Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Юриш бошланди

Юриш бошланди
27 Temmuz 2018 - 10:50 'да юкланди ва 1113 марта ўқилди.

Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида Каримов режимини фош қилувчи мақолалар ёзган Акром Малик бугун қамоқда ўтирибди.

У 2017 йилнинг 13 январ куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди томонидан 6 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Ҳозирда Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи бир неча халқаро ташкилотлар ва маҳаллий аҳоли вакиллари ёш олим ва журналист Акром Маликнинг озодлигини талаб этмоқдалар.

Эътиборингизга Акром Маликнинг Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида эълон қилинган мақолаларини ҳавола қилиб борамиз.

* * *

ЮРИШ БОШЛАНДИ
(Жазирамада қатағон изғирини)

Ўзбек МХХ “тозалаш” ишларини бошлади. Номи сир тутилаётган янги бир қатағон операцияси Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтидан бошланди.

2016 йилнинг 6 май – жума куни мазкур илм даргоҳига МХХ ходимлари кириб келишди ва ўзларида ҳеч қандай электрон манба йўқлигини кўрсатишди. Бу билан улар биз компютерингларни ҳалол текширамиз, уларнинг ичига “ноқонуний” материалларни солиб қўядиган аҳмоқ эмасмиз деган бўлишди. Сўнг институтдаги ҳар бир компютер бирма-бир текширила бошланди. Ходимлар интернет браузерлари орқали олимларнинг қайси сайтларга кириши ва кимлар билан хат ёзишиб туришларини аниқлашга киришдилар. Компютердаги ҳар бир манба – агар араб тилида ёки алифбосида бўлса, урди Худо! – диққат билан ўрганилди. Ходимларнинг муомаласи ўта мулойим ва айни пайтда ўта таҳдидли эди.

Браузерларнинг хотираси ўрганилди, кирилган сайтлар маълум бўла бошлади. Бир ходимда Қуръон топилди. Диний адабиёт сифатида мумкин эмас-ку деб дўқ қилинди. Бир олимнинг компютерида эса қўлёзма матнларнинг факсимилеси электрон китоби чиқди – текшириш учун олдилар.

Жараён шу қадар кутилмаганда ва тез содир бўлики, ҳеч ким ўз компютеридан Каримов режими учун хавфли кўринадиган бирор манбани ўчириб ташлашга улгуришмаган эди. Қолаверса, ўчирилган манбаларни ҳам тиклаб текширамиз деган бир дўқлаш ҳам бор эди.

Филология фанлари номзоди Сирдарёхон Ўтанова исмли олима – жиззахлик – Туркиядаги ўзбек олимлари, хусусан, машҳур қўшиқчи Дадахон Ҳасаннинг ўғли Нодирхон Ҳасан билан ўзаро ёзишмалар олиб бориши маълум бўлган. Сирдарёхон яна бошқа олимлар билан ҳам хатлашиб турган. Чунки у ўтган йилларда Туркияда бўлиб ўтган илмий анжуманда қатнашган ва у ерлик олимлар билан адрес алмашган эди. Табиий, илмий бир суҳбатлар ўтказиб туради. Аммо бу МХХ ходимлари учун хатарли туюлди ва улар Сирдарёни шубҳа остига оладилар ҳамда бу ҳақда ҳеч кимга айтмаслик шарти билан институт директорини огоҳлантирадилар.

Шунингдек, бу каби текширув гуруҳлари бошқа таълим идораларига юборилиши кутилмоқда. Энди Ўзбекистонда одамлар нафақат сўз айтишдан, балки фикрлашдан ҳам маҳрум қилинмоқда. Улар ўқиётган китоблари, сақлаётган манбалари учун жавоб беришларига тўғри келади. Халқ ҳаракати, Озодлик, ББС ва бошқа мухолиф сайтларнинг муштарийлари аёвсиз жазоланиши кутилмоқда. Шунингдек, прокси ўрнатилган компютер эгалари ҳам яхшигина жаримага тортилади.

Бу, маълумотларга қараганда, МХХнинг шу йил сентябр ойига қадар якунлашни назарда тутган операциясининг бошланиши. Яқин-орада Ўзбекистон ТВда ўзи олим ва илм бўла туриб, Ватанга хоинлик қилганлар ҳақида кўрсатувлар эълон қилинади.

Рейд уюштирилиши кутилаётган таълим даргоҳлари – Ўзбекистон Миллий университети (филология факультетлари), Низомий номидаги Тошкент педагогика университети (Ўзбек тили ва адабиёти факульети), Тошкент юридик университети, Тошкент ислом университети ва институти, Исломий таълим юртлари (Кўкалдош, Мир Араб ва бошқ.).

МХХ Ўзбекистон Халқ ҳаракати билан алоқада бўлиб турган ва мамлакат ичкарисидан туриб мақола ёзиб бераётган одамларни топиб йўқ қилишни мақсад қилган. Хусусан, рўйхатнинг аввалида Абдуллоҳ Нусрат турибди. Бу тахаллус остидаги шахснинг ким эканини аниқлаш учун у ёзган мақола матнлари диққат билан ўрганилмоқда, гумондорлар рўйхати шакллантирилган, гумондорларнинг ҳар бир хатти-ҳаракати, учрашувлари ҳужжатларга тикилмоқда. Бизда бу рўйхатнинг бир нусхаси мавжуд. Рўйхатда юқоридаги университет ва ўқув юртларининг профессорлари, магистрлари, талабалари номлари бор.

Бундан ташқари Гўрўғли тахаллуси билан шеър ёзаётган Муҳсин Солиҳ номли шахснинг ҳам кимлигини аниқлаш ҳаракати бошланган. У Ўзбекистондаги исёнкор ёш шоирлар ва ишдан четлатилган баъзи адиблар бўлиши мумкинлигини тахмин қилинмоқда.

Қизиқ жиҳати, тақиқланган материаллар сифатида китоблар, маърузалар, видеолар кўриларди, аммо ҳозир бу ерда тақиқланган қўшиқ деган банд пайдо бўлган. Бу банд пайдо бўлиши бош сабаби эса Абдулазиз Каримдир. Унинг барча қўшиқлари тақиқланди ва ким уни тингласа ёки сақласа, жиноятчи ўлароқ қабул қилинади.

Мазкур маълумотлар Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг Республика МХХда ишлайдиган аъзоси томонидан тақдим қилинди ва телефонларни, копмютерларни титиш, уларда Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг “Бу кунлар” сиёсий романини ҳамда бошқа манбаларни излаб топиб, айбдорларни маҳкамага тортиш жараёнлари ҳақида хабар бериб борамиз.

Ҳукумат қатағон йўли билан яна уйғонаётган ҳурриятни, одамлар орасидаги ўзгача бир тафаккурни ўлдирмоқчи, йўқ қилмоқчи. Хусусан, ёшларнинг катта қисмини инкор этиб бўлмас айблар билан қамаш планлари тузилган. Бу билан жорий диктатура ўз умрини узайтирмоқчи. Аммо у, иншаОллоҳ, ўз ниятига ета олмайди. Зотан, улар макр қилувчи бўлса, Оллоҳ уларга шундай макр қиладики, чорасини ҳеч қачон топа олмайдилар.

Фейсбукда фаол қатнашиб келаётган бир ёш йигит диктаторларнинг бошқалардан афзаллиги – у ўз умрининг тугаётганини ҳаммадан аввал билади деб ёзди. Бу айни ҳақиқат. Каримов режимини навбатдаги бу қаттол операцияси жон бериш олдидаги талвасани эслатмоқда.

Абдуллоҳ Нусрат

8.05.2016 йил

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort