Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Замондошларимга маддоҳликдан воз кечганим ҳақида- 16

Замондошларимга маддоҳликдан воз кечганим ҳақида- 16
07 Eylül 2018 - 8:00 'да юкланди ва 452 марта ўқилди.

16. ЗАМОНДОШЛАРИМГА МАДДОҲЛИКДАН ВОЗ КЕЧГАНИМ ҲАҚИДА

«Ўзбек атамасининг келиб чиқиши» ҳақидаги китобчам орқали бойиб кетиш орзуларим ҳам чиппакка чиқди. Бу китобчанинг эмас, ҳатто, ўзбекнинг тарихи улуғлиги ҳаммагаям ёқмас экан. Ахир ўйлаб кўринг Мирзо Улуғбек ва Абулғози Баҳодирхондек забардаст тарихчиларнинг асарларидаги санасига кўра Ўғузхон 4800 йил олдин яшаган бўлиб чиқяпти! Бу фактни Абу Райҳон Беруний ҳисоблаган Ной тўфони 5115 йилдан орқага ҳисобласак яна тасдиқланади.

Кейинчалик Ўзбек атамаси ҳақидаги масалани янада чуқурроқ «кавлаштирганимда» бутун совет ва ўзбек совет тарихчиларининг хулосаси чиппакка чиқиб кетишига амин бўлдим.

Бир таниш журналистга «Нур устига нур ёғсин ёхуд 4800 йил аввалги бир сўзимиз ҳақида дунёда бораётган баҳс ҳақида битик» асаримдаги тарихий қўлёзмаларга асосан келган хулосамни ҳадя қилгандим. Орадан бир неча кун ўтгач у менга шундай деди:
– Китобингизни Тарих факультети 4-курсида ўқиб, диплом ёзаётган жиянимга берувдим. У китобга бир кўз югуртириб «хола (ёки амма эсимда йўқ)жон сиздан илтимос, бу китобни Анвар ака бизнинг факультетдаги домлаларга бермасинлар, акс ҳолда мен дипломимни ҳимоя қилолмайман» дебди.

Оддий 20 ёшли йигитнинг гаплари тўғри эди. Ҳақиқатда ўзингиз ўйланг ўзбек халқининг бундан деярли беш минг йил олдин яшаганлиги факти, айнан тарихий қўлёзмалар орқали исботланиб турган пайтда, биз ўзбек халқи қачон пайдо бўлганлигини 14-15-асрдан деб ўқиганмиз. Қанчадан-қанча кандидатлик, докторлик диссертациялар ёзилди. Ўзимиз, болаларимиз сохта тарих ўқиганлиги маълум бўлиб қоляпти, ахир!

Ўша пайтдаги асаримда бир парча келтириб ўтаман:

Энди, Ўғузхон ҳақида Абулғозининг мана бу сўзларига эътибор беринг:

«…(Ўғузхон) Йигит бўлғандин сўнг урус ва улоқ ва мачар (мажар) ва бошқурд эллари ёғи эрдилар. Қипчоқға кўп эл ва навкар бериб, ул ёқға Тин ва Атил (Итил) сувининг ёқасина юборди. Тин ва Атил иккиси ҳам улуғ сувларнинг оти турур. Уч юз йил Қипчоқ ул ерларда подшоҳлиқ қилиб ўлтурди. Барча қипчоқ эли анинг наслиндин турурлар» (Абулғозий “Шажараи турк” Т.-1994 йил “Чўлпон” нашриёти 22-бет).

Ҳозирги замондаги кўп олимлар қипчоқларнинг Дашти қипчоқда пайдо бўлишини турлича тушунтирадилар.
Улар, милоддан олдин яшаган европалик Диодор билан ундан 1500-1700 йил кейин яшаган М.Улуғбек ва Абулғозийнинг фикрларини чуқурроқ таҳлил қилганларида, фикрлари ўзгарармиди.

Албатта, навбатдаги савол Ўғузхон қачон яшаган? Яна Абулғозига мурожаат қиламиз:

“Ўғузхоннинг замонидин Чингизхон замониғача Тин ва Атил ва Ёйиқ, бу уч сувнинг ёқасинда қипчоқдин ўзга эл йўқ эрди. Тўрт минг йилғача ул ерларда ўлтурдилар. Анинг учун ул ерларни Дашти Қипчоқ дерлар (Абулғозий “Шажараи турк” Т.-1994 йил “Чўлпон” нашриёти 22-бет)”.

Агар Абулғозий Баҳодирхоннинг ўзи 1603-1663. йилларда яшаганини эътиборга олсак, яна тўрт юз йил қўшамиз, демак Ўғузхон Абулғози даврида тўрт минг тўрт юз йил аввал яшаган бўлиб чиқмоқда.

Абулғозийнинг бу гапларини тасдиқлаш учун Геродотнинг бундан 2500 йил олдин массагетларнинг маликаси Тўмарис (Тумор) ҳақидаги ҳикоясини келтириб ўтиш жоиз. Ўшанда бу жасур момомиз Эрон шоҳи Кир (Кирёвуш)ни енгиб, унинг бошини қон билан тўлдирилган мешга солгани айтилади. Тарихчи ва филолог М.Маҳмудов массагетлар сўзини юнон тилидан таржима қилиб масса – катта, гет- ғут-ўғуз, катта ўғузлар маъносини бераркан (З.Зиётов “Турон қавмлари” Т-2008 “Истиқлол”нашриёти 88-бет) деган хулосага келганлигини айтган. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ҳозирги пайтда ўзбек қабилаларининг бир қисми, туркман, қозоқ, қирғизларнинг жуда катта қисми ўрта асрларда «ўғиз», «ғуз», «ғут» номи билан юритилганлиги маълум (туркий қавмлар тилида «Ўғуз» сўзининг – «Ғут»га айланиб кетиши бир неча юз, балким минг йиллик жараён бўлиб, унинг қонунияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтамиз).

Абулғозий бу муддатни қандай ҳисоблади деган савол келиб чиқиши табиий. Юртимиз олимлари, хусусан Абу Райҳон Беруний ва унинг шогирдлари ҳисобига кўра, Нуҳ алайҳиссалом давридаги тўфон, ҳижрат (эрамизнинг 622 йили)гача 3725 йил деб олинган (М.Улуғбек “Тўрт улус тарихи” Т.-1994 йил “Чўлпон” нашриёти 30-бет).

Абулғозий ҳижратнинг мингинчи йили ва ундан кейин яшаган. Яъни, Беруний ҳисобига 1000 йилни қўшсак, 1622 йилда тўфон бўлганига 4725 йил тўлади. Чингизхон Абулғозийдан 400 йил аввал яшаган. Демак, Абулғозий 300 йилни Нуҳ алайҳиссаломдан Ўғузхонгача бўлган даврга ажратади. Булар 1.Ёфас; 2.Турк; 3.Тўтак; 4.Аблачахон; 5. Диббоқўйхон; 6.Куюкхон; 7.Аланчахон; 8.Мўғулхон; 9. Қорахон; 10.Ўғузхон.

Ҳар бир ота-бола оралиғи 30 йил эканлигини инобатга олсак, йил ҳисоби ҳақиқатга жуда яқин айтилмоқда. Бундан ташқари Абулғозий Ўғузхон билан Чингизхон ўртасидаги 450 йилдаги оталарнинг исмини билмаганлигини айтади (Абулғозий “Шажараи турк” Т.-1994 йил “Чўлпон” нашриёти 22-бет)”. Абулғози ўз асарида шундай деганини яхшилаб таҳлил қилинса, у 450 йил эмас бундан деярли 6 баравар – 2800 йиллик муддатга адашаётганини кўрамиз.

Агар, Абулғозийнинг бу гаплари ишончсиз десак, унда етти ёт бегона Геродотнинг фикрларига эътибор берайлик.

“Улар(қипчоқ)ларнинг ҳисобича, Таргитай шоҳлиги замонидан Доронинг бостириб кириши даври ораси роппа-роса 1000 йилни ташкил этармиш” (“Қадимги тарихчилар Ўрта Осиё ҳақида”YURIST-MEDIA MARKAZI” Тошкент-2008 йил 8-бет).

Геродот Абулғозийдан 2100 йил олдин яшаган. Бундан чиқадики, агар Геродотнинг маълумотини асос учун қабул қилсак, қипчоқларнинг Дашти қипчоққа келганларига Абулғозий даврида 3000-3500 йиллар бўлган ҳисобланади (бу санани аниқлаштириш қўшимча равишда Эрон, Юнон, Мовароуннаҳр, Мўғулистон манбаларини қўшимча равишда ўрганишни талаб этади).

Абулғозийнинг фикрларини ўрганишда давом этамиз. Шу борада, Абулғозидаги оталар саноғи М.Улуғбек саноғидан фарқ қилишини кузатиш мумкин. Абулғозида Ўғузхон 10-ота бўлиб ҳисобланади.

Мирзо Улуғбекда эса Ўғузхон 9-ота ҳисобланади: 1.Ёфас; 2.Турк; 3. Абулчахон; 4. Дибадқўйхон; 5.Куюкхон; 6. Алмужаннахон; 7. Мўғул; 8. Қорахон; 9. Ўғузхон.

Яъни, М.Улуғбекда Туркнинг ўғли Тўтак йўқ. М.Улуғбек Абулғозийдан икки аср олдин яшаган бўлса-да, уни билмаслиги қизиқ..

Бу чалкашликни фақатгина битта фикр билан тушунтириш мумкин. Тарихни нафақат советлар, балки М.Улуғбекдан 200 йил кейин яшаган чингизийлар ҳам сохталаштирган кўринишади.

“Турон қавмлари” кичик энциклопедик луғатда келтирилишича, “Мўғул қабиласи 12-аср бошларида кичик қабила бўлиб, тарих саҳнасига чиққан, асрнинг ўрталарида татар қабилалари томонидан босиб олинган … Чингизхон тарих саҳнасига чиққанидан бошлаб, мўғул қабилалари бирлашиб, мўғул миллатини келтириб чиқарди” (З.Зиётов “Турон қавмлари” Т-2008 “Истиқлол”нашриёти 93-94-бетлар).

Агар шундай бўлса, чингизийлар маҳаллий аҳолига ўзини яқинроқ кўрсатиш мақсадида, фақат бир кишини иложи борича Турк отага яқинлаштиришлари мумкин. У ҳам бўлса Мўғул.

Абулғози саноғи қуйидагича:

1.Ёфас алайҳиссалом; 2.Турк; 3.Тўтак; 4. Аблачахон; 5.Дебакқўйхон; 6.Куюкхон; 7.Аланжанахон; 8.Мўғулхон; 9.Қорахон; 10.Ўғузхон; 11.Ойхон; 12.Юлдузхон; 13.Манглайхон; 14.Тенгизхон; 15.Элхон; 16.Қаён; (450 йилдаги кишилар номаълум, шунинг учун яна 15та кишини қўшсак оталар сони 30 та бўлади) 32.Бартачина; 33.Қўймарал; 34.Бичин Қаён; 35.Тимач; 36.Кичи мерган; 37.Қужамбурал; 38.Бўкабандунхон; 39.Самсавчи; 40.Қалимачухон; 41.Темуртошхон; 42.Менгли хўжахон; 43.Аланқуванинг исми номаълум отаси; 44.Аланқува; 45.Бузанжирхон; 46.Буқахон; 47.Дутумнанхон; 48.Қайдухон; 49.Байсунқурхон; 50.Тумнахон; 51.Қабилхон; 52.Бартанхон; 53.Есугай Баҳодир; 54. Чингизхон.

Яъни, 10-ота Ўғузхон билан 54-ота Чингизхонгача 44 киши бор. Уларни 30 (йил)га кўпайтирсак 1320 йил бўлади, унда Ўғузхон милоддан олдинги II асрда яшаган бўлиб чиқади. Александр Македонский милоддан олдинги 3 асрда Ўрта Осиёга келган. Ундан сўнг биронта туркий ҳоқон Хитой, Ҳиндистон, Рус ерлари, Эрон, Шом, Мисргача борганида албатта, тарихда қайд этилган Салавкийлар ёки Рим империяси билан тўқнашган бўларди.

Шунинг учун Абулғозийнинг Нуҳ алайҳиссаломдан Ўғузхонгача бўлган оталар саноғи тўғрилигига (жуда катта шубҳа билан, чунки Абулғозий айтганидек “Ҳеч нимарсанинг мартабаси тўққуздин юқори бўлмас, ниҳояти тўққуз турур” (Абулғозий “Тўрт улус тарихи” Т-1992 йил “Чўлпон” нашриёти 12-бет) биринчи бошдаги оталар ичидан Мўғул чиқарилса Ўғузхон 9-ота бўлиб қолади) ҳозирча кўнамиз, аммо қолган оталарнинг кўпчилиги Абулғозий ҳамда М.Улуғбек руйхатига кирмаганлигини инобатга олишимиз керак.
Энди юнон олими Диодор фикрининг иккинчи қисмига эътиборингизни тортмоқчи эдим:

“Баъзи бир атоқли шоҳларнинг отлари скифларнинг турли шохобчалари — саклар, массагетлар, аримасплар ва ҳ.з.ларга ном бўлиб ўтган”.

Хўш Ўғузхон исми билан шундай шахобчалар аталганми? Аталган экан. Ўша пайтларда аталган шохобчалар ҳозирги пайтда бутун бошли халқлар бўлиб кетибди. Ҳар ҳолда 4000-4800 йил катта муддат.

Бу масалага киришишдан олдин, қадимги юнон олимлари юртимиз тарихига оид маълумотларда жуда кўп ишлатган сўзлари Окс; Оксиарт; Оксиана, Оксиан кўли, оксиёнлар, оксиадранклар, Окс Искандарияси, Трансоксиана сўзлари ўзаги Окс сўзи нимани англатишини билиб олсак яхши бўларди.

ОКС, Оксус — Амударёнинг юнон, лотин ва ўрта асрлардаги Европа манбаларида тилга олинган номи. Баъзи олимлар (В. В. Бартольд, Б. Ғофуров) Оксни сув худоси Вахшнинг (Вахш — Охшо) номи десалар, бошқа олимлар (С. П. Толстов, Я. Ғ. Ғуломов, Ҳ. Ҳасанов) қад. туркий Ўқуз — «дарё» сўзининг фонетик варианти деб ҳисоблайдилар.

Ҳа, айтмоқчи агар греклар бу дарёнинг номи(Окс)ни шундай атамаганларида бу дарёнинг номи ўша пайтдаги Ўғуз номи билан аталганини, балким билмасдик. Ҳа, дарёлар номини йўлбошчилар номи билан аташ туркийларга хос эди. Олтойда Ўрхон (бизнинг тилимизда бу сўз Урхун-Енисей битигидан Урхун бўлиб юрибди) дарёси бор, худди шундай Сурхондарё ҳам Ўғузхоннинг набираси шарафига қўйилгани мантиқан тўғри, асосан туркманлар яшайдиган Бухоро вилояти Қоракўл туманида ҳам Сурхи номли қудуқ бор. Россиядаги Атилла (Итил дарёси)ни эсланг.

Шунинг учун ҳам С. П. Толстов, Я. Ғ. Ғуломов, Ҳ. Ҳасановларнинг қад. туркий Ўқуз (Амударё) — «дарё» сўзининг фонетик варианти деб ҳисоблашларини, “катта сув” кейинчалик тарихий шахс – Ўғузхон сўзи билан боғланган десак тўғри бўларди.

Демак, Искандар Македонский бу ерга келган даврда ўғузлар бу ерда яшаганлар.

Массагетларнинг ўғуз эканлигини, улар Искандар Македонскийдан анча олдин яшаганлигини Геродот ҳам тасдиқлаганини юқорида келтирдик.

Академик В.Бартольд ҳам Туркманистондаги ўғузлар таркибидаги солурларнинг Хитойдаги салорлар (Абулғозий маълумотига кўра Ўғузхоннинг набираси, ўғли Тенгизнинг фарзанди) билан ўзаро боғлиқлигини исботлаган экан (З.Зиётов “Турон қавмлари” Т-2008 “Истиқлол”нашриёти 115-бет).

Шунингдек, З.Зиётовнинг фикрича юнонлар эфталит деб атаган қавмлар ҳам ўғузлардан бўлган (З.Зиётов “Турон қавмлари” Т-2008 “Истиқлол”нашриёти 193-бет). Туркман сарилари таркибида хуросонли (Хуросонли ҳам Ўғузхоннинг набираси) уруғи қайд этилган (Ўша ерда, 116-бет).

Ўғузлар А.Македонский даврида бу ерда мавжуд бўлганлигининг яна бир исботи: Искандарнинг қайнотаси Балх ҳокими –Оксиартнинг исми айнан нимани англатади? Оксиартдаги, Окс – ўғуз, “арт” юнонлар учун аниқлаштирувчи сифатни билдирган, туркийда эса “Ўғуз” сўзининг қандайдир қўшимчаси борлигини кўришимиз мумкин.

Юнон ва рим олимларининг қўллаган сўзларига энди туркий ўзак орқали ўқинг: Окс (Ўғуз); Оксиарт (Ўғуз+хон ёки бошқа); Оксиана (Ўғузлар ватани), Оксиан кўли (Ўғузлар кўли – ҳозирги Орол денгизи), оксиёнлар (ўғузлар), Оксиана Искандарияси – Ўғузлар ватанидаги Искандария, Трансоксиана (Ўғузлар кўчиб келган жой).

Энди юқоридаги олимларнинг “ОКС”ни “ДАРЁ” ёки сув маъбуди “ОХШО” деб ўзакка солиб ўқиб кўрсак, мантиқдан узоқлашилганини кўрамиз.

Оксиарт сўзидаги “арт” қўшимчаси, ўша давр шароити учун турли вариантларда бўлиши мумкин, масалан – Ўғуз+хон; Ўғуз+бўка; Ўғуз+бой; Ўғуз+ой; Ўғуз+берк; Ой+Ўғуз.

Оксиарт сўзи Ўғузхон деб таржима қилиниши эҳтимоли йироқ. Чунки, бу пайтда Балх Эрон Ахоманийлари тасарруфида бўлган ва Балх ҳукмдори Доронинг жуда яқин мулозими эди. Шунинг учун Оксиартни – Ўғуз+ой; Ой+Ўғуз бўлганлиги ўша давр учун мос эди (Кушон подшоси Гиройни эсланг).

Бироқ, кейинчалик бошқа исмларнинг келиб чиқиши динамикасидан Оксиартни – Ўғуз+берк; Ўғуз+бўка ва Ўғуз+бойлардан бири бўлганлиги ҳақиқатга яқин. Чунки, хондан кейинги ўриндаги қўшимчалар туркийда “берк” – мустаҳкам, “бўка” – паҳлавон маъноларини берган, кейинчалик бу қўшимча сўзлардан “бек” сўзи келиб чиққан, “бой” сўзи эса ҳаммага аён.

Ўғуз сўзи бошқа миллатларга, қабила ва уруғларга ҳам берилганми? Бўлиши мумкин, қачонки Ўғуз сўзи туркий тил қисқаруви ёки бошқа халқлар томонидан турлича шаклларда ифода этилган бўлса.

Масалан, ўғузлар араб ва форс манбаларида “ғуз”лар ва “гуз”лар деб аталган эканлар.

9—11-асрларларда Орол ва Каспий денгизи бўйларидаги кўчманчи ва ярим ўтроқ қабилалар иттифоқи ҳам ғузлар дейилган; Янгикент Ўғузлар ябғуси қароргоҳи бўлган… 1040 йилдан сўнг салжуқийлар бош бўлган Ўғузлар Ғарбий Осиё мамлакатларини босиб олганлар. 11—13-асрларда Ўғузлар этноними Ўрта Осиё ва Эронда туркман, Яқин Шарқда эса турк этноними билан алмашган. Ўғузлар. туркман, озарбайжон, турк ҳамда гагауз ва қорақалпоқлар этногенезида муҳим роль ўйнаган. Ўғузларнинг эпик асарлари («Китоби дадам Қўрқут», «Ўғузнома») сақланиб қолган (Ўзбекистон Миллий энциклопедиясидан).

Нега энди ўғузлар ўз номларини Ўрта Осиё ва Эронда туркман, Яқин Шарқда турк номига алмаштирган экан?

Форсийлар ва арабларнинг ўғузларни “гуз” ёки “ғуз” демасдан уларни катта оталари исми Туркдан келиб чиқувчи – туркман ва турк аташларига сабаб, 13-асрдан бошлаб то 20-аср бошига қадар бу ҳудудда туркийлар (Эронда элхонийлар, Сафавийларнинг асосий таянчи – қизилбошлар, кейинчалик қожорларнинг ҳукмронлиги, Яқин Шарқ эса Усмонли Турклар назоратига тушиб) мавқеининг ошиб кетиши сабаб бўлгандир, балким.

Ўғуз сўзининг турли жойларда турлича қисқарувини балким “қирғиз” сўзида ҳам кузатишимиз мумкин. Биринчидан, Абулғозийнинг айтишича, Ўғузхоннинг Қирғиз исмли набираси бўлган. Иккинчидан қирғиз сўзи – “қирқ ўғуз”дир. Чунки, Ўғузхон умри охирида Иссиқкўлни ўзига макон қилиб танлаган.

Ўғузхоннинг набиралари ичида бизни эътиборимизни тортадиган яна шундай исмлар бор: “Хуросонли, Сурқий, бу вақтда ани Сурхий дейтирурлар, Қирғиз. (Абулғозий “Шажараи турк” Т.-1994 йил “Чўлпон” нашриёти 26-бет).

“Сурхи” номида – туркманларнинг уруғи қайд этилган. Республикамиз жанубидаги Сурхондарё вилояти ҳам айнан Ўғузхоннинг набираси СУРХОН сўзидан келиб чиққан. Нега деганда ўша пайтларда халқнинг сўз бойлиги ҳозиргидек бой бўлмаган. Масалан, Ўғузхоннинг отаси Қорахоннинг Ур исмли укаси бўлган (М.Улуғбек “Тўрт улус тарихи” Т.-1994 йил “Чўлпон” нашриёти 42-бет). Ур деган исм бор жойда, нега энди Сур деган исм бўлмасин?

Ўғузхоннинг Хуросонли исмли набираси Хуросонда туғилгани учун шундай исм олганлиги туркий менталитетга хос удум.

Хўш “ўғуз” сўзи яна бошқа минтақаларда ҳам шакли ўзгарган тарзда учрайдими?

Ўзбекистон Миллий энциклопедиясида, бу ҳақда қуйидаги маълумотлар бор:

1.Торклар, узлар, ғузлар — Марказий осиёлик ўғузлар қабила уюшмасидан ажраб чиқиб, Волгабўйи ва Жанубий Русь даштларига бориб жойлашган кўчманчи туркий қабила. Русь йилномаларида торки (турклар) деб юритилган ушбу қабила номи Византия манбаларида “уз” шаклида учрайди. Шунингдек, рус йилномаларида Торклар «черные клобуки» («қора қалпоқлилар») тарзида ҳам тилга олинади.

2. Узлар — қадимий туркий қавм. 7—8-асрларда Еттисув ва Сирдарёнинг ўрта оқимларида яшаб, Турк хоқонлиги ва Қарлуқлар давлати таркибида бўлишган. Уларнинг бир қисми ғарбга силжиб, 8-асрнинг охирида Орол денгизининг жанубий-шарқий ҳудудларига бориб ўрнашган ва ўғузлар тасарруфида бўлиб келган…

Узлар 11-асрнинг 30-йилларида Днепр ва Дунай дарёлари оралиғига бориб жойлашган. Бу ҳудудни 1060 йил Русь князлари бирлашиб эгаллаганлар, натижада Узларнинг асосий қисми ғарбга — «Муқаддас Рим империяси» ерларига кўчган (юнон тарихчиларининг маълумотларига кўра, Узлар сони 600 минг кишига етган), кичик бир қисми эса, Кичик Осиёга, Усмонли туркларга қўшилиб сингиб кетган. Кейинчалик Узларнинг бир қисми яна ҳам ғарбга силжиб, Жанубий Русь чўллари орқали Ғарбий Европа (Юнонистон ва Венгрия)га ўтиб кетганлар. Узларнинг кейинги авлодлари — гагаузлар ҳозир ҳам Молдавия, Руминия ва Венгрияда яшайди (Ўзбекистон Миллий энциклопедияси).

Агар келтирилган маълумотларга синчковлик билан эътибор берилса, араблар ва форслар ўғузларни – “ғузлар” ёки “гузлар” деб атаганлар, византияликлар эса “уз” деб атай бошлаган ва ниҳоят “узлар” деган уруғ пайдо бўлади ва улар яна ўзларини “кўк ўғуз”(гагауз) деб атай бошлайдилар.

Иккинчи томондан туркий тиллар хусусияти ҳам сўзларнинг вақт ўтиши билан қисқарувига олиб келади.

Исмлар ва уларнинг маънолари билан олиб борган изланишларим яна бир янгиликка дуч келишимга олиб келди. Масалан, маҳмадона сўзи, биз сунний мусулмонлар учун жуда оғир сўз экан. Маълум бўлишича, бу гап айнан Муҳаммадона сўзининг қисқаргани экан.

Олимларнинг фикрича Муҳаммадали сўзи қисқариб – Мамадали, Муҳаммад сўзи Мамат, Муҳаммад Амин сўзлари Мадамин, Муҳаммад Сиддиқ сўзлари Мамасиддиқ бўлиб кетибди. Яна бошқа сўзлар ҳам вақт ўтиши билан қисқариб кетаркан. Масалан, Аҳмад Яссавий яшаган Ясса, аслида Сакса (юнонлардан қолган эсдалик,ҳойнаҳой) бўлган экан.

Ва ниҳоят, “Ўғуз” сўзи Марказий Осиё, Эрон, Ўрта Шарқ, Озарбайжонда “Ўз” бўлиб қисқарганини кузатишимиз мумкин.

Бунинг яққол мисоли Ўзбекистон энциклопедиясидаги мана бу маълумот:

“…Жалолиддин Мангуберди Бағдод атрофида 12 кун тургач, Озарбайжон томон кетади. Озарбайжон ва Аррон отабеги Ўзбек ичкилик, маишатга берилиб давлат ишларини ўз ҳолига ташлаб қўйган эди, давлатни амалда унинг хотини Малика хотун бошқарарди. 1225 йил майда Жалолиддин Мангуберди Мароға шаҳрини жангсиз қўлга киритади. Дамашқ, Эрбил ҳокимлари у билан иттифоқ тузишга рози бўладилар. Отабек Ўзбек Табризни ташлаб Ганжага, сўнг Алинжо қалъасига қочиб ўша ерда вафот этади…”.

Эътибор бераяпсизми? Олтин Ўрда хони Ўзбекхон Султон Муҳаммад (тахм. 1282—1342) туғилишидан олтмиш йил аввал ҳам Озарбойжонда Ўзбек исмли ҳоким мавжуд эди! (Ҳали бу ерларни Чингизхон авлодлари қўлга киритмаган ҳам эдилар). Бундан ташқари 11-асрда Сурияда яшаган араб тарихчиси Усома ибн Мунқизнинг “Китоб ал эътибор” (Ибрат китоби)да ёзилишича Ўзбек исмли Мовсил ҳокими бўлган (!!!) (З.Зиётов “Турон қавмлари” Т-2008 “Истиқлол”нашриёти 189-бет).

Хўш, “Озарбойжон” сўзида Ўғуз сўзи бормикин? Туркий тилларда маълум муддат ўтгач сўзлар юқоридагидек қисқаришини назарга олсак, Озар сўзи Ўғуззар сўзининг қисқаргани бўлиб чиқади. Айнан ўғузларнинг турк ва туркман номини олишни истамаган қабила ва уруғлари – Ўғузлар – Ўғуззар, Ўззар – Ўзар, туркий исмлар анъанасидан келиб чиқиб Ўзар – Ўзар+бой- Ўзарбой+ жон бўлган деган фикрдамиз.

Энди шу тахлитда Ўзбек сўзи сўзидаги “Ўз” ҳам аввал Ўғуз бўлгани мантиқан тўғри. Демак, қадимги Ўғуз+берк, Ўғуз+бўка сўзларидан ЎЗБЕК сўзи келиб чиққан бўлади.

11-асрда Мовсилда ҳокимлик қилган, 13-аср бошида Озарбайжонда отабек (ҳоким)лик қилган “Ўзбек” сўзи ҳам айнан Ўғузбек сўзининг қисқаргани бўлиб чиқади.

Демак, тарихчилар П.П.Иванов, А.Ю.Якубовский, Хилда Хукхэмларнинг «ўзбек» этнонимини Олтин Ўрда хони Ўзбекхон (14-а.) номи билан боғлаши ўз-ўзидан рад этилади.

Ҳозирги ўзбеклардаги уз (бошқа мамлакатларда ҳам бор), юз (кейинчалик унинг кўпайишидан минг уруғи пайдо бўлган менимча) уруғларини ҳам, қозоқлардаги жузларни ҳам Ўғузга тегишли деб қабул қилсак бўлади.

Чунки, Маҳмуд Кошғарий “Девону луғотит турк”да Румдан Хитойгача бўлган ҳудудда яшаётган туркий қавмларни (ҳозирги Россия, Қозоғистон, Ўзбекистоннинг шимоли бўйлаб) санайди. Шунда у ўғузлар беженек, қипчоқлардан кейин яшайди деб кўрсатади. Яъни, бу ерлар ҳозирги Қозоғистон ҳудудига тўғри келади. Бу эса қозоқлардаги жузлар (катта, ўрта, кичик) ҳам ўғузлар маъносида эканидан далолатдир.

Хулоса шуки, Ўғузхон бундан қирқ саккиз аср аввал яшаган, Ўзбек сўзи, Ўғузберк сифатида пайдо бўлганига эса қирқ асрдан ошган. Ҳозирги пайтдаги Озарбайжон, Туркманистон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон давлатлари, Қорақалпоғистон Республикасидаги туркий қавмларнинг асосий қисми қадимги ўғузлардан ташкил топади ва улар бу ерларда дунё яралганидан буён яшаб келмоқдалар.

Яна битта топонимда Ўғуз сўзининг Ўз бўлиб қисқарганини кузатиш мумкин. Бу ҳозирги Узгенд (Ўғузкент) шаҳри.

Ҳа, айтмоқчи. Юнон тарихчилари Ўғуз сўзини бутун дунёга Окс сифатида танитдилар. Буюк Британияда Оксфорд шаҳри бор. Уларнинг айнан ўғузлар бўлиши ҳақиқатга жуда яқин.

Россиялик олим Мурад Аджи қадимги инглизларнинг қуйидаги сўзлари туркийдан ўтганлигини айтади:

“Молодой”-“Ёш” – “янг”, “немедленно”-“қўққисдан” – “тап”, “сытый”-“тўқ” – “ток”, “прикреплять” –“тоқмоқ” – “так”, “Одежда”–”мода”- тўн-(ton), “делать надрез” – “зарубка” – “қирқиш”- (kert – kerf), “греметь”-шовқин- (tang tung et – tang).

Бундан ташқари, юқорида “уз”лар бўйича келтирилган маълумотда, юнон тарихчилари 1060 йилларда «Муқаддас Рим империяси» ерларига кўчган Узлар сони 600 минг кишига етган, дейишган. Бу жуда катта миқдор. Оддий бир солиштириш, 1941 йил урушигача бўлган даврда Ўзбекистон аҳолиси 6 млн. киши атрофида бўлган экан, орадан 60 йил ўтиб, бу миқдор 4,5 бараварга ўсган.

Мабодо, Буюк Британиядаги Окслар ҳам ўзларининг келиб чиқишини Ўзбекистондан эканликларини тан олсалар. Оксфорд сўзи айнан ўша ҳозирги Қирғизистондаги Ўзганнинг уйқоши бўлиб ҳисобланаркан.

Чунки, Оксфордни сўзма сўз таржима қилсак тахминан “Ўғузларнинг қўлтиғи, кечуви” деб таржима қилинаркан.

Ана сизга керак бўлса! Ўғузлар Европадаям бор!

Бу хулосалар 2010 йилда эди. Бу хулосаларнинг ўзиям Ўзбек халқининг тарихини камситганлар, унинг тарихини ўчирганлар, бузганлар қурган қалъани таг пойдеворини қоқ иккига бўлиш эди, аслида.

Рисолам 2010 йилда 200 дона чиққач унинг йигирма донасини ажратдими, ваъда қилганимдек Рахимов домлага олиб бориб бердим ва «ўқимасдан имзо чеккан» домлаларга ҳам беришни айтдим.

Домлаларга ўқитмасдан имзо чектирганимизни аввалбошда оз-моз айтдим. Энди яна тўхталмасам бўлмас экан.

Олий Мажлисда депутат бўлиб юрган 2005-2006 йилларда асли тожик бўлган бир дўстим устоз Неъматжон Аминов ижодига бағишлаб кандидатлик диссертациясини Тил ва адабиёт институда ёқлаганди. Шу ҳимояга мени ҳам таклиф қилганди. Мен депутатлик нишони тақиб дўстимнинг ёнида «ҳимоячи» бўлиб турдим. Ҳимоя яхши ўтди. Дўстим ҳимоядан кейин зиёфат ҳам берди. Лекин кейинчалик билсам, унинг пинҳоний рақиблари юмалоқ хат ёзиб, ҳимоясини чиппакка чиқариб ташлаган экан. Ана ўша воқеалар жуда жаҳлимни чиқарганди. Шу боисдан илм одамларига аввал уни ўқитмасликка қарор қилгандим. Чунки, бунга менда умид қиладиган асос – филолог дипломи ҳам йўқ эди. Менга ҳеч қанақа илмий унвон керак эмасди. Мен фақат китобчамни чоп эттириб олсам бас. Китобимни сотиб тезда бойиб кетиш талаби кучли эди.

Йўқ мен яна хато қилган эдим. Менинг янги кашфиётим ҳеч кимга керак эмас экан. Энг яқин акахоним, Республикадаги жуда катта ёзувчи устозим ҳам рисолам билан танишгач «агар хато қилаётган бўлсангчи»-дея олди холос.

Яъни, «мени бу ишингигга аралаштирма» дегани эди.

Лекин, жуда таниқли қашқадарёлик шоир бир акахон «Анвар, ҳақиқатда ўзбек атамаси қандай пайдо бўлганлигини асослаб берибди»-дея бир зиёфатда секингина гапирди.

Рисоламнинг юзтасиними бир китоб дўконига топширдим. Китобча тезда сотилиб кетди. Лекин, нашриёт ҳам, китоб дўкони ҳам «яна нашр этайлик» деган таклифни бермади.

Ўзекистон мактабларига Энциклопедик маълумотларни тарқатишдан кўнглим бир совуган бўлса, «Ўзбек» атамаси ҳақидаги рисолани сотиш орқали бойиб кетиш орзуси ҳам қалбимни ғамга тўлдирди. Кейинчалик, менга нисбатан пинҳона қаршилик бошланди. Тарих ва қўлёзмалар институти менинг далилларим сохта деганга ўхшаш хулоса берди. Ўзбекистон адабиёти санъати газетасида филология фанлари доктори М.Маҳмудов битта танқидий мақола эълон қилди. Ундан кейин академик А.Асқаров «Ўзбекистон тарихи» китобида устимдан шалоқ-мазах қиладиган фикрларни ёзди. Энг қизиғи, уларнинг менга нисбатан танқидий мақолаларини ўқиган кишилар менга хайрихоҳлик билдирардилар. «Қарши мақола бер» дерди улар. –Э, керак эмас,-дердим мен. Чунки, раддия мақоламни газеталар эълон қилмаслигиниям билардим. Иккинчидан Қуръондаги Пайғамбаримизга тушган оятда «улар сизни мазах қилишяптими, билингки сиздан олдинга пайғамбарлар ҳам мазах қилинганлар» деган оят тасалли берарди.

Таврот, Забур, Инжилда ҳам шунга ўхшаш оятлар бор бўлиши керак. Ғарбликлар шунинг учун ҳам ўзларига нисбатан айтилган танқидларга лоқайд қарайдилар. Ҳатто, улар танқидлар ўзларига фойда ҳам деб биладилар.

Мана Россия футбол терма жамоасининг голландиялик мураббийси Гус Хиддинкни солиқ тўламаганликда айблашиб Ғарб матбуоти роса шов-шув кўтарди. Гус Хиддинк эса бу танқидларга бефарқларча муносабатда бўлиб, ҳатто уларнинг устидан кулиб, шундай, деди:

– Мен дунёда жуда таниқли одамман. Нега ОАВ мени реклама қилиб, дунёга янада кўпроқ танитмоқчи бўлишяпти, тушунмадим.

Сабр, чидам бирёқда-ю, рўзғор деган шафқатсиз макон ҳам бор. Мен ўшанда ойига икки юз доллар тўлаб ижарада турардим. Икки фарзандим олийгоҳда ўқийди. Катта қизимни узатишим керак. Хонадон эгаси кўнглим бўшлигидан фойдаланиб, алдаб-сулдаб уйнинг солиқларини ҳам менга тўлатиб олганини ҳозир ўйласам «одам шу қадар ҳам пасткаш бўладими?»-деб ўйлаб қоламан.

Икки юз доллар ижара ҳақи тўласам, ейишимга ҳам камида икки юз доллар кетарди. Қарзга бота бошладим.

Шу пайт яна битта миллиард-миллиардлаб ҳалол пул топишим мумкин бўлган лойиҳа чиқиб қолди. Лекин бу лойиҳа жуда машаққатли меҳнат талаб қиларди. Лекин, мен меҳнатдан қочадиган аҳмоқ эмасман. Русларда яхши гап бор «Танки грязи не бояться» ёки Уинстон Черчилнинг мана бу гапи доим ёдимда «Дунёда бўрилар қонуни амал қилади, лекин менинг тишларим ўткир». Ал Бухорий, Ал Беруний, Ал Хоразмий, Ибн Сино, Фаробий, Кошғарий, Фарғоний, Қаффол Шоший, Мотуридий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур менинг аждодим эканлигини ҳозирги замонда исботлаш мумкинми ёки йўқми?

Ҳалол ризқ берадиган янги лойиҳага бутун тан-жоним билан кириб кетдим! Аслида бу ишни Республикамиздаги институтлар қилиши керак, лекин, одам қилган ишни одам қилади. Ака-ука шу ишни қилишга бел боғладик!

Анвар Шукуров

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort