Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Умаров иши буюртма бўлганлиги боис ҳам терговчи бепарво бўлган…

Умаров иши буюртма бўлганлиги боис ҳам терговчи бепарво бўлган…
04 Ağustos 2018 - 6:00 'да юкланди ва 648 марта ўқилди.

Олмазор туман прокурорининг катта ёрдамчиси Бахтиёр Акромов: “… терговчи модданинг наркотик эканлигига иймони комил бўлса, унда ҳеч бир шубҳа қолмаса, экспертизадан ўтказишга шошилиши шартми?”

Йирик тадбиркорлардан бири Жаҳонгир Умаровнинг бизнесини тортиб олиш “операцияси”ни амалга ошириш Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси жиноят қидирув бошқармасининг тезкор ходимларига “юклатилган”лиги суд терговларида маълум бўлди.

Иш қудратли кишилар томонидан “заказ” бўлганлиги сабали бўлса керак, Тошкент шаҳар ИИББнинг нафақат терговчиси, балки тезкор вакиллари ҳам тадбиркор Жаҳонгир Умаровга гиёҳванд модда ташлашлаб қўйиш ортидан уни хисбга олиш тадбирида ниҳоятда бепарво бўлганлар.

Оқибатда “жиноят иши”га оид “факт” ва “далиллар”  ўз ишининг устаси бўлган адвокатлар томонидан мўрт чинни каби чил-чил бўлмоқда.

Орган одамларининг бепарво ва лоақайдлиги Умаровнинг офисидан бошланган.

“Қўлга олиш операцияси”га бошчилик қилган тезкор гуруҳ ходими Азим Маҳмудов “гиёҳванд модда” истеъмол қилаётганликда гумонланган тадбиркор ва унинг ўша куни офисида меҳмони бўлган шахсдан на сийдик, на қон анализини олган. Қолаверса, орфисдаги 2 чашканинг чойи оперларнинг ўзи томонидан олдиндан тайёрлаб келинган бакалажкаларга қуйиб олинмоқда. Бироқ чашкага чой қуйган чойнак тезкор груҳ ходимларининг эътиборидан четда қолмоқда. Чойнакнинг чойи экспертиза учун олинмаган, чойнак ва чашкалардан ҳатто бармоқ изларини олиш ҳам муҳим деб ҳисобланмаган кўринади.

Бироқ тезкор ходимлар тадбиркор Умаровни ўзининг тили билан айтганда, ётқизиб қўйиб, унинг устига қўйиб олган сутулга чаппа ўтриб олиб, икки оёғининг  тагига –  товонларига дубинка билан уриш, тадбиркорнинг азойи баданини маматалоқ қилишни хотираларидан фаромуш қилмаганлар.

Натижада, юзининг кўз ости қисми шишиб, қонталаш, маматалоқ бўлиб қолган Жаҳонгир Умаров Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг вақтинча сақлаш хибсхонасига келтирилган куни, яъни 22 январьдан 23 янврага ўтар кечаси тиббиёт кўригидан ўтиш учун тиббиёт муассасасига олиб борилмаган. Қачонки, тадбиркорнинг калтаклар зарбидан юзага келган маматалоқлар, юз қисми, кўз тагидаги қонталаш излар, шишлар қайта бошлагачгина, яъни орадан 3 кун ўтгач, 25 январь кунигина шифокор кўригига олиб борилган деб тахмин қилгандик.

Бироқ биз ўйлагандек бўлиб чиқмади.

Суд терговида ИИБ ходимларининг, терговчи Жасур Якубовнинг ҳамда Умаровнинг  кўрсатмаларидан  маълум бўлишича, жиноят қидирув бошқармасининг тезкор ходимлари терговчидан ёзма ва ё оғзаки рухсат олмасдан туриб, бири олиб, бири қўйиб ҳар куни вақтинча сақлаш хибисхонасидан тадбиркор Умаровни тепага, хизмат хоналарига олиб чиқиб кетаверишган ва кун узоғи капток қилиб тепаверишган.

Натижада, 25 январь куни Жаҳонгир Умаровдаги жароҳатлар кўпайиб, кучайиб кетиши ортидан бу гал вақтинча сақлаш хибсхонаси ходимлари Ж. Умаровни қабул қилиб олишдан чўчишган,  “эртага бирор кор-ҳол содир бўлиб қолса, нима қиламиз?” деган ҳадиқда жаобгарликдан қўрқишган. Шу сабаб ҳам вақтинча сақлаш хибисхонаси ходимлари  тезкор ходимлардан шифокор маълумотномасини олиб келишларини талаб қилиб туриб олган.

Айнан ана шунингдек талаб ортидан  жиноят иши матреалларида 2018 йилнинг 25 февраль санаси билан тиббиёт маълумотномаси пайдо бўлиб қолган.

Суд жараёнида адвокатнинг “2018 йлининг 22 январь куни  жароҳатлари жиддий бўлишига қарамасдан нега Умаровни тиббиёт кўригидан ўтказиб келишларини талаб қилмагансиз?” деган саволига  Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармасниинг вақтинча сақлаш хибисхонасини судда гувоҳлик берган ходимлари  – Равшан Шарипов, Бахтиёр Усмонов, Баҳром Ашуралиевлар бир овоздан “Умаровнинг елка, қўл, юз, оёқ ости соҳаларида жароҳат излари бор эди. Биз ундан “Шикоятингиз борми? Бирор киши сизга қийноқ қўлладими?” деб сўраганимизда Жаҳонгир Умаров “Менинг ўзим эҳтиётсизлигим оқибатида йиқилиб тушишиб, тан жароҳати олдим” деб айтган ва бу ҳақда бизга “Тушунтириш хати” ёзиб берган эди. Шу сабаб биз у кишини тиббиёт кўригидан ўтказишни лозим топмадик. Мабодо Умаров тезкор ходимлар томонидан қийноққа солинганини айтганида ва бу ҳақда шикоят ёзиб берганида эди, биз бу ҳақда тепага хабар берган бўлардик”  дея жавоб беришди.

Шунда тадбиркор Жаҳонгир Умаровнинг вақтинча сақлаш хибсхонасининг ҳар бир ходимига қарата “Сизнинг фаолиятингиз давомида то шу кунга қадар бирор бир махбус “Менга терговчи ёки тезкор ходим томонидан қийноқ қўлланилди, мени калтаклашди, шунинг оқибатида тан жароҳати олганман” деб ёзиб берган факти бўлганми?” дея берган саволига Бахтиёр Усмонов “… Менинг вақтинча сақлаш хибсхонасидаги фаолиятим давомида бирорта бир маҳбус “Мени ИИББнинг тезкор ходими ва ё терговчи калтаклади, жароҳатларимни қийноқ ортидан олганман” деган мазмунда бирор маротаба шикоят ёзган ҳолатига дуч келмаганман” дея кўрсатма берган бўлса, Баҳром Ашуралиев юқоридаги саволга “Мен тўрт йилдан буён вақтинча сақлаш хибисхонасида ишлайман. Менинг фаолиятим давомида бирорта бир махбус менга “Жароҳатларимни терговчи ва ёки ИИБ ходими етказган, мен улар устидан шикоят қилмоқчиман” деган мазмунда ариза ёзиб бериш ҳолатига гувоҳ бўлмаганман” дея кўрсатма берди.

Янаям қизиғи, 25 январь кунги тиббиёт маълумотномаси ва экспертиза хулосасида “Жаҳонгир Умаровнинг қўл, елка, оёқлари ости, орқа, умуман, танасининг олд ва орқа томонларида жароҳат излари мавжуд” эканлиги қайд этилган ва буни вақтинча сақлаш хибисхонаси ходимлари ҳам суд терговида тасдиқлашди.

Шунда адвокат Шабанов “Айтингчи, мана, менинг ҳимоям остидаги Умаров сизга “Эҳтиётсизлигим оқибатида йиқилиб тушиб жароҳат олдим” деб ёзиб берган экан, аммо мана экспертиза хулосаси Умаровнинг оёқлари так қисми – товон соҳасида, елка қисмида, курагида, юз қисмида, танасининг олд ва орқа қисмида жароҳат борлигини тасдиқлаб қўйган. Қолаверса, сиз ҳам ҳимоям остидаги фуқаронинг жароҳат изларини аниқ-тиниқ айтиб ўтмоқдасиз. Мана, сизлар тажрибали ходимсизлар. Айтингчи, инсон ё олди билан йиқилади, ёки орқа томони билан ағнайди. Олд томони билан йиқилганда инсоннинг фақта олд қисми жароҳат олади. Аммо тиббиёт Умаров танасида “айланасига” жароҳат борлигини таъкидламоқда. Йиқилиш оқибатида жароҳат олган одамнинг танаси “айланасига” жароҳат олиши мумкинми? Ёки Умаров зинадан юмалаганмикин? Умаровнинг ҳатто икки оёғи ости – товон қисмида ҳам жароҳатлар бор. Нима, сизнингча, Умаров ерга товони билан йиқилганмикин?” дея савол берганида, орган ходимлари, ҳатто терговчи Жасур Якубов ҳам  саволга жавоб топа олмасдан мулзам бўлиб қолишди.

Адвокат Ёқутхон Худоёрованинг терговчига “Нима сабабдан қўлингизда экспертизанинг гиёҳванд модда эканлигини” тасдиқловчи хулосаси бўлмасдан туриб сиз ҳимоям остидаги Умаровга нисбатан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 273-соддаси билан жиноят иши қўзғагансиз? Тушунтириб бера оласизми?” деган саволига Тошкент шаҳар ИИББ терговчиси Жасур Якубов “… Ишим жудаям кўп эди. Бу менинг хатойим. Мабодо мен хато қилган бўлсам, бунга тегишли баҳо берилади. Аммо мен хатоимни кейин тузатиб қўйганман. Нима, сиз ўзингизни умрингизда хато қилмайман деб ўйлайсизми?” дея каландумоғлик-ла жавоб қилди.

Адвокат Худоёрова “Кечирасиз, бир инсон тақдири ҳақида гап кетаётганида ишим кўп эди” дея баҳона қилишга сизнинг ҳаққингиз йўқ. Қонун доирасида ишлаш сизнинг бурчингиз” дея эътироз билдирди.

Айни ана шу дақиқада суд ишида давлат қораловчиси сифатида ҳозир бўлган Тошкент шаҳар, Олмазор туман  прокурорининг катта ёрдамчиси Бахтиёр Акромовнинг терговчи Жасур Ёқубовга қарата “… терговчи модданинг наркотик эканлигига иймони комил бўлса, унда ҳеч бир шубҳа қолмаса, экспертиза тайинлашга шошилиши шартми?” деган қабилидаги саволи адвокатларнинг эътирозига сабаб бўлди.

                                                                                               Фото:UzNews.uz

Адвокта Худоёрова “Ҳурмтали судья, прокуроримизнинг ушбу саволини олиб ташлашингизни талаб қиламиз! Прокурор Бахтиёр Акромов терговчига йўналтирувчи савол бермоқда” дея талаб қилишига қарамасдан судда раислик этувчи Бобонов эътирозни қаноатландиришни лозим топмади ва давлат қораловчисига сўзида давом этишига изин берди.

                                                                         Фото:UzNews.uz

Шунда адвокатлар бир овоздан “Бу қанақаси бўлди?! Аҳвол шу тариқа давом этадиган бўлса биз прокурор Бахтиёр Акромовга “отвод” берамиз! Давлат қораловчисидан қонунга зид келмайдиган саволлар беришни  талаб қила олмас экансиз, судья Бобонов, сизга ҳам “отвод” беришга мажбурмиз!” дея қатъий эътироз билдиришди.

Адвокталарнинг эътирози суд ишида зудлик билан танаффус юзага келишига сабаб бўлди.

Адвокатларнинг қизишганларича ҳам бор эди.

Негаки, Тошкент шаҳар ИИББ терговчиси Жасур Якубов Умаровга оид тергов ҳаракатлари жараёнида қўпол қонун бузилишларига йўл қўйганлиги маълум бўлди.

Жумладан, терговчи Якубов 2018 йилнинг 23 январь куни соат 16.40 да тадбиркор Умаровни хибсдан озод қилиш борасида қарор берган, аммо ИИББ ходимлари тадбиркорни озод қилишга шошилишмаган.

Озод этилган Жаҳонгир Умаров уч соат давомида ИИББ биносининг тезкор ходимлари хонасида асоссиз тарзда ушлаб турилган ва айнан ўша куннинг ўзидаёқ, яъни соат 19.30 да тадбиркорни қайта хибс этиш тўғрисидаги “фатво”  имзолаган.

Оқибатда озод этилган Умаров ИИББ дарвозасидан ҳатламай туриб қайта қамоққа олинган.

Янаям аҳамиятли жиҳати шундаки, 24 январь куни гарчи суд   қамоққа олиш тўғрисида санкция беришни лозим деб топмаган бўлса-да, Жаҳонгир Умаров 24 январдан то 25 январь куни соат 11.00 ларга қадар Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг тезкор ходимлари хонасида ноқонуний тарзда ушлаб турилган.

ИИББ терговчиси Жасур Якубовнинг қонун таплабларини “ҳатлаб” ўтиши, қонунни оёқ ости қилиши яна шунда кўринадики, терговчи томонидан  аввалига, яъни 24 январь куни  тадбиркор Жаҳонгир  Умаровга нисбатан айблов эълон қилган, айблов эълон қилиб бўлгач, орадан 5 кун ўтиб холис ва гувоҳларни сўроққа тутрган.

Шу ўринда савол туғилади: Модомики, ҳолис ва гувоҳлар 5 кундан кейин сўроқ қилинган экан, Жаҳонгир Умаровга нисбатан айблов эълон қилишга нима асос бўлган?

Аввал тадбиркорга нисбатан “АЙБЛОВ”  ўйлаб топишмоқда ва ана шундан кейингина айбловларини асослантиришга, исботлашга уринишмоқдами?

Бу қанақаси бўлди?

“Нега айблов эълон қилишга асос бўлмасдан, гувоҳ ва ҳолисларни сўроқ қилмасдан туриб,  Умаровга айблов эълон қилдингиз?” деган каби саволларга терговчи Якубов такрорий тарзда “Холис ва гувоҳларни ўз вақтида  сўроқ  қилишга фурсатим йўқ эди” дея жавоб қилди.

Назаримда, суд мажлисининг кузатувчилари терговчи Жасур Якубовнинг “эси кирди-чиқди бўлса керак”  деган шубҳалар гирдобида қолиб кетган бўлишса ажаб эмас.

Негаки,  терговчи Якубов кўрсатма бера туриб адвокатларнинг ўнлаб саволларига “Билмайман”, “Эсимда йўқ” дея жавоб қилди.

Яхшиям тил луғатимизда “Эсимда йўқ” деган сўз бор экан, акс ҳолда Терговчи Якубовнинг ҳоли не кечарди?

Тадбиркорни қўлга олиш ва тергов қилиш жараёнларида қўпол қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлигини   суд мажлисларида  давлат қораловчиси  – Олмазор туман прокурорининг катта ёрдамчиси Бахтиёр  Акромов эшитиб, кўриб, билиб турибди. Бироқ суд мажлисини шартта тўхтатиб, тадбиркор Умаровга қўйилган уйдирма айбловни олиб ташлаш, уни  суд залидан озод қилиш масаласини кўндаланг қўйишга шошилган эмас.

Тахминимизча, прокурор ўзининг вазифасини фақатгина фуқароларни қоралашдан иборат деб ўйлайди чамаси.

Воқеалар ривожини кузатамиз.

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
мустақил журналист, ҳуқуқ ҳимоячиси

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort