Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Илмни ким воситаи жоҳ этар…”

“Илмни ким воситаи жоҳ этар…”
18 Ağustos 2018 - 8:00 'да юкланди ва 677 марта ўқилди.

Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида Каримов режимини фош қилувчи мақолалар ёзган Акром Малик бугун қамоқда ўтирибди.

У 2017 йилнинг 13 январ куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди томонидан 6 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Ҳозирда Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи бир неча халқаро ташкилотлар ва маҳаллий аҳоли вакиллари ёш олим ва журналист Акром Маликнинг озодлигини талаб этмоқдалар.

Эътиборингизга Акром Маликнинг Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида эълон қилинган мақолаларини ҳавола қилиб борамиз.

* * *

РАМАЗОН КУНДАЛИГИ: “ИЛМНИ КИМ ВОСИТАИ ЖОҲ ЭТАР…”

Олтинчи кун

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Раҳмон ва Раҳим Оллоҳ номи ила.

Илмни инсонлар ҳаётини тартибга солувчи қонунга айлантирган, шу қонун асосида яшашни буюрган, илм ўрганиб, шу илмга амал қилишни амр этган, илмига амал этмаганларни Ўзининг итоби – қийноқлари, жазолари билан огоҳлантирган, илмни холис ният ила ўрганувчиларга катта мукофотлар ваъда қилган Оллоҳ таолога чексиз ҳамду саноларимиз бўлсин.

Инсониятга илоҳий илм – Оллоҳ нозил қилган Қуръонни етказар экан, аввало унга ўзи амал қилган, ҳар бир айтажаги ишлари билан мос бўлган, жамики амаллари ўзи кўрсатган йўлга мутлақо мувофиқ келган пайғамбаримиз, Оллоҳнинг ҳабиби Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга ададсиз дуруду саловотларимиз бўлсин.

Илм тилларни бурро қилади. Кўзни ўткирлаштиради, қаддингизни тик кўтаради. Бу – унинг кучи. Бироқ бу куч олимнинг елкасини тоғ мисоли босиб ҳам туради аслида. Билиш инсоннинг масъулиятини оширади, билмасдан жоҳиллик ила йўл қўйилган нуқсон афв этилиши мумкин, аммо билиб туриб қилинган хато кечирилиши жуда қийин.

Оллоҳ таоло Бақар сурасининг 44-оятида шундай марҳамат қилади: “Одамларни яхшиликка буюриб, ўзингизни унутасизларми? Ҳолбуки, китобни тиловат қиласизлар! Ақлингизни ишлатмайсизми?”

Ҳар қандай илмнинг замирида инсонларни яхшиликка буюриш мужассам. Бу ҳикматни теранроқ тушуниш учун гапни бироз узоқдан бошлашимизга тўғри келади.

Илмга бўлган муҳаббат туғма бўлади ёки шаклланади. Албатта, илм олиш учун иқтидор, истеъдодни Оллоҳ беради. Чунки қобилияти бўлмаган одам ҳеч қачон илм ўргана олмайди. Кучли ҳавас, истакнинг ўзи илм олишга етарли эмас.

Кимдир туғилганда илмга салоҳиятли бўлиб туғилади, улғайгани сари бу салоҳият юзага чиқади, парвариш қилинса, кейин у мева беради. Бу нуқтада икки муҳим масала бор: биринчиси шуки, ота-она илмга муҳаббати, салоҳияти бўлган фарзанди ўғил ёки қиз бўлишидан қатъий назар уни қизиқишини ҳисобга олиб тўғри йўлга солиб юбориши фарз. Чунки салоҳият кўчада ётган нарса эмас. Салоҳиятга ҳар куни дуч келавермаймиз. Ота-она фарзандида бирор соҳани ўрганишга бўлган қизиқишни сездими, уни бошқа ишларга мажбурламасдан бутун таъминотини бўйнига олиб энг кучли ва солиҳ устозни топиб боласини унга топшириши шарт.

Тўғри, гоҳида ота-онанинг моддий аҳволи оғир бўлиши мумкин, лекин бу болани ўқитиш учун тўсиқ бўла олмайди. Ҳатто, истеъдодли боланинг илм олиши учун бутун оила биргаликда меҳнат қилиб, ёрдам берса ҳам бўлади. Чунки боладаги иқтидор Оллоҳнинг шу оилага берган инъоми, неъмати ва имтиҳонидир. Агар бу инъом, бу неъмат қадрланмаса, сўроғи оғир кечади. Имтиҳонлиги шундаки, унинг қийматини англамасдан бой бериш хатари кучлидир.

Ҳар қандай ўғил-қизда илм олишга бўлган иқтидор узоғи билан ўй ёшгача намоён бўлади. Ёшликда олинган илм тошга ўйилган нақш деганларидек, ўша пайтдан бошлаб уни устозга рўпара қилиш лозим. Устозни узоқ ҳудудда бўлса ҳам топиб, болани унга топширар экан, ота-она “Эти Сизники, суяги бизники” дейишни унутмасин ва шу ваъдага қатъиян амал қилсин.

Устоз илм беришда болани жазолаши, зарурат туғилса, уриши мумкин, бу ўринда ота-она боланинг тарафдори бўлиб, жанжал кўтарса, энг аҳмоқона ва кечириб бўлмайдиган хато шу ҳисобланади.

Оллоҳ инсонга берадиган салоҳият кўп ҳолларда ўткир фаросат, кучли зеҳн – ўргатилган нарсани эсда тутиб қолиш қувватдан иборат бўлади. Боланинг хотираси то йигирма ёшларга қадар жуда тиниқ ва тоза бўлади. Аммо йигирма ёшдан ўтиб бу зеҳн сусаяди, қувватини бой бериши мумкин. Шунинг учун иложи борича, оралиқда ўн йилда болага ўзи қизиққан соҳанинг энг муҳим илмларини ўргатиш зарур. Бунда болада сабрни, қунтни, меҳнаткашликни тарбиялашга алоҳида диққат қаратилгани маъқул. Чунки боланинг кайфиятида ўйинқароқлик кучли бўлади. Бу хусусиятни бирдан енгиб бўлмайди, шунинг учун босқичма-босқич болани тарбиялаш керак.

Демак, ота-онанинг вазифаси шулардан иборат.

Масаланинг иккинчи томони илми толибга ҳам, ота-онага ҳам тегишли. Илм олар экан, илми толиб ниятни тўғрилаб олиши зарур. Ота-она ҳам фарзандини илм йўлига киритар экан, ниятни тоза қилиши шарт. Ният тозалиги – Оллоҳнинг розилигини кўзлашдир. Ўғлим олим бўлиб, бизга обрў олиб келсин, мансаб эгаси бўлсин, бизни боқсин деган талаблар ва ният ила боласини илм олишини истаган ота-она, шубҳасиз, хато устидадир. Илм олаётган фарзандни бу шарафли йўлга кузатар экан, ундан бирор нарса таъма қилмасдан фақат Оллоҳнинг розилигини ният қилиш лозим. Шу жумладан, илми толиб ҳам битта ҳарф ўрганса ҳам, буни шахсий обрўси, мавқеи, ким биландир баҳс учун, ўзининг истеъдодини намойиш қилиш учун эмас, балки Оллоҳнинг ризолигини исташи даркор. Илм толиби илм ўрганар экан, қалбидан ғаразни, кибрни, шаҳватни қувиши керак. Мақтовларга учмаслиги лозим. Олаётган ва олган илми сўнгги нуқта эмаслигини чуқур ҳис этсин шубҳасиз. Агар у илмни ўз ҳақлигини исботлаш, одамлар билан тортишиш, баланд минбарларга чиқиб, чиройли нутқ сўйлаш, ҳаммани лол қолдириш, бойлик орттириш, мансабга эришиш учун ўрганадиган бўлса, бу илмдан ҳеч қандай фойда, манфаат йўқ. Бу илмдан на ўзига, на оиласига, на жамиятга яхшилик етади. Балки бу илм баракасиз илм бўлиб, ўз эгасини ҳалокат сари олиб кетади.

Илм олишдан мурод – Оллоҳни таниш, Унинг йўлида хизмат этишдир. Агар сиз математика бўйича олим бўлсангиз, бу илмни ҳам Оллоҳ йўлида бошқаларга ўргатишга бурчлисиз. Шу каби бошқа соҳа эгалари ҳам.

Бугун бизнинг замонамизда аҳвол қандай?

Бугун бизлар мактабга борамиз, мактаблардаги устозларни эса танлай олмаймиз, болаларимизни ўзимиз танимаган ва билмаган муаллим(а)лар қўлига топширамиз. Боламиз таълим олаётган муаллим(а)нинг билими, салоҳияти, солиҳ ёки солиҳа эканини ҳеч биримиз билмаймиз. Қай шаклда дарс ўтишларидан ҳам бехабармиз.

Ўғилларимизга, эртага эр бўлиб оила бошқарадиган, юртни сўрайдиган ўғилларимизга қарғашдан оғзи бўшамайдиган, ойлик олиш учун мактабда юрган баъзи хотинлар “дарс” бераётганини кўпинча англамаймиз. Англасак, ҳам чора тополмаймиз. Чунки ўғлимизни чинакам эр қилиб вояга етказадиган, унинг қобилияти бўлган соҳага ихтисослашган мактабнинг ўзи йўқ! Сиз ўғил ва қизлар аралаш ўқийдиган мактабга болангизни топширасиз. Чунки танлов имконияти мавжуд эмас. Бу имкониятни сиз ва биз яшаб турган Ўзбекистон жамияти тақдим этмаган ва тақдим этиш нияти ҳам йўқ.

Боламиз бир амаллаб мактабни якунлайди, сиз агар мактаб системасини яхши билсангиз, болангиз олган бирор баҳога ишона олмайсиз. Чунки чаласавод ўқитувчи ё ошириб, ё тушириб баҳо қўйган. Кейин мажбуран болани бирор коллежга тиқадилар. У ердан умр сарфлаб чиққанидан сўнг университетга боради. Университетларда эса нафси ўпқон каби очилган, талабалардан уялмай пора талаб қиладиган домлалар ишлаётган бўлишади.

Албатта, ҳамма шундай эмас, лекин Ўзбекистондаги жамиятнинг жуда катта қисми ана шу ҳолатда турибди.

Бу таълим системасида “ўқиб” чиққан бола қандай қилиб олим бўлади? Унга мактабда ҳам, коллежда ҳам, университетда ҳам илмнинг қиймати, унинг муқаддаслиги, илм Оллоҳнинг бандаларга берган неъмати экани тушунтирилмайди. Балки бу даргоҳларда илмдан аввал форма кийиш, давоматни тўлиқ қилиш, турли фойдасиз тадбирларда қатнашиш, зўраки байрамлар уюштириш ва пул йиғишлар буюрилади.

Бола бошланғич билимларни жуда чекланган шаклда олади. Ўзбекистон мактаблари замон билан ҳамнафас эмас. Уларда диний илмлар, сиёсий илмлар берилмайди. Бу илмларсиз боланинг тафаккури бирёқлама бўлиб қолади. У бу ҳақиқатларни англаши учун – агар бахти кулиб англаб қолса – яна бир неча йил умрини сарфлаши керак. Бугун Ўзбекистон мактаблари изоляцияда – қобиққа ўраб ташланган. Бутун таълим системаси тўрга ўралиб ётган одамга ўхшайди. У “система”да бирор одам нима иш қилаётганини, нима ишлар бўлаётганини тўла тушунтириб бера олмайди. Бугун Ўзбекистонда мактаблар, коллежлар ва университетлар болаларни, ўсмирларни, ёшларни кун бўйи банд қилиб тутқунликда тутиб туриш учунгина хизмат қилаётгани аёнлашиб бўлди.

Биз юқорида илм олиш йўлидаги дастлабки икки шартни – Оллоҳ учун илм ўрганишни ва Оллоҳ берган салоҳиятни қадрлашни айтиб ўтдик. Лекин бу системада бу икки шартни ҳам амалга ошириш жуда мураккаб ҳолат ҳисобланади.

Бу система биз айтган шу атиги икки шартнинг мутлақо тескариси учун ихтисослашган. Сиз бу икки шартга амал қилиш учун болангизни, албатта, хорижда ўқитишга мажбур бўласиз.

Чунки Ўзбекистонда мавжуд тузум олимларни холис яхшилик учун эмас, балки манфаат учун, қорин тўйдириш учун илм ўрганадиган қилиб қўйди. Сабаби эса мамлакатнинг бошида ўтирган, ҳукумат деб аталадиган бир гуруҳ одамлардир.

Бугун Ўзбекистондаги аксар “олим”лардига илм фойдасиз илмдир. Агар қулоқ солсангиз, уларнинг гаплари жўяли, насиҳатлари жуда ёқимли, лекин бу жўяли ва ёқимли насиҳатларнинг ҳеч бири уларнинг шахсий ҳаётларига татбиқ этилмайди ва улар Оллоҳнинг ояти каримасидаги ҳақиқатни тасдиқлайдилар: “Одамларни яхшиликка буюриб, ўзингизни унутасизларми? Ҳолбуки, китобни тиловат қиласизлар! Ақлингизни ишлатмайсизми?” (Бақара, 44-оят)

Албатта, бутун жамиятни манфаатпараст “олимлар” босиб кетди десак, асл илм билан машғул бўлаётган инсонларга ноҳақлик қилган бўламиз. Аммо бутун жамиятнинг илмга бўлган муносабати Оллоҳнинг амрига мувофиқ шаклда ўзгармаса, ислоҳ бўлмаса, асл, риёсиз илм билан машғул бўлганлар ҳам камаядилар, жамиятнинг барча қатламлари ёлғон ва кўзбўямачиликларга даҳшатли тарзда мубтало бўлади.

Бугун Ўзбекистонда маънавий муҳитнинг бузуқлиги, илм аҳлининг тили қисиқлиги ҳам илмнинг қадру қиймати тушиб кетгани сабаблидир.

Ҳазрат Алишер Навоий ёзган экан:
Илмни ким воситаи жоҳ этар,
Ўзинию, халқини гумроҳ этар!

Яъни ким илмни молу давлат воситаси қилиб олса, ўзини ҳам, халқини ҳам гумроҳ қилади, йўлдан адаштиради.

Оллоҳим!

Ўзинг Улуғ Зотсан, бизнинг ҳолимизни биздан кўра яхшироқ билгувчисан. Биз жоҳилмиз, биз нодонмиз, Сен Олимсан, Ҳакимсан. Юртимизга илмни қайтар! Илм эгаларини қайтар. Ватанимиздан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга меросхўрларни чиқаргансан, яна шундай зотларни улғайиб чиқишларини насиб қил.

Бутун халқимизни илмга муҳаббатли қил. Билган ҳар бир сўзига амал қиладиган, гапиришдан кўра хайр ишларни кўрсатадиган, аммо буни миннат қилмайдиган инсонларни кўпайтир. Шундай инсонларга барака, фазл бер!

Оллоҳим, Сен буларнинг ҳаммасига қодирсан. Буларнинг ҳаммаси Сенга жуда осон, бизга эса беҳад қийиндир!..

Абдуллоҳ Нусрат

11.06.2016 йил

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort