Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Биз қандай мусулмонмиз?

Биз қандай мусулмонмиз?
18 Temmuz 2018 - 6:05 'да юкланди ва 816 марта ўқилди.

Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида Каримов режимини фош қилувчи мақолалар ёзган Акром Малик бугун қамоқда ўтирибди.

У 2017 йилнинг 13 январ куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди томонидан 6 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Ҳозирда Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи бир неча халқаро ташкилотлар ва маҳаллий аҳоли вакиллари ёш олим ва журналист Акром Маликнинг озодлигини талаб этмоқдалар.

Эътиборингизга Акром Маликнинг Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида эълон қилинган мақолаларини ҳавола қилиб борамиз.

* * *

БИЗ ҚАНДАЙ МУСУЛМОНМИЗ?

Ислом даъвосидамиз.

Мусулмонмисан деб сўрасалар, Алҳамдулиллаҳ, мусулмонман деб жавоб берамиз.

Мазҳабимизга кўра тили билан “Ла илааҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур росулуллоҳ” деган ва қалбида буни тасдиқлаган инсон, шубҳасиз, мусулмондир.

Айтмоқчи бўлган фикримизни бошқа бир мисол билан далилласак.

Бир инсон касал бўлса, у соғайишни хоҳлайди, албатта. Табиб унга ёғли таомларни ема деб буюрса, у ҳар куни уч маҳал ёғли таом еса, нима бўлишини тасаввур қиляпсизми? Бироқ у тилида соғаяман дейди ва бошқалар наздида гўё қалбида ҳам соғайишни орзу қилади. Амали эса буткул тескари.

Бугун бизнинг мусулмончилигимиз ҳам ана шундай бўлиб қолди, минг афсуслар бўлсин.

Мусулмончилигимиз фақат тилимизда, амалимизда эса Ислом йўқ. Аксинча, Ислом дини амрларига хилоф қилиш билан бандмиз, холос.

Бугун юртимизда ҳар бир киши ҳукуматдан – МХХдан қўрқади. Икки нарсадан бир вақтда қўрқиш мумкин эмас. Оллоҳдан ҳам, ҳукуматдан ҳам бир вақтда қўрқиш мумкин эмас. Оллоҳ ҳам, унинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ҳукуматдан, одамлардан эмас, фақат Оламларнинг Роббисидан қўрқишга амр қилган.

Биз мусулмончиликни даъво қиламиз, лекин амалларимиз ўлда-жўлда.

Масаланинг сиёсий тарафидан кўз юмайлик-да, фарз ва суннатлар ҳақида гаплашайлик.

Оллоҳ таоло намозни фарз қилди. Бир кунда беш маҳал намоз ўқиш фарз. Биз гўёки ўқияпмиз. Аслида эса намозни росмана намоз сифатида адо қилолмаймиз. Агар тўсиқ бўлиб қолса – масалан, ишхонада, ўқишда – шартта қазо қиламиз, кетамиз. Аммо адо этиш учун жон-жаҳдимиз ила интилмаймиз. Намозларнинг қазо бўлишидан юракларимиз оғримайди. Намозларни бемалол қазо қилиб ухлаймиз. Намоз ўқимасак-да, қалблар хотиржам, қоринлар тўқ, кўзлар уйқули.

Биз ўзимизни мусулмон санаймиз, аммо оиламизда мусулмонча одоб йўқ, тартиб йўқ. Сингилларимиз, аёлларимиз, қизларимиз кўчага аврат жойларини очиб чиқишларига жим қараймиз. Лекин мусулмончилик ҳақида лоф урамиз.

Биз бир-биримизга насиҳат қиламиз, лекин у насиҳатлар амалда қўлланмайди. Насиҳатлар бир-биримизга ўзимизни реклама қиладиган декорация бўлиб қолди.

Кибрнинг ёмонлиги ҳақида кўп гапирамиз, лекин ҳеч биримиз ўзимиздаги кибрга беаёв кураш очмаймиз.

Саховатдан гапирамиз, бироқ кимдир минг сўм сўраса, ичимиздаги қаршилик қилиб турган нафсни енга олмаймиз.

Оллоҳнинг қули эканимизни айтамиз, аммо Унинг Каломини ўқимаймиз.

Олам бузилиб кетгани ҳақида гапирамиз, инсонфу диёнатнинг кўтарилганидан ваъз айтамиз, лекин унинг сабаблари ўзимизнинг ички оламимизда эканлигини ўйлаб кўрмаймиз.

Оллоҳ таоло ўз амрига маъмур бўлган, яъни фарз ва суннатларни тўкис бажарган, ҳамиша Оллоҳ зикри ила нафас олаётган бандаларига ҳайбат ва салобат бериб қўяди. У одам овозини кўтариши шарт эмас, у одам бошқаларни алдаши керак эмас, у одам ортга қараб қочиши шарт эмас. У одам, ҳатто, қўлига қурол олиши шарт эмас, чунки унга Оллоҳ шундай бир ахлоқ ва ҳайбат берадики, бир боқиши билан душманлари кўнглига ғулғула солади. Унинг қадам босишларидан гўё Ер титрайди, яъни унга қарши чиқадиган одамнинг дами кесилади.

У биров билан баҳслашиши шарт эмас, унинг бир оғиз гапи қалбларни эритади. Нигоҳлари дўстлар учун чексиз меҳр уммони бўлиб кўринади, ғанимлари учун эса даҳшат солувчи бир куч сингари.

Биз сўзларимизни тиймаймиз. Миямизга нима келса, шуни гапирамиз. Тилимизга илашган сўзни қайтармаймиз. Оллоҳ олдида қўрқмаймиз, аммо қуллар олдида талвасага тушамиз. Шунинг учун Оллоҳ бизни ўз ҳолимизга ташлаб қўйгандир, Валлоҳу аълам.

Қоқилиб йиқилсак, истиғфор айтмаймиз – сўкинамиз. Сабрни билмаймиз, оила аъзоларимизга қўпол гапирамиз, бегоналардан яхши сўзларни аямаймиз, лекин яқинларимизга дилозорлик қилишдан тўхтамаймиз

Бу мусулмонликми, ахир?

Исломда яшаш – бошимиздаги соч учидан то оёқдаги тирноғимизгача мусулмончилик қонунлари асосда умр кечирмакдир. Айтаётган гапим, кийинишим, қадам босишларим, отамга, онам, хотинимга, болаларимга, дўстларимга, қўшниларимга, танишларимга, бегоналарга қилаётган муносабатимдан Оллоҳ розими, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қандай йўл тутар эдилар деган саволни ўзимизга бериб яшамоғимиз керак.

Албатта, саволни ҳамма беради, жавоб ҳам топади. Бироқ агар бу саволлар бизни ўрнимиздан қўзғата олмаса, бизни яхшиликка томон етакламаса, бу ҳам бекор.

Ибодатлар – рўза, намоз, зикр, ҳаж, закот – буларнинг ҳаммаси инсоннинг ҳимоячиси ҳамда уни Оллоҳга яқинлаштириши керак. Бизда бундай бўлмаяпти. Чунки биз фақат шаклларни адо қиламиз: беш маҳал жисмоний машқ каби намоз ўқиймиз, бир ой оч юрамиз, узоқ йўл босиб Макка ва Мадинага борамиз, лекин ҳеч нарсани ҳис қилмаймиз. Ҳис қилсак, унутамиз. Ҳамиша Оллоҳ кўриб тургани ҳақида ўйламаймиз. Шууримиз, қалбимиз бу ўйлардан ожиздек. Оламнинг алдовлари қалб ва ақлимизни кишанлаб ташлаган.

Агар биз комил мусулмон бўлсак, ақалли, комил мусулмон бўлиш учун бутун кучимизни сафарбар қилсак, ибодатларимиз, саховатларимиз ҳақида оғиз тўлдириб гапирмасдан хокисорлик билан, яхши амалларимизни пинҳон тутиб яшасак, қалбимизда бутун оламнинг Роббиси Оллоҳнинг мутлақ қудрати ва азаматини туйсак, ахлоқимиз гўзаллашади, феълимиз мулойимлашади, ҳайбат ва салобатимиз ошади.

Оллоҳ бизга шундай бир фаросатни, фаҳмни берадики, у билан ҳар қандай қулфларни очиб ташлай оламиз. Бизни алдаб бўлмайди. Бизга хиёнат қила олмайдилар. Биз инсонларни бир китоб каби ўқий бошлаймиз. Энг буюк бир миллатга айланамиз. Фақат бунинг учун Ислом қоидаларини тўлиғича ҳаётга татбиқ этмоқ лозим бўлади.

Яқинда Муҳаммад Солиҳ ББСга берган интервюсида сиёсий ислом ҳақида гапирди. Бугун демократиянинг ўрнини фақат сиёсий ислом эгаллаши мумкин деди.

Хўш, биз сиёсий ислом деганда нимани тушунимиз керак? Бугун Ўзбекистонда дин давлатдан ажратилган дейилади. Бироқ давлат истаганча дин ишларига аралашади, аммо диннинг фикри бирор марта бўлсин инобатга олинмайди.

Жамоат жойларида диний либосларда юриш мумкин эмас деб ёзилган қонун бор, лекин диний либос нима экани очиқланмаган.

Ислом шундайки, унинг турлари йўқ аслида. Яъни Ислом дини таснифланмайди. У маърифий, сиёсий ёки жангари бўлиши мумкин эмас. Балки у бир вақтнинг ўзида барча ижобий сифатларни ўзида жамлайди. Гоҳида одамлар қулоғига ғалати эшитилган сифатлар Исломда ижобий маъно касб этиши мумкин. Ислом қалбларни ислоҳ қилишда маърифийдир, давлатни бошқаришда сиёсийдир, ғанимлар ҳужум қилар экан, қарши курашишда жангаридир.

Бугун Исломни тинчлик дини деювчилар, Ислом уруш дини деювчилар, Ислом маърифат дини деювчилар ҳам бисёр. Бу сифатларни алоҳида олиб Исломга тақаш тўғри эмас, Балки Исломда ўз ўрнига кўра бу сифатларнинг ҳаммаси мужассамдир.

Айнан ББСга бир муҳаддис олим берган интервюсида сиёсий исломга Марказий Осиё давлатлари тайёр эмаслигини таъкидлади. Бугунги вазиятни ҳисобга олса, тайёр эмасдир. Олим ўз сўзи давомида бир ҳикматли сиёсат олиб борса, балки тайёр бўлиш ҳам мумкин деди. Бу фикрга ҳам қўшилиш мумкин.

Исломнинг сиёсийлашуви – жиддий ҳодисадир. Аслида, ислом Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга бир бутун ҳолда тушди. Шунинг учун исломни сиёсатдан ажратиб қўйиш – катта жиноят деб айта оламиз.

Чунки бугун Ғарб оламида, айниқса, турли ахлоқ эгалари ўзлари мансуб бўлган гуруҳларни ҳимоя қилиб сиёсий мавқега кўтаряптилар. Нима учун Ислом сиёсий бир куч сифатида кўринмаслиги керак? У фақатгина рўзғор дини эмас-ку. У одамларни тинчлантирадиган восита эмас-ку! Ислом динида жамиятни тараққиётга олиб чиқиш потенциали бор. Уни инкор қилиш, шубҳасиз, қолоқлик ва фикрий догматизм белгисидир.

Бугун Ўзбекистонда Исломни, ҳақиқатдан ҳам, сиёсий куч сифатида кўришни тасаввур қилиб бўлмайди. Оддий мусулмонларнинг аксари буни хаёлларига ҳам келтира олмай қолганлар. Аслида, Абдурауф Фитрат, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Алихонтўра Соғуний каби алломалар Исломни давлат бошқарувидаги реал куч деб билишган.

Хўш, Ўзбекистонда Ислом қандай қилиб сиёсий бир кучга айланиши мумкин?

Биз юқорида – комил мусулмон бўлиш ҳақида тўхталдик. Ислом арконларига мукаммал амал қилиш тўғрисида гапирдик. Бу билан мусулмонга Оллоҳ таоло ҳайбат ва қудрат беришини айтдик. Исломнинг сиёсий куч ўлароқ саҳнага чиқиши ҳам айнан ана шу билан боғлиқдир.

Зотан, беш вақт намоз ўқимай, рўзани тутмай, фарз ва суннатларни сидқидилдан адо қилмай Исломни сиёсий куч сифатида тақдим қилиш ақлга сиғмайди.

Муҳаммад Солиҳ ўтган асрнинг 90-йилларида: “Исломий давлат бўлмайди, балки давлат бошқарувига ибодатли мусулмонлар келиши мумкин, улар эса Ислом ахлоқи ва кўрсатмаларига мувофиқ равишда иш юритсалар, шу исломий бир сиёсат бўлади”, – деган фикрни айтган эди.

Шунда ўртага яна бир муаммо чиқади: Исломда турли фирқалар бор. Агар Исломга сиёсий куч сифатида эркинлик берилса, улар ўртасидаги ихтилофлар ёмон оқибатларга олиб келмайдими?

Ҳақли савол.

Бу саволнинг ечими ҳам Исломнинг ўзидадир. Ислом дини бағрикенг диндир. Бир мазҳаб иккинчисини баъзи масалаларда инкор қилса, ҳеч қачон ўзаро уруш очмайди. Чунки Ислом ақидаси ягона. Мусулмонлар ибодат шакллари билан ўзаро фарқлансалар ҳам, уларнинг Оллоҳ олдидаги ҳиссиёти, сўрайдигани биттадир.

Ислом тафаккурни, руҳни, дунёқарашни тарбиялайди. Агар Исломга тўлиқ амал қилинса, яъни биз мусулмонлар динимиз кўрсатмаларига қатъиян бўйсунсак, барча мазҳабларга бағрикенг бўлсак, уларни рад қилишда шошилмасак, бу ўзаро иттифоқимиз асоси бўлиб хизмат қилади.

Бу масалани биринчи томони эди. Иккинчи томони шундаки, Ислом дини асосий сиёсий куч бўлмаган жойларда ҳам нотинчликлар бўляпти, урушлар кетяпти. Диққат қилинса, ҳеч бир урушнинг бошида мусулмонлар тургани йўқ, балки уларнинг орасига нифоқ солган ва бўлиб ташлаган ташқи кучлар турибди. Қурбонлар мусулмонлар бўлгани ҳолда айбдор ҳам мусулмон деб кўрсатилмоқда.

Албатта, бу ҳол биз ўз қалбимизни ва ҳаракатларимизни ислоҳ қилишимиз зарурлигини англатади. Зотан, Исломга ихлос билан амал қилиш бизнинг мақсадларимизга эришишнинг ягона йўлидир.

Дарвоқе, Ўзбекистонда Ислом динига бўлаётган муносабат ҳақида тўхталиб ўтирмаймиз ҳозир. Шунчаки, халқ орасида тарқалган бир қитмир иборани айтиб қўямиз, хулоса чиқариб олиш ўзингиздан: “Ислом келиб юртимга – Ислом кетди юртимдан”.

Абдуллоҳ Нусрат

28.04.2016 йил

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort