Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ёзувчи Набижон Боқий мамлакатдан ташқари чиқишига тақиқ қўйилганини иддао қилмоқда

Ёзувчи Набижон Боқий мамлакатдан ташқари чиқишига тақиқ қўйилганини иддао қилмоқда
14 Eylül 2018 - 10:28 'да юкланди ва 608 марта ўқилди.

Яқинда ёзувчи Набижон Боқий Фарғонадаги “Водил” чегара пости орқали Шоҳимардон анклавига ўтмоқчи бўлганида уни ўзбек чегарачилари Қирғизистон ҳудудига ўтказишмаганини “Facebook” саҳифасида ёзиб чиқди. Turon24 ёзувчи билан бу хусусда ва ижодий ишлари ҳақида суҳбатлашди.

Turon24: “Чегарачилар анклавга ўтказишмади, Ўзбекистон ҳудудидан ташқарига чиқиш менга ман этилган бўлса керак” деб иддао қилаяпсиз, балки коммунал тўловлардан қарзингиз бордир ёки паспортингизга ОВИР муҳри урилмагандир. Чунки фикр учун олдинги даврдаги тазйиқлар орадан кўтарилди. Сиёсатда ижобий ўзгаришлар кетмоқда. Ёзувчилар англашилмовчиликлардан ҳам шов-шув кўтаришга, ўзларини реклама қилишга уста бўлишади. Ҳар ҳолда жиноятчи эмассиз, ўзбекнинг катта ёзувчисисиз. Сизни ҳақиқатан ҳам бесабаб чегарадан ўтказишмаган бўлса, бу конституцион ҳуқуқингизнинг поймол этилиши эмасми?*

Набижон Боқий Биринчидан, менинг уйим йўқ. Аввалдан ижарада тураман. Шунинг учун коммунал тўловлардан қарз бўлишим мумкин эмас. Маош оладиган бирор жойда ишламайман ҳам. Иккинчидан, паспортимда янги ОВИР визаси бор. Гарчи Қирғизистонга чиқиш учун виза талаб қилинмаса ҳам. Учинчидан, сохта шов-шувлардан жирканаман. Мен ўша куни сарсон бўлиб қайтдим. Вақтим кетди. Лекин Ҳамза учун унча-мунча мушкулотга ҳам чидаш керак.

У ерда кўпни кўрган икки-учта оқсоқол менга маҳрам гапларни айтиб бериш учун ҳозирланиб турганди. Афсус, уларни беҳуда маҳтал қилиб қўйдим.

11 ё 12 август (шанба) куни атайлаб Фарғонага бориб, Водилдаги чегара постида бир соат навбатда туриб Қирғизистоннинг Қадамжо, Каптархона қишлоқлари орқали Шоҳимардонга бормоқчи бўлдим. Янги ёзилаётган романим учун манбалар керак эди. Навбатим келганда паспортимни дарчадан чегарачига узатсам, компьютердан мен ҳақимдаги маълумотларни топиб бирдан дам менга, дам мониторга тикилиб-тикилиб: “Ака, бирпас кутиб туринг”, — деди. Ярим соат четга чиқиб турдим-да, яна дарчага яқинлашиб: “Нима бўлди, ука?”, — деб сўрадим. “Ие, шу ердамидингиз? Сизга чегарадан ташқарига чиқиш мумкин эмас экан-ку, узр”, — деб паспортимни қайтариб берди. “Раҳмат, ҳушёр посбонларимиз соғ бўлсинлар”, — деб ташаккур билдириб орқага қайтдим.

T24: Шоҳимардонда нима ишингиз бор эди?

Н.Б.: Ҳамза ҳақида ҳужжатли роман ёзаяпман, етмиш минг (70.000) сўздан иборат қоралама нусхасини шу мавзудан хабардор қўқонлик дўстларимга ўқитиб ҳам кўрдим.

T24: “Қатлнома”га ўхшаганми?

Н.Б.: “Қатлнома” ҳужжатли қисса эди, бу роман.

T24: Қораламани ўқиган қўқонликлар қандай фикр билдиришди?

Н.Б.: “Янги романингиз чоп этилганидан сўнг Шоҳимардонга борсангиз, шўравийлар тарқатган чўпчакка ҳали-ҳамон ишониб юрган жоҳил оломон сизни ҳам тошбўрон қилади!” — дейишди.

T24: Астағфируллоҳ! Наҳотки…

Н.Б.: Лекин Ҳамза тошбўрон қилинмаган.

T24: Нима?! Ҳамза Шоҳимардонда ўлдирилмаганми?

Н.Б.: Ўлдирилган, бироқ тошбўрон қилиб ўлдирилмаган. Сизнингча, ўша пайтларда кимни тошбўрон қилиш мумкин эди?

T24: Бировнинг хотини билан дон олишиб юрган эркак қўлга тушса тошбўрон қилинса керак. Шундайми, устоз?

Н.Б.: Заҳматкаш олимларимиз Рашид Зоҳид билан Акрам Деҳқон 1994 йилда нашрга тайёрлаган “Мухтасар” китобидаги “Шариат қонунларининг қисқача шарҳи”да: “Қози гувоҳларнинг ҳолатини, шахсини тегишли кишилардан сўраб тафтиш қилганидан сўнг уларнинг ростгўйликлари маълум бўлса, зинокорни зино учун ҳад уришга ҳукм қилур. Ҳад – уйланган кишини тошбўрон қилиб ўлдириш, уйланмаган кишини юз дарра уришдир”, — дейилади. Яъни, “эр киши ўз мулки бўлмаган – никоҳида бўлмаган хотинни ватий қилғони”ни тўртта эркак “зино қилди” деб гувоҳлик берса, собит бўлади. Гуноҳкор “зино қилдим” деб иқрор бўлгач, ҳад қилурлик даражага етгач, ҳадни ижро этмасдан бурун иқроридан қайтса, ҳад қилинмас, сўзидан қайтмаса, ҳад қилинур”. Иқтибос тамом. Қалай?!

T24: Ҳамза иқрор бўлмаганми?

Н.Б.: Шоҳимардонда 1929 йилнинг 18 март куни кечки пайт содир бўлган қотилликда умуман зино ёки зинокорлик масаласи кун тартибига қўйилмаган. Бир ҳафта давомида бўзахонада маст қилувчи бўзага ароқ аралаштириб ичирилган бир тўда бекорчихўжа ёш-яланг эс-ҳушини йўқотар даражага етади. Айрим ҳомийлари томонидан гиж-гижлаб юборилиши натижасида жанжал-тўполонни бостириш учун оломон орасига аралашиб қолган Ҳамзани ўртага олиб пичоқлаб ярадор қилишади, сўнг уриб ўлдиришади. Ижрочилар ғирт маст бўлган. Биринчидан, шариат бўйича ҳеч қандай ҳукм йўқ. Иккинчидан, “ҳад уриш – тошбўрон” ижрочилари шариат бўйича жазога лойиқ ҳолатда бўлган кимсалар эди.

T24: Нега шу пайтгача ёзма манбаларда “Ҳамза Шоҳимардонда тошбўрон қилинган” деб ёзилади?

Н.Б.: Ислом дини ва диндорларни бадном қилиб, уларга қарши расман ошкора репрессия бошлаб юбориш учун шундай қилинган. Ўша замон матбуотида эълон қилинган некролог-марсияномаларда Ҳамза айнан худосиз бўлганига ва уни диндорлар ваҳшийларча ўлдирганига алоҳида урғу берилади: “Меҳнаткашлар қўл-оёғига кишан бўлган руҳонийларга ва халқнинг миясини заҳарлагувчи динга қарши фаол равишда курашиб келган худосизлардан ўртоқ Ҳамза Ҳакимзоданинг синфий душман – бойлар, руҳонийлар, эшонлар томонидан, “динни сақлаш” шиори остида ўлдирилганини эшитиб, бутун худосизлар номидан ачинганимизни билдирамиз ва уни ўлдирган душманларга нафрат баён этамиз”. (Ўзбекистон Марказий худосизлар шўроси ва “Худосизлар” журнали идораси — “Қизил Ўзбекистон”, 1929 йил 1 апрель).

Яна бир манбада эса шундай дейилган: “Шўро зиёлиси ва пролетар адиби, фаол ишчи мухбир ва изчил худосизлардан, мутаассиб руҳонийлар томонидан ваҳшиёна ўлдирилган ўртоқ Ҳамза Ҳакимзоданинг кураш сафидан вақтсиз йўқолишига ачиниб, Марказий худосизлар шўроси матбуот орқали таъзия қилган эди. Шу муносабат билан худосизлар ёппа йиғинлар чақириб, ўртоқ Ҳамза Ҳакимзоданинг ўлдирилиши омил-тескаричилик ҳаракатининг бир бўғини ва руҳонийларнинг худосизларга қарши очган қатли оми эканлигини тушунтириб, шул масала тўғрисида омма фикрини дин билан кураш соҳасидаги келгуси вазифалар билан боғлаб тарбиялаш тўғрисида маҳаллий идораларга директива берилди”. (“Худосизлар” журнали, 1929 йил, 4-сон)

Ана шунақа гаплар бўлган экан. Бундан ташқари Юсуф Султонов, Лазиз Қаюмов каби профессор ва чала академиклар ҳам “худосизлар шўроси директиваси” бўйича Ҳамзани қип-қизил худосизга чиқаради-қўяди!

T24: Аслида Ҳамза шахсияти қандай бўлган?

Н.Б.: Романимда фақат Ҳамза шахсияти эмас, ўтган асрнинг 20-йилларида большевиклар ҳукмронликни батамом қўлга олганидан сўнг фидокор жадидлар Мунаввар қори, Беҳбудий, Сўфизода, Қодирий, Ашурали Зоҳирий, Муҳиддин қори каби буюк зотлар шахсияти қандай ҳаётий зарбаларга дучор бўлганини имкон қадар ҳаққоний-бадиий тасвирламоқчи бўлдим.

T24: Тарихий ҳақиқат билан бадиий ҳақиқат бир хил бўлмаса керак. Улар ўртасидаги фарқни оддий китобхон қандай ажратиб олади? Айниқса, сизнинг асарларингиздан?

Н.Б.: Дид-фаросат билан ажратиб олади.

T24: Сиз китобхоннинг дид-фаросатига қаттиқ ишонасизми?

Н.Б.: Мен дид-фаросати ўтмаслашган пандавақи учун эмас, ўзим бемалол суҳбатлашиб ўтирадиган дидли-фаросатли китобхон учун ёзаман.

T24: Ўлчам-мезонингиз оддий ўқувчига баландлик қилмайдими?

Н.Б.: Оддий ўқувчини пандавақи деб ҳисоблаб ёзадиган ёзувчининг ўзи пандавақи бўлади. Адабиёт профессионал бўлиши керак, ҳаваскор адабиёт ҳаваскорлик тўгаракларида вақтихушлик учун эрмак бўлади, холос.

T24: Профессионал адабиёт деганда нимани назарда тутаяпсиз? Мисол келтира оласизми?

Н.Б.: Профессионал, малакали адабиёт деганим – ижодкор ёзувчи ўзини ҳам, китобхонни ҳам алдамаслиги керак деганимдир. Бизда устоз Темур Пўлатов билан Гулчеҳра Нуруллаева профессионал ижодкор; бири ёзувчи, бири шоира.

T24: Чет элларда ҳозир кимларни профессионал ёзувчи деб ҳисоблайсиз?

Н.Б.: Ўрхон Помиқ билан Холид Ҳусайн профессионал ёзувчилар.

T24: Туркиялик Ўрхон Помиқ “Истанбул”, “Қор”, “Жавдатбей ва унинг ўғиллари” каби романлари билан бизга қисман таниш бўлиб қолган. Айниқса, унга Нобель мукофоти берилгач унинг ижодига қизиқиш кучайиб кетди. Лекин Холид Ҳусайн ижодини кўпчилик билмайди…

Н.Б.: Холид афғон ёзувчиси, АҚШда яшайди, инглизча ёзади. Яқинда “Бегущий за ветром” (“The Kite Runner”) романини ўқиб тугатдим. Ростгўй ёзувчи экан. Китобхонни алдамайди. Холиднинг “Шамолни қуваётган одам” романи ўзбекчага ҳам таржима қилиниб нашр этилган экан. Мен рус тилида ўқидим.

T24: Ўрхон Помиқ билан Холид Ҳусайн бир-бирига ўхшайдими?

Н.Б.: Иккови ҳам ростгўй, икковининг ҳам ўзига хос ҳақиқати бор.

T24: “Ўзига хос ҳақиқати” нима дегани? Илтимос, очиқроқ, батафсилроқ гапирсангиз.

Н.Б.: Помиқ ҳам ўзи биладиган ҳақиқатни тасвирлайди, лекин меъёридан ошириб юборади; маълум чегарада ўзини тўхтата олмайди. Масалан, ўқувчи меҳрини қозонадиган аёл тимсолини яратади-ю, аёлнинг сийнасини яланғоч ҳолатда кўрсатиб қўяди. Ноқулай бўлади. Автобиографик характердаги “Истанбул” ҳужжатли романида буюк шаҳар тўғрисида бир умр ўн жилдлик фундаментал китоб яратган адибни меҳр билан таърифлаб келиб, “бесоқолбоз” деган жумлани қистириб кетади. “Оббо, шу керакмиди?!”,

Н.Б.: деб юборасиз беихтиёр. Ҳатто ўз ота-онаси тўғрисида ёзганда: “Отам аёлларга ўч эди, онагинамнинг ойимча дугоналари билан ишқий алоқа боғлаб юрарди”, — деб бемалол падарининг саргузаштларини қоғозга тушираверади. Холид Ҳусайн эса шарқона меъёрни билади; аччиқ шахсий ҳақиқатни ҳам ахлоқ доирасидан чиқмасдан тасвирлайди. Аммо иккаласи ҳам замонамизнинг катта ёзувчиларидир.

T24: Ҳозирги жуда машҳур ўзбек ёзувчилари ижодида узлатга чекинган образларни кўрамиз, улар ҳаётдан ҳеч нарса излашмайди, ҳатто нима излаётганини ҳам билиб бўлмайди. Кўпгина адабиётчилар бундан катта фалсафа яратмоқчи бўлишади. Бир адабий гурунгда сиз шунга яқин фикр айтган эдингиз. Ҳақиқатан ҳам ёзувчилар жамиятдаги ҳозирги ўзгаришларга, жараёнга муносабат ҳам билдиришмайди негадир. Бу ҳолат ўттиз еттинчи йилги воқеаларнинг ёзувчиларга бевосита психологик таъсири деб ўйлайсизми ёки бу оддий конформизмми, ёки бефарқликми? Сиз, ҳар ҳолда, ўттиз еттинчи йил воқеаларини нисбатан чуқур ўрганган, хулосалар қилган ёзувчисиз.

Н.Б.: Бу қатма-қат саволга жавоб шулки, Ҳамза бободан байт: “Онча бузулибдурки бу аҳли замон, бай бай, Еткурмоғи ҳар доим бир-бириға зиён, бай-бай”. Бошқа жавобим йўқ, чунки мен уларни ўқимайман. Қолаверса, Тўйтепа сарҳадидан нарига ўтмайдиган замонавий маҳалла адабиёти мени умуман қизиқтирмайди. Ундан кўра Ўрхон Помиқнинг янги романини интернетдан топиб ўқиганим афзал.

Манба: turon24.uz

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort