Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Бу не миллат бўлди

Бу не миллат бўлди
12 Haziran 2018 - 10:27 'да юкланди ва 761 марта ўқилди.

Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида Каримов режимини фош қилувчи мақолалар ёзган Акром Малик бугун қамоқда ўтирибди.

У 2017 йилнинг 13 январ куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди томонидан 6 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Ҳозирда Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи бир неча халқаро ташкилотлар ва маҳаллий аҳоли вакиллари ёш олим ва журналист Акром Маликнинг озодлигини талаб этмоқдалар.

Эътиборингизга Акром Маликнинг Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида эълон қилинган мақолаларини ҳавола қилиб борамиз.

* * *

БУ НЕ МИЛЛАТ БЎЛДИ

Гоҳида ёзар экансан, ўзингни кучли эканингни унутасан. Зулм, золим ва жабру ноҳақлик қаршисида матонат билан курашга шайланганинг худди ёдингдан чиқади.

Одамларнинг дилини оғритмайман деган қасдинг тумандай хаёлинг водийсида тарқаб кетади.

Сизга очиғини айтаман – мен бу мақолани умуман ёзишни истамас эдим. Бу мақолани ёзиш мен учун осон кечгани йўқ. Бу мақолани ёзишда аввалгиларига қараганда минг карра оғирроқ руҳий босим остида бўлдим.

Сизга яна очиғини айтайин – ҳар сафар она юртим, жонажон миллатим ҳақида қайғуриб ёзар эканман, сира ҳам ҳузур қилмайман. Ватанимнинг бугун изтироб ичра қолгани, халқимнинг бир аҳволда экани мени эзиб ташлайди. Шунинг учун танқид тиканлари қайралиб турган мақолаларим аслида қалбимдаги азоб кўзёшларидан сув ичган. Сиз менинг мақолаларимни ўқир экансиз, шуни унутманг. Зотан, азоб кўзёшларидан сув ичган ниҳолда ҳеч қачон гул очилмайди, унда тикан ниш уради.

Исроил Субҳон деган бухоролик шоир Муҳаммад Солиҳни ўзи учун идеал деб биларди. Солиҳни у “Бўри” дер эди: “Солиҳ тикка ҳужум қилади. Орқаданмас. У шунинг учун Бўри!”

Кейин 1991 йил президентлик сайловида Исроил Субҳон одамларга қарата “Каримовга овоз беринглар!” деб тарғиб қилди. Бу мени лол қилди: одам шунчаликка борадими?..

Сайлов ўтди. Каримовнинг кўчасида байрам бўлди. Бир неча йил оралатиб шоир билан учрашдим. Унинг мунофиқлиги сабабини сўрадим. У жавоб берди:

“Муҳаммад Солиҳ… – деди бироз тараддуд билан. – Болтиқбўйи давлатларидан истаганига президентлик қила олади. У Германия, Туркия, Франция, керак бўлса, Россияни ҳам бошқариш қобилиятига эга. Мен уни биламан. Лекин Ўзбекистон халқига у увол. Халқ унинг ғояларини тушунмайди. Ўзбек халқи унинг бағрикенглиги, адолати ва мурувватини тушунмайди… Бизнинг халққа бир жаллод керак эди. Эшакка яраша тушови деб Каримовни тарғиб қилдим. Ўзимча бу билан Солиҳни бир балодан асраб қолмоқчи бўлдим…”

Ҳайрон бўлдим. Ёш эдим. Тушунгандек ҳам эдим, тушунмагандек ҳам эдим.

Бугун эса Исроил Субҳонни яхши тушуниб турибман. Тушунганим учун, унинг ҳақлигига иймон келтирганим учун изтиробларимни беркитиш учун кучим етмаяпти. Гап Муҳаммад Солиҳда эмас. Гап ўз тарихида минглаб солиҳларни улғайтирган халқнинг аҳволида.

Келинг, ҳаммасини сал батафсил айтиб берай.

30 январь – Каримовнинг туғилган бўлди. Президент 78 ёшга тўлди. Унинг 27 йиллик бошқаруви остида миллат харобадаги миллатга айланди. Советнинг 70 йиллик зулми битта – Каримовнинг 27 йиллик зулми битта бўлди.

У шахсий очкўзлиги, манфаатпарастлиги йўлида бутун мамлакатни молхонага айлантирди. Бутун мамлакат унинг учун хизмат қиладиган қуллар барагига айлантирилди.

Ўзбекистон тарихида ҳали бирор марта қорин тўйдириш учун халқ ўзга юртга қарам бўлмаган эди. Аммо бу даврда шундай бўлди.

Совет даврида қувилганлар учун юрт эшиклари қулфланди. Дин, адабиёт, санъат, иқтисод Каримовнинг истак ва хоҳишларини бажарадиган ускуна сифатида ишлай бошлади. Бутун бошли авлод манқуртлик ичида улғайтирилди.

Шу золим 78 ёшга кирганда ижтимоий тармоқларда тарқалган юз минглаб табриклардан лол қолдим! Уни шарафлаб, отам дея табрик айтишда пойгалашган оломондан бошим айланди.

Бу не миллат бўлдики – бошидаги золимни бу қадар эъзоз этади!

Олтмишни қоралаб қолган ёши улуғлардан тортиб яқинда тухумдан чиққан гўдаклар ҳам уни табрик этди.

Асло биз бахиллик қилмаяпмиз, айтмоқчиманки – уларни нима мажбур қилди бу табриклар учун? Бу қадар мақтовлар учун одамларни нима рағбатлантирди? Хорижда итдай қул бўлиб ишлаётган акаларими? Укаларими? Фарзандларими? Бутун мамлакатни эгаллаб олган коррупциями? Бутун мамлакатни қонли панжасида тутиб турган миллий хавфсизлик хизматими?

“Озодлик” сайти намойиш қилган видеода Россияда қулдек ишлаётган ўзбек йигитлари Каримовга мадҳ айтишди. Улар чин дилдан гапиришдими? Йўқ! Улар қўрқиб гапиришди. Агар танқидий гап айтсам, Ўзбекистонда оиламни бу тузум қон қақшатади деб Каримовни мақтади. Қўрқув уларни манқуртга, орсиз ва номуссиз мавжудотга айлантирган.

Билсак, бутун мамлакат халқининг катта қисми қўрқувдан талвасага тушиб қолибди: ижтимоий тармоқлардаги табриклар шунга далолат қилмоқда.

Одамлар кўр-кўрона бир-бирига эргашиб Каримовга ҳамду сано ўқидилар. 30 январ куни оқшомда “Маданият ва маърифат” телеканали эса Каримов шахсини улуғлашга бағишланган “Куч – адолатда” деган “ҳужжатли фильм” намойиш қилинди.

Унда илгари сурилган ҳар бир факт уйдирма эди. Сўзга чиққанларнинг ҳар бири – Сафар Остонов, Рой Медедовми, чолми, кампирми – ҳаммаси ёлланган эдилар. Каримовнинг “доно” нутқлари эса жуда ҳам ҳашаки ва маъносизлиги билан ёдда қолар эди. Буларнинг барчасини кўриб турган одамлар эса уни мақташ борасида беллашдилар.

Биз ўтган мақолаларимизда спорт шарҳловчиси Диёр Имомхўжаев ҳақида илиқ гаплар айтган эдик. Унинг жасорати, ёзиш услуби ва маҳоратини эътироф қилгандик. Қарангки, “қаҳрамонимиз” бизнинг бу таърифлар хато эканлигини исботлади: у Каримов шаънига бағишлаб катта мақола ёзди, у билан фахрланишини иддао қилди. Унинг учун тост айтди.

Демак, бу “журналист” ҳам қўрқоқлиги, жон ширинлиги важидан шу ишга қўл урди. Чунки у Каримов 75, 76, 77 ёшга тўлганида тост айтмаган эди. У айнан бу йил тост айтди. Демак, унинг бу мақтовномаси замирида қўрқув ётибди. Унинг номи Халқ ҳаракати сайтида ижобий баҳоланди. У чўчиб кетди ва зудлик билан позициясини ўзгартирди – ҳамма қатори ҳуркаклар сафидан жой олди.

Зотан, жасорат соҳибининг ким эканлиги ана шу пайтларда намоён бўлади.

Каримберди Тўрамурод исмли хоин эса, соч-соқолига оқ оралаганига қарамасдан Каримовга пахта ёпиштириб, унинг таваллуд кунини Миллий байрам қилайлик деб кўпчиликнинг бошини қотирди.

Шу пайтгача Каримовнинг туғилган куни бу қадар оммалашмаган эди.

Бу ҳолнинг сабаблари қуйидагича:

-Охирги йилларда ижтимоий тармоқлар Ўзбекистонда кенг оммалашди. Бу эса ахборот алмашинуви, фикр баён қилиш имконини берди;

-Одамлар онги шу қадар паст ва қолоқ шаклда қолганки, Каримовнинг асл башарасини кўрмайдилар. Кўрсалар ҳам кўз юмадилар ва уни мақтайдилар.

Албатта, бу ҳолдан энсаси қотганлар ҳам бор эди.

Президент матбуоти Каримов шахсини улуғламаслик ҳақида баёнот қабул қилишга ҳам тўғри келди.

Бунинг бир қанча сабаблари бўлиши мумкин:

-Бу билан Каримовнинг қанчалик “камтар”лигини кўрсатиш;

-Каримовнинг куни битгани учун унинг номини кўтар-кўтар қилишни пасайтириш;

-Каримовнинг ўзига бу мақтовлар масхарабозлик ёки мазах бўлиб туюлгандир. Ҳарқалай, жиноят учун бу қадар мадҳ ўқисалар, жиноятчи ҳам уялса керак-да!

Шу уч сабаб туфайли ушбу баёнот эълон қилинган бўлиши мумкин. Шунингдек, Фарғона вилояти ҳокимиятида Каримовнинг бюсти ўрнатилгани ҳам ушбу баёнотда айтилган. Эҳтимол, Каримов ўзи бошқараётган халқнинг бу қадар қўйлигидан энсаси қотгандир, шунинг учун ўзининг шаънига қилинаётган мақтовларни қабул қилгиси келмагандир.

Мени азоблаган нарса – бугун ўзбек миллати ўзини шу қадар ерга ургани бўлди. Демак, миллатимиз фикрламас экан-да! Золимни фарқлай олмас экан-да! Ўзини сўяётган жаллодга шу қадар пайтава бўлар экан-да!

Эмоцияларимни базўр жиловлайман. Йўқ дейман ўзимга ўзим, умид бор… Бу миллат чинакам миллатга айланиши учун умид бор. Зотан, унинг иймонли фарзандлари ҳали кўп, алҳамдулиллаҳ.

Абдуллоҳ Нусрат

01.02.2016 йил

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort