Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Уйғонинг!

Уйғонинг!
03 Haziran 2018 - 7:00 'да юкланди ва 918 марта ўқилди.

Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида Каримов режимини фош қилувчи мақолалар ёзган Акром Малик бугун қамоқда ўтирибди.

У 2017 йилнинг 13 январ куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди томонидан 6 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Ҳозирда Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи бир неча халқаро ташкилотлар ва маҳаллий аҳоли вакиллари ёш олим ва журналист Акром Маликнинг озодлигини талаб этмоқдалар.

Эътиборингизга Акром Маликнинг Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида эълон қилинган мақолаларини ҳавола қилиб борамиз.

* * *

УЙҒОНИНГ!

Ўзбекистон ёшларига мурожаат

Меҳрибон ва раҳимли Аллоҳ номи ила бошлайман.

Ассалому алайкум.

Ушбу мурожаат мактубини диққат билан ўқинг. Сиз ўрганган фикрларга қарши жумлаларни кўриб ҳуркманг.

Бу менга тўғри келмас экан, бизнинг ҳукуматга қарши экан, ватанфурушлар ғояси экан деб кўзларингизни юмиб олманг. Зотан,  шу пайтгача сиз суяниб келган қарашларнинг кучини синаб кўриш зарар қилмайди. Келинг, дўстона суҳбатлашамиз. Бу ерда ҳеч ким ўзаро душман эмас. Ҳар биримиз бир замин ва бир халқнинг фарзандларимиз. Бирингиз акам, бирингиз укам, бирингиз опам, бирингиз синглимсиз. Бирингиз эса тенгдошим.

Сизга айтмоқчи бўлган бир қанча сўзларим бор.

Аввало, сиз билан инсон эрки ва озодлиги ҳақида суҳбатлашмоқчиман. Бугун ҳар бирингиз Ўзбекистон мустақил деб биласиз. Унинг ривожланиб кетаётгани ҳақида гапирасиз. Юртбошига садоқатингизни изҳор қиласиз. Бир овоздан жўр бўлиб Ватан тараққиёти тўғрисида мароқ ила жумлалар тузасиз. Аслида айтаётган барча гапларингиз юзаки. Улар қуруқ такрордан иборат. Телевидение, радио, матбуот – барчаси умумий ҳолда фақатгина бир хил жумлаларни қалаштиради. Ҳар бир мақола, ҳар бир китоб юртнинг тараққиёти, тўкин-сочинлиги, тинчлик-осойишталиги билан бошланади ва тугайди. Сиз ана шу муҳит бағрида улғаймоқдасиз.

Туғилдингиз. Боғчага элтдилар. У ерда фақатгина бир инсон – Ислом Каримовни сизга танитишди. Мактабга бордингиз. Мактабни битириб университетга йўл олдингиз. Сизга тайин қилган тарбиялари шу бўлди: мавжуд сиёсатни мақташ керак. Ислом Каримов – қаҳрамон. Мансабга эришиш учун халқ фаровонлиги тўғрисида, юрт тинчлиги ҳақида бетиним гап сотиш лозим. Дастлаб “Одобнома”, кейин “Ватан туйғуси”, “Миллий истиқлол ғояси” каби фанлар ўқитилди сизга. Бу ўқув “предмети” олий ўқув юртларида ҳам муҳим ўрин эгаллади. Сизнинг онгингиз миллий истиқлол ғояси, мафкураси билан тўлдирилди. Сиз мафкуравий иммунитет ҳақида тарбия олдингиз. Минбарларга чиқиб томоқ йиртиб гапиришни қаҳрамонлик дея билдингиз. Чиройли сўзлаш, “катта”ларга ёқиш, сунъийликни “энг гўзал ахлоқ”  эканига ишондингиз.

Бироқ… Аммо… Лекин бу ҳолат шармандали ҳолат экани ҳақида ўйлаб кўрганмисиз, азизим?!

Мени кечиринг, бугун мен сизга сизнинг асл вазиятингиз ҳақида хабар беришга қарор қилдим. “Катталар” томонидан михлаб ташланган тафаккурингиз эшикларини очиб кўрмоқчиман. Шамол кўрмай моғор бойлаган онгингиз кенгликларига қуёш нури тушмоғини истайман.

Аччиқ гапларим учун афв этинг. Зотан, касалликнинг даво топиши осон эмас. Оғир ҳақиқатни елкага оладиган ёшдасиз. Ҳақиқат тиғи ила жисмингиз ичидаги ярани кесиб ташлашга мажбурсиз.

Сиз эрк деган тушунча ҳақида тўла тасаввурга эга бўлмоғингиз керак. Ватан тўғрисида партада ўқитиш мева бермаслигини ҳам билмоғингиз лозим. Ҳақиқатни яшириш эмас, ошкор қилиб, у асосда яшашнинг таъмини ҳис қилиб, бу ҳолнинг юксаклигини идрок этмоғингиз лозим.

Эрк – рост сўзлашдир. Рост сўзлаганинг учун бировдан зуғум эшитмасликдир.

Эрк – қалбинг амрини чўчимасдан аён этмакдир.

Аммо сиз-чи?

Сиз, ҳатто, қалбингиз нимани амр қилаётгани ҳақида билмайсиз…

Сиз, ҳатто, айтаётган гапларингизга ишонмайсиз.

Сиз порахўрликларни кўриб турибсиз. Ҳар қадамда ҳақсизликка йўлиқасиз.

Масалан, сиз университетда ўқийсиз. Қайсидир соҳада таълим олмоқдасиз. Дейлик, муҳтарам юртбошингиз каби иқтисод йўналиши толибисиз. (Ўзбекистонда ёшларнинг катта қисми юридик ва иқтисод факультетларига ҳужжат топширишлари табиий ҳол – чунки тўкин ҳаётни фақат ушбу соҳа вакиллари топа оладилар!)Лекцияларнинг асосий қисми жуда зерикарли. Сиз университетга билим олиш учун эмас, вақт ўтказиш учун  борасиз. Муҳитингиз – биқиқ. Янгилик йўқ. Ҳар куни бир хил ҳаёт. Фан оламидаги кашфиётлардан бехабарсиз. Домлангиз берган топшириқни интернетдан кўчирилган реферат орқали “бажарасиз”.

Шуми сиз олган билим?!

Агар шу ўзлаштиришингиз билан Европа ёки АҚШга келсангиз, бу ерда сиз билан бир хил йўналишда ўқиётган тенгдошлар билан беллашиб кўрасизми?

Сизга Ватан, мафкура деб тинимсиз гапирадилар. Мафкуравий қарашларни ёд олишга мажбур қилишади. Биласизми, бир хил таом меъдага тегади. Шовқин қулоқни батанг қилади. Қулоғингиз ватанпарварлик деган сохта сўзлар шовқинига тўлдирилган. Афсуски, буни англай олмайсиз, азизим.

Қолаверса, инсонлар ишлаб чиққан мафкура онгни ўлдиради, тафаккурдан маҳрум қилади.

Ахир, Ватанга бўлган муҳаббатни ўқитиш мумкинми?

Ватан ҳақида гапираётганлар Ватаннинг қонини сўрмоқдалар. Акс ҳолда, сиз университетга киришнинг “паравоз”, “бункер” деган йўлларини ахтармас эдингиз.

Чунки сиз илм қадр топмаслигини биласиз. Ўз салоҳиятингизга яраша баҳо топмаслигингизни англайсиз.

Айтинг-чи, бу ҳолат ниманинг меваси?

25 йилда бир йигит уйланиб оила қуришга тайёр бўлади. Ўзбекистонда одамлар 25 йил давомида шунча муаммони наҳотки ҳамон еча олмасалар?!

Сиз чуқур илм олишингиз керак. Илм бошқа жойда қоляпти. Сиз университет учун тўлаган пулингизга яраша жавоб олмаяпсиз.

Европа университетида магистратурада таълим олаётган ўзбек толиби шундай дейди:

“Дастлабки  тўрт-беш ойда 24 соат университетда бўлишимга тўғри келди. Чунки Европада бизга берилаётган топшириқларни Тошкентда олган билимим билан бажаришга тайёр эмас эдим. Университетдаги лабораторияда 20 соатлаб ишладим – яъни турли тажрибалар ўтказдим, китоб ўқидим. Ниҳоят бу ердаги тенгдошларим билан билим борасида тенглашиб олдим”.

Қаранг, бу йигит интилувчан бўлгани учун мана шундай самарани қўлга киритган. Тўрт-беш ой давомида у бу ердаги талабалар билан тенглашган. Ҳолбуки, у Тошкентда энг аълочи эди. Энг билимли, умидли толиб эди. Демак, Ўзбекистондаги энг билимли талаба Европадаги оддий талаба билан тенглашиши учун тўрт-беш ойлаб 20 соатдан яна қайта ўқиши зарур экан-да.

Шуми сиз олаётган билим?

Биз Европани мисол тарзида келтирдик, холос. Бу билан Ғарбнинг ҳаёти ва услубини тўлиқ шаклда тарғиб қилмаяпмиз. Балки ижобий жиҳатларига диққат қаратмоқдамиз. Бизнинг назаримизда унинг салбий жиҳатлари қанчалик кўп бўлмасин, ютуқлари биздан устун.

Майли. Университетларни бир четга қўяйлик-да, мактаб тизимини таҳлил қиламиз.

Бугун Ўзбекистон мактаб ва шифохоналарида асосан аёллар фаолият кўрсатмоқда. Биласизки, уларнинг оладиган маоши эркак кишини қониқтирмайди. Бу масаланинг бирламчи томони. Иккинчи жиҳати шуки, мактабда таълим олаётган ўғил бола ўзи учун намуна излайди. Унинг учун асосий вақт мактаб билан боғлиқ. Ҳар куни мактабда. Ҳар куни аёллардан таълим олади. Улғайиб келаётган ўғил бола ўзи учун намуна сифатида аёл муаллимани танлайдими? У забардаст қудратни аёлдан ўрганадими?

Шунинг меваси ўлароқ етарли тарбия ва таълим олмаётган ўзбек йигитлари кўп ҳолларда шиддат, ғайрат ва мардликдан узоқлашмоқда. Буни ким рад эта олади?

Болаликдан қатъият ва жасорат руҳини олмаган, мактабдаги аёлларнинг қарғиши, уларнинг ғийбатларини тинглаб улғайган йигитдан нимани кута оласиз?

Эркак ўқитувчиларни етарли маош билан таъминлай олмаган ҳукумат ва унинг раҳбари тўғрисида қандай хулосангиз бор, дўстим?

Сиз ҳукумат ва унинг раҳбари бу иш билан шуғулланмайди деб ҳисобласангиз, адашасиз. Зотан, муҳтарам юртбошингиз таълимни сиёсат билан боғлади, мактаб ишини давлат иши деб талқин қилди. Демак, таълим унинг қарамоғида экан, унинг сифати учун жавоб беришга мажбур. Агар у бу юкни елкага олмаганида, таълимнинг мустақиллигини таъмин этганида вазият ўзгача кўринишда бўларди.

Исбот: биласизки, мактабда ололмаган билимларингизни Тошкентда очилган турли ўқув марказларидан олмоқдасиз. Мактабда ишлайдиган муаллим ўқув марказида аъло даражада болаларни ўқитмоқда. Мактаб – давлат қўл  остида, ўқув маркази – хусусий. Шу оддий қиёснинг ўзи хусусий таълим тизимининг самарадорлигини яққол кўрсатиб турибди.

Майли.

Давлат таълим тизимини ўз кузатувида сақлар экан, юксак даражали кадрларга эришиш учун уларнинг моддий жиҳатини мустаҳкамлаши лозим, яъни каттароқ ойлик тўлаш шарт бўлади. Ўқитувчиларига етарли маош тўлай олмаган давлатнинг қудратини тасаввур қилиб кўринг.

Сиз демократия деган тушунча ҳақида эшитгансиз. Аммо унинг нима эканлигини билмайсиз. Сабаби муҳтарам юртбошингиз демократияни тан олмайди. У демократияга эришиб бўлмайдиган рўё – туш деб қарайди.

Аслида ҳам шундайми?

Унинг тасаввури шундай, холос. Унинг ҳукумати шундай, холос.

Унинг айтишича, демократия одамларнинг тийиқсиз ва тартибсиз бўлиб кетишига олиб келади. Ўзбек халқи демократияни кўтара олмайди. Демократи қуришга ўзбек халқи тайёр эмас. Сиз билмайсиз – биз биламиз: мустақилликнинг илк йилларида Ўзбекистонда чинакам ҳуррият бор эди. Одамлар мавжуд муаммоларни биргаликда ечишга ҳаракат бошлашган. Аммо бу ҳаракатларнинг ҳаммаси муҳтарам юртбоши томонидан бостирилган.

Демократия мамлакатда бир кишининг чексиз ҳукмронлигига йўл қўймайди.

Демократия мамлакатда бир гуруҳ одамларнинг ҳукмронлигига йўл қўймайди.

Демократия мансабдорлар, амалдорлар халқнинг ҳокими деб тан олмайди, балки демократия “ҳокимлар”ни халқ истакларига мос равишда ҳаракат қилдиради, демократия “ҳокимлар”га насиҳат ва сиёсат йўли билан халқни тўғри йўлга солиб туришни тайинлайди.

“Демократия” сўзининг луғавий маъноси халқ ҳокимияти демакдир. Халқ ичидаги зиёлилар, оқ-қорани фарқлайдиганлар, илм эгалари халқни бошқарувчилар тоифасини ташкил этадилар. Улар оддий халққа таълим берадилар, уларнинг истакларини бошқарув органларига етказадилар, бошқарув органларининг фаолиятини назорат қиладилар.

Бошқарув органида ўтирган одамлар ана шу кузатувни ҳис қилган ҳолда ҳаракат қиладилар. Бу вазифани Ўзбекистондаги парламент бажаряптими? Йўқ, албатта. Буни сиз яхши биласиз.

Юртга бош бўлиш – ҳаммага буйруқ бериб ҳузур билан яшаш дегани эмас.

Халққа ҳоким бўлиш – ўзинг учун қулай шароитлар ҳозирлаш, дунёнинг неъматларига кўмилиб яшаш дегани эмас.

Мамлакатни бошқариш – ҳамма ёққа ўз буйруқларингни жорий қилиш дегани эмас.

Давлат ёхуд бирор жамоа раҳбари ўз атрофига виждонли ва илмли иймон эгаларини жамлаб, улар билан маслаҳатлашган ҳолда бошқарув ишларини ташкил қилади.

Давлат ёхуд бирор жамоа раҳбари ҳам муаммони ечиш жараёнида қўл остидагилар билан тенг мақомда туради. Муаммонинг яхшироқ ечими унга итоат қилаётганлардан айтилса, қабул қилади, ўзининг ғояси хато бўлса, воз кечади.

Мамлакат раҳбари халқ тақдири, одамлар ҳаёти ҳақида бир ўзи буйруқ беришга ҳақли эмас. Унинг шахсини кимдир ҳақорат қилса, уни қамашга, ўлдиришга ҳаққи йўқ. Балки суд оддий одамлар ўртасидаги муносабатларни қандай ҳал қилса, бу муаммони ҳам шундай ҳал қилиши шарт.

Мамлакат раҳбари вазирликлар, идораларга ўзи билганича кимнидир тайин қилишга ҳақли эмас. У ҳам бошқалар қатори ўз фикрини айтади, кўпчилик қабул қилса, амр чиқарилади.

Мамлакат раҳбари аслида раҳбар эмас, халқнинг ҳамма томондан сайлаб қўйилган вакилидир. У халқ номидан, одамларнинг фикрларини ўрганиб, жамлаб баён этади. Амалга ошириладиган ишларнинг боришини назорат қилиб туради.

Мамлакат раҳбари бировни жазолашга ҳақли эмас.

Жиноятчини ҳам, қотилни ҳам суд жазолайди.

Мамлакат раҳбари – президентми, амирми, подшоҳми, қиролми, халифами – ким бўлишидан қатъий назар ҳуқуқ жиҳатидан оддий халқ билан тенг мақомдадир. Унинг бошқалардан афзал жойи йўқ. Унинг раҳбарлиги унга ўзгаларни жазолаш ҳуқуқини бермайди.

Мамлакат раҳбари айни пайтда халқнинг ҳимоячиси. Муҳим вазиятларда атрофидагилар билан маслаҳатлашиб, халқ номидан уруш эълон қилиши, юртга қилинган тажовузга ҳарбий куч билан жавоб беришга ҳақли.

Биз тушунган демократиянинг қисқа мазмуни шудир.

Сиз тушунган демократия қандай?

Менимча, бундай: муҳтарам юртбошининг шахси дахлсиз. У истаган одамни бирор мансабга тайинлайди, истаган одамини бўшатади. Истаган одамни ҳақорат қилади, истаган одамни мақтайди. Ўзи ёзмаган асарга ўз номини қўйдиради. Муаммоларни ҳал қилишди ҳеч кимнинг маслаҳатини ҳисобга олмайди. Оддий халқ билан умуман учрашмайди. Қизлари эса истаган ишларни қила олади. Ўзи ҳақида ким ножўя сўз айтса, изсиз йўқотиб юборади. Ҳамма жойда фақат ўзининг ҳукми жорий бўлишини талаб қилади. Ҳамма фақат унга ёқадиган гапларни айтиб ўтиши шарт. Ҳолбуки, ҳаётда ҳамма гап ҳам унга ёқиши шарт эмас.

У ўзи танлаган йўлни тўғри деб билади. Аслида у нотўғри бўлиши ҳам мумкин. Нотўғри тарафлари ҳам кўп. Лекин ҳеч ким буни юрак ютиб айта олмайди. Чунки муҳтарам президент бунга йўл қўймайди. Кимки уни танқид қилса, ўлади.

Бу – мутлақ ҳокимиятдир.

Бу одамларнинг эрки чекланишидир.

Бу одамларни ўзаро узоқлаштирадиган сиёсатдир. Чунки фақат бир кишининг истаклари амалга ошавергач, ҳеч ким ҳеч нарса ҳақида қайғурмай қўяди. Ҳеч ким бирор масала ҳақида сўз айтмайди. Чунки у минг айтгани билан ва тўғри айтгани билан ҳисобга олинмаслиги аниқ.

Азиз дўстим!

Сиз хорижга кетган тенгдошингиз ҳақида биласиз.

Уни юртдан олиб чиққан ташвиш – оила боқиш ташвишидир. Чунки юртда иш йўқ. Маҳорат ва касбига мос иш йўқ. Агар у етарли маҳорат ва касбга эга бўлмаса, буни таъминлаб бермагани учун юртбоши айбдор. У – бунга масъулдир.

Сиз чиройли жумлаларни кўп эшитгансиз. ТВ, радио ва матбуотда айтилаётган гапларнинг ҳеч бири реал ҳаёт билан мос эмаслигини яхши биласиз.

Сиз тинчлик-осойишталикка эгамиз деб гапирасиз, ҳолбуки, ичингиз тўла қўрқув.

Масжидга намозга борасиз, лекин бу ҳам қўрқув ила амалга ошади. Миллий хавфсизлик хизматининг “назарига” тушиб қолмайин дейсиз. Юриш-туришим шубҳа уйғотмасин дейсиз.

Соқол ўстиргани қўрқасиз. Чунки соқол ўстирган одам гўёки терорист каби кўрилади.

Жуфти ҳалолингиз, сингил ёки онангизнинг эса ҳижоб кийиши мумкин эмас. Чунки уларга ҳам ваҳҳобий деган айб тақалади.

Мамлакатда ваҳҳобийлар, ҳизбчилар ҳақида миш-мишлар кезади. Қўрқинчли миш-мишлар. Уларнинг жоҳил эканликлари айтилади.

Майли. Ҳақиқатан шундай бўлса, муҳтарам юртбоши нима сабабдан уларнинг олдини олмади? Узоқни кўра билса, нима учун ваҳҳобийлик авж олмасидан аввал уни сезмади?

Мамлакатдаги минглаб масжидлар ёпиб ташланган.

Ўзбек масжидлари тероризмни тарғиб қилгани учун ёпилдими? Йўқ. Унда нима учун?

Кадр етишмадими?

У ҳолда нима учун етарли кадрлар тайёрлаб берилмади?

Ўзбекистондан хорижга бундан 80 – 90 йил аввал чиқиб кетган муҳожирларни биласиз. Уларнинг юртга қайтишга ҳаққи йўқми? Совет тузуми сабабли Ватандан қувилганларнинг бу юртда ҳаққи йўқми?

Нима сабабдан улар қайта олмайдилар?

Сиз вилоятлик бўлсангиз, пойтахтда юра олмайсиз. Чунки шаҳар пропискаси йўқ – сиз пойтахтда рўйхатга олинмагансиз. Республика пойтахтида махсус рўйхатдан ўтган ҳолдагина юриш ёки яшаш мумкин деган қоиданинг ўзи ғалати эмасми?

Шу мамлакат фуқароси бўлсангиз, исталган шаҳар ёки қишлоқда бемалол эркин юра олмасангиз, бу сизнинг ҳақ-ҳуқуқингиз поймол бўлгани эмасми?

Сиз юртимиздаги қаттиққўллик тартибни сақлаш учун деб айтасиз.

Жорий йилнинг декабрь ойида бутун мамлакатдаги ҳар бир хонадон текширилди. Икки нафар милиция ходими ва икки нафар миллий хавфсизлик хизмати ходимлари уйма-уй юришди, одамларнинг ички маҳрам хоналаридан тортиб хожатхоналар ҳам текширувдан ўтди.

Нима сабабдан?

Қишлоқларда терористлар борми? Терористнинг қаноти борми – учиб келса?

Сабаб – тартибни сақлашми?

Ўзбек халқ чорва подасими – тартибни сақлаш учун унга қамчи уриш лозим? Башарти, халқ муҳтарам юртбоши ўйлагани каби пода бўлса, нима учун 25 йилда бу “пода” одамлар жамиятига айланмади? 25 йил – чорак аср камлик қилдими?

Аслида муҳтарам юртбоши одамларни қўрқувга солиб, ўз ҳокимиятининг дахлсизлигини сақлаб турибди, холос.

Нима учун сиз чала илм олишингиз керак?

Нима учун сиз қўрқиб яшашингиз керак?

Нима учун қалбингиздан ўтган фикрларни айта олмаслигингиз керак?

Нима учун сиз ўзингиз истаган олийгоҳда ўқий олмайсиз?

Нима учун ўзингиз истаган хорижий давлатга эркин чиқиб кела олмайсиз?

Нима учун укаларингиз масжидга бора олмаслиги керак?

Нима учун сиз давлат ишида фаолият юрита туриб намоз ўқишга имконингиз бўлиши мумкин эмас?

Нима учун давлат ишхонасида намоз ўқисангиз, қамоққа тушмоғингиз керак?

Нима учун эркин фикрлаб, эркин сўз айтганингиз учун сиз ҳибсга тушмоғингиз керак?

Нима учун бирор вазиятни танқид қилсангиз, сизни ишдан бўшатишлари лозим?

Нима учун масжидга бориб, имомдан дин илмларини ўргана олмайсиз?

Нима учун сизни истаган милиция ҳибсга олиши керак?

Нима учун сиз сизга айтилган гапларни айтишингиз керак?

Ўзингиз фикрлаб сўзласангиз бўлмайдими?

Бўлмайди – сўзласангиз сизни жазолайдилар.

Сиз эътибор берганмисиз – айни пайтда Ўзбекистонда ўлик бир сукунат ҳукм сурмоқда.  Жўшқинлик, ташаббускорлик йўқ.

Сабаб нима?

Сабаб – бир кишининг чексиз ҳокимиятидир.

Хўш, энди сиз нима қилишингиз керак?

Сиз ўзгача фикрлашни ўрганинг.

Атрофда юз бераётган ноҳақликларга совуққон бўлманг. Кимдир зулм кўрса, бефарқ бўлманг. Унинг ёнига туринг. Биргалашинг.

Сизни дабдурустдан ўз ҳақингизни талаб қилиб, намойишга чиқинг демоқчи эмасман. Чунки Ўзбекистонда намойишлар ўтказиш – катта жиноят. Ҳолбуки, намойишдан мақсад халқнинг хоҳишини билдиришдир. Намойиш – халқнинг ҳукумат билан суҳбати, ўз истагини англатишидир. Бунинг ёмон томони йўқ. Аксинча бу афзал бир ютуқдир.

Сизга ўзингиз, ўзлигингиз ҳақида ўйлаб кўриш ҳақида тавсия қиламан.

Балки ҳаётингизни ўзгартириши керакдир. Қўрқувга чек қўйиб, мардона яшайдиган даражага етишгандирсиз…

Ёки ҳали ҳам қўрқув ва журъатсизлик исканжасида қолмоқдамисиз… – буни ўзингиз ҳал қилинг.

Ушбу мактуб юзасидан abdulloh.nusrat@gmail.com ёки facebook.com/abdulloh.nusrat саҳифаларига хат йўллашингиз мумкин. Сиз билан фикр алмашиш биз учун мамнуният бахш этади.

Камоли эҳтиром ила, Абдуллоҳ Нусрат

23.12.2015 йил

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort