Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Содиқ Сафоев Каримовнинг террорга қарши кураши ўзини оқламаганини тан олди

Содиқ Сафоев Каримовнинг террорга қарши кураши ўзини оқламаганини тан олди
12 Haziran 2018 - 21:22 'да юкланди ва 866 марта ўқилди.

Терроризмга қарши курашда куч ишлатиш ўзини оқламади.

Ўзбекистон Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ана шундай баёнот берган.

11 июнь куни Тошкентда ўтган халқаро анжуманда гапирган Сафоевга кўра, ёшларнинг террорчилик гуруҳлари таъсирига тушишишининг асосий сабаблари таълим муаммоси ҳамда интернетдаги тарғиботлардир.

Сенаторнинг сўзларига кўра, радикал экстремистик гуруҳлар аъзоларининг катта қисмини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади.

“Агар 2000-йиллар бошида террорчи ташкилотларга қўшилган европаликларнинг ўртача ёши 28 ни ташкил этган бўлса, бугунга келиб – 20 ёшни ташкил қилмоқда”,- дея Содиқ Сафоевнинг сўзларидан иқтибос келтирган газета.уз нашри.

У Марказий Осиё давлатларини ёшлар орасида экстремизм мафкурасининг ёйилишидан огоҳлантириш бўйича превентив чоралар устида биргаликда ишлашга чақирган.

Фарқли ёндашув

Ўзбекистон ўтмишда экстремизм ва терроризмга қарши асосан куч ишлатиш йўли билан курашиб келган.

Инсон ҳақлари ташкилотлари марҳум Каримов ҳукуматини террорга қарши курашдан репрессияларни оқлаш йўлида фойдаланишда айблаганлар.

Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён 18 минг одам ўзбек ҳуқуқ-тартибот идораларининг қора рўйхатидан чиқарилган.

Президент Мирзиёев терроризмга қарши фақат куч билан курашиб бўлмаслигини айтган.

Ўтган йил мартида Қозоғистон матбуотига берган интервъюсида Мирзиёев минтақавий хавфсизлик ва террорчиликка қарши кураш борасидаги фарқли ёндашувини баён қилган.

Унинг айтишича, хавфсизлик чоралари иқтисодий тараққиётни таъминлаш учун муҳим.

Аммо айни пайтда фақат куч билангина барқарорлик ўрнатиб бўлмайди.

“Террорчилик ва радикаллашувга қарши кураш фақат хавфсизлик чораларинигина эмас, балки барқарор иқтисодий ривожланиш, тадбиркорлик ва одамларнинг эҳтиёжларини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни ҳам ўз ичига олиши зарур”, – деб айтган Шавкат Мирзиёев.

У қўшни Афғонистонда тинчликка эришиш учун аввало иқтисодий тараққиётни таъминлаш зарурлигини таъкидлаган ва бутун минтақа давлатларини айни жараёнда иштирок этишга даъват қилган.

Манба: Би-Би-Си Ўзбек

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort