Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Вертерга қўйилган айбнома

Вертерга қўйилган айбнома
08 Temmuz 2018 - 6:00 'да юкланди ва 551 марта ўқилди.

«ШАФФОФ УЙ» КИТОБИДАН

 

 

  ВЕРТЕРГА ҚЎЙИЛГАН АЙБНОМА

Мана, намуналар яшамок учун, Вертер.
Мана, ўтирибди чой ичиб,
Мана қўлтиқлашиб боғда юрибди,
Қаҳва ичаяпти,
Суҳбат қураётир биллур жомдаги
Пиво билан бирга кўпириб.

Мана, намуналар яшамоқ учун, Вертер.
Сиз бўлса, ўлимни афзал кўрдингиз.
Ўзини ўлдирган, менимча, тентак,
Биров ўлдирса ҳам,
Ўлган – тентакдир.

Чунки, битта ҳам сабаб йўқ бизда ўлмоққа,
Лекин яшамоққа миллион сабаб бор.
Тирмашиб яшаймиз ҳаётга,
Агар у юз ўгирса биздан,
Тирмашиб, осилиб яшаймиз.

Мана, намуналар яшамоқ учун, Вертер,
Эплаш керак экан ошиқликни ҳам.
Агар сиз Тошкентда
Қасд қилсангиз эди ўз жонингизга,
Бежаноза кўмилган бўлар эдингиз.

Адашмасам, сизни фақат Лотта севмабди,
Ахир, ҳу анави шоирдан
Ота-онаси ҳам юз ўгирган-ку,
Қаранг, у ҳаётдир. Сизга намуна,
Ўлмоқ учун эмас яшамоқ учун.

Мана, намуналар яшамоқ учун, дўстим.
Сизнинг аср ўғри ва сотқинларни
Осарди аямай, дуч келган жойга,
Шунча ҳам ваҳшийлик бўларми, ахир.
Бизда-чи, ўғри йўқ. Мабодо оссак,
Ҳурмат тахтасига осамиз, Вертер.

Мана, намуналар, ишонмасангиз,
Инсон ўз қадрини билишгача етди.
Кўз қорачиғи каби асрайди ҳар ким
Ўзининг мислсиз қорачиғини.

Афсуски, «тўсатдан» учрашиб қолмаймиз
Сиз билан Хадрада ёки Ўрдада,
Шунчаки жилмайиб, шунчалик кулиб,
Пивохона томон кетмаймиз.

Афсус, кўрсатардим яшамоқ учун
Яна кўп намуна, сабабни сизга.

1979

(202)

Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Вал-Фажр” китобидан. (125-саҳифа.)

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort