Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ғофиллик чекинадиган вақт яқин

Ғофиллик чекинадиган вақт яқин
01 Temmuz 2018 - 11:53 'да юкланди ва 867 марта ўқилди.

Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида Каримов режимини фош қилувчи мақолалар ёзган Акром Малик бугун қамоқда ўтирибди.

У 2017 йилнинг 13 январ куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди томонидан 6 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Ҳозирда Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи бир неча халқаро ташкилотлар ва маҳаллий аҳоли вакиллари ёш олим ва журналист Акром Маликнинг озодлигини талаб этмоқдалар.

Эътиборингизга Акром Маликнинг Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида эълон қилинган мақолаларини ҳавола қилиб борамиз.

* * *

ҒОФИЛЛИК ЧЕКИНАДИГАН ВАҚТ ЯҚИН

Яқин ўтмиш йилларига бир назар

1990 йил Каримов Ўзбекистон мустақиллигига, халқ озодлигига тиш-тирноғи билан қарши курашди. Одамларни ССРга қуллик қилишда яшайлик деб “кўндирди”.

1991 йил Каримов Наманганда Тоҳир Йўлдош бошчилигидаги тўда олдида мамлакатни исломий давлат деб эълон қилишга ваъда берди. Сўнг президентлик сайловида зўравонлик билан ўз номзодини ўтказди, бюллутеньларни сохталаштирди, ўзини ўзи президент қилиб тайинлади.

1994 йилгача Каримов мамлакатдаги мухолифатнинг барча йирик аъзоларини йўқ қилишга эришди, у давлат бошқаруви, тараққиёт ҳақида бош қотириш ўрнига ўзининг тили билан айтганда, “душман”ларини ўлдириш, қатағон қилиш билан машғул бўлди.

1999 йилгача Республиканинг ҳар бурчида ўзининг чекланмаган ҳокимиятини тиклади, қолган-қутган рақибларини даф этиш мақсадида 1999 йил 16 февраль куни Тошкентда ўзи портлаш ташкиллаштирди ҳамда айбни мухолифларига, диндорларга юклади. Шу тариқа мамлакатда ёппасига қатағон бошланди, минглаб одамлар қамалди, ёш йигитларнинг умри турмада чиришга маҳкум қилинди.

Йилдан йил ўтгани сайин мамлакатда репрессия кучайди. Одамларни алдаш, уларнинг буюк бир давлатда яшаётганларига инонтириш учун барча ҳийлалар қўлланилди. Ўзбекистон дунёдан узиб қўйилди, ОАВ қолипга туширилди, эл-улус онгу шуури иложи борича кераксиз нарсалар билан тўлдирилди. Йилдан йилга одамлар ижтимоий-сиёсий пассивлаштирилди, ҳақ-ҳуқуқини талаб қилган кишилар жазоланди,  инсонлар ўзганинг тақдирига бефарқ ва лоқайд бўла бошладилар, ҳамма ўз жонини ўйлашга ўтди, биров бировнинг ҳимоясига чиқмайдиган бўлди.

Каримов “сиёсати”га аралашиш, унга танқидий қараш аёвсиз жазоланди. Жамики одамлар уни мақташга, улуғлашга маҳкум этилдилар. Ҳамма ишлар хўжакўрсинга қилина бошлади, кишилар қалбида эркка, ҳалолликка ва адолатга бўлган ишонч сўндирилди. Буларнинг ҳаммаси чуқур ўйланган режа асосида олиб борилди. Бунга ишонинг.

2005 йил Каримов Андижонда яқин икки минг кишини ўлдирди. Аммо жиноят босди-босди, ёпди-ёпди қилиб юборилди. Қариндош-уруғи ўлганлар қўрқитилди, улар ҳам дамини чиқармасликка рози бўлдилар. Юзлаб кишилар қочоққа айландилар.

Кимки, Каримовга қарши чиқса, уялмай-нетмай террорист деб эълон қилинди. Одамлар ҳақиқий террорист ўзларининг бошида ўтирганларидан ғофил қолдилар.

Мамлакатда ахлоқсизлик авж олди. Фоҳишабозлик кучайди, аёллар ўзларини хорижга экспорт қилишга бошлашди, эркаклар эса бегона юртларда сарсон бўлиб оила боқиш ҳаракатига тушдилар.

2007 йилда Ўшда улкан қирғин бўлди. Ўзбеклар ўлдирилди. Аммо Каримов ҳукумати сукут сақлади ва буни энг зўр сиёсий билағонлик деб одамлар онгига сингдирилди.

Каримовнинг ҳаёсиз қизлари мамлакатни ўз томорқаси деб ўйлаб билган номаъқул ишларини қилди.

Адабиёт аҳли, дин уламолари, журналистлар, олимлар, умуман ўзини интеллегенция вакили деб билган кишилар Каримов ҳукуматини қўллаб-қувватлаб қарсак чалди. Кап-катта олимлар, ёзувчи ва шоирлар унга тиз чўкишди.

Шайхга, эҳтимол, суиқасд қилинган

Каримовдан мавқе жиҳатдан ким устун бўлиши мумкин – барчаси яксон этлди. Хусусан, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг кутилмаганда баскетбол залида вафот этиши ҳеч кимни жиддий ўйлантирмади. Ҳолбуки, унинг обрўси Каримов ҳукуматига соя солаётгани, куч ва мавқе жиҳатдан, ҳатто, ундан аллақачон ўзиб кетгани маълум эди. Буюк олимнинг ўлими ҳеч қандай тафтиш қилинмади. Буни биров талаб ҳам этмади. Аслида эса шайх суиқасд қурбони бўлгани ҳақиқатга жуда яқиндир.

Шу тариқа Каримов ўзининг Ўзбекистондаги ягона йирик рақибидан қутулди.

Кесилган чинорлар

Каримов ҳукумати Фарғона водийсидаги чинорларни кесдирди, Фарғон шаҳри нақ жазирама шаҳарга айланди. Аввалги салқин ва сўлим шаҳардан асар ҳам қолмади.

Кейин навбат Наманганга келди. У ҳам шу аҳволга туширилди.

Бу орада пойтахт Тошкентда ҳам юз йиллик чинорларга қирғин келтирилди. Улар ёғоч сифатида мебелчиларга сотилди. Шу ҳудуд дарахтлари бўлган терак, тол, чинор, олма, ўрик, шафтоли, олча, олхўри ва ҳакозолар турганида ўзга мамлакатлардан келтирилга арча, сосна каби кўчатлар экиб ташланди. Бутун мамлакатга бу кўчатлар тарқатила бошланди.

Бунинг оқибати маълум – яқин йилларда бутун мамлакат кучли иқлим ўзгаришига учрайди. Чунки чинорлар нафақат оддий дарахт, балки иқлимдаги стабилликни тутиб турадиган бир восита эди.

Навқирон “зомби”лар ва чексиз буйруқлар

Каримов қилган жиноятларнинг адади йўқ. Аммо… бутун мамлакат жим. Давлатдан ташқари бўлган бирор ташкилот халқ манфаатини ҳимоя қилмади. Халқ ичидан кўнгилли равишда ташкилотлар тузишга эса йўл қўйилмади. Олимлар, шоирлар, ёзувчилар, санъаткорлар, ўқитувчилар, ишчилар – ҳеч ким бирлашмади. Ёшларни айтмаса ҳам бўлади. Ўзбек ёшлари бир хил гапни такрорлайдиган зомбиларга айлантирилди. Улар мақтаниш ва гап сотишдан бўлак амалий ишга ярамайдиган характерсиз авлод бўлди.

Яқинда мамлакат бўйлаб “Буюк юрт фарзандларимиз” деган шиор остида “тадбирлар” ўтказилди. Ҳисоботларда иштирокчи ёшлар сони минглаб эканилиги кўрсатилмоқда. Бироқ ўша ёшлар бу тўдалашувлардан мақсад нималигини мутлақо англамайдилар.

Каримов режими одамларни кераксиз нарсалар билан банд қилиб ташлашни хуш кўради. Шундай бўлсинки, ҳеч ким ҳеч бир ишга улгурмасин, аммо қилиниши шарт ишлар тиқилиб ётсин. Бунинг йўли осон экан – ҳамма идораларга буйруқ устига буйруқ юборилади, топшириқ устига топшириқ берилади. Ижро зудлик билан талаб қилинади. Қарабсизки, ҳеч ким ҳеч нарсага улгурмайди.

Имомларнинг ҳафталик ҳисоботлари

Масалан, диний соҳани олайлик. Бугун Ўзбекистонда туман имом хатиблари ҳар ҳафта жума намозидан кейин Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакиллигига ҳафталик ҳисобот юборадилар. Ушбу ҳисоботда имомлар ҳафта давомида олиб борган турли маънавий-маърифий тадбирлари, ОАВда қилган чиқишлари, масжид томонидан амалга оширилган эҳсонлар акс этиши зарур.

Ростгўйлик тарғиботчиси ҳисобланган имомлар бўлган-бўлмаган тадбирларни ёзаверадилар, зарурат туғилса, керак бўлар деб сохта баённомалар ёздирадилар. Буёғи ундан ҳам қизиқ: мақола ёзмайдиган, Каримов сиёсатини мақтамаган имомлар вилоят имомларининг йиғилишларида ҳақорат ҳам қилинади, йил сўнгида ким кўп “тадбир ўтказган” бўлса, ўшанга қандайдир бир чангютгич – плесос, телевизор ва фахрий ёрлиқ топширилади. Шу  билан имом хатиб хурсанд. Бундан ташқари имом хатиблар туман ва баъзан вилоят ҳокимлиги ўтказадиган мажлисларда, бош вазирнинг селекторида қатнашишга мажбурланади. Улар бу йиғилишда ҳокимларнинг сўкинишлари, бепарда ҳақоратларини тинглаб ўтиришади.

Исҳоқжон Муҳаммаднинг қисқа ворислик фаолияти

Тошкент шаҳридаги “Тўхтабой” жоме масжиди (Чақичмон) имоми Исҳоқжон Муҳаммад шайх Муҳаммад Содиқдан сўнг ўзини унга бир маънавий меросхўр деб ўйлади.

Шунга мувофиқ у сайт очди, гарчанд ўзининг адабий саводи ҳаминқадар, диний илми ўртамиёна бўлса ҳам, характеридаги урушқоқлик, маърузаларидаги жазава орқали кўп мухлислар орттирган эди. Унинг сайти тез орада кўзга ташланди, унга хизмат қиладиган котиблар, программистлар пайдо бўлди. Исҳоқжон Муҳаммад фейсбукда ҳам фаоллашди, турли меҳрибонлик уйларига, пахта далаларига бориб расмга тушди, ўзини ўта фаол имом сифатида кўрсатди. 2015 йилнинг баҳорларида бошланган фаолият 2016йилнинг бошида сўнди. Сабаби шуки, унинг масжиди ёнида портлаш бўлди. Кичик бомба портлади ва ҳамма ёққа шов-шув бўлди. Сўнг шу баҳона Исҳоқжон Муҳаммадга тайзиқ қилинди, бир неча марта МХХга чақирилди, унинг масжидига ким келса, баравар сўроққа тортилди. Натижада, Исҳоқжон Муҳаммаднинг шайх Муҳаммад Содиққа ворислиги қирқилди.

Эслатиб ўтиш керакки, Исҳоқжон Муҳаммад имомлик қиладиган масжидда илгари Обидхон қори Назаров имомлик вазифасини бажарган.

Тошкент шаҳри бош имоми Анвар қори Турсунов ўз маърузаларида асоан, ўзини пичоқлаб кетишгани ҳақида гапиради. Қолганларнинг ваъзлари ҳам мана шу саъвияда.

Чунки уларнинг ҳаммаси ҳафталик ҳисобот тайёрлаши керак, китоб ўқишга вақтлари йўқ, қолаверса, кутилмаган вақтда диний идора масжидларга текширув юбориб туради. Бу текширув масжид имомининг билими, қавмнинг фикрини эмас, балки масжидга тушган эҳсонлар ҳамда турли баённомаларни ўрганади, холос.

Қисқаси, буларнинг ҳаммаси Каримовнинг “доно” сиёсати мевасидир.

Сўнган ишонч ва уйғониш қатъияти

Одамлар орасида ўзаро ишонч йўқ. Ҳеч ҳукуматдан адолат кутмайди. Аммо унга қарши ҳам чиқмайди.

Кўпчилик Каримов ҳукумати ҳали-вери амалдан кетмайди деб ўйлайди. Аммо бир куни – балки бу жуда яқин – ҳамма Каримовни кишанланган ҳолда кўради. Золим режим аъзолари эса унинг ёнидан жой олган бўлишади. Уларнинг ҳаммаси халқ олдида қилган жамики жиноятлари учун жавоб беришади. Каримов режимининг асл башараси очиб ташланади.

Бу кун – яқин қолди. Зотан, халқ онги қанчалик фалаж қилинмасин, уни уйғотадиганлар бор. Улар ғофил эмаслар ва ҳар лаҳза бедорлик билан мамлакатнинг чинакам ҳурлиги учун курашмоқдалар.

Абдуллоҳ Нусрат

04.04.2016 йил

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort