Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ногирон жумлалар аталаси

Ногирон жумлалар аталаси
05 Ağustos 2018 - 8:00 'да юкланди ва 591 марта ўқилди.

Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида Каримов режимини фош қилувчи мақолалар ёзган Акром Малик бугун қамоқда ўтирибди.

У 2017 йилнинг 13 январ куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди томонидан 6 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Ҳозирда Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи бир неча халқаро ташкилотлар ва маҳаллий аҳоли вакиллари ёш олим ва журналист Акром Маликнинг озодлигини талаб этмоқдалар.

Эътиборингизга Акром Маликнинг Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида эълон қилинган мақолаларини ҳавола қилиб борамиз.

* * *

НОГИРОН ЖУМЛАЛАР АТАЛАСИ

(Каримовнинг 2016 йил 8 май кунги “нутқи” қисқача таҳлили)

Олдиндан тайёргарлик кўрилган эди. Беш-олти соқолсиз чол ва беш-олти лаганбардор журналист ҳамда беш-олти “кўзи чақноқ” ёшлар “муҳтарам” юртбоши келмасидан аввал Мустақиллик майдонида таналаридаги тешикларни ҳам текширувдан ўтказган ҳолда ҳозиру-нозир бўлдилар.

Ниҳоят юртбоши келди, у ўзи ясатган “мотамсаро она ҳайкали” пойига гул қўйди ва руку қилди. Хаёлан дедики: “Эй менинг маъбудам! Сенга гул опкелдим. Бутун мамлакатни сенга руку қилдирдим. Мени ҳокимиятда сақлаб қол! Эвазига сенга ҳар куни бир бойлам қиммат гул юбориб тураман”.

Кейин ўзича хотира ва қадрлаш кунининг аҳамияти ҳақида интервью бера кетди. Каримов шу қадар узоқ ва бемаъни гапирдики, атрофидаги ҳамма чарчаб кетди. Ҳатто, бу нутқ ТВда кўриб ҳам толиқиб қолиш мумкин эди.

У даставвал хотира ва қадрлаш куни ҳақида вайсади, кейин нима учундир уруш бўлаётган мамлакатлар ҳақида гапирди, “Ўзбекистон телеканалида уруш хабарлари йўқ, чунки ақли жойида одам бу ҳақда кўрмайди” деди.

Бу ҳайкални нега қурдик? Келиб шу ҳайкалга қараб хаёл сур, ўлиб кетган ота-боболарни эсла ва омин қилиб ишингга кет, Олло барака беради деди. Энди ота-боболарни эслаш ва яна омин қилиш учун шу кампирнинг ҳайкалига келиш керак, шекилли.

Каримов армияни кучайтириш ҳақида жавради. Афғонистонни гапирди. Бизнинг болаларимиз фақат ўз юртимизда бўлади, биз ўз чегарамизни ҳимоя қиламиз деди. Бу гапларни у ўн йиллардан буён айтиб келади.

Хуллас, агар яна Каримовнинг гапларидан иқтибос келтираверсак, мақола нима ҳақда бораётганини сиз ҳам, биз ҳам унутиб қўйишимиз мумкин.

Фақат бизни бошқа бир нарса ажаблантиряпти – одамлар унинг бу гапларини тинглашди, ўзаро боғланмаётган алжирашнинг гувоҳи бўлишди – наҳотки, бу гаплар замиридаги каззобликни кўрмасалар, англамасалар?!

Каримовнинг нутқ чоғидаги ҳаракатларига, юзига ва кўзларига диққат қилганмисиз? У гапирганда бутун танаси билан силтанади, нима гапирсам экан деб калласида жумла тўқишга интилади, кечаги жавраши асносида эса чап қўлини чўнтагига ҳам тиқиб олди. Гапи бетартиб ва зерикарли чиқаётганини ўзи ҳам фаҳмлади, кўзларида чарчоқ кўринди, ўртада овозини баланд кўтарди ва қўлини мушт қилиб ҳавода силтади. Охирида ҳаммага соғ бўлинглар деб қўйди.

Нотиқнинг ёлғон гапираётганини аниқлаб олиш қийин эмас, айниқса, у узоқ йиллик диктатор бўлса. Каримов қариб қолди, ўз овози оҳангини яхши бошқаради, бироқ умидсизлик уни қамраб олгани унинг ўзини тутишидан, танлаётган сўзларидан фош бўлди.

У сиёсат ҳақида, парадлар ҳақида ҳам тўхталди. Лекин ҳеч бир фикрини ўз ўрнида қўллай олмади. Бу бизга гўё бир тоғора аталани эслатди. Каримовнинг нутқи унинг интиҳоси ҳақида хабар бераётгандек туюлди. Зотан, унинг “нутқи” аслида алжираш ҳамда васваса эканини англаш учун жуда ҳам ақлли бўлиш шарт эмас.

Абдуллоҳ Нусрат

11.05.2016 йил

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort