Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Замондошларимга маддоҳликдан воз кечганим ҳақида – 2

Замондошларимга маддоҳликдан воз кечганим ҳақида – 2
15 Mayıs 2018 - 8:00 'да юкланди ва 553 марта ўқилди.

Замондошларимга маддоҳликдан воз кечганим ҳақида – 2

Кеча 2018 йил 11 май кунида бу мақоланинг биринчи қисмини ёзишимдан мақсад нима эди? -деган савол туғилиши мумкин.

Бунинг иккита сабаби бор. Кеча жума куни Мусофир ота масжидидан қайтар эканмиз, иккита биродаримга шундай дедим:

– Мен бугун Аллоҳдан Ғузорда ёмғир ёғдиришини сўраб дуо қиламан, ҳовлимиздаги экинлар сувсизликдан қийналиб кетди.

-Қанийди, ёмғир ёғса дейишди шерикларим.

Шу билан хайрлашдик.

Тушлик қилиб бўлгач, мақолани ёзишга тушдим. Осмонда момогулдурак пайдо бўлди, бироқ ёмғир йўқ эди. Негадир бошим қизиб кетди, бироз дам олай дея соат 17-00 га қадар ётдим. Ёмғир бошланганди. Таҳорат қилиб аср намозини ўқидим. Мақолани ёзишда давом этдим. Ёмғир эса бир тинар, бир ёғарди. Ҳуфтонгача аҳвол шу бўлди. Соат 2-00 да ўрнимдан туриб Таҳажжуд ибодатини ўқиб, яна мақолани ёзишга тушдим. Ёмғир шивалаб тушар, аммо кам эди. Мақолани соат 4-20 ларга қадар ёзиб тугатолмадим. Интернетга бир қисмини қўйдим.

Эртасига кечаги шерикларимдан бири менга «дуоинг ижобат бўлди»-деди. Эътироз билдирдим. Ҳовлидаги экинлар тўлиқ суғорилиши учун тарнов тагига қўйилган ванна тўлиш керак, кечаги ёмғир урвоқ ҳам бўлмади, ҳисобмас»-дедим мен. Яна мақолани ёзишга тушдим. Кечаси бир жала келди, аммо, ванна ярим ҳам бўлмади.

Эрталаб кечаги шеригим билан қўшниникига ошга ўтдик. Қайтгунча, шеригим «мақолани ёзинг-э, ёмғир ёғсин»-деди. Шу билан хайрлашдик. Тушдан кейинги жала ваннани тўлдирди. Мен бу пайтда давомини қандай ёзишни ўйлаб, қўлим клавиатурага бормади. Ҳозир ўйлаб қарасам, давомини бугун ёзмасам ношукрлик бўларкан.

Фейсбукка охирги қўйган мақолам 21 апрелда бўлиб «Ўзбек миллатининг фожеаси» якуний мақола эди. Мақолани интернетга қўйгач яхшигина ёмғир бўлганди. Буни яхшилик аломати сифатида қабул қилиб, яна битта шундай мақола ёзиш тараддудида юргандим.

Яна Аллоҳдан ёмғир тилаш фикри пайдо бўлди.

Қуръонда битта сура борки, агар шу ишни ким қилса, Аллоҳга бу сўз хуш келади ва албатта, Аллоҳ унинг истагини ижобат қилади.

Мана ўша оят (қонун):

«33. Оллоҳга даъват қилган ва ўзи ҳам яхши амал қилиб, «шак-шубҳасиз, мен мусулмонлардандурман», деган кишидан ҳам чиройлироқ сўзлагувчи ким бор?»

(Қуръон 41- Фусиллат (муфассал баён қилинган) сураси. Алоуддин Мансур таржимаси).

33. Что может быть прекрасней речи,

Чем та, что к Господу зовет,
Творить благое призывает
И гласит: “Принадлежу я к тем,
Кто предался исламу”?”
Коран Сура 41. Разъяснены (перевод В.И.Пороховой)

Энди Интернетдай катта аудиторияда қандай гапириш кераклиги ҳам Қуръонда айтиб қўйилган. Яъни, бировларни жиғига тегиб ёки уларни бездириб гапириш керак эмас. Ҳеч кимнинг иззат-нафсига тегмасдан гапириш керак.

Мана ўша оят (қонун):
34. Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ҳар қандай ёмонликни) энг гўзал сўзлар билан дафъ қилинг! (Шунда) баногоҳ сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ-содиқ дўст каби бўлиб қолур». (Қуръон 41- Фусиллат (муфассал баён қилинган) сураси. Алоуддин Мансур таржимаси).

34. Добро и зло не могут быть равны;
Так оттолкни же зло добром,
И тот, кто ненависть к тебе питает,
В родного друга обратится.
Коран Сура 41. Разъяснены (перевод В.И.Пороховой)

ФБдаги менинг дўстларимнинг кўпчилиги иймонли кишилар бўлгани боис мен Қуръон оятларидан гапираётганимни ҳазм қила оладилар деб ўйлайман.

Аллоҳ йўлига чақириш эса дунёнинг барча миллатлари ва халқларида бор. Ликулли Фиръавн Мусо, яъни ҳар Фиръавнга бир Мусо дегани ҳам қонуният. Ривоят қилинишича, ўзини Худо деб билган Фиръавннинг ёнида иймонли бир киши бўлган. У Фиръавнга «Мусо ундай деди, Мусо бундай»-деди деб Мусо пайғамбарнинг қилиқларини кўрсатиб берувчи унинг сарой қизиқчиси – актер бўлиб, иймонга кирган киши бўлган ва Фиръавнни сув тўфони олиб кетганида тирик қолган айнан ўша киши бўлган экан.

Сатира, комедия орқали ҳам бу гапларни айтиш мумкин. Аркадий Гайдайнинг комедияларини бир эслайлик.
«Операция Ы ва Шурикнинг саргузаштлари» фильмида девор тешигига кириб кетган хулиган Федянинг орқасидан ғишт қалаб, деворга гул тиқиб турганда Инжил оятлари янграйди. «Бриллиант қўл»да дарёдаги боланинг Андрей Мироновга Исо пайғамбар бўлиб кўрингани ва Инжил оятлари янграгани, «Иван Васильевич касбини ўзгартиради» фильмида Шоҳнинг лифтда қамалиб қолгандаги айтган гаплари ва ҳоказо…

Ҳар қандай тўғрисўз, яхшиликка чақириш, ноҳақликларни фош этиш, адолатли бўлиш, зулмга қарши курашиш, саҳоват, меҳрибонлик қилиш, яхши гапириш – буларнинг ҳаммаси Аллоҳга хуш келадиган амаллар бўлиб, айнан Аллоҳ йўлига чақириш ҳамдир.

Гапимизга қайтамиз.

Шундай қилиб, ўн беш йилдан кейин биринчи бор ишга галстук тақмайдиган бўлдим (депутатликдан аввал ўн йил Хўжалик судида судья бўлиб ишлаганман. Судья ҳам Президент Фармойиши билан тайинлангани боис ҳар доим оқ кўйлак галстукда юриш шарт эди).

Юқорида айтганимдек, бу ҳолатдан жиччагина ҳам афсус қилмадим. Чунки, депутат пайтимда депутатлар учун ажратилган тўққиз қаватли панель уйнинг тўртинчи қаватида тўрт хонали уйда турган бўлсам, энди ғиштли тўрт хонали уйнинг иккинчи қаватида турардим. Янги уй қишда иссиқ, ёзда салқин. Деярли курорт зонасида эди.

Мен анча йиллардан кейин биринчи бор тезда бойиб кетишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим. Тўғри ҳар қандай идорада ҳуқуқ маслаҳатчи бўлиб ишлашим мумкин эди. Бу борада йигирма йиллик тажрибам бор ахир! Депутатлик давримда тўртта Қонун ташаббускори сифатида жамоа билан иштирок этдим. Битта «Футбол тўғрисида» Қонуннин ўзим ёздим. Учта Қонун лойиҳаси Президент томонидан имзоланди. Битта ташаббусимни Россия қонунчилиги ҳам қабул қилди. Лекин, ойлик маош билан уй ижара ҳақини тўлаш ва болаларни боқиш мураккаб эди. Айтмоқчи Прописка деган бало ҳам бунга халақит қиларди. Қашқадарёга кетай десам, болаларимнинг иккитаси Олийгоҳда ўқияпти, биттаси энди ўқиши керак. Мен тезда бойиб кетишим керак!

Қандай қилиб?

Биламан китоб чиқариб демоқчисиз?

Йўқ, адашдингиз.

Чунки, бир дўстим менга Ўзбекистон шароитида китоб сотиб бойиш имконияти йўқлигини бот-бот исботлаб берганди. Гарчи бу пайтда бир нечта китобларим эълон қилинган битта асарим саҳнада қўйилган бўлса-да, китоб сотиш ҳам, театр спектакли гонорари ҳам қониқарли эмасди. Лекин, шайтон йўлдан урди-ю, маддоҳлик қилишимга айнан яна китоб савдосига қатганим сабаб бўлди. Бу кейинроқ юз берди. Ҳозирча эса янги инновацион, оригинал фикр калламда ғужғон ўйнарди.

Ҳисобим жуда оддий эди. Бир нарсани олдиндан айтиб қўяй, ҳар қандай чигал вазиятда ният қилиб ўзбек тилидаги Қуръон китобини очиб ўқийман, ўша сурани ўқиган пайтим миямга бир фикр келади. Бу ечим бўлади ва шу фикрда туриш учун Аллоҳга суяниб ҳаракат қилавераман. Бу услуб Амир Темурнинг услуби бўлиб, «Темур тузуклари» асарида бу ҳақда айтилган.

Тўғрисини айтсам депутат бўлишим, депутатлик пайтимда гапирган гапларимнинг деярли ҳаммаси айни шу китобни ўқиб, тафаккур қилгач гапирилган. Шунинг учун жуда кўп таклифларим, фикрларим ўша пайтда қабул қилинган ёки инобатга олинган. Тўғри, улар меники эканлиги бир ёки икки Бош Вазир ўринбосари томонидан баралла айтилган бўлса-да, бошқалари инобатга олинганини илоҳий белгилар орқали билиб турганман. Ин ша Аллоҳ Рамазон ойида ўша қизиқарли илоҳий белгили воқеаларни ёритиш ниятим бор.

Гапимизга қайтайлик. Ишдан бўшагач яна Қуръон очиб, энди нима иш қилсам экан дея ният қилдим. Қаҳф – Ғор сураси чиқди. Бу сурада Мусо пайғамбар билан Ҳизр пайғамбарларнинг учрашувлари баён этилган.

Сурани ўқиб бўлгач икки пайғамбарнинг йиқилиб кетаётган деворни тиклаб қўйганклари ҳақидаги воқеа бўйича бир фикр келди.

Ўшанда Мусо пайғамбар тикланган девор учун уй эгаларидан ҳақ олайлик деганда Ҳизр пайғамбар таклифни рад этиб, уларнинг ажралишига сабаб бўлади. Шунда бу ишнинг таъвилини Мусо пайғамбар сўраганида Ҳизр пайғамбар «бу уй иймонли кишининг уйи. У киши оламдан ўтган, девор тагида эса хазина бор. Аммо, унинг болалари ҳозир ёш. Девор йиқилиб хазина очилиб қолса, болалар ғўрлигидан хазинани ишлатишни билишмайди. Улар вояга етиб, пулни сарфлашни ўргангач, девор йиқилади. Шунда хазинани иймонли кишининг болалари ўз эҳтиёжлари учун тўғри фойдаланадилар»-дейди.

Бу мен ва укамнинг тақдирига мос келадиган воқеа эди.

Гап шундаки, мен ўн-ўн бир ёшларимда отам раҳматли қандайдир овқатдан қаттиқ заҳарланиб уйда ётиб қолди. Отам ўзига келган пайтида бизлар билан видолашар, онам, опаларим йиғлар, мен ҳам тушкун аҳволда эдим. Шунда Худога муножот қилиб «Худойим отам ўлмасин, ҳеч бўлмаса, мен ўттизга кирай» деб илтимос қилдим.

Отам тузалиб кетди. Мен ҳуқуқшунос бўлдим. Отам менга бот-бот такрорларди «биласанми, сени нега ҳуқуқшунос бўлишингни истаганман?», «-Нега?», «Опа-укаларингга ҳимоячи бўлиб юришинг учун».

Отамнинг дўсти Нурмат Саидовнинг отаси 99 ёшида қазо қилди. Иккимиз жанозадан пиёда қайтяпмиз. Шунда отам менга шундай, деди: – Ўғлим мен ҳам бир йил ичида қазо қиламан. Гўримни кенгроқ жойдан қаздир, эрта бир куни онангни ҳам шу ерга қўясан.

Мен бу гапга ҳеч нарса дея олмадим. Чунки, бир йилдан сўнг мен ўттиз ёшга тўлардим.

Давоми бор

Анвар Шукуров

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort