Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Туяқуш услуби

Туяқуш услуби
09 Haziran 2018 - 8:00 'да юкланди ва 703 марта ўқилди.

Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида Каримов режимини фош қилувчи мақолалар ёзган Акром Малик бугун қамоқда ўтирибди.

У 2017 йилнинг 13 январ куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди томонидан 6 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Ҳозирда Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи бир неча халқаро ташкилотлар ва маҳаллий аҳоли вакиллари ёш олим ва журналист Акром Маликнинг озодлигини талаб этмоқдалар.

Эътиборингизга Акром Маликнинг Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида эълон қилинган мақолаларини ҳавола қилиб борамиз.

* * *

ТУЯҚУШ УСЛУБИ

2016 йилнинг 21 январь куни ижтимоий тармоқларда хабар тарқалди: Ўзбекистонда Фейсбук, телеграмм ва одноклассники сайтлари ёпилар эмиш!

Собиқ шўро замонида комсомол деган ташкилот бор эди. Пионерликдан сўнг унга қабул қилинарди, кейин “коммунист” деган “шараф”га ноил бўлинарди. Бу ташкилот моҳиятан коммунистик партия учун манқуртлар армиясини ҳозирлашга ихтисослаштирилган эди.

Каримов 1996 йил “Камолот” деган бир ташкилот туздирди. Бу ташкилот комсомол ташкилотига икки томчи сувдек ўхшаш. Тизими, ўтказаётган тадбирлари худди комсомолники каби. Бу ташкилотнинг қиладиган ишида тайин йўқ.

Ўзини мустақил, нодавлат, нотижорат деб эълон қилган бу ташкилот Каримов ва унинг тузуми ғояларини тарғиб қилади, холос. Аммо унинг таркиби, ишлаш “принциплари” олдида собиқ комсомол ташкилоти авлиё. Чунки “Камолот” таркибида ўлик руҳ, ташаббуссиз ёшлар йиғиндиси лойқаланиб туради. Улар ўргатилган қўшиқларни жўр бўлиб, хўр бўлиб такрорлашади, тамом. Зотан, уларнинг миссияси шу. Уларда на илм, на маҳорат бор. Шунинг учун ташкилот Республика ҳаётида умуман ўз ўрнига эга эмас, аксинча, халқнинг мазах ва кулгисига сазовор бўлиб юрган ташкилот у.

Шу ташкилот вакили “ватанпарварлик” руҳи жўш уриб, мавжуд вазиятни “чуқур” тушуниб, Фейсбук, телеграмм ва одноклассники мессенжерларини ёпайлик, кейин “уз” домени сайтларимиз ривожланиб кетади деб “ташаббус” кўрсатибди.

Чунки номлари қайд этилган сайтлар ёшларнинг онгини заҳарлаётган экан! Ёшлар бу сайтлар орқали “бузғунчи” ғояларга, айниқса, ИШИД ғояларига алданиб қолишаётган экан!

Аслида, эса гап унда эмас. Буни кўпчилик тезда англади. Гап шундаки, Ўзбекистон ҳукумати мухолифларининг мақолалари бу сайтлар орқали кенг тарқалиб кетяпти. Шахсий ёзишмалар орқали ҳам сайт мақолалари ўз ўқувчиларига етиб бормоқда. Қолаверса, Фейсбукдан фойдаланаётган ўзбек ёшлари, ҳатто, ёши улуғлар ҳам ҳадларидан ошиб кетишди. Улар оммавий равишда Каримов ҳукуматини ошкора танқид қилишга ўтмоқдалар. Жойлаштирилаётган постларнинг катта қисмида Каримов ҳукуматини танқид қилиш руҳи яққол сезилмоқда. Масалан, фаол фойдаланувчилар турли ирония ва истеҳзолар билан Каримовнинг қариб қолгани, ҳукуматнинг чиригани ҳақида ёзишмоқда.

Динни тақиқлаш яхши эмаслиги ҳақида эса ёшлар дадиллашиб фикр билдирмоқдалар. Бу фойдаланувчиларни йўқ қилиш жуда қийин. Чунки уларнинг сони кўпайиб, сафи кенгайиб кетяпти. Айниқса, улар ўзаро гуруҳлар яратиб олишяпти. Биз четдагиларни эмас, Ўзбекистон ичкарисида бўлиб, ҳукуматни танқид қилаётган фойдаланувчиларни назарда тутяпмиз.

Улар кундан кун эҳтиёткорликни йиғиштириб қўйишяпти. Ёшларнинг кайфияти, эмоцияси кучайиб боряпти. Ўлик муҳитга жон киряпти. Бу ҳозир биринчи босқичда турибди. Аммо кейинчалик унинг оқибати Каримов ва унинг режими учун хатарли бўлиши мумкин. Буни кўра билган МХХ эса узоқ ўйлади. Оқибатда, “Камолот” орқали – гўё ёшлар орқали фейсбук ва бошқа мессенжерларни ёпиб қўйишни амалга оширмоқчи. Бу ишини эса “уз” доменларини ривожлантириш ҳамда ИШИДга алданиб қолиш хатари билан ниқобламоқда.

Яқин 25 йилда Каримов тўдаси амалга оширган жирканчликларни кўриб, билиб айта оламизки, бу ишни унинг ҳукумати бемалол уддалаши мумкин. Шу орқали ёшларни жаҳон ижтимоий тармоқларидан узиб, уларни яккалантириб, сўнг бирма-бир ҳибсга олиб йўқ қилиб юбормоқчи.

Мазкур шароитда Ўзбекистон ёшлари ҳамда халқаро ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўз ҳуқуқларини теранроқ англашлари учун зарурат пайдо бўлмоқда: улар мессенжерларнинг тақиқланишига нисбатан ўзларининг кескин норозиликларини билдиришлари лозим.

Интернет тезлигини пасайтириш, халқаро тармоқ ишини сифатсизлаштириш борасида ҳамма ишни қилаётган Каримов режимига бўйсунмаслик мумкинлигини кўрсатиш вақти келяпти.

Зотан, мессенжерларнинг Ўзбекистонда ўз фаолиятини тўхтатилиши оддий ҳодиса бўлмайди. Бу инсон ҳуқуқларини, хусусан, бутун дунё фойдаланаётган қулайликдан халқни тўсиш, уни ахборот манбаидан, бирдан бир мустақил фикр минбаридан маҳрум қилишдир.

Албатта, бу борада нимаики имконда бор – амалга оширилади: ТВ, радиода махсус дастурлар уюштирилади, “Муносабат+”, “Сўз ёшларга” каби бир-бирига ўхшаб туғилган шоуларда бир тўда “ақлли” шахслар йиғилиб олиб бу мессенжерларни қоралашади, газеталар мақолалар чоп қилади, сўнг “иложсиз” қолган ҳукумат халқнинг истагини қаршисида “таслим” бўлиб мессенжерларни ўчиради ва муродига эришади.

Мана шу – Каримов режими, МХХнинг режасидир.

Бу аҳмоқона ва золимона, айни пайтда ожизона режадир. Бу бизга туяқушни эслатади. Чунки, Каримов режими туяқушга ўхшайди.

Туяқушга уч десалар, туяман дер экан.

Шунда юк кўтар дейишса, қушман дер экан.

Кейин бирор офат юз берса, бошини тупроққа тиқиб, мен хавфсизман, ҳеч нарсани кўрмаяпман дер экан ўзига ўзи.

Каримов режими ҳам туяқуш каби бошини тупроққа тиқяпти, ўзини қушман, туяман деб атамоқда ҳамда мухолифларига, ўз халқига кулги бўляпти, масхараланмоқда. Зотан, у шунга маҳкум.

Абдуллоҳ Нусрат

22.01.2016 йил

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort