Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Соқол ва рўмолга ёпишган қўллар

Соқол ва рўмолга ёпишган қўллар
11 Haziran 2018 - 8:00 'да юкланди ва 1137 марта ўқилди.

Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида Каримов режимини фош қилувчи мақолалар ёзган Акром Малик бугун қамоқда ўтирибди.

У 2017 йилнинг 13 январ куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди томонидан 6 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Ҳозирда Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи бир неча халқаро ташкилотлар ва маҳаллий аҳоли вакиллари ёш олим ва журналист Акром Маликнинг озодлигини талаб этмоқдалар.

Эътиборингизга Акром Маликнинг Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида эълон қилинган мақолаларини ҳавола қилиб борамиз.

* * *

СОҚОЛ ВА РЎМОЛГА ЁПИШГАН ҚЎЛЛАР

Тожикистон президенти, ўзини “Пешвои миллат” дея эълон қилган Имомали Раҳмоннинг  шахсий буйруғи билан мамлакат фуқароларининг соқоллари мажбуран қирдирилмоқда, аёлларнинг рўмоллари ечиб олинмоқда. Бу – шу кеча кундузнинг энг баҳсли масаласига айланди.

Ўзбекистонда эса бу иш аввалроқ бошланган эди. Зотан, Каримов узоқни кўра билган “сиёсатчи” ўлароқ яқин 20 йилки, одамларни соқол ва рўмол маҳрум қилиб келади. Мана, Тожикистон эндигина бу “ислоҳот”ни амалга оширди. Каримовнинг прагматикасига қойил қолиш керак.

ББС хизмати соқол ўстириш ва рўмол – ҳижоб ўрашни алоҳида муаммо сифатида кун тартибига қўйди. Муштарийларни шу масала атрофида баҳсга чорлади.

Бу ўринда ҳолатнинг бир қанча жиҳатларига диққат қаратиш зарурати мажуд:

Аввало, соқол ва рўмол масаласи сиёсат даражасига кўтарилгани, уни муҳокама қилинаётгани ўта мантиқсиз ҳодисадир. Чунки кийиниш, ташқи кўринишнинг шакли инсон дунёқарашидан келиб чиқиб намоён бўлади. Истаган эркак соқол ўстиради, истаган аёл рўмол ўрайди, ҳижоб кияди. Бу нарсани муаммо деб ўртага қўйган, уни тақиқлаган ҳукуматлар бевосита инсонларнинг ҳуқуқини синдирди, хорлади. Бу худди эр-хотин ўртасидаги интим муносабатларга аралашгандек ишдир.

Иккинчидан, аслида эрлардан соқол олишни ва аёллардан рўмол ечишни талаб қилиш ўта чуқур ўйланган, ўта қабиҳ мақсад учун амалга оширилаётган ёвузликдир. Биз айнан буни ЁВУЗЛИК деб атадик. Бу сўзни қўллашда эмоцияга берилаётганимиз йўқ. Гап шундаки, соқол эр киши учун жиддият, шиддат беради, соқол – эркакнинг, йигитнинг руҳиятига таъсир қиладиган омилдир. Соқоли ўсган эрнинг ҳаракатлари вазминлашади, унда босиқлик, салобат ҳосил бўлади. Чунки ташқи кўринишда акс этган соқол унга ЭРКАК эканлигини англатиб, эслатиб туради.

Ёшлик – яхши. Аммо ёшликка интилиш яхши эмас. Соқолнинг қириб ташланиши кишини ёш кўрсатади. Уни ёшликка томон судрайди. Жиддийлашиб, улкан ишларни амалга ошириш палласи етиб келганда ўзини енгилтак ҳолда тутиб, соқолини қириб юриш эса ярашмаган бир ишдир.

Соқолнинг эркак руҳиятидаги бир қанча аҳамияти бор. Буни Ғарб олимлари исботлаб беришган. Шунинг натижаси ўлароқ АҚШ армияси ҳарбийларига соқол қўйиш буйруғи берилганини кўпчилик билади.

Ислом динида эр киши учун соқол қўйиш вожиб қилинган. Марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф соқолини олиб юрган имомлар шариатга хилоф иш қилаётганларини аниқ баён қилган эди. Оллоҳнинг комил динидаги ҳеч бир амр беҳуда эмас. Демак, соқол қўйишнинг яна бошқа бир қанча фазилатлари мавжуд. Буни илм-фан аниқламагани, одамлар эса англамагани табиий.

Аёл киши табиатан нозик қилиб яратилган. Унинг нафосати, гўзаллиги гулга ўхшайди. Гул очиқда қолса, унга ғубор қўнади, уни юлиб оладилар, оқибатда эса хазонга айланади. Рўмол ёки ҳижоб аёлнинг иффатини сақлайдиган, унинг гўзаллигини ҳимоя қиладиган воситадир. Рўмол ва ҳижобда бўлган, буни ўз виждони амри ила адо қилаётган аёлнинг ҳаёси сочларини очиб юрганлардан кучлироқ бўлади. Чунки рўмол аёлни кўп нарсадан тўсиб туради.

Рўмол ўраган аёл ўз ёшига нисбатан улуғ кўринади, бу эса бегона эркакларнинг шаҳватидан, унг нисбатан ёмон хаёлда бўлишларидан сақлайди. Фақат ўз жуфти ҳалоли қошида рўмолини ечган аёл эса умр йўлдоши учун энг гўзал хилқатга айланади. Бу имкон унда қолади.

Демак, рўмол шакл бўлса-да, аёлнинг руҳиятини ҳимоя қиладиган, унинг аёллигига муҳим ташқи белгидир.

Эрлардан соқол олишни, уни қириб ташлашни ва хотинлардан рўмол ечишни талаб қилаётган ҳукуматлар эса бу нарсаларни бошқалардан кўра чуқур биладилар. Шунинг учун ҳам улар эрларнинг соқолига ва аёлларнинг рўмолига ёпишмоқдалар.

Марказий Осиёда қадимдан эрларнинг соқоли ва аёлларнинг рўмоли юксак қадрият бўлиб келди. Натижада, бу икки нарса халқларнинг, миллатнинг аслини сақлайдиган восита бўлиб қолди. Агар бу қадрият ва ҳимоя олиб ташланса, демак, одамлар руҳий жиҳатдан асоратга тушадилар. Ўз аслиятидан узилган халқ эса янгисига кўникади. Бу янги анъанага кимга тегишли бўлса, ўшанга қул бўлади.

Бугун Ўзбекистон ва Тожикистонда ҳукуматга раҳбарлик қилаётганларнинг хаёлида бирм муаммо бор – ўзларининг ва оилаларининг ҳукмронлигини абадул абад таъминлаш. Бу йўлда, аввал, халқнинг руҳиятини синдириш керак, одамлар ўртасига тафриқ солиш керак. Бунинг учун эса унинг қадриятларига ҳужум уюштириш лозим. Ва ҳужум уюштирилди: соқоллар қирилди, эрлар кўса бўлди; рўмоллар ечиб олинди ва аёллар кўз-кўз қилинди, бозорга қўйилди. Энди одамлар бу ишни тақиқлаган ҳукуматг қарши чиқиш ўрнига соқол олиш тўғри, рўмол ечиш нотўғри дея қирпичоқ бўлиб ётишади. Ҳукумат эса уларни аста-секинлик билан бўйсундиради, рақибларни бирма-бир йўқ қилади.

Каримов бу жараённи ўта секин, ўз услубига содиқ равишда “эволюцион” йўл билан амалга оширди. Бугун Ўзбекистонда деярли ҳеч бир имомда соқол йўқ. Фақатгина муфтий ва яна уч-тўрт дин олимида калта-култа соқол сақланиб қолган. Зотан, Каримов ёвуз ишларни босқичма-босқич бажаришга уста.

Имомали Раҳмон эса ҳажга бориб, ўзининг мусулмон эканлигини расман мустаҳкамлаб олиб, кейин бу ишни қилди. Гўёки эътирозга ўрин қолдирмади.

Бу икки ҳукуматнинг ўз ишини оқлаш учун кўрсатаётган ҳамма важ ва баҳоналари сафсатадан бўлак нарса эмас. Соқол ва рўмолнинг тероризмга алоқаси йўқлигини саводсиз одам ҳам англайди.

Фейсбукни кузатганимизда ББСнинг сўровига берилган жавоблар ичида шундай мазмун акс этган жумлага кўзимиз тушди:

“Агар халқимизга дин борасида максимал эрк берсак, ҳаддидан ошади. Чуқур кетади, ёшлар турли оқимларга қўшилиб кетади…”

Одоб доирасида билдирилган фикрларга жиддий қараймиз. Асосланган қарашларни эса рад этмаймиз. Аммо юқоридаги тушунча тўғри эмас. Аслида, ҳолат аксинчадир.

Агар дин борасида халққа максимал имкониятлар яратилса, фирқаланиш, бўлинишлар барҳам топади. Нега? Чунки динга йўл очиш орқали унинг таълимига йўл очилади. Дин илмидан теран хабардор бўлган инсонлар эса ҳеч қачон фирқаларга бўлинмайди.

Ўзбекистон дин уламоларига бой юрт. Юртимиздан боболар илмини олган олимларимизнинг ҳеч бирлари адашаганлари йўқ. Олим деб тан олинган чуқур илм эгалари ҳеч қачон ихтилофга бормадилар, ихтилофларини ошкор қилмадилар. Бу олимларнинг кўплиги ҳамиша халқни бирликда ушлаб турган. Аммо илмдан бебаҳра, чала таҳсил билан қолганлар фитна уйғотдилар. Одамларнинг илмдан бебаҳра қолиши, таҳсилнинг чала бўлиши эса ҳукуматнинг тақиқлови билан рўй берди.

Халқда дин илмига ташналик бор. Бу ташналик қондирилиши зарур. Акс ҳолда, сувсаган одам қаердан бўлса ҳам, сув топишга интилади ва топганини ичади.

Каримов ҳукумати ислом динининг тоза булоқларини ёпди, натижада, ташна ёшлар турли кўлмакларнинг сувларини ичдилар. Кейин эса Каримов тили билан айтсак, “экстремист” бўлишди. Кейин эса улар ўлдирилди, қамалди…

Кўпчиликда “исломий давлат” деган хато тушунча бор ва бу оммалашиб кетган. Муҳаммад Солиҳ бу хато эканлигини ўзининг “Йўлнома” китобида айтиб ўтган. Солиҳнинг фикрича, давлат – иморатдир. Бу иморатда халқ яшайди. Оддий иморат қандай қилиб исломий бўлиши мумкин?

Балки шу иморатнинг меъморлари иймон ва илм соҳиблари бўлишлари ёки бошқача бўлиши мумкин. Бу иморат меъморлари, қурувчилари каллакесар ва қароқчи бўлгач, уни хароб қиладилар, холос.

Англаб олиш лозимки, исломий давлат тушунчаси тўқиб чиқарилган атамадир. Аслида давлат бошқарувчилари соф мусулмон бўлиши керак. Соф мусулмон эса инсониятга берилган гўзал фазилатлар – сабр, ҳилм, инсоф, диёнат, ҳалоллик ва бошқаларнинг эгасидир.

Бундан ташқари, соқол ўстириш ва рўмол ўраш кишини том маънода мусулмон қилиб қўймайди. Балки бу икки ҳол мусулмоннинг ташқи кўринишидаги бир зоҳирий аломат, холос.

Хулоса қилиб айтганда, “соқол ва рўмол” масаласи ўта арзимас масала. Уни муаммога айлантиришдан ҳукуматлар уч мақсадни кўзлашган:

-халқни қадриятлардан жудо қилиш ва шу орқали уни узоқ вақт бошқариш;

-одамлар ўртасига бўлиниш – фитна солиш, уларни гуруҳларга ажратиш ва шу орқали чексиз ҳукмронликка эришиш;

-жиддий масалалардан халқни чалғитиш ва одамларнинг фикрлаш даражасини ўтмаслаштириш, кишиларни майдакашликка ўргатиш.

Бу ҳолатда халқда биргина йўл қолади: ўз ҳақини талаб қилиш. Бу турли шаклда амалга ошади: намойишлар орқали, ҳукуматга босим ўтказиш, унга ошкора қаршилик қилиш керак.

Агар бу масалада ҳам халқ иккиланса ва айтилганларга рози бўлишда давом этса, мамлакат устига чиқиб олган бир гуруҳ жиноятчиларнинг золимона ҳукмронлиги яна узоқ давом этади.

Абдуллоҳ Нусрат

25.01.2016 йил

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort