Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Каримов режими бўри олдидаги қуёндир

Каримов режими бўри олдидаги қуёндир
02 Temmuz 2018 - 8:00 'да юкланди ва 969 марта ўқилди.

Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида Каримов режимини фош қилувчи мақолалар ёзган Акром Малик бугун қамоқда ўтирибди.

У 2017 йилнинг 13 январ куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди томонидан 6 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Ҳозирда Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи бир неча халқаро ташкилотлар ва маҳаллий аҳоли вакиллари ёш олим ва журналист Акром Маликнинг озодлигини талаб этмоқдалар.

Эътиборингизга Акром Маликнинг Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида эълон қилинган мақолаларини ҳавола қилиб борамиз.

* * *

КАРИМОВ РЕЖИМИ БЎРИ ОЛДИДАГИ ҚУЁНДИР

Майдонда курашга шайланган икки жангчини тасаввур қилиб кўринг. Бу жангчиларнинг бири Ўзбекистон Халқ Ҳаракати, бири эса Каримов диктатураси.

Одамларнинг кўз ўнгида Каримов режимининг куч-қудрати кўп. Аслида, у тамом чириб битган бир тўнка. Қаттиқроқ зарб билан тепсангиз, юмалаб кетади.

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати эса, шубҳасиз, зулмга қарши курашаётган бўрилар лашкаридир. Зотан, ҳар қандай ҳайвон, ҳатто, шер, фил кабилар қўлга ўргатилиши, қафасга кириши мумкин, лекин бўрини бўйсундириб бўлмайди. У ҳеч қачон циркда масхабозларга қўшилиб томоша кўрсатмаган, оловли чамбаракка қараб сакрамаган. Бўри ҳамиша эркни танлаган. Шунинг учун бўлса керак, турк миллати бўрини ўзи учун рамз сифатида танлагандир. Турк сўзининг луғавий маъноларидан бири ҳам бўри демакдир.

Каримов режими ўз рақибига қарши курашар экан, ҳаром ва ғирром усулларнинг ҳаммасини қўлламоқда. Ҳалол одамларга туҳмат қилиш, ҳақ гапни айтганларни қамаш, ўлдириш йўлидан бормоқда. Фурсат бўлди дегунча ўз рақибининг ғояларини ўғирлаб ўзиники қилиб олмоқда.

Бугун шуни ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон Халқ Ҳаракати Ўзбекистон Республикасида улкан кучга айланиб бормоқда. Ҳаракат тарафдорлари ва содиқ аъзоларнинг адади кундан кун кўпаймоқда. Бу хабар Каримов режимини талвасага солади, Каримов ва унинг шотирлари оёғи куйган товуқдек типирчилайди, тўрт томонга изғиб Халқ Ҳаракатининг аъзоларини излайди, кимларнидир шу “айблов” билан қамаб йўқ қилишга интилади, бу борада туҳмат ва бўҳтондан мутлақо тап тортмайди.

Бироқ Ўзбекистонда ҳукумат Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг шарпаси тугул номидан ҳам қўрқади, ҳаракат фаолларидан, ҳаракат Раиси Муҳаммад Солиҳнинг исмидан даҳшатга тушади. Ҳукуматнинг талвасаси шу қадарки, бу номларни эшитса, ақли шошади, эси оғади, шунинг учун ҳеч қаерда ўз рақибининг номини тилга олмайди, тилга олдиртирмайди. Чунки Муҳаммад Солиҳни халқ яхши билади, унинг номини тилга олиш, унинг фаолияти ҳақида ахборот бериш, шубҳасиз, катта рекламадир. Одамлар ўз раҳнамоси ким эканлигини яхши эслайди.

Ўзбекистон ҳукумати шундан қўрқади. Каримов ва унинг югурдаклари икки ўт орасида: Солиҳ ва унинг ҳаракатини ошкора қоралайман деса, халқ ишонмайди. Зотан, одамлар ҳали “Эрк” партиясининг жасоратини унутгани йўқ ва унутмайди ҳам. Иккинчидан, Каримов режими учун улкан хатар бўлган бу ҳаракатнинг номини тилга олмай, уни қораламай қайси йўл билан қарши курашиш мумкин?!

Диктатура учун ҳар икки ҳол ҳам катта ҳалокат. Ўзбекистон Халқ Ҳаракати, шубҳасиз, Ўзбекистон ҳукуматини, Каримов режимини бурчакка тиқиб қўйди, Ўзбекистон Халқ Ҳаракати олдида Каримов режими худди бўри олдида типирчилаётган қуён кабидир.

Каримов режимининг жиноятлари улкан. Шу қадар улканки, уни яшириб бўлмайди. Шунинг учун режим эгалари ўз жиноятларини бўяб, худди фазилат каби кўрсатмоқдалар.

Тасаввур қилинг-а, Ўзбекистон ТВда Ўзбекистон Халқ Ҳаракатини айблашга, қоралашга бағишланган кўрсатув бериляпти. Ҳаракат Раиси экранда пайдо бўлди, одамлар қалқиб тушди: “Бу Муҳаммад Солиҳ-ку!..”

Ҳаракатнинг мақсади – даъвосини диктор бор маҳорати билан жирканиб ўқийди, тингловчилар эса аслида ким ҳақ эканлигини англай бошлайдилар. Кўрсатув поёнига етади, мажбуран Республиканинг ҳамма нуқталарида яна кўрсатиб чиқилади. Бироқ одамларда энди ўзгариш зоҳир бўлади: “Муҳаммад Солиҳ ўтган асрнинг 90-йилларида ҳам шу қадар бир курашчи эди. Ўша даврларда ҳам жасоратли эди. У ўзгармабди. У ҳамон ғайратли. У ҳамон курашчан. Аксинча, янада салобатли бўлибди. Янада донишманд бўлибди. Биз у билан яқиндан танишайлик. Уни чақирайлик…”

Натижада, Каримов режимининг Халқ Ҳаракатига қарши қўллаган провакацияси ўзига қарши ишлай бошлайди. Буни золим режим яхши тушунади. Яхши англайди. Шундан қўрқади у. Одамларга Муҳаммад Солиҳ шахсиятини туман ичида кўрсатишга, ундан бошқаларни қўрқитишга ҳаракат қилади. Лекин аксинча… Халқ ҳамон ўз Раҳнамосини кутмоқда. Қатағон қанчалик авж олмасин, Каримов шахси пуфакдай ҳаво пуфлаб шиширилмасин, унинг каззоблигини яширишга имкон қолмаяпти. Бугун Ўзбекистон халқи боши берк кўчага кирганини англайди. Энди қайси тарафга юришни билмайди. Тўғри йўл кўрсатадиган Раҳнамони излаяпти.

Каримов режими худди Ўзбекистон Халқ Ҳаракатини кўрмаётгандек тутади ўзини. Аслида, эса ўтган асрнинг 90-йилларида бўлганидек, ҳукумат мухолифатга ўзи билиб-билмай бўйсунмоқда. Масалан, ЎХҲ сайтида Ўзбекистон ёшлари ўта пассив ва депрессив кайфиятда қолгани ҳақида мақола чиқса, бироз ўтмай ҳукумат ёшларни “руҳлантирадиган” тадбирлар ўтказишга тушиб кетади. ЎХҲ Ўзбекистоннинг мустақиликка эришиш қандай бўлгани ҳақида “Қуролсиз кишининг озодлиги” деган ҳужжатли фильм ишлаган эди, орадан уч йил ўтказиб Каримов ҳукумати “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” деган сафсатадан иборат эртакфильмни тақдим этди. Халқ Ҳаракати сайтида Каримов шахсияти қанчалик тубанлиги фош қилинса, режим ўз диктаторини шунчалик кўп улуғлайди.

Қисқаси, Каримов режими Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг беаёв танқидлари муқобилида унга қарши нимадир қилишга интилади. Яна бир яққол мисол шуки, Халқ Ҳаракати сайтида Алихонтўра Соғуний, Абдурауф Фитратнинг асарлари давомли равишда чоп этила бошланди, режим шу кунларда диний мазмундаги барча асарларни тақиқлади, бу билан гўёки Соғуний ва Фитратнинг дин асосида шакллантирилган асарлари кунфаякун қилинди.

Бугун Каримов режими ўз интиҳоси томонга яқинлаяпти. Тарих яқин-орада золим режимининг ҳалокатига шоҳид бўлажак.

Абдуллоҳ Нусрат

08.04.2016 йил

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort