Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА: Дональд Трампга Мурожаат

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА: Дональд Трампга Мурожаат
15 Mayıs 2018 - 14:38 'да юкланди ва 1137 марта ўқилди.

АҚШ ПРЕЗИДЕНТИ ЖАНОБ ДОНАЛЬД ТРАМПга,
АҚШ ҲУКУМАТИГА

АҚШНИНГ ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ЭЛЧИСИ
ҲАМДА ЭЛЧИХОНА ВАКИЛЛАРИГА

ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ
ВАКИЛИ МАЛОҲАТ ЭШОНҚУЛОВАДАН

М У Р О Ж А А Т

Муҳтарам Дональд Трамп!

Ҳурматли элчихоним!

Энг аввало, биз, фуқаролик жамияти вакиллари Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ўзаро дўстона алоқалардан мамнунмиз.

Ана шу дўстона муносабатларнинг исботи ўлароқ айни дақиқаларда мамлакатимиз Президенти океан орти мамлакати заминида.

Модомики, Ўзбекистон илғор демократик давлатлар билан сиёсий, иқтисодий, маданий алоқаларини мустаҳкамлаб борар экан, шунинг баробарида мамлакатимизнинг янги ҳукумати Ўзбекистон ичкарисида инсон ҳақларини ҳимоя қилиш нормаларига қатъий риоя этишлари тарафдоримиз.

Тўғри, кейинги бир йил ичида мамлакатимизда сезиларли даражада ўзгаришлар сари одим отилмоқда, буни инкор қилиб бўлмайди.

Бироқ, шунинг баробарида, ҳамон Ўзбекистонда инсон ҳақлари топталмоқда, инсон ҳақ-ҳуқуқлари бузилмоқда.

Биз, жамоатчилик вакилларини ташвишга солаётган нарса шундаки, 2016 йилнинг август ойида икки ёш олим Акром Маликов ҳамда Рустам Абдуманноповлар бир ойнинг ичида олдинма-кейин бир хил эпизод билан хибсга олиндилар ва айни бир хилдаги асоссиз айбловлар билан озодликдан маҳрум этилдилар.

Қамоқ жазосига ҳукм этилган Акром Маликов 1991 йилда Тошкент вилоятининг Пискент туманида туғилган. Ёш Навоийшунос олим. Бир қанча илмий рисолалар, шеърлар ва ҳикоялар муаллифидир.

3 нафар вояга етмаган фарзандларнинг отаси Рустам Абдуманнопов политолог.

Бугунги ёшларимизнинг энг илғор вакилларидан бири бўлган Акром Маликов ҳамда Рустам Абдуманноповлар жамиятимизнинг энг оғриқли нуқталари хусусида долзарб мақолалар ёзган.

Ватанпарвар, фидойи бу йигитларимизнинг айни дамда энг оғир моддалар билан уйдирилган айбловлар ортидан қамоқда ўтириши биз фуқаролик жамияти вакилларини ташвишга солмай қўймайди.

Шунингдек, мамлакатимиз Президенти Шавкат Миромонович “Ҳорижга чиқиш визаси – стикер бекор қилинади” дея юқори минбарлардан туриб ваъда қилган бўлса-да, минг афсуски, ҳали ҳамон Ўзбекистонда фуқароларнинг Конституция билан белгилаб қўйлиган эркин ҳаракатланиш ҳуқуқига раҳна солинмоқда. Фактларга мурожаат қиладиган бўлсак, 1994 йилда туғилган Зарнигор Алимбековага мана, 5 йилдирки ҳеч бир асоссиз равишда ҳорижга чиқиш рухсатномаси берилмаётир.

Оқибатда эркин ҳаракатланиш ҳуқуқи топталаётган Алимбекова 2018 йилнинг февраль ойида ўз ҳақларини ҳимоя қилиш мақсадида маъмурий судга мурожаат қилишга мажбур бўлганди.

Минг афсуски, суд 24 ёшли Зарнигор Алимбекованинг даъво талабларини ғайриқонуний тарзда рад этиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Шу билан бирга мамлакатимизда фуқароларнинг хусусий мулкга бўлган ҳуқуқлари ҳам ҳамон топталмоқда.

Мамлакатда коррупцияга қарши курашиш ўзининг ижобий самарасини бераётгани йўқ.

Маҳаллий амалдорлардан азият чеккан аҳоли суд ва прокуратура остоналарида ойлаб турнақатор навбатлар кутиб маҳтал бўлиб қолмоқда.

Суд ҳокимияти батамом мустақил бўлолмай тўлғонмоқда.

Мамлакатда мажбурий меҳнат масаласи ўзининг яширин формасига ўтиши билан хатарлидир.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистонимизда инсон ҳақлари билан боғлик ечимини кутаётган муаммолар талайгина.

Биз фуқаролик жамияти вакиллари, энг аввало, сиёсий маҳбуслар ёш олим Акром Маликов, Рустам Абдуманноповларга боғлиқ “жиноят иши” қайта кўриб чиқилишини ва адолат ғалаба қилишини сўраймиз.

Демократияга даъво қилаётган ҳукумат, энг аввало, ишни ёш олимлар Акром Маликов ва Р. Абдуманноповни зудлик билан қамоқдан озод қилишдан бошлашлари керак деб ҳисоблаймиз ва мазкур ёш иқтидорларнинг озод этилишини талаб қиламиз.

Эркин ҳаракатланиш ҳуқуқи бузилаётган Алимбекова Зарнигорнинг паймол бўлаётган ҳуқуқларини тикланишини ва унга ҳорижга чиқиш рухсатномаси берилишини талаб қиламиз.

Бир сўз билан айтганда, биз инсон ҳақларининг бузилишига оид ҳар қандай кўринишига қаршимиз ва бундай ҳолатларга оғизда эмас, амалда барҳам берилишини истаймиз.

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
15 май, 2018 йил

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort