Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ўзбекистонда “нармалний” кадрлар қолмаяпти

Ўзбекистонда “нармалний” кадрлар қолмаяпти
04 Temmuz 2018 - 11:21 'да юкланди ва 863 марта ўқилди.

Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида Каримов режимини фош қилувчи мақолалар ёзган Акром Малик бугун қамоқда ўтирибди.

У 2017 йилнинг 13 январ куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди томонидан 6 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Ҳозирда Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи бир неча халқаро ташкилотлар ва маҳаллий аҳоли вакиллари ёш олим ва журналист Акром Маликнинг озодлигини талаб этмоқдалар.

Эътиборингизга Акром Маликнинг Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида эълон қилинган мақолаларини ҳавола қилиб борамиз.

* * *

ЎЗБЕКИСТОНДА “НАРМАЛНИЙ” КАДРЛАР ҚОЛМАЯПТИ

Ўзбекистонда бугун ҳамма мансаблар, иш ўринлари сотилади. Ҳатто, хожатхонада қоғоз йиртиб ўтириш учун ишга кираман десангиз ҳам, озгина қистирмасангиз бўлмайди.

“Мактаб-интернат” деган сўз сизга танишми? Таниш бўлса керак. Боқувчиси йўқлар, боқувчиси бўлса ҳам, ақлий ёки жисмоний заифроқ болалар тарбияланадиган мактабни Ўзбекистонда “мактаб-интернат”номи билан аташади.

Мактаб-интернатда ишлаш осон эмас. Чунки ақлан ўсмай қолган ва ўсмаётган болаларни тарбиялаш ҳамда уларни ўқитиш жуда машаққат. Шунинг учун Ўзбекистонда бу мактаб ходимларига бошқа мактабларга қараганда бир ярим баравар кўп ойлик беришади. Масалан, мактабда ўқитувчи бир миллион ойлик олса, интернатда бир ярим миллион олишади. Шунинг учун туппа-тузук муаллимлар беш юз минг кўпроқ пул олиш илинжида мактабда дарс бериш ўрнига интернатда ақли ноқис болаларга тарбиячилик қилишни маъқул кўрадилар гоҳо.

Ўзбекистонда шундай мактаб-интернатлардан бирида бугун директор йўқ. Чунки аввалги директори жиноят билан ишдан бўшади. Албатта, жинояти пора ва валдираш билан боғлиқ. Биз ўша мактаб-интернатнинг рақами, жойлашган жойини келтириб ўтирмаймиз. Аммо баён этаётганимиз мутлақ ҳақиқат. Мақсадимиз – фактларга диққатингизни жалб қилиб ўтириш эмас, Ўзбекистонда пора системасининг қанчалик чуқур илдиз отганига бир далил кўрсатишдир.

Хуллас, мактаб директори ишдан кетгач, унинг ўрнига тайинлаш учун ўша ҳудудда – туманда бирорта муносиб раҳбар топилмаяпти. Аслида, собиқ директор ҳам муносиб бўлмаган.

Туман ҳокимлиги директор тайинлаш керак – одам йўқ!

Шу ўринда қисқа лирик чекиниш ила айтиб ўтиш жоизки, Ўзбекистонда кадрлар ҳамиша муаммо. Давлат тизимида – ишонинг, шубҳа қилманг, балки буни мендан тузукроқ биларсиз – бирор нафар истеъдодли, салоҳиятли, илмли кадр қолмаган. Давлат идораларида ишлаётган хизматчилар ўз вазифасини тушунмайди. Ҳужжат ишларида, фармойишларда доимо пала-партишлик ҳукмрон. Мактаб-интернатда ҳам шу муаммо.

Шу ерда мактаб-интернатнинг ойлиги оҳанрабоси билан ишга келган бир ўқитувчида яхшигина салоҳият бор. Бироз вақт аввал у директор вазифасини бажарувчи ҳам бўлган. Соҳани яхши тушунади. Туман ҳокими ўринбосари уни чақирган ва деган: “Опа, ўн минг доллар беринг. Сизни директор қиламиз. Шундан беш минг вазирликка, уч минг ҳокимга, икки минг менга қолади. Ўзингиз мени ўқитган устозимсиз. Ишониб ҳаммасини айтдим. Шунча пул қаерга кетаркан деманг деб. Фақат бу пулни берганингизни эрингиз ҳам, укангиз ҳам, қисқаси, ҳеч ким билмасин!”

Номзоднинг жаҳли чиқиб кетган: “Менга қара, бошқа опаларингга ўхшаб менинг бойвачча ўйнашим йўқ! Эримга, укамга айтмасдан бу пулни гўрдан топаманми?! Кейин… директорлигинг турган-битгани ғалва! Ўн минг долларга бошимга ғалва сотиб олайми?”

“Опа, бир йилда ўн минг долларни бу ерда икки баробар қилиб чиқариб оласиз. Шошиб гапирманг!”

“Директорлигинг бошингдан қолсин! Менга тарбиячилик маъқул”.

Ана шунақа!

Дарвоқе, Ўзбекистонда мансаб пиллапояларидан кўтарилиб бораётган аёлларни кўрсангиз, бу Каримовнинг ғамхўрлиги деб ўйлаш жуда бир муболаға бўлиб кетади. Ҳамма аёллар ҳам эмас, лекин аксари аёллар ўз номуслари эвазига амалдор бўлишаётгани ҳам ҳақиқат.

Бу гапларни мендан кўра бизга тош отаётганлар яхши билишади. Шу ҳолатга рози бўлиб яшашлари бироз ажабланарли. Қачонгача рози бўлиш мумкин бу қадар зулмга?

Ҳозир баъзи “илмли”лар мамлакатдаги аҳволга подшо жавоб беради, биз унга исён қилмаймиз дейишни ўрганишибди. Уларнинг ақидасига кўра, Оллоҳ таоло қиёмат куни эй бандам, фалон-фалон ҳаром ишлар бўлди, сен нега сукут қилдинг деб сўрамас экан. Балки подшодан сен нима учун зулм қилдинг деб сўрар экан. Шубҳасиз, подшонинг сўроқ бериши аниқ, лекин банда ҳам, агар у мусулмон бўлса, ҳақиқат топталганда сукут қилгани учун жавоб бериб қолиши мумкин.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Агар бирортангиз бирор ғайришаръий ишни кўрсангиз, қўлингиз билан қайтаринг. Қўлингиз билан қайтара олмасангиз, тилингиз билан қайтаринг. Унга ҳам қодир бўлмасангиз, ичингизда ёмон кўринг. Аммо бу иймоннинг энг қуйи даражасидир”.

Қаранг, ғайришаръий ишни, аввало қўл билан қайтариш керак экан! Ғайришаръий иш нима? Шубҳасиз, бу зулм, бу ноҳақлик, бу одамларни эзишдир, инсонийликни топташдир.

Бордию, қўлингиз шол бўлса, тилингиз билан, “Ҳой барака топкур, бундай қилма, гуноҳ!” дейиш керак экан.

Унга ҳам кучингиз келмаса, дейлик, соқов бўлсангиз, бу ишдан нафрат қилиш керак экан. Аммо бу иймоннинг энг суст даражаси экан.

Бироқ, афсуслар бўлсинки, жамики ҳаром-ҳаришга, жамики ноҳақликка жим қараб турганлар соқов ҳам эмас, шол ҳам эмас. Уларнинг бир жуфт бақувват қўллари ва икки қарич тиллари бор. Аммо зулмга таслим бўлишган.

Агар қалбда бирор ўй бўлса, у, шубҳасиз, тилга чиқади. Агар Ўзбекистондаги баъзилар ўзини мусулмон деб ўйлаганда эди, зулмдан норози бўларди. Бу норозилик тилга чиқарди, шубҳасиз.

Тилга чиққач, қўлга ҳам кўчар эди, албатта. Демак, муаммо бизнинг қалбимизда. Қалбимизда зулмга кўникиб қолдикми? Ёки золимга айландикми биз ҳам? Йўқса, нима учун бу каби зулм ва пасткашликлар қаршисида жим турамиз?

Абдуллоҳ Нусрат

19.04.2016 йил

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort