Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Тарихни унутишга маҳкум этилган халқ

Тарихни унутишга маҳкум этилган халқ
24 Temmuz 2018 - 12:31 'да юкланди ва 874 марта ўқилди.

Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида Каримов режимини фош қилувчи мақолалар ёзган Акром Малик бугун қамоқда ўтирибди.

У 2017 йилнинг 13 январ куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди томонидан 6 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Ҳозирда Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи бир неча халқаро ташкилотлар ва маҳаллий аҳоли вакиллари ёш олим ва журналист Акром Маликнинг озодлигини талаб этмоқдалар.

Эътиборингизга Акром Маликнинг Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида эълон қилинган мақолаларини ҳавола қилиб борамиз.

* * *

ТАРИХНИ УНУТИШГА МАҲКУМ ЭТИЛГАН ХАЛҚ

Бугун тарихини унутишга маҳкум қилинган миллатлардан бири, шубҳасиз, ўзбек халқидир. Чунки халқ ўзининг ўтмишидан маҳрум қилинган. Ёки ўтмиш бу халққа даҳшатли кунлар, бахтсиз даврлар ўлароқ кўрсатилмоқда.

Келинг, фикримизни исботласак.

Каримов ҳар йили Наврўз ва мустақиллик байрамларини нишонлатади, 9 майни хотира ва қадрлаш куни деб эълон қилади, лекин уларнинг мазмун-моҳияти маълум эмас. Гўёки ўтганларни хотирлаш, уларнинг руҳига ҳурмат кўрсатиш, тирикларни қадрлаш эмиш! Буни қарангки, Тошкентдаги хотира майдонига бориб она тимсолини акс эттирган ҳайкалга таъзим қилишса, марҳумлар руҳига ҳурмат кўрсатилган бўларкан!

Қишлоқларда яшаётган ёши улуғ отахонлар йиғиб автобусларга солиб Тошкентга олиб келинмоқда ва ҳайкал пойига гул қўйиб, унга бош эгиб сиғинмоқдалар. Соғлом ақл яхши англайдики, ҳайкалга сиғиниш ширкдир. Яъни Оллоҳнинг бирлигига шерик топмоқдир. Зотан, Ислом дини ақидасига кўра Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Ундан ўзгага сиғинмоқ мумкин эмас. Рукуъ, сажда, таслимият – ҳамма-ҳаммаси Оллоҳгадир. Инсоннинг инсонга тиз чўкиши-да мумкин эмас. Фақатгина Оллоҳга тиз чўкилади. Бироқ Каримовнинг ўзи ҳар “байрам”да ҳайкал қошида бош эгиб, руку қилган етмагандек, чолларни ҳам шунга мажбур қилмоқда. Ҳайкаллар пойига эса гул қўйдирмоқда.

Дарвоқе, Каримовнинг ҳайкалпарастлиги ҳақида ҳам истаганча гапирсак бўлади. Бу одам ҳайкал ясашни яхши кўради. Совет даврида шаклланган онгида ҳайкал унинг учун мангулик тимсоли ўлароқ кўринади. Совет даврида коммунистларнинг сиймолари ҳайкал ясаб улуғлангани каби Каримов ҳам дам Амир Темур, дам Алишер Навоийларнинг ҳайкалларини ясатгани етмагандек, одамларни чалғитиш учун Зулфия, Саид Аҳмад ва унинг хотини Саида Зуннуноваларнинг ҳайкалларини ясатган. Бундан ташқари Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Ойбек ва бошқаларнинг ҳам ҳайкаллари бор. Аслини олганда, Каримов сиёсатида одамларни чалғитиш учун ҳайкаллардан фойдаланиш услуби бор.

Энди яна 9 майни муҳокама қилсак. Гапни тарихга боғлаётгандик. Ўтган асрнинг бошларида яшаган жадидлар, Туркистон мухторияти ҳақида бир қадар биламиз. Аммо кўп эмас. Чунки улар ҳақида жуда қисқа эсланади. Аслида уларнинг фаолияти кенгроқ ўрганилиши, халққа етказилиши шарт. Чунки жадидлар ва Туркистон мухторияти ғоялари замирида чинакам ҳуррият ва чинакам миллий мазмун, мақсадлар мужассам. Каримов эса булардан қўрқади. Гўёки жадидлар ёки Туркистон мухторияти ғоялари унинг ҳукумати учун соя солади!

Аслида ҳақиқат шу. Чунки жадидлар яратган асарлар, Туркистон мухториятининг тузилиши ва йўқотилиши, хонликларнинг ағдарилиши, ўша даврларда мамлакатимиз бўйлаб юз берган қўзғолонлар моҳиятида халқнинг ҳурриятга ташналиги ва эътиқодга бўлган садоқати намоён. Бу нарсалар халқни, миллатни ўзига танитади. Лекин Каримов буларни истамайди. Мактаб дарсликларида бу мавзулар қисқача ёритилади, университетларда юмалоқ ёстиқ қилинади. Тамом. Халқ ҳам, улғайиб келаётган ёшлар ҳам бу давр ҳақида ҳеч нарсани билмайди.

Буюк боболардан лоф урилади, Худо ҳаққи, ўша буюк боболарнинг ҳаёти ҳақида батафсил маълумот берадиган, уларнинг шахсияти ва ижодий меросини танитадиган БИРОРТА ҲАМ КИТОБ ЙЎҚ Ўзбекистонда. Гапимга ишонмасангиз, китоб дўконларидан Берунийнинг ҳаётига бағишланган китоб сўраб кўринг. Ёки Ал-Хоразмий асарларининг тўпламига қизиқинг. Ҳа, майли, ҳеч бўлмаса, Аҳмад ал-Фарғоний ижоди мероси неча жилдда чоп этилгани билан қизиқинг. Жуда бўлмаса, ибн Синонинг ўзбек тилида чоп этилган асарларини тўплаб кўринг-чи!

Ишончим комилки, қониқтирадиган ҳеч нарса йўқ. Бўлса ҳам, Совет даврида чоп қилинган китобларни топа оласиз. Улар ҳам чалакам чатти, қисқартириб ташланган. Дейлик, Берунийнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”, “Сайдана”, ибн Синонинг “Ҳайй ибн Яқзон”, “Уржузалар”, “Шеър илми” каби китобларини кўришингиз мумкин. Форобийнинг эса “Фозил одамлар шаҳри” китобининг тўмтоқ бир таржимасига дуч келасиз. Аммо бу асарлар “жаҳон илм-фани тараққиётига муносиб ҳисса қўшган” боболарнинг меросини тўлиқ акс эттирадими? Ҳеч қачон! Агар шундай деб ҳисобланилса, бу шармандаликдан бошқа нарса эмас.

“Ал-жабр вал-муқобала”, “Ал-Қонун фиттиб” асарлари ўзбек тилида тўлиқ шаклда чоп қилинмаган. Чоп қилинган бўлса, нима учун халқ ундан бехабар? Нима учун бу асарлар ҳақида олий ўқув юртларида маълумот берилмайди? Аччиқ ҳақиқат шуки, ўтган ўн беш асрда аждодларимиз ёзиб қолдирган илмий мерос мутлақо қаровсиз ётибди.

Модомики, хотира ва қадрлаш экан, чолларни ва ёшларни ҳайкалларга руку қилдирмасдан шу китобларни нашр эттириб, хотирламайдими боболарини бу миллат?

Бу ҳақда яна узоқ гапириш мумкин. Биз шу ерда мухтасар қиламиз. Зотан, уруш даврида бўлганларга саккиз юз минг сўм пул билан оилалар фаровон бўлиб кетмайди, қуруқ сафсата билан халқнинг, миллатнинг маънавияти ўсиб қолмайди, қорнимиз тўқ, тинчмиз дейиш билан мамлакат тараққиётга эришмайди. Юрмаётган поездга ўтириб олиб, бекатларнинг номларини айтиш билан манзилга етиб бўлмайди.

Халқ маънавий жиҳатдан таназзулга ташлаган, иқтисодий жиҳатдан эзган бу тузумнинг ҳам умри, албатта, битажак. Бунга шубҳасиз ишонамиз.

Абдуллоҳ Нусрат

7.05.2016 йил

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort