Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Лаҳзаларинг нурини соғиндим…

Лаҳзаларинг нурини соғиндим…
15 Ağustos 2018 - 8:00 'да юкланди ва 977 марта ўқилди.

Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида Каримов режимини фош қилувчи мақолалар ёзган Акром Малик бугун қамоқда ўтирибди.

У 2017 йилнинг 13 январ куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди томонидан 6 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Ҳозирда Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи бир неча халқаро ташкилотлар ва маҳаллий аҳоли вакиллари ёш олим ва журналист Акром Маликнинг озодлигини талаб этмоқдалар.

Эътиборингизга Акром Маликнинг Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида эълон қилинган мақолаларини ҳавола қилиб борамиз.

* * *

ЛАҲЗАЛАРИНГ НУРИНИ СОҒИНДИМ…

Рамазоннинг биринчи куни

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Бир подшоҳ бор. Унинг қудрати ва улуғлигини тасвирлаб бўлмайди. Унинг илмига чегара йўқ. Шафқати устун, ғазаби эса беҳад даҳшатли.

Оламда подшоҳман, ҳукмдорман деганларнинг ҳаммаси битта чегарага бориб тўхтайди. Ўзини худо деб эълон қилганларнинг ҳам борадиган жойлари нақд.

Аммо бу подшоҳга на ўлим, на қўрқув бор! Унинг макони маконларга сиғмайди. Унинг макони маконсизликда. Унга вақтни нисбат бериб бўлмайди. Унинг учун вақт деган тушунчаларни қўллаш мумкин эмас.

Ер юзида подшоҳман деганлар бошқаларни ишлатиб улкан-улкан иморатлар, қасрлар қурадилар. Минглаб қулларнинг хизматларидан шодланиб, кибрга бериладилар. Аммо бу подшоҳнинг қурган қасрини ҳеч ким қайта қура олмайди. Унинг кошонаси улкан кўзгуга ўхшайди. Бу кўзгуда подшоҳнинг қудрати, ҳукмронлиги, адолати, ҳеч қачон завол топмайдиган улуғворлиги акс этади. Бу подшоҳ учун минглаб фаришталар ҳамд ўқиб турадилар. Бу подшоҳнинг таърифи ва тавсифини ақл англай олмайди, идрокнинг кучи етмайди…

Бу подшоҳнинг қуллари ададини ўзи билади, холос. Ҳеч ким унинг қудрати чегараси ҳақида тасаввурга эга эмас. Ўша қуллари ичида биттаси бор. Эҳтимол, бу қулни қул эмас, ит деб аташ керакдир. Балки бу итни ит деб атаса ҳам ҳайф! Зотан, итнинг бу итдан мақоми баланд бўлиши мумкин.

Бу қул ўз подшоҳини танийди, ўз подшоҳининг азамати ва улуғворлиги олдида таслимият келтирган. Аммо қул неъматнинг шукронасини қилмайди. Подшоҳ уни иззат қилиб шараф ва мукаррамлик тахтига таклиф қилса, қул ўзини хорлик балчиғига қараб отади. Подшоҳ унга раҳм қилиб азизликка чорласа, у тубанлик чоҳига томон югуради.

Ҳар сафар қулнинг бутун вужуди, ҳатто терисининг таглари, кўкрак қафасларигача ахлатга тўлади. Сассиқ балчиққа ботади. Томирларида қон эмас, бадбўй сув оқади. Шунда у дафъатан ўзининг расволигини англагандек сесканади. Сесканади ва уйғонгандек бўлади. Сўнг подшоҳга таъзим қилади, унинг даргоҳига бориб йиғлайди, эгни-боши кир, лой ва қўланса бўлса ҳам, ҳеч подшоҳнинг қасри остонасидан ҳайдаб чиқармайди. Подшоҳ унинг бечораҳоллиги, йиғи ва фарёдидан сўнг шафқат кўргазиб, яна иззат тахтини унга раво кўради. Лекин қул қуллигига боради – изза тахтига ҳали ўтириб улгурмай яна нафс итининг орқасидан чопиб тубанлик кўчаларига кириб кетади… У ерда уни босқинчлилар, қароқчилар талайди, уни урадилар, суякларини синдирадилар, ханжар билан юракларини кесадилар, кўкракларини тилка-пора қиладилар ва жисмининг ичига нажосатни тўлдирадилар. Қул ўлим ёқасига келади. Ажал унинг қўлларини тутганини сезади. Қул қўрқиб кетади ва бу кўчадан қочиб чиқиб яна подшоҳнинг қасри олийшонига йўл олади. Қуввати кетиб йиқилади, оғзи-бурни қон, қўллари шилинган, суяклари синган, ёриб ташланган қорнидан ичак-чавоқлари ерга тўкилиб, подшоҳнинг улуғвор даргоҳига интилади…

Ҳамма уни ўлиши аниқ деб ҳисоблаган онда подшоҳ унга карам кўрсатгани ҳақида мужда келади. Уни қасри олийшонга киритадилар, ювиб-тарайдилар, шунча хорлик кўргани, чеккан азобу машаққатлари учун шараф тахти томон уни таклиф этадилар. Агар қулнинг ақлу фаросати жойида бўлса, шараф тахтига шубҳасиз борган бўларди, лекин яна ўзини йўқотиб, олийшон қаср эшигидан яна ташқарига қараб қадам босади…

Тасаввур қиляпсизми? Сиз подшоҳ бўлсангиз ва қулингиз шундай томошалар кўрсатса, нима дер эдингиз? Балки уни биринчи хатосини кўрибоқ ўлимга ҳукм этардингиз!

Сизга бир ҳақиқатни очаман: ўша қул менман. Нафс итига банди бўлган қул мен бўламан.

Чексиз қудрат соҳиби бўлган подшоҳ эса Оллоҳ таолодир. Унинг қасри олийшони масжиддир, жойнамоздир. Унинг ёпилмай турган остонаси – тавбадир. Мен қул адашиб юрган кўчалар эса менинг нафсим бошлаган хорликдир…

Оллоҳ таолонинг карами эса – Рамазони шарифдир.

Бугун Рамазони шарифнинг биринчи кунидаман. Аҳволим ғариб бўлиб Оллоҳнинг байти олдида турибман. Озурдаман. Қилган хатоларим, гуноҳларим елкамга юклаб ташланган. Бу юкнинг оғирлигидан бўйним эзилиб, белим майишиб кетган. Агар подшоҳ менга шафқат кўргазмаса, қиёматга қадар бу юк билан кетиб, у кунда сирот кўпригида бу юк мени жаҳаннамга тортиб кетмоғи мумкин… Астағфируллоҳ!

Оллоҳим!

Рамазонга етказганинг учун шукур. Гуноҳлардан покланмоқ имкони учун, очилган тавба эшиклари учун, тавалло ва ибодатнинг буюк онлари учун шукурлар бўлсин.

Рамзоннинг хайрини, яхшилигини, гўзаллигини руҳим оламига кўчиргин, Оллоҳим…

Абдуллоҳ Нусрат

6.06.2016 йил

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар