Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Каримов қамоғида энг узоқ ўтирган Самандар Қўқонов реабилитация имконидан маҳрум қилинди

Каримов қамоғида энг узоқ ўтирган Самандар Қўқонов реабилитация имконидан маҳрум қилинди
13 Eylül 2018 - 16:39 'да юкланди ва 698 марта ўқилди.

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Ўзбекистон Олий Кенгашининг собиқ депутати, қамоқда 23 йилу 5 ой жазо муддатини ўтаб, 2016 йилнинг 24 ноябрида озодликка чиққан Самандар Қўқоновга оид жиноят иши материаллари 2017 йилнинг 6 апрелида Тошкент вилоят Давлат архиви маъмурияти томонидан “тегишли тартибда йўқ қилинган”. Шу боис собиқ сиёсий маҳкумнинг реабилитация талаб қилиб ёзган мурожаати кўрилмайди.

Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди раиси Д. Таджибаев Самандар Қўқоновга берган расмий жавобда айтилган.

Самандар Қўқоновга суддан келган жавоб
Самандар Қўқоновга суддан келган жавоб

Самандар Қўқоновнинг жамоатчилик ҳимоячиси Ҳамроқул Асқар 13 сентябрь куни Озодлик билан суҳбатда гапни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди раиси Д. Таджибаевнинг хатини “шарҳлашдан ожизлигини” айтиш билан бошлади.

Ҳамроқул Асқарнинг айтишича, суд раиси Д. Таджибаев 28 августда имзолаган хат ёзилишидан бир неча кун олдин – 16 августда Ўзбекистон Олий суди вакили В. Назаров Самандар Қўқоновга оид жиноят иши кассация тартибида кўрилиши мумкинлиги ҳақида маълум қилган.

“Демак, ўша кунлари бундан 1 йилдан кўпроқ муддат олдин, яъни 2017 йилнинг 6 апрелида йўқ қилинган жиноят иши мавжуд эди”, деди Ҳамроқул Асқар.

Самандар Қўқоновнинг жиноят иши 2017 йил, 6 апрелда йўқ қилингани жорий йил май ойида ҳам “маълум бўлмагани” маълум бўлмоқда.

2018 йилнинг 23 майида Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Самандар Қўқоновдан олинган маълумотга таяниб, у Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси ўринбосари Н. Акбаров имзоси билан жавоб олганини хабар қилган. Жавобда Қўқоновнинг ёзган кассация шикояти жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг кассация судлов ҳайъатида кўрилажаги айтилган.

Ҳамроқул Асқарнинг айтишича, ўшанда, яъни жорий йил майида Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси ўринбосари Н. Акбаровдан олинган жавобдан кейин, Самандар Қўқоновни Тошкент вилоят судига чақирадилар:

– У киши суддан ниҳоятда хурсанд бўлиб қайтди. “Судья билан гаплашдим, жуда яхши кутиб олди, ишингизни ўрганиб чиқдик, ишингизда жиноят таркиби йўқ экан, яқинда биз судлов ҳайъати хулосасини берамиз, деди”, деганди ўшанда Самандар ака. Мана энди орадан 4 ой ўтиб, Д. Таджибаев жиноят иши бир йил олдин йўқ қилингани тўғрисида хат ёзаяпти. Агар шундай бўлса, 4 ой олдин Самандар Қўқоновга “ишингизда жиноят таркиби йўқ экан”, деган гапни қайси ишга таяниб айтишган?!

Самандар Қўқновнинг жиноят иши материаллари нима учун, қайси қонунга асосан йўқ қилинди?

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди раиси Д. Таджибаев Самандар Қўқоновга берган расмий жавобда унинг жиноят иши ҳужжатлари “амалдаги меъёрий ҳужжатлар асосида” йўқ қилингани айтилган. Лекин хатни имзолаган расмий айнан қайси ҳужжатларга асосланганилганини очиқ ёзмаган.

Ўзи, умуман, жиноят ишлари неча йил сақланиши лозим?

Бу саволга жавобан мамлакат даражасидаги юқори лавозимли ҳуқуқ тизими амалдорларидан бири Д. Таджибаев имзолаган хат нусхасини кўргач, “муайян муддатдан кейин ишнинг тоифасига караб жиноят ишлари ҳам уничтожение бўлади. Сиз айтган ишлар ўта оғир жиноятлар юзасидан – шунинг учун сақланиш муддати энг максимал”, деб жавоб берди. Лекин “максимал муддат” неча йил эканлигини очиқламади.

Самандар Қўқоновга жавоб ёзган Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судидан, унинг ишини йўқ қилгани айтилаётган Тошкент вилоят Давлат архиви маъмуриятидан маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Ҳамроқул Асқар Самандар Қўқоновга келган жавоб юзасидан жуда кўп юристлар билан гаплашгани, улардан бири, тажрибали юрист Қўқоновникига ўхшаш ишлар 75 йил сақланиши кераклигини айтганини айтди.

Самандар Қўқоновнинг ўзи иши атрофида пайдо бўлган вазият ҳақида гапираркан, бундай деди:

– Мен буни шундай ташлаб қўймайман. Мен қамоқда 24 йил Каримовнинг зулми билан ўтирдим. Мен на халқнинг, на давлатнинг мулкига хиёнат қилганман. Жиноятчи эмасман. Шунинг учун ҳам янги Президентимизнинг шарофати билан чиқиб олдим қамоқдан. Энди мени оқлайди, деган умиддаман.

Ўзбекистон Олий кенгаши депутати¸ Чиноз нефтни қайта ишлаш корхонаси собиқ бошлиғи Самандар Қўқонов 1993 йилнинг 2 июль куни “давлатга қарашли катта миқдордаги мол-мулкни талон-тарожлик қилганликда” айбланиб ҳибсга олинган.

МХХ ертўласида бир ярим йил сақланганидан сўнг¸ 20 йиллик қамоққа ҳукм этилган ва тергов давридаги бир ярим йил қамоқ муддатидан чегирилмаган.

Асли Жиззах вилоятининг Фориш туманидан бўлган Самандар Қўқонов 1989 йили Шавкат Мирзиëев билан бир чақириқда Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши депутатлигига сайланган.

​Уни яқиндан таниган маслакдошлари 80-йиллар охирида сиëсий майдонда фаол кўзга ташланган тадбиркор ва депутатнинг шахсан Ислом Каримов топшириғи билан қамоққа олингани ва шахсан Каримов топшириғи билан қамоқда шунча вақт сақланганини таъкидлайдилар.

Қўқоновнинг Каримов ғазабига учраганини изоҳлаган ўзбекистонлик таҳлилчилар¸ буни Қўқоновнинг 80-йиллар охирида демократик мухолифатга қўшилгани¸ хусусан¸ Эрк демократик партиясига молиявий ëрдам бергани билан боғлайдилар.

Самандар Қўқонов мустақил Ўзбекистон тарихида қамоқда энг узоқ қолган сиëсий маҳбусдир.

ЎХҲ ахборот бўлими

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort