ТИМУР ЯКУБОВ, МАЖИД, ҚОБИЛ, ЭЛМУРОД, ВОЛОДЯ ва бошқаларнинг қинғир ишларига зудлик билан чек қўйилиши шарт ва бу иш фақат уларни халқ олдида фош қилиш йўли билан амалга оширилиши мумкин.

Яна қайтарамиз,ДХХ да ўз вазифасини сидқидилдан бажараётган ва керак бўлса хавфли вазиятларда шу миллат учун ўз жонини таҳликага қўйиб бўлса ҳам, қалқон бўла оладиган ҳалол ходимлар ҳам талайгина.

Лекин халқ ҳисобидан катта маош олиб, шу халқнинг зиёлиларини қирғин қилаётган бундай гуруҳлар янги ДХХ тизимидан чиқариб ташланиши лозим. ДХХнинг вазифаси инсонларнинг шахсий ҳаётларини кавлаштириб, расмларини фотомонтаж қилиб, уларнинг эркинлик ва ҳурриятига тажовуз этиш каби шарафсиз ва тубан бўлмаслиги керак.

Бугунда ислоҳ қилинaётган ДХХ раҳбарияти бу хусусни инобатга олиб, ўз номини покизалашга ҳаракат қилади деб умид қиламиз.

ЎХҲ веб-саҳифаси таҳририят

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort