Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ўзбек тили софлиги ҳақида

Ўзбек тили софлиги ҳақида
11 Eylül 2018 - 10:00 'да юкланди ва 422 марта ўқилди.

18. ЗАМОНДОШЛАРИМГА МАДДОҲЛИКДАН ВОЗ КЕЧГАНИМ ҲАҚИДА

(ўзбек тили софлиги ҳақида)

Ўзбек тилидаги биттагина «Ўтмоқ» феълининг 175.400 та шаклини ясадик деяпман.

Кўпчилик ўқувчиларга бу гапим тушунарли бўлмаса керак. Бу шакллар битта маънони бермайди. Лекин ўзаги ўтишни англатади.

Мисол учун:

Ўтдим; Ўтдинг; Ўтди; Ўтдик; Ўтдинглар; Ўтдилар; Ўтдингми; Ўтдиларингми? Ўтдилар; Ўтгандим; Ўтгандинг; Ўтганди; Ўтгандик; Ўтгандиларинг; Ўтгандилар; Ўтганми? Ўтганмиш? Ўтгандир; Ўтгандиёв; Ўтганмас; Ўтганмасми; Ўтгандиров; Ўтказдим; Ўтказдинг; Ўтказдик; Ўтказдилар; Ўтказдир; Ўтказдиртир; Ўтказдиртир; Ўтказдиртирвор; Ўтказдиртирворайлик; Ўтказдирворайлик ва ҳоказо.

Олмошлар кесимида, кейин эса бир неча ҳаракатни битта сўзда ифода қилиш орқали дами 175400 та шакл ташкил бўлди.

Ўтказ билан Ўтқаз сўзлари товуш жиҳатидан бир-бирига яқин. Аммо, уларнинг маъноси кескин фарқ қилади.
Бу шаклларнинг ясалиши ўзбек тилимизнинг биринчидан қадимийлигидан дарак берса, иккинчидан қулайлик жиҳатидан ўзига хослигидир.

Ўзбек тилининг ҳақиқий қоидасига асосан Ўтдим демаймиз, Ўттим деймиз. Лекин совет ўзбек тилшунослари белгилаган тартибга кўра шундай бўлиб кетди.

Айниқса лотин имлоси қоидаларига биноан жўналиш келишигидаги қоида ўзбек тилининг сўз ясаш қоидасини рад этяпти. Мисол учун Боққа эмас Боғга, Тоққа эмас Тоғга деб ёзиш таклиф қилиняпти.

Бу сўз ясашда асосий ўзакдаги ундош товуш ўзгариши керак. Лекин янги қоидага кўра лотин ёзувида ўзак ўзгармасдан қолмоқда.

Бунга сабаб сўз ясашда ўзбекча эмас, форсча ёндашув устуворлик қилиб тилимиз пойдевори дарз кетяпти. Бу ҳолатда туркий тиллар оиласидан чиқиб кетишимиз ҳеч гап эмас.

Чунки, бир дона тошни ифодалаганда форсийлар «битта» демайди, улар «бирта» дейишади. Худди, шунингдек улар ўзбек тилини ишлатганларида Тоққа дейишмайди, Тоғга дейишади.

Биз ўзбек – она тилимизнинг софлигини сақлашимиз керак. Бу ишларни амалга ошириш учун тилшунос ўзбек олимларининг олдида катта ишлар турибди.

Бу ерда энг устувор вазифа ўзбек тили билан ҳам ўзбек халқи тарихи билан ҳам айнан ўзбек олимлари шуғулланиши керак. Чунки ўзбек тилида сўз ясаш форс тилида сўз ясашдан кўра устун.

Зеро, Алишер Навоий бекорга ушбу фикрларни айтмаган:

«…Шундай маълум бўладики, турк форсдан тез фаҳмроқ ва баланд идрокроқ ва хилқати софроқ ва покрок яратилгандир. Форс туркдан ақл юритишда ва илмда нозиктаъброқ ва камолу фазл тафаккурида теранроқ зуҳур қилибдур. Бу ҳол туркларнинг сидқу сафо ва тўғри ниятидан ва форсларнинг илму- фан ва ҳикматида намоёндир.

Бироқ ушбу икки тилдаги камол ва нуқсон хусусиятига кўра йирик тафовутлар бор: сўз ва иборалар ясашда турк тили форс тилидан устун келгандир. Турк ўз тилида ишора ва иборалар яратишда зиёдалик-ортиқликлар кўргизадики, ўз вақтида, Худо хоҳласа, ёзилғусидир: Туркнинг мулойимлиги – таъбининг форсдан ортиқлигига далил бундан ёрқинроқ ва исбот бундан аниқроқ бўладими!?

Бу икки тоифанинг йигити ва қариси, балки улуғдан – кичик барчаси орасида ихтилот- муносабат баб-баравардир. Ҳар қалай, бу бирининг униси билан борди-келди ва ўзаро самимий гап-сўзи бор, иккинчисининг ҳам бу биринчиси билан ўшанча гурунгу гаплари бор.

Сорт (форс)лар орасида истеъдоду билим эгалари, илму зеҳн ва идроклилар тоифаси кўпроқдир. Турк элида жайдари ва соддаси форсдан зиёдадир.

Туркнинг каттасидан кичигигача ва навкаридан бегига қадар форс тилидан хабардордирлар ва ўз аҳволларига яраша гапира оладилар, балки баъзилари фасоҳат ва бадиият билан ҳам сўзлайдилар.

Қисман турк (ўзбек) шоирлари форс тилида ажойиб шеърлар ёзадилар ва ширин талқинлар зоҳир этадилар. Аммо форс элининг қуйи ва зодагон тоифасигача, саводсизидан донишмандигача ҳеч қайси турк тилида сўзлай олмайдилар ва эшитган сўзларининг маъносини ҳам билмайдилар. Агар юздан ёки мингдан бири бу тилни ўрганиб гапирса ҳам, ҳар бир эшитган киши унинг форс эканини фаҳмлайди ва у сўзлаётган киши гўё ўз тили билан ўзини уятга қўяётгандек бўлади.

Туркнинг асли яратилишда – хилқатда таъби мулойимроқ эканига бундан-да ажойиброқ далил йўқдирки, ҳеч ким бу фикрга қаршилик этолмайди: ҳамма форслар агар турк тилида гапиришга ожизмиз, дейишса ҳақлидирлар. Чунки турк тили олимлари жуда кўп ҳолатларда муболаға кўрсатиб, ўта майда нарсаларга ҳам сўз топиб қўйганларки, бундан хабардор киши айтмаса, бунга ишониб ҳам бўлмайди.

Чунончи: кувормоқу қуруқшамоқ ва ушарма-ку жийжаймоқ ва ўнгдаймоқу чекримак ва дўмсаймоқу умонмоқ ва ўсанмоқу игирмак ва эгарма-ку ўхранмак ва ториқмоқу алдамоқ ва арғадамоқу ишанмоқ ва игланмоқу айланмоқ ва эрикмаку игранмак ва овунмоқу қистамоқ ва қийнамоқу қўзғалмоқ ва соврулмоқу чайқалмоқ ва девдашмаку қийманмоқ ва қизғанмоқу никамак ва сийланмоқу танламоқ ва қимирдамоқу серпамак ва сирмамаку каноркамак ва сиғриқмоқу сиғинмоқ ва қилимоқу ёлинмоқ ва мунгланмоқу индамак ва тергамаку теврамак ва қингғаймоқу шиғалдамоқ ва синграмаку яшқамоқ ва ишқармоку кўнгранмак ва сухранмоқу сийпамок ва қораламоқу сурканмак ва куйманмаку ингранмоқ ва тушалмаку мунғаймоқ ва танчиқамоқу танчиқолмоқ ва кўруксамаку бушурғанмоқ ва бўхсамоқу киркинмак ва суқадамаку бусмоқ ва бурмаку турмак, ва томшимоқу қаҳамоқ ва сипқормоқу чичаркамак ва журканмаку ўртанмак ва сизғурмоқу гурпаклашмак ва чупрутмоқу жирғамоқ ва бичимоқу қикзанмоқ ва сингурмаку кундалатмак ва кумурмаку йикирмак ва кунгурдамаку кинаркамак ва кезармаку дуптулмоқ ва чидамоқу тузмак ва қозғонмоқу қичиғламоқ ва чимдиламоқу кенгсирамаку ядамоқ ва қадамоқу чиқанмоқ ва кундурмаку сундурмак ва суқлатмок.

Ушбу юзта сўз ажиб мақсадлар ифодаси учун қўлланилгандирларки, бу тушунчаларнинг ҳеч кайсисига форс тилида сўз ясамаганлар. Ҳолбуки, ушбу маънолар ифодасига эҳтиёж бордир, гаплашган пайтда киши уларни ишлатишга муҳтож бўлади.

Кўпи шундайдирки, асло унинг мазмунини форсий сўзларда тушунтириш имкони бўлмайди ва баъзисини англатса бўлади. Ҳар бир туркий сўзни форс тилида ифодалаш учун бир неча сўз ёки сўз бирикмаларидан фойдаланишга тўғри келади. Шунда ҳам арабча сўзлар қўллаб ифода қилинади. Бундай сўзлар туркий тилда кўпдир.

Масалан, қайд этилган юзта сўздан бир нечтасини форс тилида ифодалаш оркали исбот қилайлик, токи биз билан баҳслашувчи киши бу ҳолатни кўриб, мулзам бўлсин ва бошқа тушунчаларнинг форс тилидаги муқобили ҳам шунчалик муаммолигини шундан қиёс қилсин»

… Ўз навбатида, сўз ясаш хусусида сўз юритилса, форсларнинг бу соҳадаги камчиликлари кўринаверади, агар айтаверсак, сўз узайиб кетади, чунки бундай ҳолатлар жуда кўпдир.

Айниқса, шеъриятда барча истеъдод эгалари қошида равшан ва жами фасоҳат аҳли назарида аниқдирки, тажнис ва ийҳом санъатлари энг юксак усуллардир. Ана шундай кутлуғ ибора ва гўзал сўзлар қўлланилишига келсак, улар форсий-га кўра туркийда кўпроқдир: Тажнисли сўзлар ва ийҳомли фикрлар назмга зебу зийнат боиси ва такаллуфу санъат сабабчиларидир.

Масалан: от сўзининг бир маъноси «алам» (белги, исм, байроқ)дир, яна бир маъноси «улов»дир ва яна бир маъноси «амр»дирки, тошни ё ўқни от деб буюрадилар. Бу ҳолат тажнис санъатида бундай дейилгандир:

Байтлар:

Чун парию ҳурдур отинг, бегим,
Суръат ичрадеверуротинг, бегим.
Ҳар бирўқким, элус андин қочар,
Нотавон жоним сари отинг, бегим.

Мазкур икки байтдаги жинсдошлар тажниси том (мукаммал, тўла)дир. Бу ҳам турк шоирларига хос, форсларда йўқдир ва буни туюқ дейдилар. Бунинг таърифи каминанинг олдинроқ битилган “Мезон ул-авзон” номли аруз рисоласида келтирилгандир.

Яна ит сўзи ҳам борки, бунда ҳам уч маъно бор, чунончи:

Байтлар:

Эй рақиб, ўзни анга тутсин ҳам ит,
(ҳайвон)
Бизгараҳм айлаб анинг кўйидин ит.
(кет, йўқол)

Гарчи бор дўзахча ишқнинг шуъласи,
Бизни ўз илгинг била ул сори эт.
(элт)

Туш сўзида ҳам худди шундай уч маъно бор. Ва яна ён сўзида ва ёқ лафзида ҳам айни шу ҳолатдир. Уч маъноси бўлган бундай сўзлар тилимизда беҳад ва ҳисобсиз топилади.

Анча сўзлар ҳам борки, улар тўрт маънони ифодалайдилар. Чунончи, бор сўзининг бир маъноси «мавжудлик»дир ва бир маъноси «кетмоққа амр»дир ва бир маъноси «юк»дир ва ниҳоят яна бир маъноси ҳосилдир.
(** “бор” сўзининг “қабул” ва маротаба маънолари ҳам бор).

Шундай сўз ҳам топиладики, беш маъноси бўлади: соғин сўзи сингарики, бир маъноси «эсага олмоқ (ёд қилмоқ)қа буйруқ»дир. Сутли қўйни ҳам соғин дейдилар-у Ишқ масти* ва мажнуни беморига нисбатан соғин деса, «соғай» маъносида уларнинг ҳар бирига нисбат берса бўлади.
(*мастга соғин дейилса, ҳушёр торт деган маънода бўлади).

Яна худди ўшандай туз сўзини ҳам бир неча маънода талқин қилса бўлади. Ўқ ёки найзадек нарсаларни туз (тўғри) дейдилар. Текис даштни ҳам туз дейдилар. Қомати тик, ростгўй ва адолатли кишини ҳам туз дейдилар. «Созни чалмоққа амр» ва «асбобни созламоққа буйруқ»ни ҳам туз дейдилар. «Яна туз деб» икки киши ўртасига муроса солмоқни ҳам айтишади. Яна туз деб «базм (асбоб-ускунасини муҳайё қилиб) барпо этиш»ни ҳам айтса бўлади.

Кўк сўзини ҳам бир неча маънода истеъмол қиладилар. Бири: кўк деб «осмон»ни айтадилар. Яна кўк оҳангдир. Кийим йиртиғини кўклаб тикмоқ ҳам кўк. Яна «қўлнинг қадоғи»ни ҳам кўк” дейдилар. Яна кўк деб «сабза ва ўт-ўланлар»ни ҳам айтадилар.
(*** Ситилган матони тикишда устига ямоқ парчаси қўймай, йиртиқни йирик чокларда бириктирибгина қўйиш кўк ёки кўклашдир).

Уч-тўрт ва ундан ортиғроқ маъноларни ифодалайдиган сўзлар туркий тилда кўпдир. Форсий тилда бунақалари йўқдир.

Форсий шеъриятнинг маълум ва мажҳул қофияларида лабланган ва лабланмаган унлилар икки хилдан ортиқ бўлмайди. Чунончи, лаблангани: худ ва дуд; зўр ва нур; лабланмагани пир ва шер сингари.

Туркий тилда эса маъруф ва мажҳул унлилар тўрт навда топилади: лаблангани ҳам, лабланмагани ҳам. Лаблангани чунончи, қаттиқ куйдирувчи нарса – ўт; ўтмоқ (босиб ўтмоқ, кечиб ўтмоқ) маъносидаги ўт; ўйиндаги рақибга буйруқ беришда ҳам ут (ютгин) дейилади. Қўй калласини оловга тутиб тукини тозалаш ҳам ўт дейилган.

Яна бир мисол: тўр – «тузоқнинг бир хили»; ундан нозикроқ маънода тўр «қуш кўниб ўтирадиган ёғоч»; тўрнинг янада аниқроқ маъноси «уйнинг фахрли жойи, тўри»дир; тўрнинг навбатдаги маъноси – кашталар билан тўрли қилиб тикилган, ҳаво ўтказадиган эшик пардасидир.
(** Кўк – оҳанг, куй. Кўк оҳанги – мунгли куй, мотамсаро мусиқа).

Лабланмаганига мисол уч унлидан ортиқ топилмас: форс “без”ни “қудуд” (гўштнинг бези) дейди ва “биз” ки форсий (мо) ва арабча “наҳну” (биз) маъносидадир ва “бийз”ки “дарафш” (бигиз) дейдилар.

Яна бир мисол келтирамиз: тер-термоқ» маъносидадир. Ундан ҳам юмшоқ айтиладиган “тер”-дирки, тожиклар “арақ” ва “хай” дейдилар. Унданда нозик ифодаланадиган “тир” (тийр) ўқ* маъносида қўлланилади.

Ўқ-ҳарбий истилоҳ (камон ўқи, тўп ўқи).

Уч унли билан ясалган бундай сўзлар турк тилида жуда кўп ва ҳозир истеъмолдадирлар.

Туркий тил ифода имкониятларини кенгайтириш ва қофиялаштиришни осонлаштириш учун айрим ҳарфларни бир-бирига мослаштиришга ҳаракат қилинган. Шу жумладан бири “алиф” (о) билан тугаган сўзга сўюти “ҳо” (а) билан якунланган сўзни қофиялаштирса бўлади. Чунончи, “аро” сўзини “саро” ва “даро” билан қофия қилса бўлур; “сара”га “дара”ни ҳам қофия қилса бўлади.

Яна бир мисол оламиз: “ядо” сўзини “садо” билан қофиялаштирса бўлади, буларга “бода”ни ҳам қофиялаштириш мумкин.

“Вов” билан “замма”(Замма – унли ҳарфнинг ўзини ёзмай уни ҳарф устида майда белги билан ифодалаш) орасида ана шундай шерикчилик муштараклиги бор. Худди “эрур” сўзига “ҳур”, “дур” сўзларини қофиялаштирса бўлганидек; унга “ғурур” ва “зарур” сўзларини ҳам жуфтлаштириш жоиздир.

“Ё” ва “касра” (касра – ундош ҳарфларнинг остига қўйиладиган белги) орасида ҳам шундай яқинлик хусусияти бор. Чунончи, “оғир” ва “боғир” сўзларини, “содир” ва “қодир” сўзлари билан қофиялаштириш мумкин.-Уларни “тахир” ва “тағйир” сўзлари билан ҳам қофиялаштирса бўладики, туркий тилдаги бундай енгилликлар-кулайликлар форсий тилда йўқдир.

Ушбу сўзларни яратган турклар сўзнинг нозик қирраларини ифодалаб, уларга ажойиб мазмун ва маънолар юклашган. Улар ҳақидаги мисолларни юқорида кўриб ўтдик.

Яна озиқ ва ҳар қандай таомки, еса бўлур, егулик дейилади. Форс элининг кўпи, балки барчаси емакни ҳам, ичмакни ҳам “хўрдан” сўзи билан ифодалайдилар.

Катта қардош ва кичик қардошнинг иккаласини форслар “бародар” дейдилар. Турклар эса ўғилнинг каттасини – “оға” ва кичигини – “ини” дейдилар, қизнинг каттасини – “эгачи” ва кичигини “сингил” дейдилар. Ва булар отанинг оға-инисини “абоға” дейдилар. Ва онанинг оға-инисини – “тағойи”. Форслар ҳеч қайсига ном қўймаганлар ва араб тили билан “ам(ма)” ва “хол” (хола) дейдилар. Улар кўкалдошни турк тилидаги сўз билан айтадилар. Ва атка ва энагани ҳам туркий тилдаги сўзда ифода этадилар.

Бир маълум нарсаки: “оқ уй” (чодир)дир, форслар унга “хиргоҳ” деб ном қўйганлар. Бироқ ундаги қисм ва асбоб-анжомларининг кўпини турк (ўзбек)ча айтадилар. Чунончи: “тунглук”, “узук”, “тўрлуғ”, “босруғ”, “чиғ”, “қанот”, “кўзанак”, “увуғ”, “боғиш”, “бўсаға”, “эркина” ва шунга ўхшашлар.

Ов ва қуш султонларнинг одоб ва расм-одатларига кўра, икки ҳар хил машғулотдир. Иккаласини форслар “шикор” дейдилар. Ов мақнулотига келсак, умумий номи кийик бўлган ҳайвоннинг нарини турк “ҳуна” ва урғочисини “қилчоқчи” дейди. Яна суйқуннинг ҳам нарини “буғу” ва модасини “марал” дейди. Форс “оҳу” ва “гавазн”дан ўзга сўзни қўлламайди.

Яна бир олатасир ва қўрқинчли ов борки, бу тўнғиз овидир. Унинг ҳам нарини турклар қобон ва урғочисини “мегажин” ва боласини “чурпа” дейдилар. Форс кишиси бу тушунчаларниш барчасини “хук” ва “гуроз” сўзи билан айтади.

Энди қушга келайлик. Бу соҳада энг маълум ва машҳури илбосун – ўрдакдир. Форс эли илбосунни ҳам билмайди. Турк ўрдакнинг нарини “сўна” ва мокиёнини “бўрчин” дейди. Форслар бунга ҳам ном қўймаганлар. Ва нар ва модаси иккаласини “мурғоби” дейдилар.

Ўрдакнинг навларини биладиган қушбозлар қошида, масалан, “жўркаю”, “эрка” ва “суқсуру” “олмабош” ва “чоқирқаноту” “темирқанот”‘ ва “алдалдағаю” “алапука” ва “боғчол”. Бу йўсинда дейдиларки, улар етмиш нав бўлади. Форс буларнинг ҳаммасини “мурғоби”гина дейди, холос. Ва агар бир-биридан тафовутини аниқлаб айтмоқчи бўлса, турк (ўзбек)ча номлар билан айтади.

От (ҳайвони) навларига келсак, “тубучоқу” “арғумоқ” ва “якаю” “ёбу” ва “тоту” сингари – барини турк (ўзбек)ча айтадилар. Биргина қулунни “курра” дейдилар. Бошқа: “тою” “ғўнан” ва “дўнану” “тулан” ва “чирғаю” “ланға” номларига қадар фасиҳроқ форслар туркча айтадилар ва кўплари буни ҳам билмайдилар.

Отнинг эгарини агарчи “зин” десалар-да, от ва эгарга тегишли бошқа қисм ва асбоб-ускуналари; нуноняи, “жибидгиру”, “ҳано” ва “тўкуму”, “жазлиғ” ва “уларчоғу”, “қанжуға” ва “жилбуру”, “қушқун” ва “қантару”, “туфак” ва “тўқа” кабиларнинг кўпини, “булдурға”сини ва “чубчурға”сини ҳам туркча айтадилар.

“Жибаю”, “жавшан” ва “кўҳаю”, “қанғалдуруқ” ва “қорбичию”, “кечим” ва “оҳа” цингари уруш асбобларини ҳам турк сўзлари билан айтадилар.

Яна дашт қушларидан тўғдоқу, туғдори, чоғриқ, қулатурға, япалоқ, қуладу, лаклак, чойлоқ, қорақуш, телбақуш, жиғжиғ сингари қушларнинг номлари форсийда йўқдир. Улар буларнинг кўпини туркча айтадилар.

Тоғ ва туздаги жилға, сўқмоқ, дўш, арғадол, қиршима, бўртоғу, секритма, сирт, учма, ишма, илот, қиралонг, тўқай, кўл, кўлак, сонг, саянг, чоқил, сой, шуртонг каби нарсаларнинг кўпига форслар ном тайинламаганлар.
Жонворларнинг товушидан биргина от кишнашига “шиҳа” деб ном қўйгандирлар, туянинг бўзламоғи, қорамол маърамоғига, итнинг тегашмоғига ва улумоғига, эшак ҳанграмоғига форсларда сўз йўқдир.

Ва расмий либослардан, чунончи, “дастору”, “қалпоқ” ва “наврўзию”, “тўппи” ва “ширдоғу” ва “дакла”, “ялаку”, “ёғлиғ” ва “терлику” “қур” сингари нарсаларнинг ҳаммасини туркча айтадилар. Егуликлардан агарда қўй аъзо-узвларидан баъзига ном кўйибдирлар, аммо орқани ва ошиқлик суякни ва ён суякни, қобурғани, иликни, ўрта илик ва бўғузлағуни туркча айтадилар. Ва яна баъзи емаклардан қаймоғу, қатлама ва буламуғу ва курут, улоба-ю, манту ва қуймоғу уркамочни ҳам туркча айтадилар. Қимизу сузмани, бохсуму бўзани ҳам туркча номларини айтадилар. Яна тутмочу умоч, кулочу толқонни ҳам туркча айтадилар. Агар бундай турли еоҳаларгасмашғул бўлинса, бунақа сўзлар туркий тилимизда ғоят кўп топилади.

Энди янада муҳимроқ сўзларга аҳамият берайлик. Араб тили морфологияси истилоҳларида “Муфоала” деб ном қўйилган боби ҳам борки, сўз бир маротаба ишлатилади-ю, икки кишининг ўзаро иш-ҳаракатини ифода этади.

Чунончи: “муораза” (арз қилишмоқ), “муқобала” (ўзаро қарама-қаршилик), мушоаро (шер айтишмоқ) ва “муколама” (ўзаро сўзлашиш) бутун бобда шунақа сўзлар келтирилади ва бундан жуда катта наф бор.

Форсийгўйлар шунчалик фасоҳат ва бадииятдаги даъволари билан ана шундай йирик фойдадан маҳрумдирлар.

Аммо турк тили билимдонлари бу фойдадан баҳраманд бўлибдирлар. Улар сўз ўзагига бир “шин” (ш) ҳарфини қўшиш билан ўша мақсадга етганлар. Чунончи, чопмоқ -.. “чопишмок”, топмоқ – “топишмоқ”, қучмоқ – “қучишмоқ”, ўпмоқ – “ўпушмак” ҳам амалдаги сўзлардир. Бу туркум сўзларни ясаган азизларга тан бермоқ ва таҳсин айтмоқ лозимки, жуда яхши иш қилганлар. Ва бу фасоҳат билан форс фасиҳларидан ўзганликларини ҳужжатлаштирганлар.

Яна араб тили морфологиясида икки киши ҳаракатини ифодаловчи феъллар бор. Улар жуда кенг тарқалган ва доимий истеъмолдадир. Бундан ҳам форслар бебаҳра қолишган. Туркий халқлар арабларнинг бу усулларига жуда асосли равишда издошлик қилишган. Масалан, араблар “Атайту Зайдан дирҳаман” (Зайдга танга бердим) дейдилар. Ушбу гап учта сўздан иборат. Худди араблар сўзга битта ҳарф қўшганлари каби турклар ҳам сўзга бир ҳарф орттирадилар ва, натижада қулай ҳамда қисқа янги сўз ясаш содир бўлади югур -югурт, яшур – яшурт, чиқар – чиқарт.

Туркларнинг яна бир сўз ясаш усуллари бор-ки, сўз охирига “ч” ёки “чи” ҳарфларини орттириш орқали мансаб, ҳунар ёки касб эгаларига доир сўзлар ясалади. Форсийда бу усул йўклиги учун ундай сўзларни форслар туркча айтадилар.

Мансабга доир сўзлардан, кўрчию сувчи, хизоначию керак-яроғчи, чавгончию найзачи, шукурчию юртчи ва шилончию ахтачи сингарилар кўпдир.

Ҳунар ва касб-кор вакиллари ясалган сўзлардан қушчию борсчи, қўруқчию тамғачи, жибачию йўрғачи, ҳалвочию кемачи ва қўйчи. Худди шундай қушчилик ҳунарига оид ҳам истилоҳлар бордир. Чунончи: қозчию қувчи, турначию кийикчи ва товушқончи сўзлари форс тилида йўқдир. Ва улар ушбу зикр этилган сўзларнинг кўпини туркча айтадилар.

Яна бир нав ибора ва ифодалар борки, бировдан бир ишни гумонсираш билан у ишни ўша кишига иисбат берадилар: ҳақиқат юзасидан эмас, йўқ, балки шубҳа ва гумонга асосланадилар. Аммо бунда ажиб маъноли сўзлар яратилади. Чунончи: борғудек, ёрғудек, кулгудек, билгудек, айтқудек, қайтқудек, урғудек ва сурғудек. Бундай сўз ҳосил қилиш усули форсийда бўлмайди.

Турклар баъзи бир сўзларнинг охирига бир “ч” ҳарфини орттирадилар ва шу билан ўша ҳарф қўшилган феълда иш-ҳаракат тезлиги ва якунланганлиги таъминланади. Чунончи: етгач, итгач, борғоч, ёрғоч, топқоч, сотқоч; яна бир “р” ҳарфини иш-ҳаракатга оид сўзларга қўшиш натижасида янги фикр юзага чиқарилади. Чунончи: билакўр, қилакўр, кетакўр ва етакўр.

Бирор сифат ёки ранг-тусни орттирма даражада ифодалаш учун сўзнинг бош кисмидан олдида бир “п” ё “м” ҳарфини қўшиб қўядилар. Масалан оппоқ, қоп-қора, қип-қизил, сап-сариғ, юм-юмалоқ, яп-ясси, оп-очуғ, чуп-чуқур; бу нав сўзлар ҳам хийла топилади. “м” ҳарфи орттирилгани мисоли: кўм-кўк, ям-яшил, бўм-бўз.

Турклар баъзи сўзларга бир “вов” (в) ва “лом” (л) ҳарфини илова қилиш орқали шундай тушунча ва истилоҳларни ҳосил қиладиларки, улар ҳарбий соҳада ҳам, султонлар базму хизматлари сингари жабҳаларда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Чунончи: ҳировулу қаровул, чингдовулу бакавул, шиговулу дақавулки, бунақа сўзлар оз эмасдир.

Улар яна баъзи сўзларга бир “лом” (л) ҳарфини илова қиладиларки, бу усул ўша нарса ёки снфатга ҳамишалилик, доимийлик маъносини юклайди.

Чунончи: қаҳолу ясол, қаболу тунқол, тарқолу тўсқол ва суюрғол.

Форслар қилич билан чопмоқ, суқмоқ (суғлимоқ)ни, найза билан санчмоғни ва илмоғни ҳаммасини “зад” сўзи билангина ифодалайдилар. Турклар бир “қ” ҳарфини қўшиш орқали яна баъзи маҳал ва макон, бир фасл ё бир ишга мансуб сўзлар ясайдилар. Чунончи, қишлоқ, яйлоқ, овлоқ, қушлоқ. Бу ҳам жуда қизиқдир, форслар ҳам бу сўзларнинг баъзиларини туркчасини ишлатадилар.

Ушбу сўз ва иборалардаги бу хил инжа-нозикликлар жуда кўпдирки, бу кунга қадар ҳеч киши бу тил ҳодисаси ҳақиқатини мушоҳада қилмагани учун булар яширин қолиб кетгандир.

Туркнинг ҳунарсиз, сўзни “гуллатадиган” чечан ёшлари осон йўлни танлаб форсий тилда назм айтишга машғул бўлишган. Ҳақиқатда эса, агар киши яхши мулоҳаза қилса ва мушоҳада юритса, туркий тилда шунча кенг қамров ва майдонида шу қадар фасоҳат кузатиладики, бунда ҳар қандай сўзамоллик, фасиҳсўзлик ва назмсозлигу фасо-напардозлик форсийдан ҳам осонроқ муяссар ва воқе бўлажак.

Эндики, турк тилининг чексиз имкониятлари шунчалик далиллар билан исбот қилинди, керак эдиким, бу халқ орасидан чиққан истеъдод аҳли салоҳият ва қобилиятларини ўз тиллари турганда ўзга тил билан зоҳир қилмасалар ва ишга солмасалар эди. Агар иккала тилда ижод этиш қобилиятлари бўлса, ўз тилларида кўпроқ ёзсалар эди ва иккинчи тилда озроқ айтсалар эди. Агар муболаға қилгудек бўлсалар, иккала тилда баравар ёзсалар эди.

Бу эҳтимолга ҳам йўл бериб бўлмайдики, турқ халқининг барча истеъдодлилари форс тилида шеър ёзсинлар ва турк тили билан мутлақо ёзмасинлар. Инсоф юзасидан айтсак, буларнинг кўплари туркий тилда шеър ёзолмайдилар, ёзсалар ҳам, тожик тилида ёзганларидек чиқаролмайдилар ва ўз “асар”ларини фасоҳатли турк (ўзбек)лар қошида ўқиёлмайдилар ва мақуллай олмайдилар; агар ўқисалар ҳар сўзларида юз нуқсон топилади ва таркиблари юз эътирозга учрайди.

Демак, бу мушоҳадаларимиздан шу нарса маълум бўладики, туркий тилда ажойиб сўзлар ва нафис ифодалар ғоят кўпдир. Бироқ буни ёқимли тартиб ва дилкаш таркиб билан фикрда ифодаламоқнинг қийинчилиги бор. Ҳаваскор истеъдод эгаси туркий назмни қийинчилик билан бунёд этар экан, бу ишдан безади ва осонроқ бўлган иккинчи тил сари мойил бўлади.

Бу ҳолат бир неча маротаба содир бўлгач, таъби бунга одат қилади. Киши табиати ўрганиб қолгандан сўнг, ўзи ўрганган нарсани қўйиб, бошқа – ўрганиш мушкулроқ бўлган нарсага кўникиши қийин кечади.

Шуниси ҳам борки, фаросат истеъдодсиз кишиларни ҳам бу ишга мойил ва машғул кўрар экан, ҳар қандай киши ҳам замонда расм бўлган йўлдан чиқмоқни маъқул кўрмайди ва ўша юрилган йўлни танлайди.

Ҳаваскор шоирнинг яна бир одати бўлади: у қобилияти маҳсулини – истеъдоди мевасини ўзига ёққани учун шу соҳа кишиларига намойиш қилишни истайди. Бу соҳа аҳли форсийгўйлар -форс тилида ижод қилувчилар эса туркий тилдаги сўзлардан баҳраманд эмасдир. Шунинг учун ёш шоир бу ишнинг баҳридан кечиб, форс тили томон майл кўргизади.

Эндики мойил бўлди, ғайрат қилиб ва имкон топиб бу замонда бўлгани каби ўша гуруҳ вакилларининг бирига айланиб қолади. Нима бўлганда ҳам туркий тилнинг тақдирида бор эканки, форс тилига нисбатан шунчалик юксак имконият вазияти, ҳақиқатни айтганда, шунча нозиклиги ва ифода майдонининг ғоят кенглигига қарамасдан унга шеърият йўлида умумий татбиқ муяссар бўлмади ва яширинлик хонасига кириб қолиб, балки ташландиқ бир ҳолатга келиб қолди.

Бу хокисорга ўсмирлик ибтидосидаким оғиз қутичасидан бирор гавҳар зоҳир бўлса, у гавҳарлар ҳали ҳануз назм тизимчасига кириб улгурмай, замирим дарёсидан шеър силсиласига тортилган гавҳарлар истеъдод ғаввоси саъй-ҳаракати билан оғиз соҳилига кела бошларди.

Мазкур бўлган таомилга кўра, илҳом оқиб кела бошлаганида майлим форсий ифода томон бўлди.

Аммо шуур ёшиға қадам-қўйилганда Ҳақ субҳона ва таоло таъбимга ғаройиботлар сари майлни зотий, диққат ва заҳматкашликка жасоратни туғма қилгани учун мушоҳада ва мулоҳаза мени туркий тилга йўллади: шундай зеб-зийнатли бир олам кўз олдимда намоён бўлдики, ўн саккиз минг оламдан ортиқ ва таъбимга шундай фазлу юксаклик осмон табақаси очилдики, тўққиз фалакдан баланд ҳамда бир хазина учрадики, дурлари юлдуз гавҳарларидан ҳам ёруғроқ, бир гулшан йўлиқди: гуллари осмон сайёраларидан порлоқроқ, маскани атроф-тевараги эл оёғи етмакдан фориғ ва ғаройиб нарсалари бегона қўллар дахлидан омонда. Аммо хазинасининг илони қонхўр ва гулшанининг тиканлари сон-саноқсиз. Хаёлга келди-ки, бу илонлар ниши наштаридан қўрқиб истеъдодли оқиллар бу хазинадан баҳра топмай ўтганлар ва кўнглимдан шундай кечадики, гўё бу тиканлар ниналари зараридан назм аҳли гулдастачилари базм тузишга етарли гул тераолмай четлаб кетиб қолибдилар:

Ушбу йўлда ҳимматим олий эди ва табим ҳайиқмас, далли фидойилиги учун бу ерни ташлаб ўтиб кетишга қўймади ва томошасига кўзларим тўймади. Туркий тил олами фазосида истеъдодим лашкари мардона ҳужумлар уюштирди; у осмон ҳавосида хаёл қуши баландпарвозликлар кўрсатди ва у хазина жавоҳирларидан замирим заршуноси бебаҳо лаъл ва қимматбаҳо тоза гавҳарлар олди. Ва у гулшан чаманзорларидан кўнгул гултерувчиси беҳад ва ниҳоятсиз хушбўй ифор таратиб турган гул ва ёсуманни қўйнига солди.

…Яна бошқа рисолаларга қалам сурдим ва мактубларга рақам чеқдим. Форсий сеҳргарлар ва паҳлавий (тилида) афсонапардозлар, у соҳада ораста ва қисмларини тизимларга солган доно ҳакамлар адолат юзасидан кўз ташласалар ва бурунги форсий ва кейинги туркий латофат-у нозикликлардан баҳра олсалар, ҳукм эълон қилишдан олдин ҳар қайсисининг мартабасини белгилаш пайтида умидим улдир ва хаёлимга шундай келадики, сўзларим мартабаси осмон юксаклигидан пастга инмайди ва бу тартиб-у таркибим аъло даражадан ўзгасини писанд қилмайди.

Бу сўзлардан ғаним бундай билмасин ва ҳавойи даъвогар бу хил гумон қилмасинки, менинг таъбим туркий ифодага мулойим-у қойим тушгани учун таърифида муболаға изҳор қилгандайман ва форсий ибораларга муносабатим озроқ бўлгандай инкор ва танқидига зўр бергандай туюлар Форсий тил талқин имконияти ва у иборалар назокатини бирор киши мендан кўпроқ идрок қилмайди ва фазилат-у камчиликларини мендан яхшироқ билмайди.

…Форс тили нуқсон-у фазилатлари хусусидаги мулоҳазалар идрокида истеъдодим оқсамайди, балки бу водийни босиб ўтишда (бу хусусдаги тадқиқ-у таҳлилда -Р.В.) қаламимнинг тезкор юрт-кезари қадами етмаган ер қолмагандир.

Ўттиз йилдан ортиқ ва қирқ йилга яқиндирки, олам мамлакатлари фозиллари ва комилларининг улуғ шаҳри ва илмий маркази бўлган Хуросон юртининг барча назм аҳли, ширинкалом шоирлари ва муҳтарам фасоҳат аҳли қоғоз юзига қандай маъно билан оройиш ва қайси сўзлар билан дафтарлар юзларини безаб намойиш қилмоқчи бўлсалар мен фақир суҳбатига етказдилар ва бу заифга маъқуллатиб, ўз асарлари нуқсу қусурлари ислоҳини сўрадилар.

Улар юзасидан хотирамга келган мулоҳазаларимни айтганимда инсоф юзасидан қабул ва миннатдорчиликлар изҳор қилдилар; шубҳа ва эътироз билдирганларга далиллар билан тушунтиришга ҳаракат қилдим, шундан сўнгра улар қабул қилиб, ўзлари шукр қилиб, мамнуният билдирдилар…

Хулласи калом шунча кучли далиллар ва йирик гувоҳу асослар келтириб ёзган ушбу гапларимдан сўнг мен фақирнинг таъби, балки маҳорати бу фаннинг форсий ва туркий назмида узил-кесил билинди ва ёрқин равшан бўлди: агар мен бир тилни иккинчисидан юқорироқ қўйсам, ҳар икки тил ижодкорларининг ҳар бири қабул қилиб, ҳаққу рост! – демоққан бошқа сўзга мадори келмайди.

Айниқса, шунча қатъий узил-кесил далиллар ниҳоясида бу қораламанинг ҳам тили бўлса эди, ҳар ҳарфи билан фарёд ургайлар ва ғовға кўтаргайлар эди.

Юқоридаги жумлалар Алишер Навоийнинг «Муҳокамат ул-луғатайн» (икки тил муҳокамаси) асаридан иқтибосдир. Ушбу асар қадимги асл нусхасидан заҳматкаш олим Ваҳоб Раҳмонов томонидан замонавий ўзбек тилига таржима қилиниб «Тафаккур» нашриётида чоп этилди.

Ўзбек тилшунос олимларининг олдида Ўзбек тилининг янги қоидаларини ишлаб чиқишда гапларни тузишда тилимиз софлигини бузаётган русча услублардан ҳам воз кечиш каби вазифа турибди.

Мисол учун ўзбек тилида исм, шариф кейин фамилия ёзилади, биз эса русча услубда аввал Фамилия кейин исм, кейин шарифни ёзяпмиз.

Айниқса қонунлармиз тилида русча услублар кўп.

Ҳар қайси тилшуноснинг биринчи вазифаси Алишер Навоий бобомизнинг тилимиз софлиги ҳақидаги «Тафаккур» нашриётида чоп этилган «Муҳокамат ул-луғатайн» асарларини яхшилаб ўқиб чиқсалар яхши бўларди.

Менинг икки талаба шогирдим билан биргаликда қилган кашфиётим эса тўсатдан, йўл-йўлакай чиқиб қолди. Тарихда бундай кашфиётлар бўлган.

Мисол учун телескопнинг ихтиро қилиниши шундай бўлган экан. Бу ҳақда европалик киноижодкорлар томонидан яратилган ҳужжатли фильмдаги ғоя жуда ишонарли чиққан. Интернет маълумотларини қарасангиз Телескопнинг ҳақиқий муаллифи кимлиги ҳозиргача баҳсли эканлиги айтилади.

Ваҳоланки, фильмда айтилишича Подшо маълум миқдордаги мукофот эвазига Галилео Галилей (1564-1642) (фильмни томоша қилганимга анча бўлди, ким ўша фильмни кўрган бўлса, айтиб юборсин)га денгиз орқали четдан, менимча Испаниядан келаётган кемаларда нима товарлар борлигини олдиндан кўриш имконини берувчи (шаҳар бозорларида ниманинг нархини ошириш, ниманинг нархини олдиндан тушириш учун) қурилма ясашни буюради. Галилей денгиздан келаётган савдо кемасида қандай товарлар борлигини узоқдан кўрадиган қурилма ясайди. Шу билан телескопга асос солинган дейишди, фильм ижодкорлари. Мен ҳам ўз тажрибамдан келиб чиқиб уларнинг фикрига қўшилдим.

Давоми бор

Анвар Шукуров

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort