Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Замондошларимга маддоҳликдан воз кечганим ҳақида – 7

Замондошларимга маддоҳликдан воз кечганим ҳақида – 7
05 Haziran 2018 - 10:00 'да юкланди ва 559 марта ўқилди.

7. Замондошларимга маддоҳликдан воз кечганим ҳақида

Аллоҳнинг жуда катта, бизга яқин мўъжизаларидан бири одамнинг туш кўриши. Баъзилар камдан-кам туш кўришларини ҳам айтишади. Туппа-тузук икки соғлом одамнинг бири нега туш кўради-ю, бири туш кўрмаслиги жумбоқ. Худди одамнинг нутқи қандай пайдо бўлиши каби сир.

Болалигимда тахминан ўн-ўн икки ёшимда тушимда қўшнимиз уста бува вафот этганлигини кўрганман ва бу воқеа яқин ўртада содир бўлишидан қўрқиб, хавотирланиб юрганман. Буни қарангки, туш таъбирига кўра кимки тушда ўлса, ҳаётда узоқ яшаркан. Уста бува тўқсондан ошиб яқинда вафот этдилар (Илоҳим жойлари жаннатда бўлсин! Омин!). Демак, баъзи тушлар қирқ, эллик йиллардан кейин ҳам содир бўлаверар экан-да.

Мактабни битираётган йилим мачит ёнида бўладиган муаззин азон айтадиган минорага ўхшаш бино тепасига кўтарилганман. Бу тушни отамга айтиб берувдим, раҳматли «демак ўқишга кираркансан»-дегандилар. Талабалик давримда ётолоқ тарзида пахтага борган Сирдарё вилояти Оқ Олтин туманидаги баракларда ётганимизда бир ажойиб туш кўрганман. Эмишки, бутун поток талабалари кечаси ташқарига чиқиб гулхан атрофида ўтирганмишмиз. Шунда осмонда рангли, ёниб турувчи тўртбурчак чироқлар лаъл-лаъл ёнармиш. Осмон шунақа гўзал эдики!!! Лекин, курсдошларим буни кўрмаётганмишлар, улар пастда олов атрофида ўтириб ўзаро гурунгга машғул эмишлар. Мен уларга «осмонга қаранглар, қандай чиройли» дермишман, улар эса менинг гапларимга лоқайд ўтирганмишлар.

Хўжалик судига судья бўлган 1995 йилда, уч ой ишлар-ишламасимдан сўнг отам қазо қилдилар. Бу қайғуни аритиш учун беш вақт намоз ўқий бошладим. Отамнинг ҳали қирқ кунлик маъракаси ўтмасидан Расули Акрам тушимга кирдилар. У киши менга қараб жилмайиб турардилар.

Орадан бирон йил ўтиб намозни беш вақт эмас, бир-икки маҳал ўқийдиган бўлиб, дин масаласида жоҳилиятга кетиб қолганимни ўзим билмай қолдим. Асосан ишга берилиб кетдим. Хўжалик судида эса турли-туман, янги-янги, мураккаб низолар кўпайгандан кўпайиб борарди. Иқтисодиётнинг бирон-бир соҳаси Хўжалик судини тан олгиси келмасди. Айниқса, молия-банк-солиқ тизими. Бошқа вазирликлар ҳам қонуннинг устидан юришни истардилар. Қонундан ташқарида бўлишни истаётган бу тармоқлар эрта бир куни иқтисодиётни издан чиқаришни хаёлларига ҳам келтирмасдилар. Аслида улар ўзлари ўтирган дарахт шохни қирқаётган эдилар.

Суд мана шу машаққатли ички курашларда ўз сўзини айтиб, иқтисодиётда Қонун устуворлигини таъминлаш учун жанг олиб борарди. Ўша 1995-2004 йиллар (суд Раиси М.Э.Абдусаломов бўлган пайт)гача муваффақиятли курашарди.

Ҳуқуқшуносликда Рим ҳуқуқидан кириб келган «Де-юре», «Де-факто» деган терминлар бор. Оддийгина қилиб ўзбекчасига айтсам «Ҳуқуқий» ва «Ҳақиқий». Ўзбекистонда ўзбек тили давлат тили, қонунларнинг ўзбек тилидага матни устувор ҳисобланади бу ҳуқуқий жиҳатдан тўғри. Аммо, қонунлар рус тилида аввал ёзилади, кейин ўзбек тилига таржима қилинади. Бу эса Ҳақиқий ҳолатда ўзбек тилининг устуворлиги йўқлигини англатади.

Бу унсур тилшуносларнинг жиғига тегиши мумкин. Аммо, судда, баъзи ҳолларда юридик терминларнинг рус тилидагиси аниқроқ ёзилган ва амалиётда қўллаш устувор. Бунинг сабаби қонуншуносларимизнинг кўпчилиги ҳалиям СССР пайтида, рус тили устувор бўлган пайтда ўқиганлар, кўникма ҳосил қилганлар, миллий тилни ўша пайтларда менсимаганлар. Ваҳоланки, ўзбек тили жуда қадимги ва бой тил. Менимча, бу ҳолат яқин орада ўз жойига тушади.

Судда низо бор. Тарафлар ўз манфаатлари учун курашадилар. Суд эса адолатли ечим топиши керак. Мана шу «ҳуқуқий» ва «ҳақиқий» ҳолатларнинг қай бирини юзага чиқариш керак деган савол кўндаланг бўлганда, мен иложи борича «ҳақиқий»сини рўёбга чиқаришга уринганман.

Бир ҳаётий мисол.

Чироқчи туманилик бир тадбиркор шартномавий шериги унинг пулини бермай кетганлиги юзасидан даъво аризаси ва шикоят билан Олий Хўжалик судига ариза ёзган. Аслида бунинг учун ўзимизнинг ҳудудий қилоят судига мурожаат қилиши лозим эди. Аммо, кейинчалик билишимча, ушбу аризани ёқлаб ўртага қашқадарёлик машҳур бир киши аралашган. Иш алоҳида назоратда бўлганлиги учун менга берилди.

Ишни кўриш бўйича Ажрим чиқардим ва тарафларга жўнатдим. Иш кўрилаётган куни даъвогар вакили суд процессига келди, жавобгар эса келмади. Даъвогар вакили ҳис-ҳаяжонга берилиб, ноҳақликка учраганлигини баён этар (ҳужжатлар «де-юре» – унинг тарафида эди), уйида егани нони йўқлигини, ҳатто судга келишидан олдин бировдан қарзга пул олиб келганлигини айтиб юрагимни эзиб юборди. Даъвони тўлиқ, жаримаси билан бирга қаноатлантириб, уйига етиб олишига йўл ҳақи ҳам бериб жўнатиб юбордим.

Беш кун ичида Ҳал қилув қарорини ёзиб жўнатиб юбордим. Орадан бир неча кун ўтиб, иккинчи тараф келиб даъво умуман асоссиз эканлигини, олинган пулни у даъвогарга буғдой сифатида қайтариб берганлигини, аммо, даъвогар ҳужжатларни расмийлаштирмасдан юрганлигини айтиб берди. Гапираётган одамнинг сўзларини тинглаб, ички бир туйғу бу одам ёлғон гапирмаётганлигини билдириб турарди.

Менда ҳақиқатни тагига етиш ҳисси устуворлик қилди ва ўзим қабул қилган Ҳал қилув қарорини янги очилган ҳолатлар бўйича бекор қилиб, ишни янгитдан қайта кўришга Ажрим қилиб тарафларга жўнатдим. Ҳа, айтмоқчи ишни кўришни Чироқчи туман Ҳокимлиги биносига, туман аҳли, раҳбарияти кўз ўнгида кўришга тайинладим.

Ўшанда ҳам Рамазон ойи эди. Иш кўриладиган куни эрталаб «жабрдийда»-даъвогар вакили келиб «Чироқчи туман Ҳокимлигига бормаслигини, ишни мавжуд ҳужжатларга асосан кўравериш кераклигини айтди». Унинг бундай деяётганлиги менинг унинг фойдасига ундирган қарорим бекор қилинганлиги уни танг қолдирганидан, у эса бирон-бир ҳуқуқшунос ёки бухгалтерга маслаҳатга борганлигидан далолат берарди. Маслаҳатчи эса «ҳужжатлар бўйича сен ҳақсан, ишинг бўлмасин, сен ғалаба қиласан»-деганини англатиб турарди.

Мавжуд ҳужжатлар нима? Бу киши жавобгарга пул кўчириб берган. Мисол учун шартномага кўра жавобгар даъвогарга ғишт бериш керак эди. Бироқ, у олинган пул эвазига буғдой берганлиги, аммо, даъвогар бу ҳолатни расмийлаштирмасдан келаётганлигини айтганлиги тўғрига ўхшаб қолди.

Ишдаги мавжуд ҳужжатлар бўйича ишни кўраман десангиз даъвогар ҳақ. Аммо, қарор адолатсиз бўлади. Суд ноинсоф, қасамхўр, иккиюзламачи, бир сўз билан айтганга муттаҳамнинг тарафини олган бўлиб чиқади. Бу суднинг ҳам, менинг ҳам обрўйимга тўғри келмайди. Шу сабабдан менда даъвогар ва жавобгарни юзлаштириш уларнинг кўзларига қараб Қарор қилишни ният қилдим.

Шунинг учун «жабрдийда» даъвогарга кетиб қолмасликни, ўзим уни уйига ташлаб қўйишга ваъда бериб, тезда барча ҳужжатларни тайёрлаб, Хўжалик судининг Тико машинасида йўлга тушдик.

Рамазон ойи бўлганлиги муносабати билан машинага мингач даъвогарга «рамазон ойида ёлғон гапириш мумкин эмаслигини, Иброҳим пайғамбар узоқ умрлари давомида уч мартагина ёлғон гапирганликларини сўзлаб» уни инсофга чақириб бордим. Шундан сўнг жавобгар унга буғдой берганлиги сирини очдим. У ноилож бу фактни тан олди, лекин қитмирлик қилиб «уйим йўл устида, хоҳласангиз боирб кўрамиз, буғдой деб берган нарсаси шамак (ғалланинг ичида ўсадиган ёввойи уруғ қиладиган ўсимлик) дони»-деди.

Уйим «йўл устида» дегани учун қишлоққа кирдик. Уйнинг томи тунука билан қопланган экан. Бу мезбоннинг аввал топиш-тутиши яхши бўлганлигидан дарак берарди.

Лекин бугунги молиявий аҳволи унинг таназзулда эканлигини кўрсатиб турарди. Уйда битта хонада гилам, кўрпа тўшак бор эди. Биз уйга киргач, ўша жиҳозланган хонада касал ётган хотини биз келгач кўрпа-тўшакдан туриб ташқари (агар адашмасам бу ноябрь, совуқ тушган, аммо қуёш чарақлаб турган кун) ҳовлига чиқиб кетиб оёқ яланг юрганлигини кўриб юрагим эзилиб кетди. Аёлнинг шамоллаганлиги унинг ранглари сарғайиб кетганлигидан ҳам кўриниб турарди. Тушунарли, уй эгаси муҳтожлик туфайли буғдой олган бўлса-да яна жавобгардан пул ундирмоқчи бўлиб судга даъво қилган.

Менинг аёлга ачиниб қараб туришимни мезбон сезди шекилли, «бу иккинчи хотиним, ҳовли-жойимни биринчи хотинимга ташлаб бу ёққа кўчиб келган янги рўзғормиз»-деди.

Қўшни, уй эиҳозларидан ҳеч нарсаси йўқ хонага кирдик. Қўлдан тикилган катта қопга солинган донни кўздан кечирдик. Доннинг оғирлига 80-90 кило. Айтганидек, қопнинг ичидаги дон ғалла эмас, бошқа ўсимликлар дони. Бу билан парранда –курка, товуқ боқса бўлади. Мен дастлабки қароримга кўра даъвогар фойдасига, тахминан 350.000 сўм асосий қарз ва 175.000 сўм пеня жами 525.000 сўм ундиргандим. Бу сумма ҳозирги кунда 15-20 миллион сўмларга борса керак. Далада экилган ғалланинг чиқити катталигидан ҳам жавобгар буғдой берганлиги кўриниб турарди. Аммо, жавобгар буғдойни кечиктириб берган. Бу фактдан кўз юмиб бўлмайди. «Йигирма марталар орқасидан бордим, шундан кейин буғдой берди»-дейди даъвогар.

–Майли, юринг, машинага мининг ҳокимиятда юзма-юз гаплашамиз,-дейман даъвогарга, у эса синиққан ҳолда «қози ака, сиз ўзингиз бораверинг, мен жавобгарни кўргим ҳам келмайди»-дейди.

–Жавобгарнинг айби, буғдойни кечиктириб берганлигида, қанча пеня ундириб берсам сизга маъқул?

–Юз эллик минг.

–Йўқ, эллик минг сўм.

–Ўзингиз биласиз.

Ўзинин жуда катта жабрдийда қилиб кўрсатган даъвогарни ўз қишлоғида қолдираман ва Чироқчи туман Ҳокимлигига йўл оламан. У ерда жавобгарни топиб, «буғдойни даъвогарга берганингизни ким кўрган?»-деган саволни кўндаланг қўяман.

–Эшон бувам устида бўлганлар,-дейди жавобгар вакили.

Эшон бувани манзилига умуман тескари томонга йўл оламиз. Ёши етмишлардан ўтган Эшонбувани, унинг ўғлиникидан топамиз. Бугун шу ерда ифтор дастурхони ёзилаётган экан.

–Ҳей, бой бўлмай ўл,-дейди Эшон бува салом аликдан сўнг, ташриф моҳиятини обдон тушунтирганимдан сўнг, жавобгар вакилига юзланиб, – бир тонна буғдойни деб, сен мени бошимга қозини бошлаб келдингми? Ўтган йили отимни биров ўғирлаб кетди, мен ҳеч жойга хабар бермадим-ку.

«Бошимга қозини бошлаб келдингми?»-сўзи менгаям оғир ботди.

–Эшон бува, сиз рўза тутган бўлсангиз биз ҳам рўзадормиз, бир кунлик адолат олтмиш йиллик ибодатдан устун деган гап бор. Биз сизнинг ёнингизга Адолатли қарор қабул қилиш учун келдик,-дедим мен.

Эшон бува рўза тутадиган судьяни кўриб ҳайрон қолди ва бироз юмшади.

–Эшон бува, шу киши (жавобгар) даъвогарга буғдой берувдими?

–Ҳа, берувди.

–Сиз кўрувдингизми?

–Икковиям муридим бўлади. Мен айтгандан кейин берувди. Лекин, ҳозир яна берсин.

–Нега?

–Унинг аҳволи оғирроқ.

–Қанча берсин?

–Билмасам? Ўзинг айт?-юзланади Эшон бува жавобгарга

–Майли Эшон бува сизнинг ҳурматингиз учун эллки минг бераман.

–Бўладими? –эшон бува сўрайман мен.

–Йўқ, яна қўшсин.

–Саксон минг берса бўладими? – сўрайман мен.

–Бўлади.

–Майли,-дейди жавобгар вакили.

Шу билан елкамдаги тоғ ағдарилгандай бўлади. Кўнгил хотиржамлигида уйга қайтамиз. Мен қайтадан Ҳал қилув қарори қабул қилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 80.000 сўм пеня ундираман. Орадан олти ойлар ўтгач, жавобгарни тўсатдан кўриб қолдим. –Ҳа, пулни тўладингизми? –деб сўрадим. –Уям сўрамади, мен ҳам тўламадим,-дейди жавобгар.

Қуръон оятлари билан мамлакат қонунларини солиштира бориб, Аллоҳнинг баъзи оятлари Қонун эканлигини англадим. Бирон-бир ёмоннинг тарафини олсангиз, ўзингизга ҳам бир улуш олишингиз билдирилган.

Судьялик дегани мамлакат ёки чет эллик фуқароларнинг талаб-истаги, нафсини баҳолаб сотадиган дўкондорлик дегани эмас. Судья мамлакат виждонини асраб-авайловчи, уни барчага ёқимли, жозибали бўлиб турушини таъминловчи қўриқчилик, ҳимоячиси деганидир.

Мен Қуръон оятлари Қонунлар эканлигини аста-секинлик билан кашф қила бошладим. Райкўмпартияда, «Шўртангаз»да ишлаган даврларимда ҳам Қуръоннинг матни оддий матн эмас, балки Қонунлар эканлигига ишончим орта бошлади.

Эсимда 1995 йилда бир жанжалли низо юзасидан бир тўда қишлоқ қариялари хонамга келиб, мени таъмагирликда айбламоқчи бўлишди. Шунда, мен хонамда турган Қуръон китобини ўртага қўйдим-да, «келинглар ушбу Қуръон ҳаққи қўлларингни унга қўйиб менга нисбатан қўяётган гапларингни айтинглар, мен ҳам айтаман. Ким айбдор бўлса, Аллоҳ унга кўрсатади»-дедим. Шунда бобойларнинг ҳадди сиғмади. Кейинчалик эшитдим. Улар мени Эшонлардан экан деб ўйлашган экан.

Алихонтўра Соғунийнинг «Тарихи Муҳаммадия» асарини ўқигач у кишининг қабрларини зиёрат қилиш иштиёқи пайдо бўлди. Тошкентга сафар қилиб у кишининг яшаган уйларини топдим. Шом ибодатини қилиб, руҳларига тиловат қилгач, уй эгаларидан уларнинг қабрлари қаердалигини суриштирдим. Эртаси куни Кўкча қабристонига бориб қабрларини зиёрат қилдим. Алихонтўра Соғунийнинг «Туркистон қайғуси» асарларини ўқигач, темир панжаралар ичидаги мамлакатда қандай қилиб бундай асар ёзилиши мумкинлигини ўйлаб унга жавоб топдим бу ишни фақатгина Ёлғиз Аллоҳ ёрдамида амалга ошириш мумкин!!!

Судья бўлиб юрган пайтларимда бир куни Сулаймон пайғамбар, бир куни Мусо пайғамбарни тушимда кўрдим. 2004 йил август ойида эса Расули Акрамни иккинчи марта тушимда кўрдим. Бу туш ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди. Расули Акрам билан Германияда юрганмишмиз. У киши мени қўлимдан етаклаб бир мачитга ўхшаш нақшинкор ёғоч эшиклари бор хонага олиб кирдилар. У кишининг ёнларида бўлган пайтдаги шавқни мен умрим бино бўлиб бир марта ҳам учратмагандим.

Расули Акрамдан келтирилган ҳадисга кўра «кимки мени тушида кўрса, мени кўрибди» деган ҳадисга таянилса, гарчи тушимда бўлса-да Расули Акрамнинг ёнларида бўлдим ва қиёслаб бўлмас даражада қувончга тўлдим. Ўша пайтда менинг ёшим ўттиз тўққизда бўлиб уч фарзанднинг отаси эдим. Расули Акрамнинг ёнида турганимдаги шавқни тушунтиришга уринсам ўттиз тўққиз ёшгача бўлган барча қувончим – болалигимдаги чиройли ўйинчоқ, биринчи синф, биринчи беш баҳо, биринчи велосипед, мактабни битирганликда олтин медаль, олийгоҳга битта имтиҳон билан ўқишга кириш, олийгоҳни битириш, висол, фарзандлар туғилиши ва бошқа қувончларимни жамлаганимда Расули Акрамнинг олдида туйган шавқимнинг 0,1 фоизини ташкил қилади, балким ундан-да камдир.

Орадан ўн беш йилча вақт ўтиб шуни англадим-ки Аллоҳ дунёни ишқ, муҳаббат билан яратганди. Унинг барча элчиларида мана шу меҳр нури бор эди. Биз ҳам ҳар бир ишимизда меҳр кўрсатишимиз, байроғимиз меҳр, тадбирларимиз меҳр улашиш ниятида бўлсагина муваффақиятга эришамиз. Бу меҳрни топиш йўлини кўрсатувчи Қонун – Қуръонни қаттиқ ушласак, мустаҳкам халқани ушлаган бўламиз ва ин ша Аллоҳ икки дунё саодатига эришамиз.

Давоми бор

Анвар Шукуров

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort