Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ҳукмдорга қарши бориш – гуноҳи аъзим!

Ҳукмдорга қарши бориш – гуноҳи аъзим!
05 Haziran 2018 - 7:00 'да юкланди ва 890 марта ўқилди.

Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида Каримов режимини фош қилувчи мақолалар ёзган Акром Малик бугун қамоқда ўтирибди.

У 2017 йилнинг 13 январ куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди томонидан 6 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Ҳозирда Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи бир неча халқаро ташкилотлар ва маҳаллий аҳоли вакиллари ёш олим ва журналист Акром Маликнинг озодлигини талаб этмоқдалар.

Эътиборингизга Акром Маликнинг Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида эълон қилинган мақолаларини ҳавола қилиб борамиз.

* * *

ҲУКМДОРГА ҚАРШИ БОРИШ – ГУНОҲИ АЪЗИМ!

Шундай.

Буни Ўзбекистондаги икки нафар дин уламоси ўзининг фейсбукдаги саҳифаларида шахсан эълон қилдилар. Бу олимларнинг бири – Ҳамидуллоҳ Беруний, иккинчиси эса Ҳикматуллоҳ Иброҳимдир.

Ҳамидуллоҳ Беруний ҳужрада таълим олганлардан. Маълумки, Туркистон халқлари қадимда ҳужрада ўқиган, ҳужрада ҳарф таниган. Бу ўзига хос бир тизим эди. Совет даврида ҳам ҳужралар яшаб қолди. Бугун Ўзбекистондаги забардаст дин олимларининг барчаси ҳужрада тиллари чиққан, этлари қотган. Ҳикматуллоҳ ҳам худди шундай.

Президент Каримов совет тузумини ҳам доғда қолдирди – Республикада битта ҳам ҳужрани қолдирмади. Ҳаммасини ёптирди. Ҳужрада ўқийдиганларни террорист деб эълон қилди. Қизиқ, ота-боболаримиз қип-қизил террорист бўлишган экан!

Ҳужрада таълим олган Ҳамидуллоҳ ва Ҳикматуллоҳ – икки уламо бир бўлиб ҳужраларни ёптириб, дин ва диндорларни қатағон қилган ва қилаётган Каримовни дуо қилишга халқни даъват қилмоқдалар.

Бу икки олимнинг мақоласини таҳлил қилиш шарт эмас. Уларга бир-икки саволимиз бор – бунга мақола охирида тўхталамиз. Албатта, бу шерюрак алломалар саволларимизга сайтимиз орқали жавоб беришга журъат этадиларми, йўқми – вақт кўрсатади. Зотан, “адолати ва иймони бутун бўлган” муҳтарам президент ҳукумати, МХХ бунинг учун уларга қандай муомала қилишлари маълум: ёки сизларнинг Халқ ҳаракати билан алоқангиз борми дея сиқувга олади, ёки жавоб ёзинглар, кўриб қўйсин – сизлар эркин ва озодсизлар дейди, ёки одатдагидек сукут сақлашга жазм этадилар. Чунки сукут сақлаш – жонни сақлаш демакдир.

2015 йил давомида Ўзбекистон ўзи учун қадрли бўлган кўплаб одамларни йўқотди. Шулар ичида энг машҳури, дунё миқёсида обрўга эга бўлган шахс – шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф эди. Унинг вафоти Ўзбекистонни ларзага солди. Аммо мамлакатнинг расмий матбуоти, ТВ ҳамда радио сассиз-садосиз бўлди.

Жанозага 200.000 дан зиёд одам келди. Бу ҳақда расмийлар, ҳукумат жим турди. Кейин эса актёрлар Ўлмас Алихўжаев, Обид Юнусов ҳам ўтиб қолишди. Таниқли сухандон, Каримов режими учун сидқидилдан хизмат қилган, 1999 йилда 16 февраль воқеаларни биринчи бўлиб “шарҳлаб берган” Раҳматилла Мирзаев боқий дунёга рихлат этди.

Халқаро миқёсда машҳур олим, тарихчи Гога Ҳидоятовни эса ўз онасининг қабрига дафн қилдилар. Чунки қабристондан унга жой топилмади – яъни улкан олим учун ўзбек ҳукумати қабристондан жой беришни тақиқлади.

Президентнинг янги йил табригини ўқиб эшиттирган таниқли сухандон, Ўзбекистон Халқ артисти деган унвон олган Абдумўмин Ўтбосаров 2015 йилнинг 31 декабр куни юрак хуружи билан оламдан ўтди. У ҳамиша ҳукуматнинг расмий тадбирларида бошловчи сифатида хизмат қилган сухандон эди.

Бу ердаги муҳим нуқта – ўзбек телевидениеси бу йўқотишлар ҳақида сукут сақлаб турганидадир. Каримов ҳукумати ўзи учун хизмат қилганни ҳам, хизмат қилмаганни ҳам қадрламайди. Бутун мамлакат учун, керак бўлса, Каримов тузуми учун қуллик қилган одамлар вафотидан сўнг расмий телевидениеда бир оғиз бўлсин, эсланмади. Бу Каримовнинг “инсонпарварлик” ҳақидаги “принциплари”га қанчалик мос келар экан?!

Хулоса шуки, Каримов халқни ўзи айтганидек, тинч ушлаб туришни хоҳлайди. Одамлар фақат Каримов истаган, унинг тузуми хоҳлаган информация ва ғоялар билан яшашлари шарт. Бу ҳолатни қандайдир инсонларнинг ўлими ҳақидаги хабар билан бузиб қўйиш мумкин эмас.

Бу ерда эътиборга молик яна бир нуқта бор, яъни Каримов ва унинг тузуми қулаш арафасида эканлиги тасдиқланмоқда. Буни шу тузум эгалари тасдиқ этмоқдалар. Чунки улар шахсларнинг ўлими ҳақидаги хабардан ҳам чўчимоқдалар. Сабаби – бу хабар халқни бир қалқитиб қўйиши мумкин. Одамлар ҳар доим эшитаётган қўшиқларидан чалғийдилар.

“Ия, нега ўлиб қопти? Нима? Абдумўмин ака бошлиқдан сўкиш эшитган эканми? Раҳматилла акани нега чавақлашибди? Шайх ҳазратлари нима сабабдан кутилмаганда ўтиб қолдилар? Тергов бўлар эканми?! Суриштирув олиб борилар эканми?!” – деган “бемаъни” саволлар одамлар онгида уйғониб қолиши аниқ. Бу эса Каримов ҳукумати учун ортиқча ғалва. Кейин бу одамларнинг ўлими сабаблари ҳақида халққа ҳисобот беришга кимнинг тоқати бор?! Шундоқ ҳам Андижонда қириб юборилган бир ярим минг одам ҳақида халқни алдашнинг ўзи бўлмади!

Мана шунинг учун Каримов ҳукумати Ўзбекистонга машҳур шахсларнинг вафоти ҳақида жим туришни маъқул кўришади. Эртага, вақт-соати етиб Ислом Абдуғаниевич ҳам “тап” этиб ўлиб қолса ҳам Ўзбекистон аҳли билмай қолса керак. Ўрнига кимдир ёлғондан ишлаб туради, охири-оқибат “муҳтарам юртбоши ўтиб қолувдилар, энди, шунақа бўп қолди, узр…” деб биттаси чиқиб айтар.

Ёшлик нима бўлганда ҳам яхши. Ўзбекистондаги ёшлар кўпинча жума намозига боришади. Аммо бугун расмий ташкилотлар ўз ходимларидан жума намозига бормаслик ҳақида тилхат ёздириб олди. Қайси ташкилот деб сўрашга ҳожат йўқ – Тошкентдаги барча расмий идораларда мана шундай бўлди.

Дин ишлари қўмитаси эса диний китоблар учун тасдиқ “муҳри” – голограмма беришни камайтирган. Таниқли уламоларни ошкора тақибга олган.

Хўш, шундай шароитда юқорида исмлари тилга олинган олимларни мақола ёзишга нима мажбурлади? Улар “виждон амри ила” бу мақолани ёздиларми? Ёки “акахонлар” буюртма қилишганми? Бир нима дейиш қийин. Чунки бу икки олимнинг илми жуда чуқур. Ўзбекистонда илмий доираларда ҳурматлари юқори. Эътиқодли мусулмонларга билиб-билмай туҳмат қилиб қўйиш гуноҳи аъзим.

Мақолалаларнинг матнидан кўриниб турибдики, улар ўз фикрларини оят ва ҳадислар, мужтаҳидларнинг ҳикматлари билан қатъйи тасдиқлашган. Аммо нишон нотўғри қўйилган. Ҳамма гап шунда. Нишон – Каримов ва унинг ҳукуматини мақташ, унинг даражасини одамлар кўзи учун ошириб кўрсатишдир. Чунки иккала мақоланинг руҳияти бир хил. Мақолаларда ҳукмдор фосиқ бўлса-да, уни ағдариш мумкин эмас дея очиқ айтилган. Унинг гуноҳга буюрмайдиган амрларини бажариш шартлиги урғуланган. Бунга мақолаларнинг матни билан танишиб чиқиб гувоҳ бўласиз.

Бизнинг дин илми бўйича олимлик даъвоимиз йўқ. Муҳтарам алломалар билан баҳсга киришмоқ фикридан ҳам йироқмиз. Чунки уларнинг илми чуқур эканига шубҳамиз йўқ. Авом халқ ҳамда дин илмида саёз бўлганлар улардан баъзи саволларга жавоб олишга ҳақлидирлар. Ана шу ҳуқуқдан келиб чиқиб мазкур мақолаларнинг икки муаллифига ҳам ушбу саволларни бермоқчимиз:

Биринчи савол.

Сиз ўз мақолангизда, айнан Ҳамидуллоҳ Беруний жаноблари, Каримовни дуо қилиш билан уни тўғри йўлга солишни исташингизни баён қилгансиз. Бир томондан уни Қуръонни махлуқ деган муътазилалар халифасига қиёс қилганингиз бир қадар жасурлик намунасидир!

Сизлар мақолангизда акс эттирган ҳукмларнинг барчаси Қуръон ва ҳадис асосида сиёсий тизимни шакллантирган мамлакатлар учун хосдир. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Чунки сизлар мисол тариқасида айтган Аҳмад ибн Ханбал, Имом Аъзам раҳимаҳумуллоҳларнинг даврларида ана шундай ҳолат ҳукм сурар эди. Давлат тизимида барча амрлар Қуръон ва ҳадисга суянилган ҳолда чиқарилар эди. Сўрамоқчи бўлган саволимиз шуки, Қуръон ва ҳадис ҳукмини ўзи учун асос қилиб олмаган ҳамда ислом дини учун ошкора қарши курашаётган ҳукумат, масалан, Ислом Каримов ва унинг ҳукуматига сиз мақолангизда акс эттирган ҳукмлар асосида бўйсуниш лозимми? Ўзбекистон ҳукумати тизимларида ишлайдиган юқори мартабали ҳукмдорларнинг бирортаси дин илмидан хабардор эмас, уларнинг деярли ҳаммаси динга ҳамда дин уламоларига менсимасдан муносабатда бўладилар. Буни Ўзбекистонда ҳамма яхши билади. Исбот талаб қилишга ҳожат йўқ. Уларнинг ўзлари дин қонунларини писанд қилмасалар, уларга қандай қилиб дин қонуни асосида итоат этиш мумкин?

Иккинчи саволимиз эса қуйидагичадир:

Башарти, фосиқ, мунофиқ, ибодатсиз ҳукмдорга итоат этиш вожиб бўлса, унинг қандай йўл билан тахтга келганига диққат қилинадими, йўқми? Дейлик, ҳукмдор, масалан Ислом Каримов сайловларда қалбаки овозларни ўзи учун ташкиллаштириб ҳукуматни эгаллаб турган бўлса, унга бўйсуниш жоизми? У 90-йилларда ўзини ўзи подшоҳ деб эълон қилган. Уни халқ тасдиқламаган. Бу – факт. Мазкур факт учун исботлармиз етарли, алҳамдулиллаҳ.

Сиз ҳукмдор гуноҳга буюрмаса… дейсиз. Каримов сизни гуноҳга буюрмаётгандир, аммо бошқаларни буюрмоқда-ку. Мамлакатдаги минглаб, миллионлаб инсонлар намоз ўқий олмай, ибодатсиз юришга мажбур бўлишлари ортида Каримовнинг сиёсати тургани сизга маълум-ку. Энди қандай қилиб, сиз бу одамни гуноҳга буюрмаяпти дея оласиз?

Наврўз, мустақиллик, конституция кунларида муфтий ҳамда Тошкент шаҳри бош имоми ҳам Каримовнинг байрамларида иштирок этишга мажбур бўладилар. Шунда нутқ айни шом намозига тўғри келганда бу икки уламо жим ўтирганларига бутун мамлакат гувоҳ бўлган. Ўлканинг энг нуфузли икки дин уламосини ҳам намозларини қазо қилишга мажбур қилган ҳукмдор ишини қандай баҳолайсиз?

Сиз рибонинг ҳаром эканлигини биздан яхшироқ биласиз.

Ўзбекистон банкларида фоиз эвазига кредит берилиши маълум. Бу – рибонинг очиқ тури. Тенг шериклик асосида ишлайдиган Ислом тараққиёти банки эса мамлактда ўзининг филиалига эга эмас. Рибо учун ошкора буйруқ бериб қўйган юртбошининг бу иши дини исломнинг қайси қоидасига сиғади? Шу ҳақда айтиб бера олмайсизми?

Сизлар халқни инқилобдан қайтаргансиз. Мамлакатда давлат тўнтариши қилиш мумкин эмас дегансиз.

Майли, бу сизнинг гапингиз. Аммо тарих милодий 748 йилда ҳаддидан ошган Умавийларни Абу Муслим бошчилигидага исёнчилар тахтдан ағдариб ташлагани ҳақидаги ҳақиқатни унутмайди. Кейин тахтга Аббосийлар келгани ҳам барчага маълум.

Умар розияллоҳу анҳу агар адашсам, нима қиласизлар дея саҳобаларга савол қилганларида сени қилич билан тузатиб қўямиз деганларини ҳам яхши биласиз. Бунга нисбатан Умар розияллоҳу анҳу шодлик ила жавоб берганларини ҳам ўқигансиз.

Яна энг қизиғи, сиз ҳукмдорга насиҳат қилишни истасанг, четга олиб ўтиб насиҳат қил деган ўгитни келтиргансиз. Аммо ўз ҳукмдорингиз – Ислом Каримовнинг шахсан ўзига, уни бир четга олиб ўтиб насиҳат қилиб бўлмаслигини ҳаммадан ҳам яхши фаҳм этасиз.

Шуларни била туриб мазкур мақолани ёзганингиз ажабланарли.

Сизнинг илмингизга бўлган чуқур ҳурматимизни изҳор этган ҳолда саволларимизга жавобингизни кутиб қоламиз.

Абдуллоҳ Нусрат

4.01.2016 йил

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort