Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Туркияда ўтказилиши мўлжалланган халқаро конференцияга тайёрланган маъруза

Туркияда ўтказилиши мўлжалланган халқаро конференцияга тайёрланган маъруза
11 Eylül 2018 - 17:06 'да юкланди ва 527 марта ўқилди.

Туркияда ўтказилиши мўлжалланган халқаро конференцияга тайёрланган маъруза
(сиёҳи қуриб улгурмаган)

XII асрда туркман ва ўғузларнинг Анадолуга кўчиши тарихий жараён сифатида

В.А.Гордлевскийнинг маълумотларига қараганда туркий халқларга мансуб халаж, қорлуқ, қанғли, қипчоқ қабилалари Кичик Осиёга VIII—X асрларда кўчиб кела бошлаган. Аслида туркий халқларни Кичик Осиёга келишига ўша даврдаги ижтимоий-сиёсий ҳолатлар кучли таъсир кўрсатган. Насронийларнинг ҳужумлари хавфидан чўчиган аббосий халифалар Хуросон ва Ўрта Осиёдан туркий қабилаларни жалб эта бошлаган. Чунки улар жанговарлик, ботирлик ва ҳарбий салоҳият бўйича устунликка эга эдилар. Турклар дастлаб Кичик Осиёнинг жануби-шарқий томондаги Тарсус ва Эрзирум кенгликларига келиб ўрнаша бошлаганлар. Демак салб юришлари мусулмонларнинг ғарбга томон силжишига ҳам сезиларли таъсир кўрсатган.

“Бу кўчишлар Кичик Осиёнинг этник жараёнларига сезиларли таъсир кўрсатмаган бўлса ҳам Анадолу ва Фракиядаги туркийлашиш жараёнларига тамал тошларини қўйган” дейиш мумкин.

Кичик Осиёга туркий халқларнинг кўчишидаги энг йирик ва ҳал қилувчи босқич – Салжуқийлар даврига тўғри келади.

Яқин ва Ўрта Шарқ, қисман Мовароуннаҳрда салжуқийлар сулоласи бошқарган давлат (1038—1308). Салжуқийлар давлатига Салжуқнинг невараси Султон Тўғрулбек асос солган. Салжуқ турклари XI асрнинг 20-йилларида ҳарбий хизматлари эвазига Хуросонда Маҳмуд Ғазнавийдан кўплаб мулклар олганлар. Бироқ кейинчалик ғазнавийлар уларга қарши лашкар жўнатиб, Арслон Исроил ибн Салжуқни асир олишган ва Ҳиндистондаги ҳарбий қалъада тутқунликда сақлашган (1032 й. у ҳибсда ўлган). Салжуқийлар ғазнавийларга қарши олиб борган кўплаб муваффақиятли жангларидан сўнг Нишопурни эгаллаб, ўз раҳбарлари Тўғрулбекни султон деб эълон қилдилар (1038). Данданакон жангидаги ғалабадан сўнг, у Хуросон ҳукмдори деб эълон қилинди. Аста-секин салжуқийлар Хуросон, Хоразм, Ғарбий Эрон, Арманистон, Озарбайжон, Сурия, Фаластин, Ироқ (Бағдод билан бирга)ни ўзларига бўйсундирдилар. Бағдодда Тўғрулбек номига хутба ўқитилган. Аббосийлар халифаси ал-Қоим (ҳукмронлик даври: 1031—75) ҳокимиятни Тўғрулбекка топшириб, уни султон ҳамда “Шарқ ва Ғарб подшоҳи” деб тан олишга мажбур бўлган ва қизини унга хотинликка берган. Тўғрулбек Райни, унинг укаси Чағрибек Довуд (990—1060) Марвни ўзларига пойтахт қилдилар. 1050 йилда Тўғрулбек пойтахтни Райдан Исфаҳонга кўчирган.

XI асрнинг 60-йилларида Византия Салжуқийларнинг Византия империяси билан илк тўқнашувлари содир бўлган . Дастлабки даврда Византия қўшинлари анча-мунча муваффақиятга эришиб, ҳатто салжуқийлар эгаллаб олган Манцикертдан нарига суриб ташлаган эдилар. Бу талашишлар ва урушлар ҳам туркий қабилалар миграциясини тўхтата олмаган. XI асрдан бошлаб Кичик Осиёга туркий қабилаларнинг шиддат билан кириб кела бошланганини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчимиз. Салжуқийлар аслида келиб чиқиши Туркистондан бўлган турк-ўғузлар авлодлари ҳисобланадилар. Уларнинг қиниқ, салур, авшар, қайи, қараман, баяндир каби қабилалари бўлиб бу даврда Кичик Осиёга кириб кела бошлаганлар. Албатта бу кўчишлар Византия империясини қаттиқ ташвишга солганди. Улар ўз кучларини жамлаб бу юришларни тўхтатишга ҳаракат қилганлар. Икки орада катта жанглар ҳам келиб чиққан.

1071 йилда Салжуқ султони Алп Арслон Роман IV Диогенни Манцикерт ёнидаги жангда қаттиқ мағлубиятга учратди ва императорнинг ўзини асир туширди. Византия армиясида бўлган турк қўшинларининг Алп Арслон томонга ўтиши жанг тақдирини турклар томонга ҳал этган. Манцикертдаги катта ғалабалар Кичик Осиёнинг энг чекка қисмларигача кириб боришга имкон яратган.

1080 йилларда Византия қўшинлари қарши ҳужумга ўтадилар, дастлаб улар баъзи қирғоқбўйи ҳудудларини қайтариб оладилар. 1097 йилда эса салбчилар ёрдами билан Никея ва Смирнани қайтадан эгаллайдилар. Бу пайтда Анадолуда анча мустаҳкам ўрнашиб олган Салжуқийлар Икония (Конья)да ўзларининг унчалик катта бўлмаган давлатини тузадилар. XII аср мобайнида Византия туркларни Кичик Осиёдан чиқариб юбориш учун қатор муваффақиятсиз юришлар уюштиради. Император Иоанн II Кастамону, Гангра ҳудуларини қайтиб олган, Маниул I Дорилеум ва Сувлеум каби стратегик қальаларни эгаллаб олган бўлса ҳам Иоанн у Коньядан ўтишда 1176 йилда турклар қўшинидан қамалда қолади ва Мирикофеландаги жангда узил-кесил мағлубиятга учрайди. Шундай қилиб, турклар Конья, Қайсария, Сивосда мустаҳкам ўрнашиб оладилар.

Дастлаб ўғуз-туркман қабилалари бузуқ (бозуқ-ўнг), учуқ, (учоқ –сўл) қисмларга ажратилган. Бозуқ-ўнглар қоидага асосан Анадолу ғарбига жойлашишлари, улар учуқдан шимолга силжишлари лозим эди. Анадолу этнотопонимлари кўчиш жараёнида оғуз қабилалар иттифоқи барҳам топгани, бу эса кўчиш қоидаларини бузилишига олиб келганини кўрсатади. Салжуқийларнинг туркий қабилаларни турли туманларга жойлаштириши, улар томонидан олиб борилган ўзига хос маъмурий-уруғчилик сиёсати бу анъаналарнинг бузилишига олиб келган.

Анадолуга кўчманчи қабилалар билан бирга кўчманчилик ва деҳқончилик билан шуғулланувчи ярим ўтроқ қабилалар ҳам кириб келган. Шунингдек, улар билан бирга Эрон ва Абосийлар Ироқидан ҳам ўтроқ деҳқонлар кириб келган. Чўл аҳолиси ўзларининг турмуш тарзларига хос равишда Қизил Ирмоқ дарёсидан Кўтахиягача бўлган ерлардаги текисликларда қўним топганлар. Бу ерлар Туркистон ва Эрон ҳудудларига ўхшаш эди.

Кўчманчи қабилалар тоғларни эмас, айнан ўз машғулотларига қулай бўлган Ўрта Анадолу пастекисликларини танлаганлар. Бу ерда асосан қиниқ қабиласи бошқаларга нисбатан кўп сонли эди. Ўрта Онадўлуга жойлашган оғуз ва турманлар ғарбга томон силжий бошлаганлар. Улар Ўрта Анадолуда жойлашгач, тоғли довонлар ошиб Эгей денгизига етиб борганлар. Ундан Илгағ ва Жаник Қораденгизи томонгача чиқишган ва ўша ерларда қўним топишган. Маълумотларга кўра, ҳукмдор сулолалар оғузларнинг қайи уруғига мансуб бўлганлар.

Кичик Осиёда дастлаб Салжуқийлар авлодидан Рум султонлиги ва Донишмандийлар сулоласи давлатлари ташкил топган. Данишмандлилар давлатининг маркази Сивос шаҳри эди.

Бу сулола 1080-1178 йилларда ҳукм сурган бўлиб, бейлик таркибига Чорум, Токат, Амася, Малатия, Қайсария каби шаҳар ва ҳудудлар кирар эди. Донишмандлилар Анадолуда ташкил этилган илк бейликлардан биридир. Улар Малатияни фатҳ этган сулола ҳисобланадилар. Донишмандлилар Анадолу тарихида катта рол ўйнаганлар.

Донишмандия давлатини туркман амирларидан бири — Ғози Аҳмад ибн Али ибн Наср Донишманд (7—1106) асос солган бўлиб, аббосий халифа Ал-Қоим Биамриллоҳ (1031—75) унга ўзи Румда фатҳ қилган ерлар (Малотия ёки Мелитена, Сивас) ни инъом этган. Бу инсоннинг оталари салжуқий ҳукмдорларга дарс берган илм кишилари бўлганликлари сабабли, улар тарихда “Донишмандлилар” деб ном қозонган. Бир сўз билан айтганда, Анадолуда ташкил этилган илк турк бейлиги бўлмиш Донишмандлилар олимлар сулоласига мансуб эдилар.

Ғози Донишманд ўз давлати ҳудудини Кастаману шаҳригага қадар кенгайтираётганда, Никсор (Никсар) ни қамали даврида шаҳид бўлган. Унинг авлодлари (Ғози Муҳаммад ибн Донишманд, Ёғий Басон Абулмузаффар Низомуддин ибн Муҳаммад, Ғози Жамолуддин ибн Низомуддин, Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Донишманд, Абулфидо Исмоил ибн Иброҳим) Амосия (Понт), Анқира (Анқара), Корум ва бошқа бир қанча шаҳарларни фатҳ этиб, Донишмандлилар давлати ҳудудини янада кенгайтирганлар, византияликлар ва салибчиларга қарши муваффақиятли уруш олиб борганлар, Малатия остонасида франкларнн тор-мор келтирганлар. Бу сулола 1165 йилда салжуқийлар томонидан тугатилган.

Айнан XII асрда ташқаридан Кичик Осиёга гуруҳ-гуруҳ бўлиб турли-туман туркий қабилалар кириб келмаган бўлса ҳам, бир аср аввал кўчиб келган уруғ-қабилаларнинг Анадолу ичкарисига кўчиши, ўтроқлашиш ва турклашиш жараёнлари содир бўлганини кузатишимиз мумкин.

Сал кейинроқ, XII аср охирларида ҳам туркларнинг Кичик Осиёга кўчиши давом этган. Хоразмшоҳ Такаш Эронда салжуқ султонини енггиши натижасида ҳам баъзи қабилалар Анадолуга кўчиб келиб қолган. XIII асрда мўғулларнинг Ўрта Осиёга юриши натижасида ҳам туркий қабилаларнинг Кичик Осиёга кўчишлари давом этган. Бу кўчишларга дастлаб салб юришлари таъсир кўрсатган бўлса, кейинчалик Хоразмшоҳлар ва мўғулларнинг юришлари ана шу жараёнларни тезлаштирганини кузатишимиз мумкин. Бундан ташқари, мўғулларнинг Ўрта Осиёга ва ғарбга томон юриши натижасида ҳам Жалолиддин Мангуберди аскарларининг бир қисми ҳам бу диёрга келиб қолган.

Юқорида таъкидлаганимиздек, XI—XII асрларда Кичик Осиёга кўчиб келган туркий қабилаларнинг ўтроқлашиш жараёни кучайиб боради. Шу билан бирга улар маҳаллий ўтроқ мусулмон аҳоли билан аралашиб кета бошлайди. Бу фан тили билан айтганда Кичик Осиё кенг миқёсли туркийлашиш жараёнларини бошлаб беради. Бу жараёнда греклар, арманлар, грузинлар, араблар, курдлар, жанубий славянлар, руминлар, албанлар ва бошқа қабилалар ҳам иштирок этадилар.

Ўлжаева Шоҳистахон Мамажоновна

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort