Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Судья Тошкент шаҳар ИИББ катта тезкор вакилини судга мажбурий тарзда келтириш тўғрисида ажрим чиқарди

Судья Тошкент шаҳар ИИББ катта тезкор вакилини судга мажбурий тарзда келтириш тўғрисида ажрим чиқарди
09 Ağustos 2018 - 9:52 'да юкланди ва 910 марта ўқилди.

СУДЬЯ БОБОНОВ ТОШКЕНТ ШАҲАР ИИББ ЎТА МАХФИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА КАТТА ТЕЗКОР ВАКИЛИ ФАТХИДДИН НУРИДДИНОВНИ СУДГА МАЖБУРИЙ ТАРЗДА КЕЛТИРИШ ТЎҒРИСИДА АЖРИМ ЧИҚАРДИ

8 августь куни Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судида тадбиркор Жаҳонгир Умаровга оид навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди.

Кўпи билан 2 дақиқа давом этган суд мажлисида судда раислик этувчи Зафар Бобонов “Тошкент шаҳар ИИББ ўта махфий ишлар бўйича катта тезкор вакили Фатхиддин Нуриддиновни судга мажбурий тарзда келтириш тўғрисида”ги ўз ажримини ўқиб эшиттирди.

Маълумки, кетма-кетликда 3 маротаба тайниланган суд иши узоқ кутишлардан сўнг ҳар сафар қолдирилиб келинаётган эди.

Бугунги суд ажримидан маълум бўлдики, гувоҳ сифатида кўрсатма бериш учун чақиртирилган катта тезкор вакил Фатхиддин Нуриддиновнинг суд мажлисларида ҳозир бўлмаганлиги сабабли судья Бобонов уч маротаба суд ишини қолдиришга мажбур бўлган.

“Биз Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош Бошқармасига катта тезкор вакил Фатхиддин Нуриддиновнинг суд мажлисида гувоҳлик кўрсатмасини бериши таъминлашларини сўраб юборган сўров хатимизга жавоб олдик. Тошкент шаҳар ИИББнинг жавоб хатида Фатхиддин Нуриддинов 2018 йилнинг 23 июль куни ишдан бўшатилганлиги айтилган” деди судда раислик этувчи Бобонов.

Суд ажримида катта тезкор вакил Фатхиддин Нуриддиновни судга мажбурий тарзда келтириш Олмазор туман Ички ишлар бўлими ходимлари зиммасига юклатилганлиги айтилган.

8 августь кунги суд мажлиси судда раислик этувчининг ажрим ўқиши билан бошланди ва якунланди.

Бу ҳолатни ўз тақдирига бефарқлик деб баҳолаган судланувчи Жаҳорнгир Умаров “Суд дегани ҳам 2 дақиқа давом этадими? Чақиринглар судьяни. Чўзмасдан менинг тақдиримни тезроқ ҳал қилсин. Шусиз ҳам саломатлигимнинг мазаси йўқ. Кутаверишлардан чарчадим. Токи судья шу бугун ишни кўрмас экан, мен бугун шу суд залидан чиқмайман. Майли, мени куч билан олиб кетинг. Мен бугундан бошлаб очлик эълон қиламан. Овқат ҳам емайман, дориларимни ҳам ичмайман. Мақсад мени ўлдириш бўлса, муродларига етишади. Судьяни чақиринглар, адвокатларим берган ходатайстволар юзасидан ўз қарорини чиқарсин” дея туриб олиши ортидан конвойларни бир соатлар давомида ноқулай аҳволга солиб қўйди.

Дарҳақиқат, тадбиркор Умаровнинг ҳимоячилари судга бир эмас, 2 маротаба “Жаҳонгир Умаровнинг саломатлиги юзасидан тиббиёт экспертиза тайинлаш” ҳамда “Жаҳонгир Умаровнинг юрак операциясини бошидан кечирганлиги, саломатлиги яхши эмаслигини инобатга олиб уни гаров пули эвазига озодликка чиқариш ёхуд тадбиркорнга нисбатан эҳтиёт чорасини уй қамоғига ўзгартиришини” сўраб судда раислик этувчи номига илтимоснома киритишган эди.

Бироқ орадан 15 кунлик муддат ўтган бўлишига қарамасдан суд раиси Зафар Бобонов адвокатларнинг илтимосномасини қаноатлантириш ёхуд рад этиш борасида ўз қарорини айтишга шошилмаётир.

Айнан мана шу ҳолат тадбиркор Жаҳонгир Умаровнинг эътирозларига сабаб бўлди.

Қариндошлари, фразандлари ва рафиқасининг узоқ ялиниб-ёлворишларидан сўнг асаблари оз бўлса-да жойига келган Умаров очлик эълон қилишдек шаштидан қайтиб, суд залини тарк этди.

Кейинги суд мажлиси 2018 йилнинг 10 август куни соат 14.00 га тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, судда гуовҳлик кўрсатмаси беришдан бўйин товлаётганлиги айтилаётган Тошкент шаҳар ИИББ ўта махфий ишлар бўйича катта тезкор ходими Фатхиддин Нуриддиновнинг “… Умаровнинг офисига гиёҳванд моддани мен ўта тезкорлик билан ташлаб қўйгандим. Ҳеч ким кўрмай қолганди… Умаровнинг ҳар бир ўтирган ойи учун менга 10 минг доллардан ваъда қилишган…” деган мазмундаги суҳбат жараёнидаги сўзлари ёзиб олинган аудио интернет тармоқларида кенг тарқаб кетган. Фатхиддин Нуриддинов муcтақил журналист билан бўлган норасмий суҳбатда “… Уйда ичиб ўтиргандим… менинг мастлигимдан фойдаланиб овозимни ёзиб олган” дея аудиодаги овоз ўзига тегишли эканлигини тасдиқлаган.

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
мустақил журналист, ҳуқуқбон

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort