Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Эврил Туроннинг “Таржимаи ҳоли”

Эврил Туроннинг “Таржимаи ҳоли”
04 Temmuz 2018 - 12:20 'да юкланди ва 857 марта ўқилди.

Мамадали Маҳмудов (Эврил Турон): 1943йил 12 декабр, Форишда туғилганман… ( Паспортда 1940 йил деб ёзилган)

Таржимаи ҳол

Отам Маҳмуд Аҳмад ўғли 1943 йил урушга кетаркан, онам Саодат Избосар қизига деган: “Ўғлимни асра, мен Олмания томонда туриб, ўрис босқинчиларига қарши курашаман…”

Ўшанда мен бешикда бўлганман. Бироқ паспортда ёшим катта ёзилган: 1943 йил 12 декабр, Фориш (Темур томонидан Париж номига қўйилган. Шевада бузилган: Фориш) тумани, Боғдон қишлоғи. Бу кўй чўкаётган тоғлар (Нурота) тўрида жойлашган.

Отам тоғ беги бўлган. Бобом Аҳмад Оқсоқол (Боғдон оқсақоли) 1936 йилда Нарвон қишлоғида дорга осилган. Ўрис газандалари томонидан. Бунинг тафсилоти шундай: йиртқич ёв Боғдонни босганда, қўлга тушган эрларни қиличдан ўтказади, хотин – қизларни зўрлайди, бўғоз аёлларнинг қоринларини ёради…

Шунда Аҳмад Оқсақол (Ўз кўнгилли йигитлари билан) Отучганқоя қописида пистирма ҳозирлайди. Сўнг ҳийла… билан ёғий (400 ўрис)ни шу қоронғи дарага тортади. Ва кутилмаганда ғанимга милтиқ, ёй, сопқонларда ўқлар ёғдиради, ҳайбатли тошлар юмалатади. Ёв от – поти билан мажақланади. Тирик қолган уч юзини бобом асир олади. Унда нафрат, ғазаб, кек шу даражада кучли бўладики, босқинчиларни бир – бирларига маякларини тошда янчтиради. “Ҳаром қон!..” дея уларни эл олдида ёқади. Ҳозир Боғдонда учта “Ўристепа” бор…

Яҳудий, Насроний, Ислом динларида кек сақлаш ёзуқ бўлса ҳам (Мен ёлғиз Тангрига топинаман, воситаларсиз), менда босқинчига қарши ўч олиш истаги тийиб бўлмас даражада кучли. Мен шу туйғу билан Боғдонда бошланғич (4 синф) мактабни битирдим. Сўнг Учқулоч олтин конида (қишлоғимиздан 14 км. Этакда, қирлар орасида) 8 синфгача ўқидим.

Эсимни таниганимдан ёзувчи бўлишни орзу қилардим. Бир бўлак нонга, бўз иштонга зор бўлиб яшасамда, бировларнинг ишларини қилиб, эвазига китоб олардим. Тирикчилик ташвишларига нечоғлик кўмилганимга қарамай, вақт топиб китоб ўқирдим. Оврўпа ёзларининг ўрисчадан ўзбекчага эврилган асарлари жону дилим эди. Шекспир , Байрон, Ҳаёте. Гюго, Скот… Баъзан, Тангри мени кечирсин, онамни алдаб ёхуд зорлатиб қабристон, чакалакзор, дараларга кетардим ва қош қорайгунча романлардан кўзимни узмасдим…

Уч йил (1959 – 1961) Украинада Танкчилик қисмида танк командири сифатида ҳарбий хизматда бўлдим. Кейин (1962 йил бошида (ўз экипаж аъзоларим билан бирга) Россияга, Тула вилоятининг Ефремов шаҳрига бордим ва Кимё комбинати қурилишида ишладим. Бу ердан мени Воронеж шаҳрига, кимё – машина қурилиш курсига (1 йиллик) ўқишга юборишди. Уни битирганимдан сўнг яна Ефремовга қайтдим. Ва машинист ёрдамчиси бўлиб ишладим.

1964 йил ўз юртимга келдим. Чирчиқ Кимё комбинатида деярли 3 йил машинист ўлароқ ишладим. Бир вақтнинг ўзида кечки ишчи ёшлар мактабида 10, 11 – синфларда таҳсил кўрдим. 1966 йилда Тошкент Давлат Университетининг журналистика бўлимига ўқишга кирдим. Оғир турмуш тарзлари сабабли сиртдан ўқишимга тўғри келди. Туман (Гулистон, Фориш, Пахтакор) газеталарида корректор, адабий ходим, бўлим бошлиғи, масъул котиб вазифаларида ишладим.

1968 йилда “Саодат” журналининг бош муҳаррири, шоира Зулфия мени ишга таклиф этди. Ўшандан буён Тошкентда яшайман.

8 – синфда ўқиб юрганимда: “Ўрис босқинчиларига қарши қурол билан эмас, қалам билан курашаман!..” деган фикр миямда қаттиқ ўрнашиб олган эди. Жуда қаттиқ! Ўчириб бўлмас даражада. Бунга кўп жиҳатдан онам (Онам Самарқанд этагидаги Каттатурк қишлоғида туғилган, тоза турк уруғидан)нинг қуйидаги ўгути ҳам сабаб бўлган:

“Бобонг Аҳмад Оқсақол ушбу гапни кўп айтар эди: “Ўрисга Туркистон бир томорқа. У туну кун ер усти, ости бойлигимизни талаяпти. Бу ерда узоқ ҳукм суриш учун бир туғишган элни беш бўлакка бўлди. Уларни бир – бирига ётлаштириш учун эса бешовига беш хил ном, беш хил ёзув (Крил алифбеси) берди”… Сен, ўғлим, бобонгга муносиб бўлиб ўс!..”

Мен ўзимнинг ҳеч бир замон, маконда ўзгармас эътиқодимга биноан босқинчининг туб мақсад, Тангрисиз мафкурасини фош этувчи рамзий, бадиий, митти ҳикоялар (“Ариқ ва терак”, “От”, “Дўлана”, “Эртам яхши бўлади” каби) ёза бошладим. Улар шов – шув билан газета, журналларда босилди ва “Боғдоним” отли китоб ҳолида (1971) нашр этилди.

Ўрта Осиёда ўрис босқинчиларини олтин тупроғимиздан супуриб ташловчи бир куч – миллий – озодлик кучи етилади. Бундан Москва ташвиш ва талвасага тушади. Шу боис уни авом халққа ёмон кўрсатиш учун Кремл қон – қонига сингиб кетган ёлғон ва туҳматдан (дунёда ўрис ва Хитойга ишониш – тузатиб бўлмас хатоликка олиб келади) иборат пропагандасини ишга солади. Яъни ўз Ери, ўз Эли Озодлиги учун курашаётган ботирларни “Босмачи” номи билан бадном қилишга тиришади. Тиш – тирноғи билан. Мен ўрис шовинистларининг ашаддий бўҳтонинг чипакка чиқариш учун “Туманли кунлар” (“Боғдон қашқири”) отли қисса ёздим. У юртда кўп шов – шувларга сабаб бўлди…

Менгача СССР тариху адабиётларда: “Россия Ўрта Осиёни қўшиб олган” деган ёлғон билан дунёни лақиллатиб келган. Мен уни “Ўлмас қоялар” романимда (1981 йил, “Шарқ юлдузи” журнали) таг – туги билан фош қилдим: “Ўрусия Туркистонни миллионлар қони эвазига босиб олган…”

Бу асарим учун мени (ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасида маслаҳатчи) ишдан ҳайдашди. Журнални йиғиштириб олишди. Узоқ йиллар КГБ таъқибида бўлдим…

Агар Рашидов Брежнев( Ўзбекистон ва СССР раҳбарлари) орқали менга ёрдам бермаганда, КГБ мени қамоқда чиритарди.

Роман “Шарқ юлдузи” да чоп этилгандан сўнг, аниғи Кремлда муҳокама бўлгандан сўнг ФРГ ва Туркия журналларида босилди. Кейин эса Парижда Француз тилида китоб ҳолида нашр этилди.

Мен ижод билан бирга жамоатчилик ишларида, яъни Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси котиби, юрт Маданият Жамғармаси раиси лавозимларида ҳам ишладим.

Йўлдошларим мени Озодлик учун курашган ёзувчи” деб билишади. Бироқ М.С.Горбачёв шарофати билан қарам халқлар эркка эришганларидан кейин давлатимиз тепасига умрида мустақиллик учун курашмаган, билъакс мустақилликка ва давлат тили ўзбек тили бўлишига қарши турган (“Правда”, “Известия”, “Комсомольская правда” каби газеталарда бу ҳақда аниқ, тиниқ ёзилган) коммунист, ўриспараст, жоҳил ва диктатор давлатимиз тепасига келди. У (Каримов) қишлоқ хўжалиги, саноат, экономика… қисқаси, ҳамма соҳада юртни ботқоққа ва коррупцияга ботириб кетди. Ўз курсисини омон сақлаш учун Ўзбекистонни қамоқхонага айлантирди. Тўғри сўзлар, иш билармонлар ҳибс этилди, қувғин қилинди. Ахлоқий бузилиш авжга чиқди. 8 миллион киши зулмдан, очликдан, ишсизликдан ер юзига сочилиб кетди. Мен “Эрк” аъзоси” деган туҳмат билан (уйимга, ишхонамга тўппонча, героин, варақалар қўйиб, мени банди этишди) 17 йил қамоқ азобини тортдим. Оилам қарзга ботди, доимий назоратда бўлди. Тиконли симлар ортида бир қанча асарлар ёздим. Кўпини тортиб олишди, ўғирлашди. “Ойнур”, “Оқ гул”, “Бўз бўри” романларимни бир қанча бобларини ўғирлатган ҳолда олиб чиқдим. 2013 йилда АҚШ нинг давлат секретари Хиллари Клинтон хоним ва Оврўпанинг инсонпарварлик ташкилотлари ёрдамида озодликка чиққанимдан сўнг бу уч асарни қайтадан тикладим.

“Ой нур”, “Оқ гул” (сўзма – сўз инглизчага эврилган) “Халқлар турмаси” (СССР) нинг қора ҳаёти, КГБ нинг ёвуз, қонли қилмишлари ҳақида.

“Бўз бўри” ваҳший арабнинг Туронга босқини, мислсиз қирғинларию таловлари, китобларни, ойдинларни бутунлай йўқ этгани, эрларни қул, хотинларни чўри қилиб олиб кетгани, қисқаси, ислом динини қилич билан олиб киргани, унга қарши ботир МУқанна кураши тўғрисида.

Мазкур романларим, мақола, эсселарим АҚШ ва Оврўпа сайтларида босилди, босилмоқда.

Туман – туман кишиларнинг ўлимларига сабаб бўлаётган зиндондан соғлигимдан айрилиб чиқдим. 3 марта юрак инфаркти олдим. Ошқозонимда яра ва ўсимта (язва и палип) бор. Иккала кўзим ҳам операцияга муҳтож: каторакта. Қоним қуйилиб, камайиб кетган. Ўт пуфагимда 6 та тош (2 таси йирик) бор. Адинома касали қийнайди. Бурнимга доимий равишда нафтимизин томизиб юраман…

Биринчи навбатда юрагимга стимулятор ўрнатишим лозим. Бироқ қўл калта. Зўрға тирикчилик қиламиз. 17 йил ичида оилам қарзга ботган. 40 йил давлат ишида ишлаганимга қарамай 179 минг сўм пенсия оламан. Бунинг учун 7 ой югурдим. Дори – дармонга ҳам қийналаман.

Ўз юртимда асарларим босилмайди. Таъқиқланган.

Доимий назоратдамиз…

Озодликка чиққанимдан кейин Оврўпа ва АҚШ нинг айрим инсонпарварлик ташкилотлари, ПЕН клуб (Англия) ва чет элларда яшаётган уч – тўрт дўстларим моддий ёрдам беришди. Шу кўмак туфайли 70 фоиз қарзимиздан қутилдик. Яқинда (шу йил 11 январ ) юрак хуружидан турмуш ўртоғим Гулсара Маҳмуд вафот этди. Яна қарзга кирдик.

Оғир ҳаётни бошимиздан кечираяпмиз. Шунга қарамай ёзаяпман: ҳақни…

Мамадали Маҳмуд (Эврил Турон)
Тошкент шаҳри Мирза Улуғбек тумани
Маҳатма Ганди кўчаси, 2 – тор кўча 21- уй.
Тел: (99893) 563-74-71 қўл.
(99871) 237 -31-00 уй.

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 1 Yorum )

  • Fazliddin Yokub ;

    Kaniydi sizdek insonlar bilan tolsa Vatanim …

    04/07/2018 17:45
Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort