Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Қуръони карим ҳақиқати ва унинг қисмати

Қуръони карим ҳақиқати ва унинг қисмати
05 Haziran 2018 - 9:34 'да юкланди ва 704 марта ўқилди.

Жамол КАМОЛ,
Ўзбекистон халқ шоири

ҚУРЪОНИ КАРИМ ҲАҚИҚАТИ ВА УНИНГ ҚИСМАТИ

Мен мадраса кўрган мулло ёки уламо эмасман. Шоирман, тарихчиман, адабиётчиман. Шарқ адабиётининг Қуръон руҳи билан йўғрилган Ҳазрати Али ибни Абу Толиб, Шайх Фаридуддин Аттор, Мавлоно Жалолиддин Румий, Шайх Низомий Ганжавий, Юнус Эмро, Мавлоно Абдураҳмон Жомий, Мир Алишер Навоий (Фоний), Шайх Маҳмуд Шабустарий, Шайх Абулхасан Надавий, Шайх Музаффар Ўзак Хилватий асарлари, Оврупо адабиётидан Шекспир, Буало, Пушкин, Райнис, Брехт, Радий Фиш асарлари таржимониман. Олийгоҳ талабаларига чет эллар адабиётидан дарс берганман. Расмий муллалар билган айрим нарсаларни мен билмаслигим мумкин. Аммо мен билган айрим нарсаларни улар ҳам билишмайди, десам, янглишмасам керак. Айтмоқчиманки, биз – бамисоли бир тарозининг икки палласи. Бир палласини дин пешволари, иккинчи палласини биз, адиблар эгаллаб турибмиз. Муқаддас китобимиз Қуръони карим уларга қанчалар тегиш бўлса, бизга ҳам шунча тегиш. Аллоҳ сўзини монополия қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Тангри таоло ўзининг Каломи шарифини фақат муллаларга деб туширмаган. Жамики инсонларга, бутун башариятга ҳаёт дарслиги, саодат дастури, адабнома қилиб туширган.

Адаб – бағоят кенг тушунча. Ақл ва адаб инсоннинг инсонлиги демак. Ал-ақл ал-аввал, ал-адаб ал-қадим деб бекорга айтилмаган. Аллоҳ аввал ақл ва адабни яратиб қўйиб, кейин инсонни бунёд этган. Ҳақиқий адабиёт инсонда унинг инсонлигини, ақлу адабини тарбиялаб, уларни ҳимоя қилади. Шу сифати билан Қуръони каримнинг жарчиси ва жангчисидир. Қуръони карим ҳам ўз навбатида адабнома сифати билан илоҳий адабиётдир. Шу маънода ҳазрати Мавлоно айтмоқчи уммул китоб – китоблар онаси аҳли дин учун нечоғлик азиз бўлса, биз, аҳли қалам учун ҳам шу қадар азиз ва мўътабардир. Уни ўқиш, ўрганиш ва халққа талқин этиш бизнинг ҳам ҳаётий бурчимиз, муқаддас вазифамиздир.

Гап энг оғриқли масала – Қуръони карим маъноларининг талқини масаласига келиб тақалди. Бу нарса оз эмас, кўп эмас, халқимиз тақдирига дахлдор. Бу гал ана шу масалага жамоатчилик, айниқса, зиёлиларимиз диққатини тортиш учун қўлимга қалам олдим.

Маълумки, Қуръони карим минтақамиз, Турон тупроғига саккизинчи асрда кириб келган. Орадан ўн уч аср кечди. Ана шу давр мобайнида Аллоҳнинг Китоби бизга тақдим ва талқин этилди. Келинг, ғалвирни сувдан кўтарайлик. Қуръони карим инсонлар ҳар куни қўлга олиб, завқу шавқ билан ўқийдиган халқ китобига айландими? Йўқ, албатта. Нега, нима учун? Сабабки, мутаассиб муллалар бунга йўл беришмади. Улар Қуръонни асраб авайлаш баҳонасида халқ билан Қуръон ўртасида бамисоли девор бўлиб туриб олишди. Фикримни аниқроқ қилиб тушунтиришга ҳаракат қиламан.

Маълумки, бошқа бир тилда яратилган ҳар қандай асарни тушуниш, талқин этиш уни таржима қилишдан бошланади. Китобхон китобни мазза қилиб ўз тилида ўқимас экан, унинг асл моҳиятини теран англаб етиши қийин кечади. Ўнинчи асрнинг бошларида Бухорода Қуръони каримни ҳам туркий, ҳам форсийга ўгириш борасида илк қадамлар қўйилган. Аммо юқорида айтганим мутаассиблар босими туфайли иш ниҳоясига етмаган. Мутаассиблар Қуръон – илоҳий сўз, уни таржима қилиш мумкин эмас, фақат тафсир этиш, тушунтириш мумкин, деган ақидага ёпишиб олишган. Қуръон маънолари таржима этиладиган ҳар қандай тил ҳам илоҳий ҳодиса эканлиги уларнинг хаёлига ҳам келмаган. Ҳаттоки Қуръони каримни таржима этиш мумкинлиги тўғрисида ҳадис борлиги ҳам уларни қизиқтирмаган.

Бир гал Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассалламга мурожаат қилишади:

“Ё Расулиллоҳ! Эронийлар арабча калималарни айтишга қийналиб, намоз ўқишга рағбат қилишмаяпти…”

Шунда Пайғамбаримиз (сав) саҳобайи киромлари Салмони Форсийга юзланиб: “Ё Салмон! Сен “Фотиҳа” сурасини ўз тилингга ўгир, қавминг уни форсийда ўқиб, намозини адо этаверсин”, – дейдилар…

Мен бу билан намозни ўзбек тилида ўқийлик, демоқчимасман. Асло! Қуръони каримни бошқа тилларга таржима этишга Пайғамбаримиз (сав)дан рухсат борлигини айтмоқчиман, холос.

Ота-боболаримиз ана шу ижозатга таяниб, Қуръони каримни она тилимизга таржималаб, асрдан асрга сайқаллаб келишганда эди, бугун биз ўз тилимизда юксак савияда жаранглаган Қуръонга эга бўлур эдик. Афсуски, бундоқ бўлмади. Мутаассиблар йўл беришмади. Қуръони каримни халққа биз тушунтирамиз, шунинг ўзи кифоя, дейишди. Ўн уч аср давомида тушунтиришди. Натижа нима бўлди? Халқ Қуръони карим ҳақиқату ҳикматларидан чала-ярим баҳраманд бўлиб қолаверди. Бу аҳвол ҳамон давом этмоқда. Ҳамон тўю маъракаларда Қуръон ўқилади. Ҳозир бўлган бир неча юз кишидан уч ёки тўрт киши тушунади, холос. Қолганлар кўр-кўрона “омин!” деб юзига фотиҳа тортади. Ўқилган суранинг маъносини биров сўрамайди. Сўраш одобсизлик саналади. Муллалар халқни шундай тарбия қилишган. “Қўяверинг, тушунмаса ҳам савоби тегади” дейишади улар уялмай-нетмай. Ҳолбуки, Қуръони каримнинг Фурқон сураси, етмиш учинчи оятида ҳақиқий мусулмонлар ҳақида шундай дейилади:

Гар уларга Раббингиз оятлари
Эслатилса, эҳтиром айлаб магар,
Кўру кар янглиғ йиқилмаслар улар,
Аввал англаб, сўнгра этгайлар амал…

                                                                       (Таржима бизники)

Ҳа, Яратганнинг ҳукми шундай. Аллоҳ сўзини аввал англаб, кейин саждага бош қўйиш керак. Тушунмаса ҳам савоби тегади, деган гаплар беҳуда.

Узоққа бормай, яқинда бўлган воқеани эслатай. Республика миқёсида қорилар мусобақаси ўтказилди. Ғолибларни аниқлашда асосий мезон қироат оҳанги бўлди. Ўша оҳанг остидаги мазмун, моҳият устида фикр юритилдими? Эшитмадик. Одамлар Қуръони карим маъносига етиб эмас, оҳанг, музика тинглаб, бош чайқашди… Шубҳасиз, Қуръонни гўзал оҳангларга солиб, қироат этиш хайрли иш, аммо Қуръоний ҳикматлар халққа етиб бормас экан, ўша чиройли қироатдан не фойда? Мана, сизга асрлар бўйи давом этиб келаётган аянчли аҳвол. Яна ўн уч аср ўтса ҳамки, Қуръони карим маънолари то қиёмига етказиб адабий таржима қилинмас экан, шундай давом этаверади.

Савол туғилади: йигирманчи асрга келиб, мутаассиблар эътироз этишса-да, Каломуллоҳ ҳар қалай тилимизга бир неча бор ўгирилди. Бугун қўлимизда Олтинхон тўра, Шайх Алоуддин Мансур, Шайх Абдулазиз Мансур, Шайх Муҳаммад Содик Муҳаммад Юсуф амалга оширган таржималар мавжуд. Хўш, яна нима истайсиз?

Шу ўринда таржима санъати ҳақида изоҳ беришга тўғри келади. Мадрасаларда таржима назарияси ўқитилмайди.

Таржима икки турли бўлади: ҳарфий таржима ва адабий таржима. Ҳарфий таржима бу сўзма-сўз таржима демак. Юқорида айтилган таржималар ҳарфий таржима сирасига киради.

Бу – биринчи босқич. Бошқача айтганда, ошнинг хоми. Мазмун билан танишув, бунда зарур таъсирчанликка эришиб бўлмайди. Аслиятда юксак ва улуғвор жаранглаган сатрлар қуруқ, тароватсиз жумлаларга айланиб қолади. Шу сабабли ҳам китобхон қалбини жазб этолмайди. Араб тилини эгаллаган, ўзбек тилида саводи чиққан ҳар қандай киши бу ишни эплай олади.

Адабий таржима – иккинчи босқич. Бошқача айтганда, яхши пиширилган, мазза қилиб ейиладиган ош. Бу юрак қўрини тўкиб, таъсирчан қилиб, жаранглатиб таржима этиш демак. Бунда тилнинг бутун жозибаси, нафосати, қудрати ишга солинади. Натижада Қуръони карим завқу шавқ ила ўқиладиган халқ китобига айланади. Буни ёлғиз тажрибали шоир, етук таржимон бажариши мумкин. Бошқалар эплай олмайди. Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин, дейишган ахир! Ана шу ҳақиқатни ўзимизнинг жайдари уламолар тан олишмаяпти. Қуръони карим шеър эмас, деб конкрет бир ҳолатда айтилган гапни умумлаштириб, Каломуллоҳнинг илоҳий назм эканлигидан кўз юмиб, уни назмий таржима этишни инкор этишаяпти. Ҳолбуки, Қуръони карим вазн ва қофияга суянган, шу туфайли оҳангдорлик касб этган юксак, илоҳий манзума. Шундоқ экан, уни назмий таржима этиш ягона тўғри йўл эканлиги, фақат шу йўл билан бадиий таъсирчанликка эришиш мумкинлиги ўз-ўзидан аён ҳақиқатдир. Зотан Навоий ҳазратлари ҳам “Ҳайратул аброр”да Қуръони каримнинг назм эканлигини тасдиқлаб турибтилар:

Бўлмаса эъжоз мақомида назм,
Бўлмас эди Тангри каломида назм…

Мен юқорида уламолар ва адиблар бир тарозининг икки палласини эгаллашган деб бекорга айтмадим. Улар бир-бирини тўлдиради. Биз ана шу йўлни танладик. Мен шоир – таржимонга тадбиркор Анвармирзо Хусаинов тузиб берган арабшунос, қуръоншунослардан иборат илмий-ижодий гуруҳ кўмаклашди. Биз аввало аслиятга суяниб, кейин мавжуд таржима ва тафсирларга ҳам таяниб, Қуръони карим маъноларининг адабий-назмий таржимасини амалга оширдик. Республика мусулмонлар идораси уламолар кенгашида муҳокама этишди. Таржима бир четда қолиб, мадраса илмидан сўраб, бизни мулзам қилмоқчи бўлишди. Биз ҳам айни ишга алоқадор таржима санъатидан сўрашимиз мумкин эди, сўрамадик. Улар қилган ишни қилмадик. На мажлис одоби, на муҳокама мадиниятига риоя этилди. Муҳокама эмас, майнавозчилик бўлди. Таржима этилан 114 сура, 6666 оятнинг бирортасида мазмун бузилгани ёки маъно чиқмагани ҳолатини айтиб беришолмади. Шунга қарамай бир масъул уламо қўлёзмани ёқиб юборишни таклиф этди. Астағфуриллоҳ, деб ёқамни ушладим. Таржима назмий амалга оширилгани билан бари бир маъно эътибори ила ўша-ўша, Аллоҳнинг сўзи, Қуръони карим эканлигини андиша қилмади бу имом хатиб. Уламолар кенгашини кузатиб шу хулосага келдимки, бу ерда ҳам аҳвол хароб, вазиятни тубдан яхшилаш керак.

Исломнинг сурати бору сийрати бор. Сурати – намоз, рўза, закот, ҳаж. Сийрати, моҳияти – кашфи олам, кашфи одам, кашфи Худо. Оламни билиш, одамни билиш, Худони билиш. Яъни, билиш, билиш ва яна билиш! Бу – чексиз илм, чексиз жараён демак. Инсон ана шу жараёнда камолга етади.

Қуръони каримда мазкур сурат ва сийрат ҳамиша ёнма-ён келади. Аммо, минг афсуслар бўлсинким, сўнгги бир неча аср давомида биз суратга ёпишиб, сийратга етарлича эътибор бермадик. Натижада илмда, тараққиётда орқада қолиб, бало-офатларни бошимизга чақириб олдик.

Мавлоно Муҳаммад Али томонидан амалга оширилган Қуръони каримнинг инглизча назмий таржимаси, мана, бир неча ўн йилдирки, Америкада ҳар йили икки юз эллик минг нусхада чоп этилиб, дунёга тарқайди. Валерия-Имон Порохова томонидан амалга оширилган Қуръони каримнинг русча назмий таржимаси Россияда йигирма етти марта нашр этилиб, миллион-миллион хонадонларга кириб борди. Анвармирзо Хусаинов ҳомийлигида рус тилида бажарилган бу хайрли ишни, Худога шукурки, биз ҳам ўзбек тилида ҳамкорликда амалга оширдик.

Мазкур “муҳокама”дан бери икки йилдан кўпрок вақт ўтди. Жамиятимиз сиёсий, ижтимоий, маънавий ҳаётида жиддий ўзгаришлар юз берди. Шу орада таржимани ўқиб, уни астоийдил қўллаб-қувватлаган Ўзбекистон Фанлар Академиясининг аъзолари Акмал Саидов ва Тўра Мирзаев, фалсафа фанлари доктори, имом хатиб Маҳмудхўжа Нуритдинов, филология фанлари номзоди, ношир ва адиб Асрор Самад, филология фанлари номзоди Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Сувонқул Мелиевларнинг ижобий тақризлари бизни қувонтирди. Айниқса, Шайх Абдулазиз Мансур хазратларанинг таржимани ёқлаб айтган самимий, ҳаққоний сўзлари руҳимизни кўтарди.

Шу муносабат билан мен, Қуръони карим маъноларининг адабий-назмий таржимони, Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол аввало муҳтарам Президентимизга, кейин масъул идораларга, бутун мамлакатимиз жамоатчилигига мурожаат қилишга қарор қилдим. Ошинг ҳалол бўлса, кўчанинг бошида ич, деганлар. Адабий-назмий таржимани нашр этишга рухсат берилишини сўрайман. Токи исломшунос олиму уламолар, тилчилар, адабиётчилар, тарихчилар, шарқшунослар, файласуфлар, бир сўз билан айтганда илмий жамоатчилик ўқиб, холисанлиллоҳ, баҳо берсин. Халқ ҳукми – Худо ҳукми! Таклифларни эшитишга, хатолар кўрсатилса, тузатишга, таржимага яна-да сайқал беришга биз ҳамиша тайёрмиз.

Қарс икки қўлдан чиқади. Ватанимизда янги давр шамоллари эсиб, давлат ва фуқаролар ҳамкорлиги, бағрикенглик шукуҳи ҳукм сурмоқда. Ана шу шукуҳдан баҳраманд бўлиб, қўлни-қўлга бериб, Қуръони карим маъноларининг ўзбек тилида ҳам гўзал жаранглаган таржимасини халқимизга тақдим этайлик. Бу йўлда Яратганнинг ўзи бизга мададкор бўлсин.

Омин, ё Раббул оламийн, Аллоҳу акбар!

Сўзимнинг охирида таржимадан наъмуна сифатида “Фотиҳа” сураси ва “Бақара” сурасининг дастлабки беш оятини эътиборингизга ҳавола қиламан. Марҳамат, аслият билан қиёсланг.

Фотиҳа сураси

Мадинада нозил этилган. 7 оят.

1.Исми Раҳмону Раҳим-ла ибтидо,
2.Жумла олам Раббига ҳамду сано.

3.Улки Раҳмону Раҳимдир нуру нур,
4.Рўзи Маҳшар подшоси Ул эрур.

5.Бош эгиб Сенга сиғингаймиз фақат,
Ёлвориб Сендан сўрайдирмиз мадад.

6.Бизни андоқ бир йўлингга бошлаким,
Тўғри йўлдир ул, сиротал мустақим.

7.Сен Ўзинг инъом этиб файзу шукуҳ,
Аҳли иймонингга бўлди хос у йўл,
Яъни, қаҳрингга дучор бўлганлару
Ё адашганлар йўли эрмас у йўл…

Бақара сураси

Мадинада нозил этилган. (Дастлабки 5 оят.)

Исми Раҳмону Раҳим-ла ибтидо,

1.Алиф. Лом. Мим

2.Бу Китоб бешак ҳақиқатдур басе,
Аҳли тақвони ҳидоят этгуси.

3.Улки ғайбга бовар этгай бегумон,
Улки доим баркамол айлар намоз,
Улки Биз берган насибу ризқидин
Хайру эҳсон айлагайдур беғараз,

4.Ки ишонгай Сизга келган сўзга ул,
Сизгача келган китобларга яна
Ва Қиёмат кунга иймон келтирур,

5.Ҳақ уларни йўлламиш, бермиш сабот,
Охират айёмда топгайлар нажот…

Таржима ана шу йўсинда давом этади.

25.05.2018

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 1 Yorum )

  • Axmad hoji Xorazmiy ;

    Фикрингизга тўлиқ қўшиламан ва қўллайман бу таклифингизни Шоир ака!
    Эсингизда бўлса ер думалоқ деган олимларни, “Анал ҳақ”нинг маъносига тушунмай Аллоҳга етишган шайх Ҳаллождай валийларнинг бошига етмади бу чаламуллолар. Шукур қилинг, қўлёзмангизни ёқишни таклиф қилибди улар. Ж.Брунога ўхшатиб ўзингизни ёқишга фатво берганларида нима қилардингиз.
    Ҳар ибодатда дуода бўламиз Қуръони каримнинг адабий-назмий таржимасининг тезроқ дунё юзини кўришини.
    Профессор Ахмад ҳожи Хоразмий, Буюк Британия.

    07/06/2018 02:17
Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort