Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Амир Темур” ҳам Каримов режимига хизмат қилмоқда

“Амир Темур” ҳам Каримов режимига хизмат қилмоқда
03 Temmuz 2018 - 8:00 'да юкланди ва 722 марта ўқилди.

Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида Каримов режимини фош қилувчи мақолалар ёзган Акром Малик бугун қамоқда ўтирибди.

У 2017 йилнинг 13 январ куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди томонидан 6 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Ҳозирда Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи бир неча халқаро ташкилотлар ва маҳаллий аҳоли вакиллари ёш олим ва журналист Акром Маликнинг озодлигини талаб этмоқдалар.

Эътиборингизга Акром Маликнинг Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида эълон қилинган мақолаларини ҳавола қилиб борамиз.

* * *

“АМИР ТЕМУР” ҲАМ КАРИМОВ РЕЖИМИГА ХИЗМАТ ҚИЛМОҚДА

Бор кучи билан ҳокимиятни қўлда тутишга ҳаракат қилаётган Каримов режими диктатуранинг илк йилларидан бошлаб ўтмишда Туронзаминда яшаб ўтган буюк зотлар – авлиёлар, олимлар, шоирлар, шоҳлар номини ўз манфаатига “хизмат қилдириб” келяпти. Каримов одамларни чалғитиш учун йилларга ном беришни 1991 йилдан одат қилди ва ўша йилни Алишер Навоий деб атаган эди. Кейинчалик ал-Фарғоний, Амир Темур деган йиллар ҳам уюштирилди.

Ўтган мақолаларимизда Каримов диктатурасининг содиқ малайлари томонидан золим ҳукмроннинг буйруғи билан Алишер Навоий, Бобур номлари уларнинг туғилган кунларида оммалаштирилиши тўғрисида тўхталган эдик. Бугун 9 апрел – Соҳибқирон Амир Темур таваллуди куни яна бутун Республика “байрамона” кайфиятда – турли зўраки тантаналар, конференциялар, оммавий ахборот воситаларида “кўтаринки” оҳанг.

Албатта, бу ишларнинг ҳаммаси қип-қизил масхарабозликдир. Масалан, шундай масхарабозликлардан бири Тошкентнинг қоқ ўртасидаги Амир Темур хиёбонида ҳафтанинг сешанба куни – 6 апрел соат 12.00дан 13.00 орасида ташкил қилинди.

Ўзбекистон Халқ артисти, актёрлар орасида ўз интеллекти – ақлий қобилияти билан яхши ҳурматга эга Афзал Рафиқов Амир Темурнинг ҳайкали тагида турибди. Унинг атрофида ўн – ўн беш нафар курсантлар. Яъни Тошкент умумқўшин Олий ўқув қўмондонлик юртининг талабалари. Курсантларнинг ёши ўн ўлти – ўн тўққиз орасида. Актёр улар ўртасида туриб олиб образга киришиб Амир Темур ундай, Амир Темур бундай деяпти. Икки фотограф эса уларни суратга олиш билан банд. Актёр озгина гапириб бўлгач, фотограф олган суратларини унга кўрсатади, кекса санъактор унга тикилади, ҳа, яхши деб қўйди, фотограф эса яна сурат керак деб уларни турли тарафдан турли “поза”ларда расмга туширди.

Шу тариқа расмга тушиш маросими тугагач, кун исиб бораётгани важидан Афзал ака тушликка, курсантлар эса ўқиш жойларига қайтишди.

Олинган расмлар эса матбуотда аскарлар Амир Темур жасорати ҳақида Афзал Рафиқовдан сабоқ олмоқдалар деб эълон қилинади.

Ўйинни қаранг! Бутун Ўзбекистон шу ўйинга ўрганиб кетди-я.

Бечора курсантлар кошки, Амир Темурдан жасоратни ўрганишган бўлса! Қаёқда, улар ўз ўқув юртларида қуллик учун, лозим топилса, ўз халқига ўқ узиш учун тайёрланишяпти. Уларга ҳеч ким жасорат намунасини кўрсатмаган, қолаверса, йигитчалар ўқишга – аксари – ҳарбийларнинг ойлиги катта бўлгани учун кирган. Бу ерга кириш учун озмунча пора берилган дейсизми.

Бугун Ўзбекистон яна “байрам”, қарс-бадабанг!

Амир Темур туғилган кун. Бугун мен Соҳибқиронни бечора дейишга мажбурман. Ул зоти шариф ўзининг муборак исми қаёқдаги бир зоти пастнинг диктатураси учун хизмат қилажагини хаёл қилганмикинлар?!

Албатта, Амир Темурнинг қабрини кавлашди, суякларини чиқариб олишди ҳам, қайта кўмишди ҳам. Балки унинг номини ўйинчоқ қилиш олдида ва Каримовдек бир олчоқ одам Амир Темурга ошкора ўхшатилиши олдида майитнинг суяклари кавлаб олингани маъқулмикин деб ўйга толасан гоҳо.

Инкор қилиб бўлмас ҳақиқат шуки, йил давомида турли сиймоларнинг номлари улуғлаштирилиб, уларнинг таржимаи ҳоли ва асарларидан Каримов диктатурасини қўллаб-қувватловчи нуқталарнинги “топилиши” ва тақдим қилиниши ҳамда одамлар токи ҳукумат кўрсатма бермагунча ўзи истаб бирор аждодини эсламай қўйгани режим ботган ботқоқликни янада ёрқинроқ кўриш ва англаш учун хизмат қилади.

Абдуллоҳ Нусрат

09.04.2016 йил

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort