Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Шароф Бошбеков: “Тошкентда паспортни рўйхатга қўйиш ўлимдан қийин”

Шароф Бошбеков: “Тошкентда паспортни рўйхатга қўйиш ўлимдан қийин”
09 Eylül 2018 - 13:32 'да юкланди ва 837 марта ўқилди.

Дунё адабиёти ва санъати тарихида аксарият даҳолар умр бўйи ижод қилса ҳам, қаторлаштириб китоб чоп этса ҳам, охир-оқибат битта шоҳ асари билан инсоният хотирасига муҳрланиб қолади. Ўша шоҳ асар инсониятни даҳодан қолган меросни бошдан-адоқ ўрганишга даъват қилаверади…

Хуллас, азизлар, “Темир хотин” муаллифи билан учрашиб, у кишининг суҳбатини олиш учун ўзимизни хийла тайёрладик. Ўқувчи учун кафолат бермайман, бироқ ўзимни қизиқтирган саволга жавоб топмоқчи бўлсам, ўша саволни рўй-рост айтишим керакми ёки гапни айлантириб, суҳбат давомида Шароф аканинг оғзига тикилиб ўтириб, охири у нима деса, ҳамма гапини диктофонга ёзиб олиб, сўнг уни қоғозга тушириб таҳририят катталарига тақдим этсам кифоя қиладими? “Оч қорним — тинч қулоғим” деган мақолни доно одамлар тўқиб чиқарган бўлса, мен нечун ўзимни аҳмоқ қилишим керак ва ҳоказо.

Барибир қизиққонлигим зўр келди: атоқли режиссёр Маҳкам Муҳаммедовнинг “Нигоҳ” китобчасини қўлтиғимга қисиб “Шифо-инфо” газетаси остонасидан кўзимни чирт юмиб ўтиб, Шароф Бошбеков қўр тўкиб ўтирган хонага кириб қолдим. Газетанинг бош муҳаррири Шароф ака битта ходимига сўздан оқилона фойдаланиш тўғрисида куйиб-пишиб гапираётган экан: уни шу ҳолатда чирқ этказиб суратга тушириб олдим. Шароф ака остонада қимтиниб турганимни, қўлимдаги замонавий фотоаппаратимни кўриб ажабланди, ходимини хонасидан чиқариб юбориб: “Хўш, хизмат?”, — деди.

Узр, устоз, бесўроқ аксингизни олиб қўйдим, айбга буюрмайсиз, — дедим.

— Хўп, майли. Аксим сизга нима учун керак бўлиб қолди?

Ростини айтаверайми? — дедим ерга қараб.

— Айтинг.

Юзингизда тарсаки изи қолганми?

— Нима-нима?! — деб Шароф ака ўтирган ўриндиқни бироз орқага суриб, важоҳатини ўзгартириб ўрнидан тура бошлайди.

Устоз, ўзингизни босинг! Ўтиринг-ўтиринг, сиз ҳар ҳолда устоз

— Э-э, мен сизга қанақа устоз бўламан! Умримда башарангизни биринчи марта кўриб турибман-ку!

Барибир устоз бўласиз… Ҳозир мактаб ўқитувчиларини болалар устоз дейишади. Устоз дегани

Шароф Бошбеков жойига ўтиради.

— Нима керак сизга?

Диктофонимни стол устига қўйиб, у кишининг рўпарасига астойдил ўтириб оламан. Қўлтиғимдан устоз Маҳкам Муҳаммедовнинг “Нигоҳҳ” китобчасини чиқариб, 58-саҳифасига кўрсаткич бармоғимни ниқтаб кўрсатиб, ўзимни орқага тортиб, Шароф акани яна суратга оламан. Энди у менга қарамасдан қошларини чимириб, мутолаага киришади.

“Ҳамкасблар ҳақида тарсаки

Тақдир тақозоси билан Сирдарё вилоят театрида ишлаб юрдим. Шароф Бошбеков адабий эмакдош эди. Шу билан бирга актёр, менга ёрдамчи эди. Кечалари машинкани чиқиллатиб нималарнидир ёзар, нималарнидир таржима қилиб ўтирарди. Кечаси билан ухламай чиққан одам кундузи дам олгиси келади.

Иш вақтимиз 10 да бошланади. Ўша даврда вақтида ишга келиш кабиларни фирқа котиби кузатарди. Санъатга иқтидори йўқ кишилар ишга вақтида келар, гап сотиб сафсата қилишар, лекин амалда тайин бир фойдали иш қўлидан келмасди. Бунақалар ишга нимага келаяпти, нимани бажаришаяпти, ҳеч кимнинг иши йўқ.

Шароф Бошбеков кечаси билан ишлаганидан ишга сал кечроқ келарди. Бу кўпчиликка ёқмасди албатта. Ҳар куни эрталаб бир-биримизни суриштирардик, йўқлама қилардик. Шундай кунларнинг бирида Шароф Бошбеков ишга ярим соатча кечикиб келди. Атрофдагилар ”Ана, бош режиссёрнинг эркатойи келаяпти” дейишганда ҳамма орқасига ўгирилиб қаради. Менга унинг эркалиги — топшириқни бажаради, бекорга келиб кетмайди, тинимсиз изланиш ва меҳнатда бўлади, баъзан узрли ҳолатларда мен уни кечираман.

Шароф эса жаҳли чиққаниданми: ”Сенинг нима ишинг бор? Берилган ишни бажарганман. Кечга қолган бўлсам, сабабини сўрашнинг ўрнига тергайсан!”, — деди. Бирданига тасур-тусур, тўполон бошланиб кетди. Мен билан директор ўрнимиздан туриб “ҳай-ҳай”лашиб қолдик. Масъул ходим Шарофнинг юзига бир тарсаки туширди. Шароф бу ҳолатга чидамасдан битта қоғоз олганча: ”Мен бугун ишдан бўшайман. Театрда ишламайман. Бугундан йўқман!”, — деб чиқиб кетди.

Кечқурун директор билан унинг уйига бордик. ”Шароф, кечиримли бўл! Бургага аччиқ қилиб, кўрпага ўт қўйма! Бунақа аризаларингни йиғиштир!”, — деб маслаҳат бердик. “Бўлди, энди ишламайман!” деган жавобини олдик.

У ҳақиқатан ҳам ишдан кетди. Директор аризасига қўл қўйишга мажбур бўлди. Кетганидан кейин бир ярим-икки йил чамаси оиласи билан қийналиб яшади. Телевидение, радиода чиқишлар қилиб турди. Мақолалар ёзди. Қийинчиликлар ўз зуғумини ўтказса-да, ижоддан тўхтамади. Пьесалар, драматик асарлар ёзди, секин-аста улар саҳнага қўйила бошлади. У асарларида ўзи билган, театр ҳаётидаги ҳар хил характерларни яратди. Натижада машҳур драматург бўлди…”.

— Иқтибос тамом, — деб Шароф ака мутолаадан бошини кўтариб, китобчани стол четига суриб қўяди.

Шунга… нима дейсиз? — дейман кулимсираб, афт-башарамга жиддий тус бериб.

— Маҳкам Муҳаммедов ҳамма гапни ёзмабди.

Давоми нима бўлган? Бошқача бўлганми?

— Ҳа, бошқача бўлган.

Яъни, масалан

Шароф ака кулимсирайди, бошини сарак-сарак қилади. Столда турган диктофонга бир қараб қўйиб гап бошлайди:

— У пайтларда театрда учта раҳбар бўларди. Директор, бош режиссёр ва партком котиби. Маҳкам Муҳаммедов, ўз-ўзидан равшанки, фирқа котибининг ёнини олади, хотирасида ҳам уни гўё ҳимоя қилади.

Қандай қилиб?

— Воқеа бошқача бўлган… Ҳақиқатан ҳам мен кўпинча театрга кечикиб борардим. Бундан партком жиғибийрон бўлаверарди. Билиб юрардим. У агар мени ҳам ўз измига бўйсундириб олса, театрда “темир интизом” ўрнатиши мумкин. Токи мен “интизомсизлик” қилаверсам, у партиявий ҳукмронликни ўз қўлига ололмайди. Хуллас, ўша куни партком яна-тағин тартиб-интизом ҳамма учун баробар эканлиги тўғрисида эски ашуласини айтиб ёнимга яқинлашиб келди-да, кутилмаганда юзимга тарсаки тортиб юборди. Мен ўзимни ҳимоя қилолмадим, чунки тарсаки тушишини асло кутмаган эдим. Ҳамма бирдан енгил нафас олди: кўпчилик ичида “эркатойлик” қилишимни ёқтирмасди; негаки, бош роллар меники эди, ўзим ҳам айрим пьесаларни таҳрир қилиб, тўғрилаб турардим. Мана, энди тарсаки еб, ҳамма қаторига тушиб қолдим.

Мен парткомни ҳақорат қилмадим, лекин унинг аҳмоқлигини, амал-мансаб учун ҳар нарсага тайёрлигини айтиб келиб, яна бир бора: ”Сен Лениннинг ҳаром тукига ҳам арзимайсан!”, — деб такрорладим. Партком қизариб-бўзариб кетди. Аста ёнига яқинлашиб, муштумимни маҳкам сиқиб туриб иягининг остидан шунақаям зарба бердимки, бечора чалқанчасига йиқилди. Мен ҳаммага бир-бир қараб:” Антракт”,— деб театрдан чиқиб кетдим. Дарвоқе, партком менинг гап қайтаришимга ўрганиб қолган эди. Аммо ўша куни ”Сен Лениннинг ҳаром тукига ҳам арзимайсан!” деганимга чидамасдан қўлига эрк бериб юборди. Чунки Ленинни опоқдодасидек яхши кўрарди.

Кейин нима қилдингиз?

— Кейин Гулистон театрига қайтиб бормадим. Тўғри, директор билан Маҳкам ака уйимга бориб кўп илтимос қилган, аммо…

“Темир хотин”ни биринчи қайси театр қўйган?

— “Темир хотин” биринчи марта Самарқанд театрида қўйилган. У ерда Танаб ака Қурбонов деган яхши режиссёр бор эди. Ўша киши саҳналаштирган. У киши Ўзбекистон халқ артисти эди. Ўзи ҳам актёр бўлган. Эзоп ролларини ўйнаган. 1989 йилда “Темир хотин”ни биринчи Самарқанд қўйган, иккинчи Тошкент қўйган, учинчи Фарғона қўйган. Тошкентда Абдулла Қаҳҳор номидаги сатира театрида қўйилган.

Гулистон шаҳар театрида қанча ишлагансиз?

— Беш йил ишлаганман. 1975 йилдан 1980 йилгача ишлаганман.

Театру институтини битириб, тўғри Гулистонга борганмисиз?

— Йўқ, олдин Тошкентда Муқимий номидаги мусиқали театрда ишлаганман.

Йўғ-э, сиз ашула ҳам айтасизми? Овозингиз зўрми? Неччи октава? Нега отарчи бўп кетмадингиз? Яхши пул топиб, бой бўлиб кетишингиз мумкин эди-ку!

— У пайтлар бизнинг тарбиямиз бошқача бўлган. Тўйга бориш уят ҳисобланарди. Биз тўйга борадиган санъаткорни “отарчи” дердик, уларга паст назар билан қараларди. Улар актёр ҳисобланмасди.

Овозингиз неччи октава?

— Икки октава.

Кимнинг овозига тенг ҳисобланади? Шерали Жўраевнинг овози неччи октава?

— Шерали аканинг овози икки ярим октава. Биз Муқимий номидаги театрда Суръат Пўлатов билан кўпинча битта ролни ижро этардик. Кейинги пайтларда Суръат акам овози билан тепаларни ололмасди; кексайиб қолгани учун кучи етмасди, биз ёш эдик — тепаларни бемалол олардик.

Мусиқали театрда қайси ролларни ижро этгансиз?

— “Ўжарлар”да Қувондиқ ролини, “Нурхон”да Нурхонни сўядиган акаси Солихўжа ролини, “Момо ер”да Сувонқул ролини ўйнаганман.

“Момо ер” Чингиз Айтматовнинг қиссаси асосида тайёрланганми?

— Ҳа, шундай. Қисса асосида шоир Туроб Тўла пьеса ёзиб берган эди. Мусиқали саҳна асарининг инсценировкасини шоир ёзиши керак, чунки ичида ашуласи бўлади, шеър ёзиш керак бўлади.

Овозингиз бўлса, ўзингиз бирорта оригинал қўшиқ яратганмисиз?

— Йўқ, фақат спектакл ичида ариялар ижро этганман, холос. Мен ашулачи эмас, актёр эдим.

Овозингиз магнит лентасига ёзиб қўйилганми?

— Илгари телевидение учун ёзиб олинган, лекин плёнка “Ахборот”ни ёзиб олиш учун керак бўлиб қолгач, устидан ёзиб юборилган, эски ёзувлар ўчириб юборилган. Ҳатто машҳур “Тошболта ошиқ” комедияси ҳам ўчириб юборилган.

Афсус. Ҳозирги замон томошабинлари ҳам “Тошболта ошиқ” мусиқали драмасини мароқ билан томоша қилиши мумкин эди-я!

— Ҳа, нимасини айтасиз!

Демак, диплом бўйича актёр экансиз-да?

— Мусиқали драма актёриман.

Нега Тошкентдан Гулистонга кетиб қолгансиз? Бу ерда ҳам партком билан муштлашганмисиз?..

— Йўғ-э! — деб кулади Шароф ака. — Паспортимни Тошкентга пропискага қўя олмаганман.

Ўша пайтда ҳам паспортни рўйхатга қўйиш муаммоси долзарб бўлганми?

— Бўлмасам-чи! Тошкентда паспортни рўйхатга қўйиш ўлимдан қийин эди.

Ўзлари театрга ишга чақириб, паспортингизни рўйхатга қўя олишмаганми?

— Учинчи курсда ўқиб юрганимда домлам Абдурасул Раҳимов мени Муқимий театрига опкеп олган эди. У киши бизга сабоқ берарди, Ўзбекистон халқ артисти, Ҳамза мукофоти лауреати эди. Курсимиз раҳбари эди, Муқимий театрида режиссёр эди. Раззоқ Ҳамроев бош режиссёр эди… Менинг бахтимга Жиззах вилояти иккига ажралиб, ёнида Сирдарё вилояти ташкил этилади. Сирдарё алоҳида вилоят бўлгач, Гулистон шаҳрида Олим Хўжаев номидаги театр ташкил этилади. Мен ўша театрга ишга борганман. Дарҳол уй беради дейишган. Уй олганман. Оилали эдим, битта болам бор эди. Аёлим Мавжудахон ҳам театр институтида ўқиган, у Икрома Болтаеванинг уйида ижарада яшар эди. Кўпинча ижарахонасига кузатиб қўярдим. Сўнг муносабат пайдо бўлди. У ёғини ўзингиз биласиз… Икки хонали квартира берилди. Гулистон шаҳридаги учинчи микрорайонда яшар эдик.

Тўра Сулаймон ҳам учинчи микрорайонда яшар эди, шекилли?

— Ҳа, балли! Тўра акамиз ёнимиздаги подъездда яшар эди. У пайтда мен ёзув-чизув қилмасдим. Фақат ўйнаган ролимизга маст бўлиб юраверганмиз.

—* Маош яхшимиди?*

— Ёмон эмас эди. Бир юзу йигирма сўм маош олардим.

Қўшимча даромадни қаердан қилардингиз?

— Қўшимча даромад йўқ эди. Лекин кейин маошим бир юзу етмиш сўм бўлди.

Ўҳ-ҳў!

— Ёзувчилар уюшмасида ишлаганимда ҳам бир юзу етмиш сўм олардим.

Ие, уюшмага қачон ўтгансиз?

— Ўша тарсаки воқеасидан сўнг Тошкентга келиб шаҳарда юрсам тўсатдан Машраб Бобоевни учратиб қолдим. Биз Машраб акам билан яхши таниш эдик. У киши ”Нима қилаяпсиз?” деб сўраб қолди. “ББEдаман”, — дедим. “У қанақа жой?”, — деди. “Билган б… е” дегани”, — дедим. Роса кулди.

“ББE”ни Рауф Парфи ўйлаб топганми?

— Йўқ, Мурод Ражабов ўйлаб топган. Кейин Пауф Парфи ҳам тез-тез айтиб юрадиган бўлган.

Машраб ака билан қандай танишгансиз?

— Гулистон театрида Маҳкам Муҳаммедов Машраб аканинг “Ўттиз ёшлилар” ва “Ер томири” драмаларини саҳналаштирган. Мен икки спектаклда ҳам бош ролларни ижро этганман. Ўшандан кейин Машраб ака билан яқин бўлиб қолганман.

Машраб ака сизни фақат актёр деб билармиди?

— У киши бир-иккита драмамни ўқиган, ёзиб-чизиб юришимдан хабари бор эди. Ўша пайтда учта асарим чоп этилган, Маданият вазирлигида қабул қилинган эди. Бундан Машраб акам хабардор бўлган. “Нима қиляпсиз?”, — деди Машраб ака. “Ҳеч нарса қилмаяпман, бекор юрибман”, — дедим. “Ёзувчилар уюшмасига ишга кирмайсизми?”, — деб сўради. “Мен уюшмага аъзо эмасман”, — дедим. “Яқинда ёзувчиларга уй тарқатилади. Ишга кирсангиз, Шароф, сизга ҳам уй тегади”, — деб мени ишга киришга кўндирмоқчи бўлади. “Ие, Машраб ака, кўчада юрган одамга ким ҳам уй берарди!”, — дедим ишонқирамай. “Сиз ишга киришга рози бўлаверинг, мен у ёғини Шавкат билан гаплашиб қўяман”, — деди.

Қайси Шавкат? Шавкат Раҳмонми?

— Ҳа, Шавкат Раҳмон. У пайтларда Шавкат Раҳмон уюшма раиси Сарвар Азимовнинг ёрдамчиси экан.

Сиз Шавкат Раҳмонни танирмидингиз?

— Шоирлигини билардим, кўз таниш эдим, холос.

Шавкат Раҳмон қанақа одам экан?

— Жуда жиддий йигит эди. Унга Машраб ака айтиб қўйган бўлса керак. Мени у Сарвар Азимовнинг олдига олиб кирди, раисга мени таништирди. ”Жуда талантли ижодкор, келажаги порлоқ!”, — деб анча мақтади. Уюшмада илгари Муҳаммаджон Хайруллаев драматургия секциясида ходим бўлиб ишлар экан, у ишдан бўшаб кетган, ўша ўрин бўш турган экан. Секция раҳбари Туроб Тўла эди… Азимов билан учрашув чоғида Шавкат Раҳмон: ”Яхши йигит, саводли йигит”, — деди. Ўзи ҳали менинг саводли ёки саводсизлигимни билмасди, лекин Машраб акам тушунтирган бўлса керак-да! “Янгича фикрлайди”, — деб яна таъриф қилади. Сарвар Азимов юзимга қараб ўтириб: ”Рус тилига қалайсиз?”, — деб сўрайди. “Бадиий асар ёзиш даражасида билмайману, аммо фикримни бемалол ифодалай оламан, бехато ёзаман”, — дедим. Ёзувчилар уюшмасидаги мажлислар ҳам, тўртта одам тўпланган йиғинлар ҳам рус тилида олиб бориларди. Рус тилини билмаслик мумкин эмасди. “Бўпти, ғоявий томонларингизга ҳушёр бўлинг! Ишни бошлайверинг!”, — дейди Сарвар Азимов.

Шундай қилиб, ёзувчилар уюшмасида иш бошлаб юбордингизми?

— Ҳа, нафақат иш бошладим. Орадан олти ой ўтар-ўтмас, менга Дархондаги тўрт қаватли ғиштин иморатдан тўрт хонали квартира ажратилди. Усмон Азимовга ажратилган экану, лекин Усмонжоннинг болалари камроқ шекилли, унинг ўрнига менга бериладиган бўлди. Ажабки, гарчи Шавкат Раҳмон сербола бўлса ҳам ўзига ғиштли уйдан квартира олмайди: уйсиз юрган ижодкорлар олсин дейди.

Назари тўқ, кўзи тўқ инсон эди-да!

— Аста айтасизми! Машраб акамни айтмайсизми!

Гулистондан ишдан бўшаб келиб қаерда яшаб юргансиз?

— Тошкентда Равшан Қодиров деган ёзувчи оғайним бор эди. Унинг оиласи билан қадрдон бўлиб қолган эдим. Ўша оғайним қўярда-қўймай уйидан жой беради. Ота-онаси, бувиси ажойиб инсонлар эди. Худо раҳмат қилсин.

Демак, уюшмадан квартира олдингиз.

— Кўп ўтмасдан Чорбоғ томондан далаҳовли ҳам беришди.

Уюшмага аъзо бўлдингизми?

— Қаёқда! Фақат уюшмада ишлардим, холос.

Драматург Машраб Бобоев чин юракдан сизга акалик қилган экан-да!

— Мен икки хонали квартирага ҳам рози бўлиб юрувдим. Лекин кутилмаганда Усмон Азимга ажратилган квартира бўшаб қолади. “Ким бор?”, — деб сўрайди масъул шахс. “Шарофнинг учта боласи бор”,— дейди Шавкат Раҳмон. “Бўпти, тўрт хонали квартира Шарофга берилсин”, — дейди.

Шароф ака, студентлик пайтингизда пахта теримига борармидингиз?

— Борардим. Доим нормани бажарардим. Биринчи терим чоғи олтмиш килодан пахта терардим.

Қора ишлардан қочмас экансиз-да!

— Уюшмада драматургия секциясида ишлаб юрганимда ҳам қора ишларни асосан ўзим бажарардим: ёзув-чизув, ҳисобот ишларини мен қилардим. Раҳбаримиз, боя айтганимдек, Туроб Тўла эди.

Ўзи Туроб Тўла қанақа одам бўлган?

— Яхши одам эди. Худо раҳмат қилсин. Маслаҳатларини аямасди. “Момо ер” спектаклида Сувонқул ролини ўйнаганман; қисса асосида постановкани Туроб Тўла ёзган. Спектаклдан сўнг менга сўзларни ишлатиш, қандай ифода қилиш кераклиги тўғрисида эринмасдан жўяли йўл-йўриқлар кўрсатарди.

Ҳозир нима қилаяпсиз, Шароф ака?

— Қўлёзмаларимни тартибга келтираяпман.

Котиб ёлласангиз бўлмайдими?

— Қўлёзмаларимни кўчириш жараёнида қайта ишлаяпман.

Прозангизни ҳам тартибга солаяпсизми?

— Ҳа, ҳикоялар, ҳажвиялар…

Неча жилд бўлади?

— Драматургия, пьесаларим — алоҳида бўлади. Бир папкада киносценарийлар бор. Учинчи папкада ҳикоялар, ҳажвиялар. Пиблицистика — тўртинчи папка. Беш жилд бўлса керак, хотираларим ҳам бор.

Янги нарсаларингиз ҳам борми?

— Драмаларим ҳали саҳналаштирилмаган, сценарийларим бўйича ҳали кино суратга олинмаган.

Йирик қиссами, романми ёзишингиз керак-да, Шароф ака!

— Вақтимни қизғанаяпман.

Абдулла Қаҳҳорнинг янги китоби чоп этилганидан хабарингиз борми?

— Неча жилд экан?

Уч жилд бўлади.

— Биринчи жилдини қаердан топса бўлар экан? Нималари кирган биринчи жилдига?

Фақат қиссалардан иборат. “Зилзила” деган қиссаси бор экан, репрессия мавзусига бағишланган.

— Ўқиш керак экан.

Отабек Жўрабоевдан илтимос қиламан, сизга битта китоб беради.

— Отабек ким экан?

Қаҳҳор асарларининг илмий-танқидий матнини шу заҳматкаш йигит нашрга тайёрлаяпти.

— Барака топсин.

Шароф ака, сиз кўп ёзувчиларни, драматургларни танир эдингиз. Масалан, Саид Аҳмадни билардингиз? У қанақа одам эди?

— Саид Аҳмад аками?

Ҳа.

— Ғали-дўли эди.

Бу нима дегани?

— Бир қоп ёнғоққа ўхшарди. Ичидан нима ўтсаям, ташқарига чиқармасди. Ичида кўп нарса бор эди.

Шукур Холмирзаев қанақа одам эди?

— Чақиб оларди! Яхши кўрган одамини қаттиқ яхши кўрарди. Мени қачон кўрса, ” Ў-ў, булунғурлигим!” деб қучоқ очиб келарди. Чунки отаси Булунғурдан бўлган экан. Ҳозир ҳам Булунғурда Шукур аканинг амакилари яшайди. Жуз уруғидан. Фозил Йўлдош оқин қишлоғида жузлар макон қурган. Шукур аканинг онаси Бойсундан бўлган… Бир куни Шукур ака нозик масалани ўртага ташлади. “Шукур ака, биз ака-укамиз, менга шунинг ўзи катта гап. Келинг, ака-укачилигимиз сақланиб қолсин!”, — дедим. “Ие, сиз бунақа ақлли гапларни қаердан биласиз?!”, — деб кулиб юборади. Шукур акамиз ҳам аломат одам эди…

Машраб ака қанақа одам эди?

— Машраб акам пок одам эди. Бировнинг хурсандчилигини ўзиникидай қабул қиладиган одам камдан-кам бўлади. Сиз учун ҳам ростакамига суюнарди-да! Унақа одам кам бўлади.

Тўра Сулаймон билан муносабатингиз қанақа бўлган?

— Яхши эди муносабатимиз.

Борди-келди қилармидингиз?

— Ҳамсуҳбат сифатида яхши эди. Шеърият, ҳаёт тўғрисида кўп гаплашардик. Кўпроқ Тўра акам гапирарди, мен эшитиб ўтирардим. Тўра ака агар Фарҳод укамни учратиб қолса: ”Фарҳоджон, мен сизни итдай яхши кўраман!”, — дерди. Бундай гапни фақат Тўра Сулаймон айтиши мумкин эди. Доим оғзини тўлдириб гапирарди. Шевасини сақлаб қолади умрбод. Машраб ака билан Тўра ака бир-бирига жуда яқин бўлган…

Соғ бўлинг, устоз!

— Э-э, мен қанақасига сизга устоз бўламан…

Ҳозир ўқувчилар муаллимларини “устоз” дейди, шунинг учун мен ҳам шунақа деяпман. Ахир, домла демайман-ку!

— Мен қанақасига домла бўламан! Дам устоз дейсиз, энди индамасам…

Хуллас, қизғин суҳбатимиз ҳангомага айланиб кетади.

Ёзувчи Набижон Боқий суҳбатлашди

Манба: turon24.uz

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort