Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

13 май, Каримовнинг янги фармони ва “таълимдаги таъмагирлик” ҳақида

13 май, Каримовнинг янги фармони ва “таълимдаги таъмагирлик” ҳақида
10 Ağustos 2018 - 8:00 'да юкланди ва 609 марта ўқилди.

Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида Каримов режимини фош қилувчи мақолалар ёзган Акром Малик бугун қамоқда ўтирибди.

У 2017 йилнинг 13 январ куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди томонидан 6 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Ҳозирда Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи бир неча халқаро ташкилотлар ва маҳаллий аҳоли вакиллари ёш олим ва журналист Акром Маликнинг озодлигини талаб этмоқдалар.

Эътиборингизга Акром Маликнинг Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида эълон қилинган мақолаларини ҳавола қилиб борамиз.

* * *

13 МАЙ, КАРИМОВНИНГ ЯНГИ ФАРМОНИ ВА “ТАЪЛИМДАГИ ТАЪМАГИРЛИК” ҲАҚИДА

2005 йилда Андижонда бўлган қирғинга аввалги ҳафта ўн бир йил тўлди. Кунларни байрамга айлантиришга ишқивоз Каримов режими эса бу кунни мутлақо унутган. Бу кун мамлакат фуқаролари қони ариқ каби оққани хотирадан чиққан. Бу гўё ўша кунни қасддан унутишга қилинган ҳаракатдек.

2016 йил 13 май куни Ислом Каримов фармон имзолади. Биз Тошкентда шу йил март ойиниг илк ҳафтасида Ўзбек тили ва адабиёти университети очилиши ҳақида хабар берган эдик. Мазкур фармон айни биз хабар берган мазмунга юз фоиз мос бўлиб, у Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил қилиш ҳақида эди. Биз бу университет ҳақидаги фармон 21 март куни эълон қилиниши тўғрисида айтгандик, лекин Каримов режими қандай қилиб бўлмасин бизнинг информацияларнинг хатолигини билдириш учун қиладиган ишлари санасини ўзгартириб юради. Ва яна бир ҳақиқат шуки, моҳиятан адабиёт вакилларини хурсанд қилиши керак бўлган фармон айнан 13 май куни имзоланди ва бу билан фармоннинг Андижон воқеаси билан ўзаро кўринмас бир боғланишга ишора бўлди гўё. Яъни ушбу фармоннинг айнан ушбу кун чиқиши ортида Андижон воқеасига арзимаган иш деб қараш мужассам. Чунки тарихийлик нуқтаи назаридан Ўзбек тили ва адабиёти университетига 13 май куни Каримов асос солди, мабодо уни тантанапарастлар ҳар йили байрам деб нишонласа, гўё бу Андижондаги қирғин мотамига бир зарба бўлиб кўриниши керак. Фармон имзоланган куннинг замирида ушбу ҳақиқат турибди.

Лекин ташқи томондан Ўзбекистон Миллий университетига 12 май куни асос солингани билан бир алоқадорлик бор деб талқин этишлари мумкин. Бироқ бу бир ниқоб бўлади, холос.

Университетнинг мақсадлари фармонда бирма-бир кўрсатилган. Унинг тузилмаси, ректор ва деканларнинг ким бўлиши масаласи эса 14 май куни Ўзбекистон Миллий университетида – ректор Шуҳрат Сирожиддинов ва бош вазир Шавкат Мирзиёев учрашувида муҳокама қилинган. Айни пайтда бу амалга кимни ўтқазилиши сир сақланяпти. Номзодлар ичида қўйи қайтган декан Нурбой Жабборов ҳам бор. Ҳукумат бу декан ҳақидаги танқидий мақола бизнинг сайтда эълон қилингани учун қасдма-қасд унинг мансабини ошириши ҳам мумкин. Шу маънода, Ўзбекистон Халқ ҳаракати сайтида танқид остига олиниш бугун бир “бахт” бўлиб қолди. Чунки Каримов режими ўз рақибининг танқидига жавоб бериш ва қасос олишнинг ана шундай аҳмоқона “амалий” йўлини ўйлаб топган. Бу билан Каримов режими биз Ўзбекистон Халқ ҳаракатини писанд қилмаймиз демоқчи. Аслида эса, у айнан бу ҳаракати билан парадоксал шаклда Халқ ҳаракатининг измидан юряпти. Тасаввур қилинг-а, биз Каримов режимидаги бир қотил ёки ўғрини танқид қилдик, сал ўтмай у раҳбар бўлиб кетади!.. Шу тариқа бу режим ўғри ва баттоллар ҳисобига ўз илдизиги болта уришда давом этади.

Бугун масалага боғлиқ шаклда Тошкент давлат техника университетидаги Кончилик иши кафедраси мудири Саиджаббор Саидқосимов ҳақида гапирмоқчимиз. Бу танқидимиз уни хафа қилмасин, чунки бу мақоладан сўнг унинг амал курсиси янада баландласа, ажаб эмас!

Бу одам ўз кафедрасидан диплом иши олган талабаларга 300 доллар эвазига диплом ишини ҳам, бошқа муаммоларни ҳам ҳал қилиб берар экан. Шунга яраша бугун унинг талабалари диплом иши ёзиш учун билим эмас, балки ёздириш учун пул тўплаяпти.

Ўзбекистондаги барча олийгоҳларда аҳвол шу. 95 фоиз кафедра мудирлари ва ўқитувчи профессорлар шу орқали тирикчилик қилади – улар талабаларга, магистрлар илмий иш мавзусини берадилар ва эски мавзулар асосида ўзлари ёзишади ҳам уни сотишади. Бакалавр диплом ишларининг нархи 300 доллардан 400гача, магистрлик ишлари эса 500 дан 600 долларгача бўлган оралиқда. Бу иш билан – диплом иши ёзиш билан ўқимишли ҳар қандай одам шуғулланиши мумкин. Эпласа, мана, битирув сезони – ҳамма ёқда диплом ҳимоялари – бемалол, 3 ёки 4 минг доллар ишлаб олса бўлади. Меҳрибон ҳукумат шу йўл билан ўқимишли одамлар тирикчилик қилишларига яхши шароит яратиб берган, “барака топсин”!

Бу ўйинларни битта Саиджаббор Саидқосимов эмас, мамлакатда барча коллежлар директорлари ҳам амалга оширишади. Коллеж талабалари ҳам диплом ҳимоя қилишади ва бу муаммо системалашган шаклда директорлар назоратида ҳал этилади. Яъни бу жараён барча ўқитувчи ва муаллимларнинг тирикчилик манбаига айланди. Шунинг учун Саиджаббор акани қаттиқ сўкмаса ҳам бўлади. Унга ўхшаганлар мамлакатда тиқилиб ётибди. Ундан баттарлари ҳам. Ҳарқалай, у диплом ишимни ўзим ёзаман деган мардларга рухсат беряпти.

Дарвоқе, гап фақат диплом иши билан тугамайди, Ўзбекистонда докторлик ишларини ёзиб бериш ҳам мумкин. Бунинг учун сиз 5000 доллардан то 7000 долларгача пул ишлаб топасиз. Масалан, филология фанлари доктори Ҳамидулла Болтабоев термизлик ҳамкасбига 7000 долларлик докторлик ишини ёзиб берди, ҳақини олди. Бундан ташқари, сиз докторлик ёзиш учун айнан бирор соҳага тааллуқли бўлишингиз шарт эмас. Экономист бўлсангиз, эпласангиз, кончиларга докторлик иши ёзиб бера оласиз. Уни олий аттестация комиссиясидан ўтказиш учун “доктор”нинг бошқа харажатларини қилади.

Бу жараён мамлакатда ҳамма зиёлиларга маълум. Расмийлар бу ҳолга “таълимдаги таъмагирлик” деб ном беришган. Чунки порахўрлик деган сўз запретда. Сабаби, Каримовнинг таъбирича, мамлакатда порахўрлик йўқ, шунчаки майда-чуйда таъмагирлик учраб туради.

Энди бу одам янги университет очиб, ўзи учун ўта хавфли бўлган ўзбек тили ва адабиётини ўз жиловига, қўлига, кузатувига олди. Шу кеча-кундузда бу университетда ким ишлашини ҳал қилишмоқда. Энди бу университет худди Тошкент юридик университети ва Тошкент ислом университетлари каби кучли назорат остида Каримовнинг режими учун мафкуравий хизматларни адо қилади. Фармонда акс эттирилган барча бандларнинг моҳиятида шу турибди.

Бу университетда порахўрлик бўлмаслиги мумкин. Чунки ўзбек адабиётшунос ва тилшунослари қанчалик қўрқоқ бўлишмасин, пора олишмайди. Таъма қилишмайди. Бу, эҳтимол, уларнинг адабиётга яқинлиги сабабидандир. Аммо бу улар пора беришмайди дегани ҳам эмас…

Абдуллоҳ Нусрат

15.05.2016 йил

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort