Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Туркия бу гал кимни сайлайди?

Туркия бу гал кимни сайлайди?
23 Haziran 2018 - 18:46 'да юкланди ва 846 марта ўқилди.

Туркиядаги президентлик сайловида Ражаб Тойиб Эрдоғандан ташқари бирлашган мухолифат ҳам ғолибликка жиддий даъвогар. 16 йилдан буюн иқтидорда қолаётган Эрдоған ҳокимиятини яна давом эттириши ёки янги лидер танланиши мумкин.

Сайлов арафасидаги ижтимоий сўровлар натижаси шиддат билан ўзгариб турибди. Туркияда яшаб келаётган ўзбек мухолифатчиси Муҳаммад Солиҳ ким ғалаба қозонишидан қатъи назар натижа Туркия-Ўзбекистон алоқаларига жиддий таъсир кўрсатмайди деган фикрда.

Туркиядаги бу галги сайловлар мамлакатнинг президентлик бошқарувига ўтиши билан ҳам диққатли. Янги президентнинг ваколатлари жиддий кучайтирилади. Ушбу ташаббус Эрдоған томонидан олға сурилган эди. Аммо у сайловда ғолибликка даъвогарлардан бири, яққол лидер эмас. Бу гал бирлашган мухолифатнинг ҳам ғалабаси ҳақиқатга яқин кўрилмоқда.

Муҳаммад Солиҳга кўра, ғолибни олдиндан башорат қилиш қийин.

“Сайлов кампанияси бошланганидан буён вазият ҳар куни ўзгариб турибди. Айни пайтдаги натижаларга кўра, Эрдоғанни, иқтидордаги партияни қўли баланд. Аммо Жумҳурият партиясидан унинг раиси эмас, фаоли Муҳаррам Инжанинг номзоди президентликка сурилиши мухолифат имкониятини анча оширди. Муҳаррам Инжа мухолифатни жамоатчиликка янги бир қиёфада тақдим эта олди, муаммоларни яхши тушунган, ечимини таклиф этишга қодир сиёсатчи сифатида намоён бўлмоқда”, – дейди у.

Жумҳурият Халқ артияси вакили Муҳаррам Инжа

Сўнгги сўровлар натижасига кўра, ғолибликка асосий даъвогар – Тойиб Эрдоған. У биринчи босқичида 50 фоиздан ошиқ овоз олади деган тахминлар мавжуд.

Муҳаммад Солиҳ фикрича, сайлов кампанияси ниҳоясида Эрдоғаннинг рейтинги юқорилаган, аммо унинг узоқ йиллардан буён ҳокимиятда қолаётгани акс натижани бериши мумкин.

“У Туркияни 2002-йиллардан бошқариб келаётганини ўзи бир тарихий воқеа, чунки Отатуркдан бошқа ҳеч қайси лидер давлат бошқарувида бунча узоқ қолгани йўқ. Албатта, ҳар қандай иқтидор бунчалик узоқ бошқарувдан сўнг халқ орасида обрўсизланади. Айниқса, демократик тузумда лидернинг обрўсизланиши ҳам, обрў орттириши ҳам жуда тез юз беради. Битта воқеанинг ўзи кўп нарсани ҳал қилиши мумкин, ҳам ижобий, ҳам салбий йўсинда. Шу маънода, иқтидордаги ҳукуматда бир ҳорғинлик бор эди шу кунгача, аммо сўнгги вазиятга кўра партия рейтинги яна мустаҳкамланмоқда. Эрдоған биринчи босқичда ғалабага эришади деган қарашлар мавжуд”, – дейди Муҳаммад Солиҳ.

Сайлов мамлакат тарихида илк бор президентлик учун аёл киши курашаётгани билан ҳам аҳамиятли. “Ийи” (Яхши) партияси етакчиси Марал Оқшанар мухолифат имкониятини яхшилаши мумкин.

“Туркияда сиёсатида аёллар бўлган, аммо менимча у жумҳурият тарихида мамлакат раҳбарлигига ўз номзодини қўйган илк аёл киши. Шахсан танийман, миллатпарвар сиёсатчи. Ички ишлар вазири бўлган. Партия яқинда ташкил топди, иқтидордаги ҳукуматга мухолифлигини эълон қилган. Ҳозир иккинчи, учинчи ўриндаги машҳур партиялардан бирига айланган. Парламентдан 20-25 фоизлик ўрин олиши башорат қилинмоқда”, – дейди Солиҳ.

Туркияда президентлик сайловлари билан бир қаторда парламент учун сайловлар ҳам ўтади. Эрдоған етакчилигидаги “Адолат ва тараққиёт” партияси 2002-йилда ҳокимиятга келган эди. Эрдоған Туркияни икки муддат бош вазир мақомида бошқарди. Кейинчалик ўз номзодини президентликка сурди, президент парламентда эмас, халқ сайловида аниқланадиган бўлди. 2004-йилдаги сайловда Эрдоған 50 фоиздан ошиқ овоз билан ғалаба қозонган эди.

“Ийи” (Яхши) партияси етакчиси Марал Оқшанар

Эрдоғаннинг бошқаруви Ғарб билан совуқлашиш, Россияга яқинлашиш билан кузатилди. Туркиянинг ташқи дунё билан муносабати қандай бўлиши сайлов натижасига таъсир кўрсатувчи омиллардан, аммо бу Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистон билан тикланаётган алоқаларга дахл қилмаслиги айтилмоқда.

“Сайловда ким ғалаба қозонишидан қатъи назар Тойиб Эрдоған ва Шавкат Мирзиёев бошлаб берган илиқлик муҳити янада мустаҳкамланади, деб кутяпман мен. Чунки Каримов томонидан қилинган жоҳилона сиёсат ҳар икки томонга катта зарар берди. Фаросатли сиёсатчи бу хатоларни такрорламайди, ким келишидан қатъи назар алоқалар ижобий йўналишда давом этади. Ташқи сиёсатда Эрдоғанни Россияга яқинлашиш тенденсиясида бироз босилиш ҳам кузатилади, шунингдек, Ғарб билан алоқаларни бутунлай узиб ташлаш ҳам Туркия фойдасига эмаслиги англанмоқда”, – дейди Муҳаммад Солиҳ.

Туркия халқи 24-июн куни президентва парламент учун овоз беради. Президентлик учун асосий кураш Эрдоған ва Жумҳурият Халқ Партияси вакили Муҳаррам Инжа ўртасида кечиши кутилмоқда.

Манба: amerikaovozi.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort