Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Етти соатда таъмирдан чиққан президент трассаси

Етти соатда таъмирдан чиққан президент трассаси
06 Ağustos 2018 - 8:00 'да юкланди ва 764 марта ўқилди.

Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида Каримов режимини фош қилувчи мақолалар ёзган Акром Малик бугун қамоқда ўтирибди.

У 2017 йилнинг 13 январ куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди томонидан 6 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Ҳозирда Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи бир неча халқаро ташкилотлар ва маҳаллий аҳоли вакиллари ёш олим ва журналист Акром Маликнинг озодлигини талаб этмоқдалар.

Эътиборингизга Акром Маликнинг Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида эълон қилинган мақолаларини ҳавола қилиб борамиз.

* * *

ЕТТИ СОАТДА ТАЪМИРДАН ЧИҚҚАН ПРЕЗИДЕНТ ТРАССАСИ

Кўп ҳолларда ўзимиз ҳам ўзбек халқи ҳеч нарсани билмаяпти, жим яшаяпти, фикрламаяпти деб қўямиз. Бироқ ялангоёқ қора халқ деган “истилоҳлар” ила сифатланган миллатимизнинг оддий вакили ҳам, керак бўлса, вазиятни шу қадар тиниқ таҳлил қилиб қўядики, оғзингиз ланг очилиб қолади.

Тақозо билан такси тутдим. Манзилга бориш учун президент трассасидан юрдик. Йўл текис ва қоп-қора эди. Яқинда асфальт қилингани сезилиб турибди.

Таксистни гапга тутдим:
–Яқинда бу ердан ўтганимда йўл асфальтланмаган эди-я…

–Ҳа, – гапимни тасдиқлади таксист. – Шанба куни кечқурун (2016 йилнинг 7 майини назарда тутди – Абдуллоҳ Нусрат) клиент билан келаётсам, бу йўл ёпиқ. Қарасам – иш қизғин: йўлга асфальт ётқизишяпти. Соат кечки саккизлар атрофида эди. Кейин эрталаб олтиларда яна шу томонга юришимга тўғри келди. Тавба! Йўлни чиннидек қилиб асфальтлаб қўйишибди!

Мен ўзимча маънодор гап қилдим:
–Ана, кўрдингизми қудратимизни! Давлатимиз шу қадар кучли! Бир кунда юз километрлаб йўлни асфальтлаб ялтиллатиб қўяди!

Таксист гапимнинг тагидаги нимкосани тушунмади, шекилли, энасаси қотди:
–Ҳа, шунақа денг…

Мен эса яна давом этдим:
–Аммо Тошкентнинг бошқа кўчалари ўн йилда ҳам асфальтланмайди-я… Тавба… Бу йўл саккиз соатда ремонтдан чиқади, қишлоқларники эса дабдала… Нимага шунақа экан-а…

Таксист тушунтира кетди:
–Биз ўзбекларда одамлар қанақа, биласизми? Масалан, битта маҳаллада бир бойвачча бор дейлик. Унинг пули кўп. Шу одам кўчани асфальтлатса, нима қилади, биласизми? Деворининг тагинию мошинаси юрадиган йўлни асфальтлатади. Маҳалланинг бошқа кўчаларига ярим арава шағал ҳам туширмайди. Шунга ўхшаб кимнинг пули бўлса, ўзига тегишли ҳудудни асфальтлаб олади-да!

Ичимда: “Воҳ!” – деб юбордим. Чунки бу гап президент трассаси ҳақида айтилаётган эди ва айнан гап кимга қаратилгани ҳам маълум эди! Мен ҳам гап қистирдим:
–Маҳалла-кўйга ёрдами тегмаётган бойваччага одамларга нафинг бўлмаса, даф бўл дейдиган одам топилмайди-да а?

…Хуллас, ана шунақа! Каримов режими катта кетмаса ҳам бўларкан. Пасткашлик қилиб ўз юрадиган йўлни асфальтлаб олиб бошқа кўчаларни тошу той ичида қолдирган президентга халқнинг муносабати шаклланиб бўлган. Одамлар “муҳтарам юртбоши”нинг асл башарасини кўриб улгуришди. Йигирма беш йиллик безбетлик, йигирма беш йиллик уятсизликнинг бадали оғир.

Ўзи юрадиган йўлни ремонт қилиб, маҳалланинг кўчасига қарамайдиган бойвачча ҳайдаб солинадиган вақт ҳам узоқ эмас, иншаОллоҳ.

Абдуллоҳ Нусрат

12.05.2016 йил

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort