Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Жасорат билан танишув

Жасорат билан танишув
05 Temmuz 2018 - 8:00 'да юкланди ва 566 марта ўқилди.

Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида Каримов режимини фош қилувчи мақолалар ёзган Акром Малик бугун қамоқда ўтирибди.

У 2017 йилнинг 13 январ куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди томонидан 6 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Ҳозирда Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи бир неча халқаро ташкилотлар ва маҳаллий аҳоли вакиллари ёш олим ва журналист Акром Маликнинг озодлигини талаб этмоқдалар.

Эътиборингизга Акром Маликнинг Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида эълон қилинган мақолаларини ҳавола қилиб борамиз.

* * *

ЖАСОРАТ БИЛАН ТАНИШУВ

Болалигимда шоир Шукур Қурбоннинг бир тўртлигини севиб такрорлаб юрардим. Менимча, ўша тўртликнинг матни қуйидагича эди:

Ҳақиқат осмонда деган гап бекор,
Ҳақиқат оёқлар остида хор-зор.
Чинордек қаддини тикласин учун
Бизлардан қўрқмаслик – жасорат даркор.

Агар матнда бирор сўз алмашган ёки ноқислик бўлса, шоирдан афв сўрайман, чунки айни пайтда унинг китобини топиб, тўртликни аниқ келтириш имконига эга эмасман.

Аввалги мақолаларимизда қўрқув ҳақида тўхталган эдик. Бугун эса жасорат тўғрисида суҳбатлашсак…

Жасорат ҳақиқат билан чамбарчас боғланган тушунча. Ҳақиқат жасоратнинг эгизагидир. Жасорат шамоллари эсмагунча ҳақиқат уммони тинч тураверади. Жасорат қуёши порламас экан, зулм булутлари оламни зулматда тутади, зўравонлик чўққиларида музлатилган ҳақиқат эримайди, булоқ бўлиб оқмайди, боғларни яшилликка буркамайди. Юрак қўрқув исканжасидан чиқиб, жасорат кафтидаги қушга айланмас экан, шармандалик ва орсизлик оғриқлари чекинмайди.

Жасорат ҳақиқатни бўямай, бежамай айтиш ва уни тан олишдир. Жасорат ҳақиқат учун курашиш, шу кураш йўлида бир лаҳза ҳам иккиланмаслик, бир лаҳза ҳам чекиниш ҳақида ўйламаслик, ғалабага бўлган ишончни сўндирмаслик, ҳар қандай изтиробни ҳақиқатнинг муждаси деб қабул қилмоқ ва ўлим шарбати тутилса, ҳақиқат шароби каби иккиланмасдан ичишдир. Ана шулар айни жасоратдир.

Жасорат ўзгаларнинг гуноҳларини кечириш, дўстларга муҳаббат кўрсатиш, ўз соғлом эътиқоди йўлида собит туриш, ўзидан кечса ҳам, бошқаларга мурувватли бўлиш, золимга кучга кирса, мазлумлар учун кўкракни қалқон этмоқ, нафс истакларидан воз кечиб ўзини Ҳақ амрларига маъмур билмоқ, Ватан ва халқ, миллат ва эл учун борини тикмоқдир. Ана шулар айни жасоратдир.

Жасорат шайтон ҳийлалари авжга чиққан пайтда уларга алданмаслик, иймон ва эътиқод учун дунёлар қиймати таклиф қилинганда уни рад қила олиш, ҳамиша ҳақиқат учун курашда эканини ҳис этиш, ҳақиқат унга виқор беришини, ҳақиқатни танлагани, адлга суянгани учун Аллоҳ у билан эканлигини бир он ҳам унутмаслик, касал бўлганда ҳам, соғ юрганда ҳам, бойликка кўмилганда ҳам, қашшоқликдан эзилганда ҳам, бошида қилич ўйнаб, бўғзига тиғ тиралганда, бутун олам эли унга тиз чўкканда ҳам Қодир ва Раҳмон Аллоҳнинг энг ожиз бандаси эканлигини бутун вужуди билан туймоқдир. Ана шулар айни жасоратдир.

Жасорат улуғ мақсад йўлида бирлашмоқ, дунёларни зулмат босганда ҳам ёруғликдан умидланмоқ, ёмонликлар ва ёвузликлар тантана сурганида яхшиликка ишонмоқ, ҳатто, инсоният гуноҳ денгизига ғарқ бўлса ҳам Аллоҳнинг амрини ушлаб, Унинг раҳматига юз тутмоқ, адашганларга тавфиқ тилаб дуо этмоқ, унга торлик қилинса, бағрикенглик ила жавоб бермоқдир. Айни шулар жасоратдир.

Бугун биз мусулмонлар – туркий миллат жасоратга ҳар қачонгидан кўра муҳтожмиз. Биз узоқ тарих давомида жасоратга эҳтиёжманд бўлиб ётдик. Ҳақиқат ҳавосига зор қолди димоқларимиз. Аммо ўрнимиздан туриб деразани оча олмадик. Эшикни оча олмадик. Шу ишларни қилиш учун жасоратга зор бўлдик.

Бугун биз мусулмонлар – туркийлар ўлим олди ғарғарада қолган одам кабидирмиз. Агар калима айтиш керак бўлса, бу ҳам жасорат сўзи бўлғусидир. Агар оғзимизга сув томизиш керак бўлса, бу ҳам жасорат сувидир.

Бугун туркий миллатлар яшаётган ўлкалар бўлак-бўлак бўлиб кетди. Бир қисмимиз Хитой қўл остида қон ютмоқдамиз, бир қисмимиз ўзимизни ўзимиз азобга маҳкум этяпмиз. Ўзлигимизни унутдик, миллат дарди билан эмас ўз нафсимизнинг чиркин истакларига суяниб умримизни ўтказмоқдамиз. Балчиққа ботсак-да, ундан чиқиш ҳақида тафаккур этмаймиз. Ташқи душманларимизни енгиш биз учун иш эмас, аммо ичимиздан чиққан ғаним ҳаммасидан хатарлидир. Бу нафсоний иллатларни енгиш қанчалик машаққат бўлса, бу худди шундай машаққатдир. Бу теримиз юзасига чиққан ярадан кўра ичимизда – теримизнинг остига чиққан яранинг оғриқлироқ эканлиги кабидир.

Агар ошқозонимиз оғриса, парҳез қилмасак, ҳалок бўламиз. Бизни энг маҳоратли табиблар ҳам сақлаб қололмайди. Биз бугун ошқозони оғриган, юрак ҳориган одам сингаримиз. Ўзимизни парҳезга ўргатмасак, яъни жасоратга одатланмасак, ўзимиздаги жасорат руҳини ўстирмасак, ҳалокатимиз муқаррардир”.

Абдуллоҳ Нусрат

25.04.2016 йил

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort