Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Қуёшдек равшан ҳақиқат

Қуёшдек равшан ҳақиқат
02 Haziran 2018 - 12:13 'да юкланди ва 967 марта ўқилди.

Жамол Камол
Ўзбекистон халқ шори

ҚУЁШДЕК РАВШАН ҲАҚИҚАТ

Чор Россияси Туркистонни истило этгач, шарқшунос олим, академик Василий Бартольд бу ўлкага бир неча бор илмий экспедиция уюштириб, сўнг Санкт-Петербург Фанлар академияси илмий кенгашида ҳисоб беради. Ҳисоб бериб дейдики, биз шу пайтгача маданий  савияси ўзимиздан анча паст бўлган халқларнинг ерларини босиб олгандик. Энди бўлса, Туркистон  мисолида тамомила  ўзгача аҳволга дуч келиб турибмиз… Туркистонликлар бизнинг ҳарбий устунлигимизга тан беришди, аммо маънавий устунлигимизни тан олишгани йуқ. Вазифа ана шуни тан олдиришдан иборатдир… Токи шуни тан олишмас экан, биз узил – кесил ғалаба қозондик, деб айта олмаймиз…

Хуллас, Бартольд ўшанда бош  ҳаракат  йўлини чизиб берди: қандай бўлмасин, маънавий устунликни тан олдириш…  Кейин орадан кечган юз йил ана шу  шиор  остида ўтди… Бу йўлда нималар қилишмади… Нималар дейишмади…  Лекин бари бесамар бўлди… Бари зое кетди. Халқимиз бошқаларнинг маънавий устунлигини тан олмади. Тан олмайди ҳам… Негаким, бунинг жиддий сабаблари, теран асослари бор… Битта асос -пири  комил, нодири даврон , устози мумтоз Мир Алишер Навоий… Дунёга Мир Алишер Навоийдек сиймони берган халқ ўзини ўзгалардан кам тутармиди? Ўзини ўзгалардан остин қўярмиди?…  Йуқ, қўёлмасди…  Бу – қуёшдек равшан ҳақиқат…  Бартольд ва унинг ворислари ана шу ҳақиқатни инобатга олишмади. Натижада овора бўлишди… Сабабки, улар кўрмоқчи бўлган тушларни биз аллақачон кўриб бўлган,  улар етмоқчи бўлган юксакликларни буюк боболаримиз тимсолида биз аллақачон кезиб чиққан эдик… Шу боис улардан маънавиятимизга бир зарра ўтмади,  ҳеч нарса юқмади. Шунча йиллар беҳудадан- беҳудага уриниб-чиранишлари қолди, холос…

Бундан бир неча йил олдин Америка Қўшма Штатлари Президенти Рональд Рейган Москва дорилфунуни устозлари ва талабалари ҳузурида нутқ сўзлаб, Навоийни  эслади. “Ўзбек шоири Алишер Навоийнинг бой ва олийжаноб маънавияти макон тутган  тупроқда гўзаллик ва самимият ҳақида сўз юритишга ҳожат бормикин”…  деди у. Яъни ,  Навоийдан ошириб, мен бу ҳақда нима ҳам дея олардим, деб таъкидлади…  Бу – дунёнинг иқрори эди. Эшитганлар ҳайрон қолишди…  Кейин  югур-югурга тушишди. Навоийнинг китоблари қўлма-қўл бўлиб кетди… Шунда мен боя айтганим – қуёшдек равшан ҳақиқат булут ортидан яна бир бор “ярқ” этиб кўриндию, дунёни нурга тўлдириб юборди…Хўш, дунёни нурга чулғаган ўша ҳақиқат нима ўзи? Уни изоҳлаб, тушунтириб бўладими? Чамаси,  юз ўттиз йил давомида истилочиларга бўйин эгмаган ўша маънавий қудратнинг тамал тоши нима?

Бу саволларга ҳазрат Навоийнинг ўзи, ул зоти шарифнинг сўзи жавоб беради…

Мир Алишер Навоий Ҳаққа етишган шоир эди. Ҳаққа етишмак – аваало ўзга етишмоқ, ўзга етишмоқ эса – ўзгаларга – етишмоқ, одамни танимоқ, оламни танимоқ деган сўздир… Ана шу нуқталар Навоий воситасида халқимиз маънавиятини ёритиб турарди. Яна шу ҳақиқат ярқираб турардики, халқни яратган – Холиқдир. Холиқ ҳар битта халқни яратаркан, унинг пешонасидан ўпиб, бошқаларга тенг қилиб яратган. Остин ҳам, устун ҳам қилиб яратмаган… Бас, Парвардигорки шундоқ яратган экан, бандаси нечук уни остин ёки устун қилур…

Бундан келиб чиқадиган маъно шуки, ҳар бир халқ ўз ерида ўзи султон бўлсин. Аммо инсофли, адолатли, марҳаматли, мурувватли султон. Токи бошқалар ҳам унинг паноҳида эмин-эркин яшасин, унга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб, тинч-тотув умргузаронлик қилишсин. Аллоҳнинг азми, азалнинг фармойиши шундоқ…

Навоий куйлаган, умр буйи тараннум этган, халқимизнинг қони, жонига сингиб кетган ва унинг маънавий суянчиғига айланган ана шу ҳақиқат ила курашиб, ғанимлар бас келиша олмади. Лекин улар бошқа нарсага эришишди – давлатимиз қўрғонини бузиб ташлашди. Унинг ўрнига қарам, омонат маҳкама қуриб беришди. Давлатдан айрилган эл шавкатдан айрилди. Шавкатдан айрилган эл фақат ўз  маънавиятига суяниб қолди. Фақат ўшандан  мадад олди…

Бугун миллий мустақил давлатимизни тиклаяпмиз. Шу сабабли “Навоий ва давлат” деган мавзу алоҳида аҳамият касб этиши табиий. Бу масала шоир ижодига нурдек таралган инсони комил фалсафасининг таркибий  қисмини ташкил қилади… Оламдан мақсад – одам, одамдан – мақсад – Худо, Худодан мақсад – камолат, камолатнинг эса чеки-чегараси йўқ, у сўнгсиз, сарҳадсиз… Ана шу силсилада миллий мустақил давлат айрича ўрин тутади. У инсон камолати, халқ ривожининг узлуксиз ҳаракатида  таянч майдон, мустаҳкам  пойдевор бўлиб хизмат қилмоғи даркор.

Давлатли халқ – шавкатли халқ.

Давлати гуллаган элнинг руҳияти, маънавияти ҳам гуллагай.Темурийлар даврида юртимизда илму фан, санъат ва адабиётнинг гуркираб ривожлангани бунга мисол. Кундузлари девонда  амирлик вазифасини адо этиб, кечалари “Ҳамса” саҳифалари устида қалам тебратган бир йўла ҳам давлатга, ҳам маънавиятга хизмат қилган Навоийнинг ҳаёт йўли бунга далил… Халқимизга буюк Темурдан буюк давлат мерос  қолди. Навоий умр буйи ана шу давлатни мустаҳкамлаш дарди билаи яшади. Исёнларни тинчитди, низоларни  бартараф этди. Жанжал – муноқашани бас қилайлик, қўлни қўлга берайлик, аҳил-ҳамжиҳат бўлайлик, деб бонг урди. Давлатимиз, салтанатимизни сақлаб қолайлик, деб фарёд чекди… Хусайн Мирзодан – Бадиуззамон Мирзога, Бадиуззамон Мирзодан – Музаффар Мирзога элчи бўлиб от сурди… Ўз  набирасини ўлимга буюрган подшога таъна-дашномлар ёғдирса-да, у эгаллаб турган давлат, салтанат қайғусини чекишдан чарчамади…

Лекин замон зайли, тақдир ҳукми омонсиз…

Улар ҳеч кимсани ва ҳеч нарсани аяшмайди. Ана шу зайл ва  ана шу ҳукм туфайли темурийлар салтанати емирилди. Аммо унинг пойдевори устида қурилган маънавият мулки “Боғи жаҳон оро” бўлиб абадий яшнаб қолаверди. Бу аввало, ўша даврда битилган Мир Алишер Навоий ва устод Абдураҳмон Жомийнинг дурдона асарларидир…

Бир пайтлар:

Ильичнинг миллион ват чироғи ёниб
Бойқаро саройин шамлари ўчди…

деб бир оз ялтоқлик, балки, замонасозлик қилиб ёзишгани маълум… Аммо мен ўша шамларни ўчди дейишга тилим бормайди. Маънавиятни давлатдан, Навоийни Ҳусайн Бойқародан ажратгим келмайди. Бойқаро саройининг шамлари – буюк боболаримиз ёқиб кетган маънавият чироқларидир…

Биз ҳар гал ўша чироқларга термулиб, уларнинг шуъласида ҳазрат Навоийни кўрамиз…  Ўз сафларимизга боқиб, яна ўша мунаввар сиймони учратамиз… Келажакка кўз солиб, тағин ўша азиз тимсолга дуч келамиз…  Ана  у, ипак салла ўраб, зарбоф  тўни этакларини шамолда  ҳилпиратиб, бизни юксакларга ундаб, дунёдан ҳамиша огоҳ бўлишга  чорлаб, олдинда турибди…

Хулоса шуки,  Навоийдек шоири бўлган халқ эгилмайди, эгилса ҳам енгилмайди.  Фурсат келди дегунча,  ҳозир кўриб турганимиздек, яна қаддини  ростлайди. Қаддини ростлаб, яна истиқболга интилади… Истиқболда эса – миллий мустақил давлат ва шу  давлатга суянган юксалиш,  маънавият…  Умид  улким, Ўрта Осиё, Қозоғистон минтақасидаги давлатлар, халқлар қўлни қўлга бериб, аҳил бир даврага уюшиб, бутун дунё билан туташиб, қовушиб кетгайлар…  Ўшанда шоирлар Навоий оҳангларига солиб, фахриялар, қасидалар ёзишади. Ҳалитданоқ ўшалардан бир нишона ўлароқ, ҳув, олисдан, уфқ ортидан навқирон бир овоз таралиб, менинг қулоғимга  келиб уриляпти:

Боқингиз, бир тараф Рус, бир тараф Чин,
Демасмен: Ҳинд ё Эрондин ортиқ,
Ватан бўлмас, ёронлар, бизга лекин
Қадим туғ ости шу Турондин ортиқ…

Ўша кунларни кўриш насиб этсин…

1991 йил, август.

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort