Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Миллий бойлигимизнинг хорижга берилишига норозиман!!!

Миллий бойлигимизнинг хорижга берилишига норозиман!!!
05 Temmuz 2018 - 16:58 'да юкланди ва 927 марта ўқилди.

МИЛЛИЙ БОЙЛИГИМИЗНИНГ ХОРИЖГА БЕРИЛИШИГА НОРОЗИМАН!!!

2009 йилда Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти И.Каримов даврида Уммон Султонлиги Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Абу Райхон Беруний номидаги Шарқшунослик институтига беғараз ёрдам сифатида янги бино қуриб беришига келишилган эди. Бу бино битказилиб, 2016 йилга келиб янги бинога кўчиб ўтилди. Уларнинг шартномасида бу ёрдам мутлақо беғараз бўлиши очиқ-ойдин акс этган. Эҳтимол, Ислом Каримов ана шунинг учун бу ёрдамга рози бўлган бўлса керак.

Шарқшунослик институтида 5 та мустақил фондлар бўлиб, уларда жами 25 минг атрофида қўлёзмалар, 40 мингдан ортиқ тошбосмалар, 5000 дан ортиқ тарихий ҳужжатлар кўз қорачиғидек асраб-авайлаб келинади. Уларда жами 300 мингдан ортиқ асарлар нусхалари мавжуд, дейилади. Ушбу институт Юнесконинг миллий-маданий ва моддий бойликлари руйхатига олинган.

Бироқ, бугунги кунга келиб Уммон Султонлиги Англиянинг ҳийласи билан бизга мазкур институтдаги жами ёзма манбаларнинг – миллий бойлигимизнинг барчасининг фотокопия нусхаларини олиш талабини қўйишган. Уларни Англия ва Уммон олар эмиш. Бошида бу ҳақида мутлақо гап-сўз йўқ эди. Бунга ҳукумат аҳлидан бир икки “Олаверсин, олаверинглар!” дейдиган “саҳоватпеша”лари рози булиб ўтиришибди. Мен оддий фуқаро сифатида ҳам, ушбу институтнинг илмий ходими сифатида ҳам миллий бойлигимизнинг тақдирини бир-икки нафар киши ҳал қилишига қаршиман.

Миллий бойлигимиз тақдирини бугунги ватанпарвар президентимиз Ш.М.Мирзиёев, Вазирлар маҳкамаси ва Сенаторлар биргаликда ҳал қилишлари, миллий бойликнинг ҳақиқий эгалари бўлмиш халқимиз референдум ўтказган ҳолда китоблар тақдирини ҳал қилишлари лозим, деб ўйлайман.

Аслида, Уммон Султонлиги кўриб берган янги бинога ўхшашини ўзимизнинг ҳукуматимиз ва давлатимиз юзтасини қуриб беришга қодирдир! Бироқ, уларнинг беғараз ёрдами бугун мутлақо бўлмағур ғараз экани билинди, у бизга босим ўтказиш йўли бўлиб турибди.

Тўғри, қўлёзма манбалар “ёпиқ эшиклар” ортида кўз қорачиғидек сақланади. Уни дунёга чиқариш керак. Бироқ, институт эшиклари ҳеч қачон ички ва ташқи тадқиқотчилар учун ёпилган эмас. Ҳеч қачон! Хориждан тадқиқотчилар кела олмай тургани сабабларини эса балки Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа масъул ташкилотлар фаолиятидан излаш керакдир.

Институтда мутахассислардан иборат экспертлар гуруҳи фаолият юритади. Хорижлик тадқиқотчилар учун сўраган қўлёзма ёки тошбосмаларининг фотокопиялари мурожаатлари экспертлар томонидан кўриб чиқилиб, керагича бериб турилибди. (Миллий бойлигимизнинг ҳаммасини бериб юборилишига экспертлар асло рози бўлмасалар керак). Хорижлик тадқиқотчиларнинг ўз юртларида туриб кўплаб мурожаат қилишлари учун шароит яратилган эмас, фотокопия пулини тўлаш учун институтнинг хорижий валюта счети ҳам йўқ. Балки, миллий бойликларимизнинг “ёпиқ эшик”лар ортида сақланишига шу ҳам сабабдир.

Тўғри, бугун бу қўлёзма манбаларни ўрганувчи тадқиқотчилар ўзимизда жуда кам. Аслида, қўлёзмаларни ўрганиш ўта тор доирадаги мутахассислик билан боғлик бўлгани учун ҳам шундай. Ўзимизда тадқиқотчилар кам деб миллий бойликларни хорижга бериб юбориш мутлақо тўғри эмас. Ундан кўра, зўр-зўр тадқиқотчилар тайёрлаш учун таълим тизимини яхшилаш керакдир, бор тадқиқотчиларни омматан малака ошириш учун хорижларга юбориш керакдир. Якин келажакда ўзимизнинг тадқиқотчилар кўпайиб қолар. Ҳозир йўқ, деб, қўлёзмалар “ёпиқ эшиклар” ортида деб уларни толон-тарож қилиш асло тўғри эмас!

Хуллас, мен Абу Райхон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланаётган ёзма манбалар – миллий бойлигимиз тўласича хорижга – Англия ва Уммонга бериб юборилишига рози эмасман!!!

Бу масалани жиддий қайта кўриб чиқилиши, кўпчилик билан бамаслаҳат ҳал қилиниши лозим!!!

ҲАМИДУЛЛА АМИНОВ,
тарих фанлари номзоди, катта илмий ходим, лойиха раҳбари.

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort