Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Шахсга сиғиниш

Шахсга сиғиниш
07 Temmuz 2018 - 12:12 'да юкланди ва 1216 марта ўқилди.

Ўтган икки йил “Қирол – ўлди, яшасин – қирол“, деган французлар мақоли нақадар ҳақ эканлигини кўрсатди. Каримов даврида роса мақтадик. Тобига чиқардик. У ўлди. Янги давр бошланди. Ислоҳотлар, ўзгаришлар танқидлар… Барчасига жуда тез кўникдик. Янги раҳбар эскисини ишини ёмонласа ҳам, бирдек иккисини мақтаяпмиз. Эскисини ишига тескари иш қилса ҳам “Мирзиёев Каримов давомчиси“, деб биляпмиз. Аслида Мирзиёев кўплаб ишларда Каримовга мухолиф эканлигини, Каримов ҳамма ёқни расво қилганлигини айтяпти ва биз амалда кўряпмиз.

Мана шу икки шахс мисолида миллат зеҳниятининг туб-тубига жойлашиб олган шахсга сиғинишни кузатдим. Ўтган икки йил аниқ ва тиниқ кўришимга замин яратди. Аввалига қилинаётган ишларқа қарсак чалинди, олқишланди. Ҳамма қатори мен ҳам олқишладим. Суюндим. Кейин қарасам “любой“ иш олқишланяпти. Президент “қарсак чалманглар, беш йил қарсак чалмаймиз“, деса барча гулдурос қарсак чаляпти.

Каримов ҳам аввалига халқ билан ҳисоблашар эди. Аввалига барча ваъдаларни берган эди. Давомий мақташ ва алқашлар натижасида диктаторга айланди. Танқид қилганга душман назари билан қаради. Ўзини мутлақо ҳақ деб биладиган бўлди.

Бир куни жума намозига Босния президенти Али Иззатбегович кеч қолиб келади. Халқ ўрнидан туриб, биринчи қаторга ўтказиш мақсадида президентга йўл беради. Шунда Иззатбегович олтинга тенг сўзларини айтади: “Сизлар мана шу тариқа ўз диктаторларингни дунёга келтирасизлар“.

Дарҳақиқат, биз шу тариқа диктаторларга ошиқ бўламиз. Бўйнимиздаги қуллик занжирларини ҳуррият деб қабул қиламиз. Бу дунёда ҳамма хато қилади. Ҳамма адашади. Ҳаттоки Умар (р.а) “Умар, адашди, аёл тўғри гапирди“, деган. Имом Моликлар “Барчани гапи олинади ҳам, ташланди ҳам, мана бу қабр эгасидан бошқа“, деб Росулуллоҳ қабрларига ишора қилганлар. Лекин бизни доҳийларимиз адашмайди. Худди Лайлини севган Мажнун каби хатоларига кўз юмамиз. Хато эканлигини билсак ҳам кўз юмамиз. Ўзимизни бу ишдан биз бехабар эканлигимизга ва мутасаддилар барчасини билишига ишонтирамиз.

Нафақат ҳукмдорлар, балки, ҳамма соҳада шундаймиз. Имомлар нима деса ҳам қабул қиламиз. Улуғлаймиз. “Сиғинамиз“. Аниқ хатоларини кўрсак ҳам яхши гумон “фукциямизни“ ишга туширамиз. Гўёки улар адашмайди, хато қилмайди. Хатосини айтганни фитначига чиқарамиз. Умарга (р.а) хатосини айтган аёл нима учун алоҳида гапирмаган? Нима учун одамлар фитначига чиқармаган? Чунки хато омма ичида содир бўлган эди. Унга жазо ҳам омма ичида берилади. Бир имом минбардан туриб хоинлик қилса, унга минбардан туриб жавоб берилади. Модомики хиёнатини барча билсин, эшитсин.

Мана шу шахсга сиғинишимизни пешволар (хоҳ дин пешвоси бўлсин, хоҳ раҳбар бўлсин) ўз манфаати йўлида оқилона фойдаланади. Улар қарсакка, олқишга ўрганиб бўлган. Танқидга муроса қилмайди. Эшитишни ҳам хоҳламайди. Тикка ҳаромидан олиб, хоинга солаверади шу учун. У мутлақ ҳақ. Қолганлар сукут сақлаши, индамай эргашиши керак.

Юқоридаги гапларни ёзишимга бир эксперимент сабаб бўлди. Шу фбда ҳам шахсларга сиғиниш одатимизни ташламаймиз. Бизга номлар муҳим. Ким нима деганига эмас, нимани кимлар гапираётганига қараймиз. Агар уни номи фалончи пистончи бўлса, лайкларни қалаштириб ташлаймиз. Уни номи “фалончи“, бўлгани учунгина ўқимасдан ҳам лайк босаверамиз.

Бир куни Мубашшир Аҳмад бир жойдаги постга нуқта қўйдилар. (Ўша ерга ёзилган изоҳлардан хабардор бўлиб туриш учун). Айтсам балки ишонмассиз, ўша нуқтага ўн бир маротаба like босилган. (Маълумот учун, ўша ўн бир одамдан кўра Мубашшир акани кўпроқ ҳурмат қиламан. Лекин бу нуқтага лайк босишимга асос бўлмайди). Тушунмаган жойим нуқтани нимаси инсонга ёқиши мумкин? У шунчаки нуқта. Гапни тамомлайди. Бўлди, тамом! Уни бошқа вазифаси йўқ. Ўн битта инсонга эса уни аҳамияти йўқ.

Қўқон яқинидаги Оқ қўрғон деган жойда бир муттаҳам пир чиққан эди. Ўша пирни таҳорат сувидан инсонлар “табаррук“, деб ичганига гувоҳ бўлганман. Нуқтага like босганларни, кўр-кўрона эргашганларни кўрсам шу воқеа эсимга келаверади. Мухлислик шу даражада бўладими? Мен Реал-Барса, Месси-Роналдуни мисол қилмаяпман. У фанатлар каби шахсга сиғинувчилар шунча гап гапиришимга ҳам арзимайди. Мен онгли, олий маълумотли бўлган одамлар ҳақида гапиряпман. Бир инсонга қул бўлишга одамларни нима мажбур қилади?

Майли, гапим чўзилиб кетди. Энди экспериментим ҳақида айта қолай. Бир дўстимни профилидан ўзим ёзган постни эълон қилдим. Икки кун турди. Жами 37 нафар инсон ёқди тугмасини босди. Ўша постни ўчирдик. Орадан бир ойлар ўтиб, ҳалиги нарсани ўзим эълон қилдим. Икки юзтадан ошиқ like… Мени ва дўстимни профилида деярли бир-ҳил одамлар. Қайтанга унда дўстлар сони меникидан кўпроқ.

Маълум бўладики, like ҳам фалончи пистончи бўлсанг яхши бўлади. Нима деётганинг иккинчи даражали нарса. Араблар “Подшоҳларни сўзи, сўзларни подшоҳи“, дейди. Агар президент “Тақдиримсан, бахтимсан – бетакрор ватан“, деган бўлса у гап Аллоҳни: “Ҳукм қилишга энг лойиқ зот Аллоҳдир“, деган сўзини устига ҳам михлаб қўйилаверади. “Қуръонда мана бундай, ҳадисда мана бундай дейилган“, десангиз бемалол талашади. Аммо “фалончи айтди“, десангиз ҳужжат ҳам сўрамай қабул қилади. У учун “фалончи” Қуръон ва Ҳадисдан ҳам устун туради.

Биз шахсларни эмас, ҳақни таниб олмас эканмиз, ҳақни ҳимояси учун қадам ташламас эканмиз – шахсларга сиғиниб юраверамиз!

Саййид Ислом

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 1 Yorum )

  • Раъно Раҳмонберди ;

    Эй Навоий, ҳар нечук зулм этса, чек, дам урмағил,
    Ким гадо ҳадди эмас ҳеч ишда султон бирла баҳс.

    Кофур уза мушк олиб кўп ҳарза рақам чектим,
    Эйки, кошки бу ишдин Ҳақ бер ва манга тавба.
    Оқу қора мадҳида ҳар неки дедим ёқмас,
    Энди бу мазаллат (хорлиқ)дин оқ тавба, қора тавба..

    07/07/2018 14:11
Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort