Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ўзбекистонда ислоҳотлар ёки эшакнинг от ўйинлари

Ўзбекистонда ислоҳотлар ёки эшакнинг от ўйинлари
23 Haziran 2018 - 8:00 'да юкланди ва 888 марта ўқилди.

Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида Каримов режимини фош қилувчи мақолалар ёзган Акром Малик бугун қамоқда ўтирибди.

У 2017 йилнинг 13 январ куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди томонидан 6 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Ҳозирда Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи бир неча халқаро ташкилотлар ва маҳаллий аҳоли вакиллари ёш олим ва журналист Акром Маликнинг озодлигини талаб этмоқдалар.

Эътиборингизга Акром Маликнинг Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида эълон қилинган мақолаларини ҳавола қилиб борамиз.

* * *

ЎЗБЕКИСТОНДА ИСЛОҲОТЛАР ЁКИ ЭШАКНИНГ ОТ ЎЙИНЛАРИ

Ўзбекистон – ислоҳотлар диёри. Ҳар йили, керак бўлса, ҳар ойда янгидан янги ислоҳотлар, барча соҳаларни замонавийлаштириш, ҳар жабҳада модернизацияга эришиш сари бутун халқ жонажон ҳукумат раҳнамолигида бир тану бир жон бўлиб қадам ташлайди.

Газеталарда турли лойиҳалар эълон қилинади, ҳукумат бу лойиҳаларга пул ажратади, бу пулни икки-уч киши бўлиб олиб еб битиришади; ҳар куни телеканаллар бўйлаб ўз ҳуқуқингизни ҳимоя қилинг, агар биров сизга бир бало деб “лишний” гап қилса, мана бу рақамларга тилпон уринг, айниқса, тадбиркорлар давлат кенг қанотлари остидадир деб бонг уришади.

Аммо одамлар кўзига қарасангиз сунъийликдан ҳориган тасвирни топасиз. Халқнинг руҳи чўккан, худди қўғирчоққа ўхшаб қарсак уришни билади, холос. Халқ фикрлашдан маҳрум қилинган. Одамларга фикрлаш тақиқланган. Ғафлатга ботирилган оммани уйғотиш ҳеч қачон осон бўлмайди.

Яқинда Республикада таксистларнинг ҳаракатларини тартибга солишга уриниб қолишди. Битта қарор ҳам чиқди. Агар кимки, мошинасини сариққа бўяб, тепасига такси деган ёзувни қўндириб ҳайдамаса, кира қилишга ҳақи йўқ экан. Унинг ёнига янада ривожланиш белгиси сифатида ҳамма ҳайдовчилар ранги яшил бўлган бир нимча сотиб олишга мажбурланди. Бу билан ҳукумат ўзининг хақпарварлигини, шу нимчани кечқурун кийса, ҳар хил палакатлар бўлмаслигини маълум қилмоқчи эди. Аммо “онги паст” халқ буни тушунмади, айниқса, фейсбукда бу ислоҳотлар роса мазах қилинди.

Ўзбекистонда эркакларнинг ярми таксист, ярми мардикор. Мардикорларни иш жойига элтиш учун таксистлар пул олиб тирикчилик қиладилар. Хотинлар эса бозорлар, чойхоналар ва бошқа жойларни ҳам эгаллаб олишган. Шу шароитда бутун мамлакатдаги таксистларни назоратга олиб бўладими? Вилоятларни ўзаро таксистлар боғлаб туришади. У вилоятдан бу вилоятга борадиган таксистларнинг саноғи маълум эмас. Пойтахт ичида эса бекор қолган одам эрмакка чиқиб кира қилади. Бу қарор Каримов ҳукуматининг барча қарор ва фармонларига уйғун шаклда жуда бевақт чиқарилди. Қарор 2016 йил 1 мартдан эътиборан кучга кирди. Бир неча норасмий киракашларни ушлашди, шўрини қуритишди. Аммо Фарғонага қатнайдиган таксистлар қараб ўтиришмади – йўлда – водийга борадиган йўлда постлардан бирида уларни тўхтатиб жарима соламан деган ДАН ходимини чавақлаб ташлашди.

Бу бир мартагина содир бўлса майли эди, аммо бир ҳафтанинг ўзида – мартнинг иккинчи ҳафтасида ҳар куни икки-уч марта ДАН ходимларига пичоқ уришди, улардан ўша жойнинг ўзида ўлганлар ҳам бўлди, аммо воқеалар зудлик билан бости-бости қилинди. Устига устак Тошкент вилоятининг Тўйтепа шаҳрида вилоят МХХ раҳбарларидан бирининг 18 яшар жияни тўртта одамни эрмакка Қўйлиққа олиб келаётганида тўхтатиш учун кўрсаткичини кўтарган ДАН ходимини бориб урган ва бечора ходим мошиннинг олд ойнасига – “лобой”га ёпишиб қолган. Шу тарзда эллик метрли сайрдан кейин думалаб даланинг четидаги эгатга тушиб кетган. Эркатой эса газни босиб жўнаб қолган. Хайриятки, ДАН ходими ўлмай қолди, аммо бундан кейин йўл юзида турмаса керак. Йигитчани бўлимга оборишди, ярим соат ҳам ушлаб ўтирмай қўйиб юборишди, зотан, уларнинг айтишича, “йигитчиликда бунақа шўхликлар кўп бўлади, ҳаммамиз ҳам ёш йигит бўлганмиз”.

Ана шу воқеалардан сўнг Ички ишлар вазирлиги бирдан ҳушёр тортди, бу хабарлар энг юқори органларга қадар чиқиб борди, ҳукуматдан норасмий равишда амр келди: “Таксистларни текширманглар!”

“Қарор нима бўлади?”

“Нима бўларди? Ўзбекистонда ҳукуматнинг қайси қарори ишлаяптики, энди бу ишласа? Бу аҳмоқ, онгсиз халқ қарорга тушунармиди!”

Шундай қилиб дастлаб “қаттиқ кучга кирган” ҳукумат қарори март ойи ўз поёнига етиб улгурмай ҳамманинг эсидан чиқди.

Мустабид ҳукмдорлар халқни ўз қўлида қул каби тутиб туриш учун бир қанча методлардан фойдаланишади. Бу методлар халқни чалғитиш, диққатини муҳим бўлмаган нарсаларга жалб қилиш учун хизмат қилади. Булардан бири қурилишлар қуришдир. Каримов буни яхши қўллайди. Ҳар йили турли “бунёдкорлик” ишларини амалга оширади. Шу билан мамлакат тараққиёт йўлида кетаётганига одамларни “ишонтиради”.

Яна бир усул умуман амалга жорий қилинмайдиган турли қарор ва қонунлар чиқариш. Масалан, таксистлар ҳақида қарор шулар жумласидандир.

Бирор соҳада кескин ўзгариш қиладигандек ўзини кўрсатиш. Бу ролни ҳам Каримов ва унинг ҳукумати қойиллатиб ижро қилади. Масалан, ҳокимларни мақтаб-мақтаб ишга қўяди, кейин сўкиб бўшатади; энди эскича яшай олмаймиз деб бақир-чақир қилади, лекин реал ҳаётда бирор ўзгариш кўзга ташланмайди.

Бундан ташқари турли байрамлар, концертлар, шоулар ўтказилади, байрамлар дам олиш кунлари деб эълон қилинади, мамлакатда умуммиллий ҳашарлар ўтказилади, бу ҳашарларнинг ясама ўйин эканлигини итдан тортиб битгача яхши билади, аммо ҳеч ким индамайди. Шу тариқа халқ миясидан зарба олган одамга ўхшаб гангиб туради. Ҳеч нарсани англамайди. Халқ орасида кимдир чинакам вазиятни тушуниб қолса, бошидан жудо қилинади.

Бугун – 21 март Наврўз байрами. Каримов кундузги соат 10.00 дан бошлаб Алишер Навоий номидаги Миллий боққа келади, одамларни алдаш учун зўр бериб маъруза ўқийди. Ҳамма қарсак чалади, номдор ва донгдор отарчилар икки соат магнитафон овозига мослаб лаб қимирлатиб туришади, томошабин бўлиб “кирган” (аниқроғи, киритилган)  халойиқ ўзи ўтирган скамейкалардан туриб, қўл ликиллатиб туришга мажбур бўлади. Бу ҳам камдек тиржайиб туришлари ҳам зарур. Каримов эса байрам якунланиши арафасида ўйнайди, у, асосан, нима учундир – Хоразм лазгисига рақс қилади. Кейин эса Озодбек Назарбековнинг “Найда бор” деган қўшиғига ўйнайди. Мана, беш йилки, юртбоши шу икки қўшиққа рақс тушади, холос. Буни ҳамма билади. Гўёки муҳтарам президент шу икки қўшиқни севади. Бўлмаган гап! Бу ерда Каримовнинг тили билан айтсак, “сиёсий алдоқчилик” бор. Гап шундаки, Каримовнинг ягона ва унинг учун энг хавфли рақиби  Муҳаммад Солиҳ Хоразмда туғилган. Хоразм халқи Муҳаммад Солиҳ важидан кўтарилмасин деган қўрқув билан лазгига шох ташлайди у. Агар лазгига ўйнасам, бу халқ мени яхши кўриб, ўзининг ўғлини унутади деб ўйлайди Каримов. Шунингдек, Каримов водий аҳлидан чўчийди. Айниқса, Андижон ва Наманган бу борада алоҳида ўринга эга. Андижонда юз берган 13 май воқеасидаги қирғиндан кейин андижонлик хонанда Озодбек саҳнага олиб чиқилди, машҳур қилинди ва Каримов унинг қўшиқларига рақс этадиган бўлди. У Озодбек Назарбеков орқали Андижон халқи ғазабини сўндириб туришни мақсад қилган.

У бошқа вилоятлардан хавфсирамайди: “Самарқанд – ўзимнинг юртим, Бухоро ахлоқан бузилган, Қашқадарё ва Сурхон тарафларда эса ҳеч қандай норозилик бўлмайди, у томонлардагилар бағрикенг, кўп нарсага эътибор беравермайди”.

Бу фикрларнинг ҳаммаси Каримовга тегишли. У йигирма беш йил давомида ҳукмдори мутлақ бўлиб кўринса ҳам, маҳаллийчиликдан воз кеча олгани йўқ.

Тахминан 20 дақиқа ўтиб Наврўз байрам тантаналари бошланади, кузатиб боринг ва биз айтган гапларнинг тўғри эканига шоҳид бўлинг. Дарвоқе, “байрам тантаналари”ни кўришда сабрли бўлинг ва Каримовнинг алмойи-алжойи нутқларига тоқат қилинг.

Абдуллоҳ Нусрат

21.03.2016 йил

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort