Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Бу қандай кунлар?”

“Бу қандай кунлар?”
09 Ağustos 2018 - 8:00 'да юкланди ва 798 марта ўқилди.

Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида Каримов режимини фош қилувчи мақолалар ёзган Акром Малик бугун қамоқда ўтирибди.

У 2017 йилнинг 13 январ куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди томонидан 6 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Ҳозирда Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи бир неча халқаро ташкилотлар ва маҳаллий аҳоли вакиллари ёш олим ва журналист Акром Маликнинг озодлигини талаб этмоқдалар.

Эътиборингизга Акром Маликнинг Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида эълон қилинган мақолаларини ҳавола қилиб борамиз.

* * *

“БУ ҚАНДАЙ КУНЛАР?”

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг “Бу кунлар” асари жанр жиҳатдан бироз мубоҳасали. Чунки муаллифнинг ўзи унга қисса, роман ёхуд бошқа бирор номни тавсия қилмаган. Лекин адабиётшунослар бирор асар яратилдими, албатта, бирор жанрга – гуруҳга мансуб деб баҳолашга ошиқадилар.

Ёзувчининг бу асари бутун Ўзбекистон бўйлаб кенг муҳокама этилмоқда. Озодлик радиосининг “Қурултой” дастурида Абдулла Искандарий ҳам буни қайси жанрга оид деб атасак экан деди. Муаллифнинг бу хусусда ББСга берган интервьюси эса ютуб каналида навбати билан қисмларга бўлинган ҳолда эълон қилиб борилмоқда.

Биз асарнинг кайфияти, услубидан келиб чиқиб уни роман деб аташ таклифини берамиз. Роман жанрига мансуб асарнинг критериялари ҳақида жуда кўп баҳслар юради. Бу баҳслар ичида рус адабиётшуноси Михаил Бахтиннинг қарашлари фундаментал асосларга эгалиги билан ажралиб туради. Олим роман энг яшовчан жанр, унда барча замон ва маконни, барча характердаги одамларни ва турфа тасвирларни учратамиз, роман табиатига кўра қолипларга сиғмайдиган бир жанрдир деб айтган.

Қисса эса воқеликни романга нисбатан торроқ диапозонда баён қилади. Унинг қамрови кичикроқ. Ҳикоя эса ўз шакли ва елкасига оладиган ғоявий юки жиҳатидан, албатта, роман деб аталмайди. “Шарқ юлдузи” журналида ёзувчи, шоир ва олим Улуғбек Ҳамдам “Наъматак” деган мини-роман эълон қилди. Ўзбек адабиётшунослари бу асарни ўзларича таҳлил қилишган бўлди, аммо қатъий бир фикр айтолмадилар, бу мини-романнинг моҳиятини очиқлайдиган, унинг устун ва суст жиҳатлари ёритилган бирор тадқиқот чиқмади.

Демоқчимизки, ўзбек адабиётшунослиги Каримов режими исканжасида тиқин тиқилган бутилканинг ичига қамалиб қолган. Нафаси қайтиб, ҳидланиб кетган. Адабиётшунослик талқинлари бир хил. Бу соҳа олимларида бадиий асарга руҳий таҳлил, феноменал, културологик, тарихий, сиёсий ёндашувлар асосида муносабатда бўлиш салоҳияти йўқ. Шунинг учун ўзбек адабиётшуносларининг бир гуруҳи бадиий асарда келган поэтик санъатларни санаб умр ўтказади, бир гуруҳи эса бадиий асарнинг сюжетини қайта ҳикоя қилиб тирикчилик қилади. На ёши катталар, на навқирон адабиётшунослар адабиётга замонавий дунё нигоҳи билан боқадилар! Улар адабиётни ё илоҳийлаштириб олишади, ё битта бурчакка тиқиб, қамаб қўйишади. Шунинг учун бугун мамлакатда адабиёт ҳам, адабиётшунослик ҳам ўз вазифасини адо қилаётгани йўқ.

Аслида, адабиёт шундай бир қуролки, унинг воситасида азалий ва абадий ҳақиқатлар, улуғ қадриятлар одамлар қалби ва онгига етказилади. Адабиёт ҳар қандай ҳолда ҳам восита мақомидадир. Уни бу мақомдан кўтариш ҳам, тушириш ҳам мумкин эмас. Агар адабиёт ёзувчи ва шоирнинг ҳадафи ўлароқ белгиланса, шу нуқтадан бошлаб унинг қиймати ерга тушади.

Адабиёт ва сиёсат, адабиёт ва эътиқод ҳамиша параллел шаклда яшаб келган. Адабиёт ҳар иккала ҳолда бу икки тушунчага дахлдор ва айни пайтда уларга эргашувчи ҳамдир. Гап шундаки, адабиёт сиёсатдан устун турмаса, уни ҳеч ким менсимайди. Адабиётнинг йўналишини сиёсат белгилаб бера бошлаган кундан бошлаб ундан халқ воз кечади, ёзувчи ва шоирларнинг ҳурмати ва эътибори ер билан бир пул бўлади. Аммо қачонки адабиёт сиёсатнинг йўлини белгилаб берса, шу ондан эътиборан унинг даражаси кўтарилади, халқ унга қайтади, ёзувчи ва шоирлар халқнинг энг олд қатламига айланадилар.

Совет даврида адабиёт партиянинг қўғирчоғи бўлиб, унинг ипларини партия сиёсати ушлаб турарди. Ўртада ошкоралик даври ва қайта қуришда адабиёт бу ипларни узди. Лекин тез-орада у Каримов режимининг бичилган қулига айлантирилди. Миллат адабиётининг йирик намояндаларининг ҳаммаси – Озод Шарафиддинов, Саид Аҳмад, Одил Ёқубов, Усмон Азим, Мурод Муҳаммад Дўст, Абдулла Аъзамов, Эркин Аъзамов, Хуршид Даврон, Хайриддин Султон, Мирза Кенжабек ва, албатта, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуф, Маҳмуд Тоир, Сирожиддин Саййид, Иқбол Мирзо ва шу сингарилар Каримов режимининг ихтиёрий-ғайриихтиёрий малайлари бўлиб ишлай бошлашди.

Бугун уларни оқлаб берадиган бирор фактор йўқ. Чунки халқ номлари зикр қилинган ёзувчи ва шоирлар золим Каримов ёнида юриб, мукофот олиб, уни мақтовларга кўмишганига гувоҳ бўлиб турибди. Адабиётга умуман алоқаси бўлмаган Каримов адабиётни ўлдирди ва унинг жасадидан ўз қуроли ўлароқ фойдаланишга киришди.

Халқ ёзувчиси, Халқ шоири деб ном олиб давралар тўрида қўър тўкиб ўтирганларнинг аксари ўз мансаби ва ҳузури учун ўз бурчларини сотишди. Натижа нима бўлди?

Шоир ва ёзувчиларнинг обрўси бир пул бўлди. Қайта қуриш даврида Муҳаммад Солиҳ Ёзувчилар уюшмасини бошқарган пайтлари ўта юксак мақомга чиққан адабиёт аҳли ўз қадрини билмагани учун балчиққа кирди.

Иккинчидан, шаклланиб келаётган ёш ёзувчи ва шоирлар адабиётнинг вазифаси бизга мукофот ва нишонлар олиб бериш деб хаёл қила бошлашди. Адабиёт сиёсатдан бўлак иш деб халқнинг қийналаётгани, маънавий айнишлари устида кўз юмишга ўрганишди. Шунинг учун бугунги ёш ўзбек шоир ва ёзувчи йигитлари фақат йиғламсираб хотинларга ўхшаб шеър ёзишади, бирортаси чақнаб, атрофни ларзага келтириб, одамларнинг дарду ғамини кўрсатиб беришга жасорат топа олмайди.

Учинчидан, адабиёт сиёсатнинг ўйинчоғига эврилгач, унинг туси, ранги, шираси йўқолди. Адабиётга бир гуруҳ тан олинмаган авлод кириб келди. Улар ўғрилар, фоҳишалар ҳаётини акс эттирган асарларини газеталарда нашр қилдириб тирикчилик қилишмоқда. Бу сафга Нуриддин Исмоилов, Азамат Қоржовов, Набижон Ҳошимов, Ҳабиб Темиров кабиларни киритиш мумкин.

Тўртинчидан, университетларда адабиёт факультетларида шиддат, шижоат ва ёруғлик қолмади. Уни фақат майдагаплик, ғийбат қамраб олди. Ҳамма шоир ва ёзувчилар бўш қолди дегунча бир-бирларининг ортларидан гапириш билан кун ўтказишмоқда.

Бешинчидан, адабиётдаги ёшларнинг ҳаммаси қуёнюрак бўлди. Улар рухсат берилган доирада ирғишлашади, аммо тақиқланган мавзуларга ўта олмайдилар.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон 90 йилларда “Оқ бино оқшомлари” деган қиссаси билан машҳур бўлган. У ўрта йигирма йилликда умуман ҳеч нарса ёзмади ва шу билан ўзини золим Каримов режимига маддоҳлик қилишдан қутқарди ёки бу пасткашликдан ўта юқорида турди.

Шундан кейин 2011 йилда “Тафаккур” журналида “Чилла”деган ҳикоясини эълон қилди. Ўзининг айтишича, бу ҳикояни ёзишга уни Тоҳир Малик тарғиб қилган. Ҳикояда яссилик Қул Аҳмад каби ер остига кириб йигирма йил ўтирган одам бош қаҳрамон. Аслида, бу одам золим режимга қарши қандай курашишни билмаган ва иложсизликдан ер остига кириб кетган кишининг қиёфаси эди. Йигирма йиллик чилла эса Каримов айтган “мустақиллик”нинг суврати эди. Буни машҳур адабиётшунослардан бири алоҳида таъкидлаган эди.

Кейин Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон “Этакдаги кулба” деган ҳикоясини “Шарқ юлдузида” эълон қилди. Ҳикояда оламдан четда қолган қишлоққа бир девонанинг келиши баён қилинган. У қишлоқ бўйлаб “Уйи куйган ким бор! Бахти куйган ким бор!” деб қичқириб юради ва этакдаги кулбада қулоқларига ўргимчаклар уя қурган бир одамнинг қулоғига ўкиради. Қисқаси, бу ҳикоя ҳам ўзини ўзи хароб қилган жамиятнинг рамзий бир акси деб айтиш мумкин.

Яна шуни маълум қилиш мумкинки, адибнинг бу икки ҳикояси ҳам ўзбек адабиётшунослари томонидан бир қадар таҳлилга тортилди.

Ва ниҳоят ёзувчи яқинда ўзининг “Бу кунлар” асарини эълон қилди. Биз юқорида айтган гапларимизни асос сифатида кўрсатган ҳолда бу асарни сиёсий роман деб аташни таклиф қиламиз.

Романлар қамров жиҳатдан катта вақт ўлчамига, кенг макон чегараларига эга ҳисобланади. Улар мазмунига мувофиқ маърифий, хронологик, трагик, комедик ва ҳоказо бўлиши мумкин. Муайян бир даврдаги сиёсий жараёнларни жамият ҳаётига ўтказган таъсири ёхуд жамиятнинг бошидан ўтган сиёсий воқеаларни таҳлил қилган, баён услубида бадиий бўёқдорликни сақлаган, эмоциялар билан суғорилган, айни пайтда, ўткир публицистик руҳдаги, ички яхлитликка, ботиний сюжетга эга бўлган асарни биз сиёсий роман деб атасак бўлади. Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг “Бу кунлар” асари ана шу талабларнинг барчасига жавоб беради.

bun kular
“Бу кунлар” сиёсий романи ичидан бир қанча бирлаштирувчи чизиқлар ўтган. Ёки биз буни асарни тутиб турган устунлар деб аташимиз мумкин. Бу чизиқла (ёки устунлар) қуйидагилардир: 1) боб ёки фасл атамаси ўрнига қўлланган кўчат сўзи; 2) йигирма йиллик вақтда оралиғидаги Ўзбекистон жамияти, 3) президент Ислом Каримов.

Бу уч тушунча бутун асар бўйлаб қатнашган. Романнинг бирор саҳифаси ёки боби бу уч тушунчадан ташқарида эмас. Баён этилган ҳар бир воқелик замирида бу уч қаҳрамоннинг иштироки бор.

Кўчат деган сўз бобларга нисбатан қўлланиши ўқувчиларда дастлаб бироз эриш бир муносабатни уйғотиши мумкин. Аммо бу сўз романнинг моҳиятини белгилаб берадиган бир омилдир. Кўчат – экилади, соя, мева ёхуд камида ўтин беради. Романдаги кўчатларнинг ҳар бирида бу уч ҳосилнинг ҳаммасини олса бўлади. Агар романнинг қисмларини оддий боб ёхуд фасл шаклида кўрганимизда ботинга яширинган бу юкни ҳис этмаган, билмаган бўлардик.

Ўзбекистон жамияти деганимиз Ўзбекистонда яшаб турган, йигирма йилда туғилган ва ўлган, шу замонда умр кечириб келаётган ҳамма тушунилади. Бу ҳамманинг ичида ҳаммамиз бормиз. Сиз ҳам шу ердасиз, биз ҳам шу ердамиз.

Биз ўқиган кўплаб романларда жамиятни муайян қисмларда акс этганига гувоҳ бўлганмиз. Ёзувчилар жамиятнинг бирор аъзоси ёхуд қатламининг ҳаётини ёритиш орқали бутун жамият ҳаёти ҳақида маълумот беради. Аммо бутун бошли жамият қаҳрамон сифатида олинган романларни кам учратамиз. Йўналиш жиҳатдан асарнинг сиёсий руҳда эканлиги ҳисобга олинганда ҳам бу фикримиз ўзгармаслиги мумкин.
Ўзбек адабиётида шу чоққача жамият ҳаётини бу қадар теран таҳлил қилган асар Фитрат томонидан ёзилган. Хусусан, унинг “Ҳиндистонлик фаранги ва бухоролик мулланинг мунозараси”, “Раҳбари нажот” каби асарлари шу йўналишда. Яна Алихонтўра Соғунийнинг “Туркистон қайғуси” асарида ҳам айни шу кайфият мужассам.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг романи бу асарлардан ўта изчиллиги, аниқ мақсад йўлидан боргани ва адибнинг шахсий муносабати бўртиб тургани билан алоҳида ажралиб туради. Чунки кўплаб адиблар асарларида ўз фикрларини очиқ бермасдан иложи борича қаҳрамонлар тилидан гапиришга интилишади, аммо “Бу кунлар”да муаллиф бу йўлни танламаган. Чунки бу сиёсий роман ўз-ўзидан даврнинг маҳсулидир. Одамларга мавжуд ҳақиқатларни бадиий асар билан англатиш натижаси бир қадар мавҳумдир. Бу ҳақиқатларни бир гуруҳ қатлам тушунади, бир гуруҳ қатлам тушунмайди, аммо “Бу кунлар” услуби айтилиши керак бўлган гапни халқнинг барча қатламига тенг етиб боришини таъминлайди. Модомики, бу йўл турган экан, аниқ ғоя ва фикрни бадиият тўнига яшириб тақдим қилиш шарт эмас.

Адабиётшуносликда шунай фикр бор: адабиётда рамзийлик кучайса, демак, жамиятда босим кучли. Чунки ёзувчи ноҳақликка ошкора исён қилолмагани учун рамзий тил билан гапира бошлайди. Чиндан шундай. Бу ҳодиса бугун ўзбек адабиётига ҳам хос. Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг юқорида биз тилга олган икки ҳикояси ҳам бу фикрни тасдиқлайди. Бу фикрга шуни қўшимча қилиш мумкинки, жасоратли адиб иймон кучи билан ҳар қандай рамз ва мажоз тўнини ечиб отади ва ҳақиқатни бор қиёфаси билан халққа таништиради. Ҳақиқат, одатда, гўзал бўлмайди. У майиб, мажруҳ, касалманд қиёфада бўлади. Унга қараш қийин. Ундан завқланиб бўлмаслиги мумкин. Унга термилиш инсонни ғамга солиши мумкин. Аммо бу оғриқларга рози бўлмаса, одамзод мақсадига ҳеч қачон эриша олмайди. Агар рамзларга ўраб берсак, ҳақиқатни бу рамзлар девори остидан топишга вақт сарфланади, гўё бу жараён инсонга бир лаззат бахш этади. Лекин бу лаззат уни ҳақиқат учун курашишга, ўша бадбашара ва қўрқчинчли ҳақиқатни қафасдан қутқаришга рағбатлантирмаса, ғайратлантирмаса, бунинг ҳеч нафи бўлмайди.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон “Бу кунлар” сиёсий романида ҳамма масалани очиқ-ойдин ўртага қўйди. У адабиётнинг нафислигидан, рамзийлигидан, кўнгилга бир фараҳ бериб завқлантирадиган ўйинларидан ошкора воз кечиб, адабиёт аҳлининг кўзига ўта яланғоч ва тўмтоқ кўринадиган бу йўлдан борди. Чунки бу нарсани даврнинг ўзи, вазиятнинг ўзи талаб қилиб турган эди. Жамиятдаги таназзулни яққол кўрсатиб бериш учун иложи борича яқин йўлдан, у хавфли бўлса ҳам, шу йўлдан юриш керак эди. Ва ёзувчи шу йўлдан юрди.

Мана, асар эълон қилинди, биз уни ўқидик. Энди нима ўзгарди? Одамлар бу асарни ўқиганларидан сўнг уйларидан чиқиб Каримовнинг ҳукуматини ағдариб, бошқа бир ҳокимият ташкил қилишга киришдиларми? Нима рўй берди?

Гўёки бир қараганда ҳеч нарса ўзгармагандек. Чунки асарни ўқиган ҳам, ўқимаган ҳам аввалгидек жим. Одамлар асарни ўқиб бўлгач, компютерларидан ўчириб ташлашяпти. Устига-устак, Ўзбекистон МХХ бу асарни компютер ва телефонлар хотирасидан излашяпти. Ёзувчининг сайтини ҳам тақиқлаб қўйдилар. Албатта, шов-шув кўтарилди. Муаллифнинг жасоратига кўпчилик (жумладан, биз ҳам) таҳсин ўқиди.

Адиб бадииятдан, тўқима асар ёзишдан воз кечиб тутган йўли нимани берди? Эффект қани?

Қадим замонларда одамлар тоғ бағридан тилла топиш учун қояни ўйишган. Чўкич билан тошни кўчиришган ва тилла бор деб ўйлаган жойларини очишган. Аммо тиллани бир кунда ёхуд икки кунда топа олмаганлар, табиий. Балки, ойлар, йиллар давомида қоронғу ғорларда чўкич билан тошни ўя-ўя тиллага етиб боришган.

Шу каби жамиятнинг тушунчаси, ҳаётга бўлган қараши, ёшларнинг жасорати бир кунда ўзгарадиган ва бир кунда шаклланадиган ҳодиса эмас. Чунки бир кишининг ҳаётга, одамларга ва оламга бўлган қарашлари шаклланиши ёки юксалиши тезда рўй бермайди. Балки босқичлардан ўтилгач, бир нуқтага келгач, одамнинг дунёқараши, қатъий принциплари пайдо бўлади ва инсон ана шу ўзи яратиб олган қоидалар асосида яшай бошлайди.

Ёш йигитлар ва қизларнинг тафаккури шаклланиш босқичида бўлгани ва тўлиб улгурмагани учун уларга таъсир ўтказиш осон. Улар ўз қарашларини осонлик билан ўзгартирадилар. Агар сиз бирор кучни кўрсатсангиз! Бу, эҳтимол, манфаат (бойлик, обрў, шон-шуҳрат) кучи бўлиши мумкин. Бу, эҳтимол, иймон (садоқат, матонат, жасорат) кучи бўлиши мумкин. Агар сиз буларни ёш йигитга ёки қизга намоён этсангиз, у тезда ўзгариши табиийдир. Бироқ ёши улғайган бир одамга бу икки куч билан ҳам таъсир ўтказиш қийин. Чунки у ҳамма хулосаларни ясаб бўлган ва аллақачон жойлашиб олган ўрнидан бошқа жойга кўчишни истамайди. Унинг дунёқарашини қўзғатиш, ҳиссиётини уйғотиш ва мафкура тутқунлигидан қутқариш учун сизда жуда катта чексиз бир қудратни акс эттирувчи белги бўлиши лозим. Шундай экан, Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг “Бу кунлар” романи билан жамият ҳаётида, одамлар онгида кескин ўзаришлар, бурилиш бўлиб кетди деб айтиш жуда қийин. Аммо бу асар тилла ахтараётган одамнинг қояга қарата урган энг кучли зарбаларидан бири бўлди дея оламиз.

Инсоннинг ён-атрофга бўлган муносабати аста-секин шаклланар экан, бу йўлда унга ташқи кўплаб омиллар, хусусан, кино, мусиқа, китоблар таъсир ўтказади. Каримов режимининг ҳалокати, жамиятнинг маънавий таназзулини ўзида акс эттирган китоблар эса бу борада қимматли куч ҳисобланади. Агар Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон бу асарини эълон қилмаса, Ўзбекистон Халқ ҳаракатида мақолалар нашр этилмаса, Муҳаммад Солиҳ ўзининг “Йўлнома”сини ёзмаса, нима бўлади? Жамиятнинг асл ҳолатини юқоридан кўриб, ичидан ҳис қилиб турган шахсларнинг бу каби китоблари бизга етиб келмаса, биз бу жамиятга қандай муносабатда бўламиз? Режимнинг айтганига кўниб жимгина кетаверамизми ёхуд унинг айбу камчиликларини, нуқсонларини кўриб, уларни тўғирлашга саъй қиламизми? Ёки бошимизда ўз ҳукмини аёвсиз ўтказиб келаётган жиноятчилар ҳукуматига таслим бўлиб ўтираверамизми?

Жамият Фитратнинг “Раҳбари нажот”ини ҳам, “Мунозара”сини ҳам, Соғунийнинг “Туркистон қайғуси”ни ҳам, Муҳаммад Солиҳнинг “Йўлнома”сини ҳам, Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг “Бу кунлар”ини ҳам мутолаа қилади. Қуръонни ҳам ўқийди, ҳадисни ҳам ўрганади, жараёнда унда соғлом фикрлаш бошланади, жасорат уйғонади, ўз кучи ва потенциалини адолат баҳолаш қувватига эга бўлади. Кейин ноҳақликка исён қилади, ёлғонга қарши курашади, ҳақиқатнинг қарор топиши учун умрини бағишлайди, иймон ва эътиқод йўлидан собит кетишни ўрганади, ўзидан аввал шундай умр кечирганларга эргашади.

Шу маънода, “Бу кунлар” асарининг эффекти ўлароқ одамлар кўчага намойишга чиқишини кутиш ёки Каримов ҳокимиятни юмшоқлик билан бировга топширишини орзу қилиш мантиққа у қадар тўғри келмайди. Балки бу асарни ўқиб ёшлар ўз йўналишларини тўғри белгилашади, дунёга қайси кўз билан қарашни билиб олишади.

“Бу кунлар” сиёсий романи муаллифнинг шуҳратпарастлиги меваси эмаслиги кундай равшан. Балки бу роман Ватанга, халққа бўлган муҳаббатнинг ҳосиласидир. Оллоҳнинг изни ила бир инсон қалбидаги жасорат булоғидан оққан ҳаётбахш сувдир бу асар.

Мақола сўнггида мавзуга алоқадор бўлиш-бўлмаслигидан қатъий назар айтажакларим бор – шуларни айтмоқчиман. Бу гапларим ўзбек ёзувчи ва шоирларининг барчасига – ёшу қарисига бирдек қаратилган! Уларнинг баъзиларининг исмини зикр қиламан, чунки яхши танилиб қолишган.

Луқмон Бўрихон!
Алишер Назар!
Улуғбек Ҳамдам!
Назар Эшонқул!
Сирожиддин Саййид!
Иқбол Мирзо!
Маҳмуд Тоир!
Носиржон Жўраев!
Беҳзод Фазлиддин!
Насрулло Эргаш!
Дилмурод Дўст!
Ихтиёр Хонхўжаев!
Нодир Жонузоқ!
Нурилла Чориев!
Салим Абдураҳмон!
Байрам Али!
Ҳусан Мақсуд!
Рафиқ Сайдулло!
Адҳамжон Махсудалиев!
Мақсудхон Саломов!
Фаррух Жабборов!
Алибек Анварий!
Шукуржон Исроилов!
Мусанниф Адҳам!
Азиз Нур!
Абдуллатиф Адҳамов!

Биз сизларни яхши биламиз, йигитлар. Ижодий ишларингизни ижтимоий тармоқлар, интернетдан сайтларда ёритилган. Мустақил фикрлашга уриниш бор сизда. Ўз йўлингиз ва овозингизни, сўзингизни айтишга интиласиз. Ҳар бирингиз хос характер эгасисиз. Буни ёзганларингиз кўрсатиб турибди. Сизларнинг бошқа қалами ўткир тенгдошларингиз ҳам борки, аммо уларни биз танимаслигимиз эҳтимол. Шунинг учун бу гапларни уларга етказиб қўярсиз.

Биз сизларга Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг сафига қўшилиш таклифини бераётганимиз йўқ. Бизнинг сиёсий партияни, бизнинг сиёсий йўлни қўллаб-қувватланг деган гапни ҳам айтмоқчи эмасмиз. Ҳатто, биз сизларга ёзган китобларимизни, мақолаларимизни ўқиб чиқинг деган таклифни беришдан ҳам йироқмиз. Чунки, Алҳамдулиллаҳ, шахсиятимизни юксак ғоялар воситасида машҳур қилишни асло мақсад қилмаганмиз. Биз сизга айтмоқчимизки, Оллоҳ ҳар бирингизга бир қалам берган. Бу шундай қаламки, уни сиздан бўлак одам тута олмайди. Сиз ёзганингиз каби ҳеч ким ёза олмайди. Агар дўстингизга ва сизга айни бир мавзуда ёзиш буюрилса, шубҳасиз, мутлақо бошқа бир йўлларда ёзасиз. Чунки Оллоҳ таоло сизларнинг ҳар бирингизга алоҳида тафаккур тарзини берган ва шунинг учун ўзаро қасдлашиш, ўзаро ҳасад қилишнинг умуман фойдаси йўқ. Зотан, минг ҳаракат қилингани билан инсон ўз неъматидан ташқаридаги фикрни ёза олмайди. Бу ўринда энг тўғри йўл – бутун имкониятларни ишга солиб фақат ва фақат Ҳақиқатларни юзага чиқаришдир.

Сиз биздан қайси ҳақиқатларни деб сўрашга ҳақлисиз.

Бу – сиз яшаётган муҳитдаги одамларнинг дарду оҳларидир. Сиз яшаётган жамиятнинг яраларидир. Сиз кўриб турган порахўрлик, сиз кўриб турган зулмдир. Сиз кўриб турган ва ечими умуман топилмаётган муаммолардир.

Оллоҳ сизга ҳеч кимга бермаган фаросат кўзини, заковат ўткирлигини берган. Буни биламиз. Чунки бу икки неъматдан бебаҳра одам ҳеч қачон сиз ёзган асарларни ёза олмас эди. Сиз биз каби фикрлашингиз шарт эмас. Сиз Фитрат, Алихонтўра Соғуний, Муҳаммад Солиҳ, Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон каби тафаккур қилишга мажбур эмассиз. Аммо улардан яхшироқ ва зеҳнлироқ бўлиш ҳам мумкин! Бунинг учун сиздан ўткир илм, кучли сабр, енгилмас жасорат, ҳақиқатга бўлган ташналик ва буларнинг манбаи ҳисобланган иймону эътиқод талаб қилинади.

Марҳамат, ўзингда бу сифатларни шакллантиринг ва елкангиздаги юкни ҳис этинг. Сизнинг қўлдаги қалам фақатгина қалам ҳақи олиб келадиган восита эмас. Унинг сиз билан қудрати ва кучи бор. Бу куч ва қудрат одамларнинг қалбини ёритади. Уларга ҳуррият ва озодликнинг насимларини етказади. Зулм ва ҳақсизликка бош эгишдан қутқаради. Маърифат ва эзгуликка, эртакка айланган адолатга томон етаклайди. Ўлиб қолган ва ҳеч ким ишонмай қўяётган идеалларга чорлайди. Буларнинг ҳаммасининг сизнинг бармоқларингиз тутиб турган қалам ва икки дудоғингиз орасидаги, онгларингиз қатидаги Сўзлар уддалаши мумкин. Фақатгина бу потенциални ҳис эта билишингиз шарт.

Агар ҳақиқатни айтсангиз, бошингиз кетса, ухлаб ётган иссиқ ўрнингиздан қўзғатишларидан қўрқсангиз, бирлашинг. Зотан, бирлашиш ҳар қандай қўрқувни таслим қилади. Зотан, бирлашганда, қалблар ўзаро тафтланганларида ўлим деб аталмиш даҳшат ҳам ўз рангини йўқотади. Зотан, ўлим бир одамга борганда қанчалик қўрқинчли бўлса, жасорати улкан баҳодирлар жамоанинг устига борганида ҳайбатини йўқотиб шунчалик кичрайиб кетади.

Сиз мен ожизман, қўлларим боғланган деманг. Қўлингизни боғлаб қўйган бўлсалар, ечиб ташланг. Тишлаб арқонларни узинг. Занжирларни синдиринг. Дўстингизнинг қошига боринг. Ҳақиқатларни ошкора айтишда жасоратли бўлинг. Бирингиз ёзган шеърдан иккинчингиз камчилик изламанг. Бу билан иш битмайди. Бирингиз ўз истеъдодингизни иккинчингиздан юқори баҳоламанг. Бу билан ҳеч нарса ўзгармайди. Кучингизни ҳақиқат юзидаги ниқобни, ҳақиқатнинг занжирларини олишга сарф қилинг.

Битта бўлсангиз, иккинчингизни топинг. Иккита бўлсангиз, учинчингизни даврага қўшинг. Сиз бирлашинг. Тенгдошингиз қамалса ёхуд босимга учраса, ёнига туринг. Қўрқманг. Бир кишидан кўра жамоа бўлиб жазо олишнинг гашти бўлакча. Аслида, биз сизларни жазога, қамоққа ёхуд ўлимга чақирмаяпмиз, балки сиз ва биз тасаввур қиладиган даҳшатларнинг чўққиси агар шу бўладиган бўлса, аслида сизнинг жасоратингиз олдида бу бир пул эканига сизни ишонтирмоқчимиз, холос.

Гапларимиз шунчаки жозиба, шунчаки сеҳр эмас. Балки айни ҳақиқат. Буни унга ишониб ҳаётингизга татбиқ қилган кунингиз яққол ҳис этасиз.

Атрофингизни тумандай ўраб турган қўрқувни парчалаб, кўнгилнгизда жасоратнинг чексиз бир қудратини, фаросатнинг тоза бир тажаллийсини туйиб яшаш лазззатини биласизми?

Ўтган асрнинг 80 йилларида Муҳаммад Солиҳ ва унинг сафдошлари айни шу лаззатни ҳис қилган эдилар. Улар жасорат мастлиги билан мамлакат мустақиллиги учун катта курашларга киришган эдилар. Ҳолбуки, уларнинг бошидан айланган қонли қамчи бугунги кундан кўра кучсиз эмас эди.

Бу менинг айтажакларим эди. Бу гапларим билан ҳам сиз қўлга қалам олиб фақат ҳақиқатларни айтишга, Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон каби асарлар ёзишга қарор қиласиз деб ўйламайман. Аммо бу сўзларимиз қалбингизнинг қаеринидир жиз эттирса ва уйғониб келаётган жасоратингизнинг улғайиши ёхуд яна тепароққа чиқиши учун бир зина бўлиб берса, мақсадга эришган бўлар эдик.

Абдуллоҳ Нусрат

13.05.2016 йил

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort