Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Ўзбек халқининг келиб чиқиши”

“Ўзбек халқининг келиб чиқиши”
13 Haziran 2018 - 12:22 'да юкланди ва 1210 марта ўқилди.

Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида Каримов режимини фош қилувчи мақолалар ёзган Акром Малик бугун қамоқда ўтирибди.

У 2017 йилнинг 13 январ куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди томонидан 6 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Ҳозирда Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи бир неча халқаро ташкилотлар ва маҳаллий аҳоли вакиллари ёш олим ва журналист Акром Маликнинг озодлигини талаб этмоқдалар.

Эътиборингизга Акром Маликнинг Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида эълон қилинган мақолаларини ҳавола қилиб борамиз.

* * *

“ЎЗБЕК ХАЛҚИНИНГ КЕЛИБ ЧИҚИШИ”

O`zbek-tarixi-kitobi-ahmaqonaАкадемик Аҳмадали Асқаровни Ўзбекистонда илм аҳли яхши билади. Унинг ғайриинсоний одатлари, номардлиги ва илмда ноҳалоллиги ўз доирасига беш қўлдай маълум.

Шу одам “Ўзбек халқининг келиб чиқиши” деган китоб ёзди. Китоб сафсатадан иборат. Муаллиф юзлаб китоблардан фойдаланган. Аммо китобда умуман фикр йўқ, балки қуруқ “цитаталар” мавжуд.

“Цитаталар”нинг 80 фоиз рус тарихчилари китобларидан кўчирма. У шу йўл билан “ўзбек халқининг келиб чиқиши”ни аниқламоқчи бўлган. “Ўзбек миллатининг менталитети” тўғрисида тўхталган муаллиф зардуштийлининг халқ характерида тутган ўрнини гапиради, аммо ислом динини унутади. Гўё 1300 йил давомида ўзбек миллати ислом динидан бехабар бўлган!

Аслида, ўзбек миллатининг – ўзбек халқининг келиб чиқишини туркийлар тарихисиз қандай тасаввур қилиш мумкин? Албатта, Каримовнинг ғояси – ўзбек халқини туркийлардан ажратиб олиш ғоясини исботлашга умрини атаган Асқаровда бундай фикр бўлиши маҳол.

Мазкур “салмоқли” тадқиқот ўзбек тарихшунослиги ортга кетганига бир исботдир. Зотан, ўз тарихини ўзгалардан ўрганишга тиришганларни қандай баҳолаш мумкин?!

Асқаровнинг китобини таҳлил қилиб, унинг камчиликларини кўрсатиб беришга зарурат йўқ, чунки китобнинг ҳар сатри аҳмоқона жумлалардан иборат. Бир-бирига уйқашмаган, ўқувчини чалғитадиган ва маъносисиз гаплар китобда тўлиб-тошиб ётибди. У ўзбек халқининг асосий тарих китоблари – Наршахийнинг “Тарихи Наршахий”, Жувайнийнинг “Тарихи жаҳонкушойи”, Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”, Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома” (бир номдаги икки асар), Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи”, Навоийнинг “Тарихи мулуки ажам”, Абдураззоқ Самарқандийнинг “Мажмаъи баҳрайн” Бобурнинг “Бобурнома”, Ҳофиз Таниш Бухорийнинг “Абдулланома”, Абулғози Баҳодирхоннинг “Шажарайи турк”, “Шажараи тарокима”, Муниснинг “Фирдавсул иқбол”, Огаҳийнинг “Равзатус сафо” ва шу каби тарихчиларнинг асарларини нима учундир тилга ҳам олмаган.

Совет мафкураси бу китобларнинг асосий қисмини илмийликдан йироқ ва афсона, муболағалардан иборат деб билар эди. Ҳолбуки, ўзбек тарихини, унинг келиб чиқишини бу асарлар орқали ўрганмасак, яна қайси йўл билан тиклаш мумкин?

Ўзбек мумтоз адабиётида яратилган катта маснавий – достонларда, ахлоқий рисолаларда, шунингдек, ақида, фиқҳ, тафсирга оид китобларда, турли даврларга оид миниатура суратларида, умуман, маънавий ва моддий шаклдаги ёдгорликларнинг ҳар бирида халқимиз тарихининг бирор қирраси акс этган. Уларнинг ҳар бир саҳифасида халқимизнинг эътиқоди, яшаш тарзи, тафаккур даражаси ҳақида саҳиҳ маълумотлар сақланган.

Тарих – воқеаларнинг тизилган занжири эмас. Тарих – бирор халқ, миллатнинг ёки умумий олсак, инсоният тафаккуридаги эврилишлар, руҳияти – маънавиятидаги ўзгаришлар силсиласи, жараёнидир.

Шу маънода, ўзбек халқи тарихини ёзишга киришган олим шу масалани бирламчи деб белгилаб олиши шарт. Аммо Асқаров ва унинг типидаги одамлар (олимлар) бу тушунчадан йироқ. Улар бир миллатнинг келиб чиқиши бошқаси билан боғлиқлиги ёки аксинчалиги ҳақида бемаъни ва фойдасиз баҳслардан бўлак ишга ярамайдилар. Улар шунчаки воқеаларнинг баёнини, исм ва атамаларнинг бўтқасини тарих деб ўйлашади. Улар халқнинг тарихини шу заминдан эмас, бегона жойлардан ахтарадилар.

Бугун ўзбек халқи ўз тарихини билмайди. Ота-боболари қандай яшаган, нималарни фикрлаган, нималарни орзу қилган – барчасидан бехабар. Ҳатто, бу халқ ўз ўтмишини ёмон кўради, ундан нафратланади. Бу нафрат салкам 200 йилдан буён давом этиб келаётган мустабидларнинг ҳаракатлари мевасидир.

Умуман олганда, тарихни шу заминдаги ўтмиш ёдгорликлари асосида яратиш унутилган. Халқ чинакам тарихдан узиб қўйилган. Бугун ўзбек халқи Бухорий, Термизий, Форобий, Улуғбек, Навоий каби даҳоларнинг номларини тўтиқуш каби такрорлашни билади, холос. Уларнинг асарларини ўқиш, мағзини чақиш ва боболари каби фикрлаб, уларнинг юксак орзулари билан яшаш неъматидан эса маҳрумдирлар. Чунки номлари улуғланган бу даҳоларнинг номлари улуғ, холос. Уларнинг асарлари ва асарларидаги ғоялар эса – “запрет”да – таъқиқда. Чунки у ғояларнинг барчаси бугунги Каримов ҳукумати ва унинг тузуми учун қаршидир. Керак пайтда, ўша ғоялардан бирор қисми олинади ва сиёсат йўлида ишлатилади. Хусусан, шу кунларда таваллуд кунлари нишонланаётган Навоий ва Бобурлар каби.

Бу йил Навоийнинг 575 йиллик тўйи қилинмоқда. Совет давридан қолган сарқитга мувофиқ, Ўзбекистонда фақат маълум баъзи бир йиллар – чиройли кўринишдаги рақамлар учун тўй қилинади. Масалан, 570, 575, 580 каби. Шу каби рақамлар арафасида Навоийни ёки бошқа бирор шахсни эслайдилар, кўтар-кўтар қиладилар, ТВ, радио, матбуот фақат шу ҳақда гапириб одамларни безитиб ташлайди. Асл ҳақиқат ҳам шунда – Ўзбекистонда деярли ҳамма – расмий доирадаги барча одамлар, олимлар, зиёлилар Навоийдан фақатгина мақола ёзиш, ном қозониш, давр сиёсатини мақбуллаш учун фойдаланишади.

Улар Навоийни қалб билан, истак билан, руҳ билан ўқимайдилар, завқланмайдилар.

Бутун мамлакат Навоийнинг номини хўр бўлиб, жўр бўлиб такрорлайди, аммо Навоийнинг “нун”и ҳақида ҳам тасаввурлари йўқ.

ТВда артистларга, калласи бўм-бўш отарчиларга Навоийнинг ғазалларини ўқитадилар, аммо улар нима деётганларини ўзлари фаҳмлашмайди.

Чинакам истак билан халқ маънавияти учун курашаётган умидсиз кайфиятда, аммо қўлдан келгани шу деб тиришаётганларнинг сони кўп эмас – борса, беш-ўн киши. Қолган олимлар – бутун Республика мансаб, қорин, бойлик ва жон сақлаш қайғусидадир.

Дарвоқе, биз гапни Асқаровнинг бемаъни, бир неча тонналик макулатурадан бўлак нарсага ярамайдиган 5000 нусхада чиққан, қалин муқовали, беш юз бетдан ошиқ китоби ҳақда гап бошлаган эдик. Бу каби лўттибоз “тарихчи”лар қўлида қолган миллатнинг эртаси шу кетишда яхши бўлмаслиги аниқ.

Аммо ёруғ кунлар сабрлилар учундир – чинакам халқ фарзандлари кутган онлар яқин. Ўзбекистон ўзининг фидойи ўғлонлари жасорати сабабли бир куни росмана озодликка, ҳурликка эришган кунидан бошлаб, барча ёлғонларнинг ўрнини ҳақиқатлар олажак, иншаОллоҳ.

Абдуллоҳ Нусрат

07.02.2016 йил

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 1 Yorum )

  • Fazliddin Yokub ;

    Hakikatdan ham halkimizga oz tarihimizni togrisini korsatib bera oladigan holis olimlar oozing .

    14/06/2018 01:58
Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort