Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Хонликлар давридан қолган сарқитлардан воз кечиш даври келди…

Хонликлар давридан қолган сарқитлардан воз кечиш даври келди…
03 Haziran 2018 - 11:00 'да юкланди ва 908 марта ўқилди.

Хонликлар давридан қолган сарқитлардан воз кечиш даври келди…

Кеча талабаларга “Ўзбек хонликларининг подшоҳ Россияси томонидан босиб олиниши” мавзуида маъруза ўтдим. Маърузадан олдин уларга “ақлий ҳужум” қилдим. Тарихни шунчаки ўтиб кетиш илмни сувга оқизиш билан баробар. Ҳар бир даврнинг яхши-ёмон томонини ёшлар чуқур англаб етиши лозим.

Улар менга хонликлар даврининг камчиликларини топиб беришга ҳаракат қилишди.

Бу даврда илм-маърифат, бирлик, инсонга меҳр-муҳаббат кўрсатиш, инсон қадри каби олий тушунчалар унутилиб кетаёзганди. Оддий халқ-ку яшашда давом этган. Очкўз ва хоин хон, амирлар туфайли уларнинг ҳаёти кундан-кунга қийинлашиб бораверган.

Мен уларни гапга солиб Муҳаммад Хоразмшоҳни мисол келтирдим, унинг дабдабаси, “Аллоҳнинг ердаги сояси”, “Искандари соний” ва бошқа лақаблар билан кибрга тўлгани, адолатнинг анқонинг уруғидек топилмагани, қазо қилганда ҳатто битта кафан топилмагани, унинг аянчли интиҳоси, хонликлар даврида ҳам ер талашган хон, амирларнинг шу каби умрини бой берганини қайта-қайта талабаларга таъкидладим. Бировнинг бировдан устун турмаслиги, маҳаллийчилик ҳам аслида илмсизлик ва жаҳолат белгиси эканлигини яна бир бора эслатиб ўтдим.

Улуғ олим Абу Нарс Форобий “Ҳар бир иш натижага қараб баҳоланади” деганини, аслида ҳамма бу дунёга бир хил келиб, бир хил келиб-кетиши, фақат фойдали китобу халқ учун қурилган иморатлар, савобли ишлар қолишини муҳокама қилдик.

Мен уларга ушбу даврни муҳокамага ташлар эканман, “Сизлар хонлар давридан қолган дабдаба, илмсизлик, мана шу жамиятга чирмашиб уни чирмовуқдек қуритаётган баъзи салбий анъаналарни йўқ қилиш, жамиятда фан-техника, тараққиётга йўл очишингиз керак. Мутахассис тайёрлайдиган олий таълим муассасаси мана шу ер” дея уларнинг гарданида давлат ва халқнинг ҳаққи борлигини яна бир бора англатдим.

Бугун бутун дунёда илм-фан тараққиёт деб ҳамма зир югурган даврда бизнинг дабдабаларимиз уларга қўл келиши ва улар томонидан чиқарилган нарсаларни у ёқдан бу ёққа ташиш билан умримиз ўтиши, бировларни бойитишимиз мумкинлигини ўйласак даҳшатли саҳна намоён бўлади. Мантиқан ўйласак умрини жой ва бойлик талашиб ўтказган хонларнинг бирор авлоди бугун бирор вилоятга эгалик қилмоқдами? Йўқ!!! Уларнинг ҳаммаси Аллоҳ берган умрни беҳудага совурган! Улардан фақат фақирлик, вайроналик, бировларга муте бўлиш тарихи қолган. “Худо ҳам Хоразмшоҳларга Чингизни, хонликларга чор маъмурларини бежизга рўпара қилмаган бўлса керак” деб ҳам ўйлаб қоласан киши.

Ўша даврда Европада илм-фан, техника инқилоблари бўлаётган, буғли машиналар, ишлаб чиқариш, капитал жамғаришга зўр бериб, ҳарбий қуроллар ишлаб чиқараётган, мустамлака тизими кенг қулоч отаётганини ва юз йил олдиноқ уларнинг хавфи пайдо бўлганини нима учун хонлар, амирлар, юрт устидагилар ўйламаган экан?! Нима учун хавфсизлик чораларини кўрмаган, бир-бири билан бирлашган ҳолда ажнабийларга қарши курашмаган. Уларнинг “миллий-ҳудудий чегара” ўйинлари туфайли халқимиз бўлиниб кетгани-чи?! Бу кўргуликларда уларнинг айби йўқмиди?! Тилимиз, динимиз, маънавиятимиз, миллатимизга қилинган хунрезликлар, не-не асл ўғлонларнинг отилиб-қирилиб кетишида хонларнинг айби борми йўқми?! Уларни деб пахтазорларда умримиз ўтмадими?! Энг даҳшатлиси маънавиятимиз, эски билимларимизга чанг солинмадими? Минглаб китоблар ёндирилмадими? Демак кейинги юз йилликдаги кўргуликларда яна хонлар, амирлар бош сабаб бўлиб қолмоқдалар. Бугун жоҳиллар томонидан уларнинг дабдабалари, ким ўзар ўйинлари давом этмоқда. Жадид боболаримиз ҳам халқимизни ривожланган жамиятда кўришни, уни биргалашиб қуришни истагандилар. Шу йўлда ўзлари ва ҳомийлар ҳисобидан мактаблар очиб халқни саводхон қилиш, диний ва замонавий билимларни бериш йўлидан боргандилар. Афсуски, уларнинг овози барвақт умуман чиқмайдиган қилиб ўчирилган, жисман йўқ қилинган.

Дарсда бугунги тараққиётдан Ўзбекистон узилиб қолмаслиги, давлатимиз томонидан бу борада катта ишлар қилинаётгани ҳақида ҳам тўхталиб ўтдик. Жадидларни на хонлик, на чор ҳукумати қўлламаган. Бугунги ёшларни қўллайдиган, маънавият ва билим байроғи остида фаолият юритаётган мустақил Ўзбекистондек улуғвор давлат ва жамиятимиз бор! Ана шу имконлардан максимал фойдаланиб бугун ёш авлод ёппасига билимга берилиб кетиши керак, бу улар ва мураббий-устозларнинг олдига жуда катта бурч ва вазифаларни қўяди. Энди мустақил Ўзбекистонни фан ва технологияларда ҳам мустақил қилиб берадиган ўқитувчилар армияси ишлаши керак!

Таълимда япон, корейс, Европа моделлари яхши ўрганилиши лозим.

Мисол учун: Ёшларга японларнинг ишдан кейин ҳатто ўз уйига боришга вақти йўқ. Ухлаб дам олишлари учун махсус кабиналар қурилган, бизнинг ана шу жараёнлардан узоқ бўлишимиз бировлардан қолиб кетишимизга сабаб бўлиши мумкин.
Ҳозирги ёшлар ўз мутахассисликларини билишлари билан бирга 3-4 та тилни билиши, бутун дунё саҳнида рақобатбардош кадрлар бўлиб етишиши керак. Махсус мактабларда ётоқхоналари билан тайёрлаш ишлари йўлга қўйилса ҳам натижаси яхши бўлиши мумкин.

Биз фарзандларимизга гўдаклигидан бошлаб тарбия бериб бориш, уларда турли лаёқатларни шакллантириш, йўналтириш, уларнинг ақлий ривожланишига инвестиция киритишимиз, пул тикишимиз жуда ҳам долзарб масалалардандир. Болаларимиз бир дақиқа бўш қолмасин, уларни қизиқтирадиган, ақлини чархлайдиган, мантиқан ўйлатадиган ва аҳлоқини мустаҳкамлайдиган маълумотларни тинимсиз бериб боришимиз керак. Тил ўргатиш, конструкторлик ўйинларини ўйнатиш, шеър ва Қурьон сураларидан ҳам ёд олдириш, ҳадисларнинг мазмунини сингдириш, тарихий қаҳрамонларнинг ибратли ишларини кўрсатиб бериш уларнинг маънавиятли бўлишига катта имкон яратади. Биз қураётган махсус мактаблар қошида ҳам мактаб боғчалар қурилса ва у ерларга энг иқтидорли болалар саралаб олинса ўйлаймизки, 9-12 асрлардаги каби олимлар авлоди биздан ҳам етишиб чиқади ва яна илм-фан, технология тараққиётида юқори ўринларни эгаллаб борамиз.

Бир нарсани таъкидлаймизки, бу борада таниш-билишчиликка умуман йўл қўйиб бўлмайди. Бу ишни катта Ҳайъат ота-оналарнинг кузатуви билан амалга ошириши керак.

Хонликлар даври сарқитларидан воз кечиш даври келди…

Шоҳиста Ўлжаева
24.10.2017.

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 1 Yorum )

  • Мусо ;

    Тугрилайди сузлар.

    03/06/2018 18:39
Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort