Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Самарқандга янги ҳоким сайланган сессияда эски ҳокимнинг қамоққа олингани видеоси кўрсатилди

Самарқандга янги ҳоким сайланган сессияда эски ҳокимнинг қамоққа олингани видеоси кўрсатилди
13 Temmuz 2018 - 16:40 'да юкланди ва 787 марта ўқилди.

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг 13 июль куни ўтказилган навбатдан ташқари сессиясида ташкилий масала кўриб чиқилган. Депутатлар Самарқанд вилоят ҳокимлигига Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов тавсия қилган Эркинжон Турдимов номзодини бир овоздан маъқуллаб овоз берди. 49 яшар Турдимов 2016 йилнинг декабридан буён Сурхондарё вилоятига ҳокимлик қилиб келаётган эди.

2017 йил 13 июнидан бери Самарқанд вилоят ҳокими лавозиимида ишлаб келган 52 яшар Туробжон Жўраев 10 июль куни қўлга олиниб, устидан жиноий иш очилгани ҳақида “Озодлик” радиоси хабар берган эди.

Сессия ишида қатнашган депутатлардан бирининг “Озодлик” радиосига айтишича¸ Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов вилоятда илдиз отган порахўрлик¸ таниш-билишчилик¸ қонунсиз қурилишлар ҳақида танқидий фикрларни айтган.

Суҳбатдошга кўра¸ сессия қатнашчиларига¸ собиқ ҳокимнинг пора устида қўлга олингани акс этган видео намойиш қилинган.

Мирзиëев мақтаган ҳоким

Сессия ишини кузатаётган ва исми ошкор қилинмаслигини сўраган маҳаллий депутатнинг “Озодлик” радиосига айтишича¸ Самарқанднинг янги ҳокими президент Мирзиëев мақтовига сазовор бўлган мулозим:

– Шавкат Мирзиёев раислигида 21 июнь куни тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этишга бағишланган видеоселекторда Эркинжон Оқбўтаевични вилоятга 70 миллион доллар инвестиция олиб келди¸ дея бошқаларга ўрнак қилган эди. Шундай қобилиятли ва президент ишончига сазовор бўлган киши Самарқандга раҳбар бўлганидан мамнунмиз, деди суҳбатдош.

Эркинжон Турдимов Ўзекистон Олий Мажлисининг ташқи алоқалар қўмитаси аъзосидир. 1969 йили Самарқанд вилоятида туғилган Турдимов 2016 йилнинг декабридан буён Сурхондарё вилоятига ҳокимлик қилиб келаётган эди. Бундан олдин у Навоий вилояти ҳокими вазифасида ишлаган. 2006 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.

Хайр-маъзурни тармоқда қилди

Самарқанд вилоятига ҳоким бўлиб тайинланишидан бир кун олдин Эркинжон Турдимов ўзи раҳбарлик қилган сурхондарëликлар билан хайрлашган эди.

«Мен Сурхондарё халқидан чексиз миннатдорман. Бир йилу етти ой вақт мобайнида бу воҳа аҳлидан жуда кўп нарсани ўргандим. Ўзимни Сурхондарё халқидан бир умр қарздор деб ҳисоблайман.Мана шу давр мобайнида мен билан елкама-елка туриб хизмат қилган барча-барчага ўзимнинг чексиз чексиз миннатдорчилигимни билдираман», — деб ёзади Турдимов «Фейсбук»даги саҳифасида.

Самарқанднинг собиқ ҳокими устидан нега жиноят иши очилди?

12 июль куни бир-биридан мустақил расмийлар ва тадбиркорлар “Озодлик” радиосига Самарқанд вилоят ҳокими 52 яшар Туробжон Жўраев ҳамда вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Ўткир Абдуллаевнинг 10 июль куни қўлга олингани ҳақида хабар берди.

Шахси очиқланмаслигини сўраган республика ҳуқуқ тизими расмийси Самарқанд ҳокими устидан жиноят иши очилганини тасдиқлади.​

Маҳаллий қурилиш ширкати раҳбари ва вилоят ҳокимлигининг капитал қурилиш бўйича мулозимига кўра¸ вилоят ҳокими ва ўринбосари Самарқанднинг ЮНЕСКО ҳимоясидаги ҳудудида 7 ва 9 қаватли уйлар қуриш учун қурилиш компанияларидан пора олганликда гумонланмоқда.

“Озодлик” радиоси суҳбатлашган маҳаллий қурилиш ширкати раҳбарига кўра¸ “Самарқанд қадимий қисмида кўп қаватли уй қургани учун устидан жиноий иш очилган тадбиркорлар вилоят ҳоким ва ҳокимликнинг бошқа амалдорларига қарши кўрсатма бергани ортидан мулозимлар ва қурилиш ширкати раҳбарлари қўлга олинган”.

ЮНЕСКО ҳимоясидаги ҳудудда ноқонуний қурилган уйлар масаласи Умумжаҳон маданий мероси қўмитасининг июнь ойи охирида ўтган йиғилишида тилга олингани ортидан Ўзбекистон раҳбарияти бу масалага эътибор қаратган эди.

Бош вазир Абдулла Арипов 23 июнь кунги Самарқандга бориб¸ “пора эвазига изн олиб шаҳарнинг қадимий қисмида қурилган 7 ва 9 қаватли уйларни бузишни буюрган эди. Бош вазир буйруғидан кейин ЮНЕСКО ҳимоясидаги Мироншоҳ кўчасида «Афросиёб Хосият Бегим макони» ширкати тарафидан қурилган 7 қаватли бино бузила бошланди.

Бино демонтажини амалга оширган «Умар» ширкати вакили “Озодлик” радиоси билан суҳбатда Самарқанднинг ЮНЕСКО ҳимоясидаги Бўстонсарой, Шоҳруҳ, Орзу Маҳмудова кўчаларида изнсиз қурилган кўп қаватли бинолар ҳақида маълумот берган эди.

Вилоят ҳокимлигининг капитал қурилиш бўйича мулозимига кўра¸ айни бинолар масаласи ҳам 23 июнь куни Бош вазир тарафидан кўриб чиқилган ва уларни қурган ширкат раҳбарлари устидан жиноий иш очилган.

Маҳаллий қурилиш ширкати раҳбарининг “Озодлик” радиосига айтишича¸ вилоят ҳокимлигида кўп-қаватли уйлар учун рухсат олишнинг коррупцион схемаси мавжуд.

ЎХҲ хабарлар бўлими

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort