Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ўзбекистон муфтийси қайси одамларни акиллайдиган итга қиёслади?

Ўзбекистон муфтийси қайси одамларни акиллайдиган итга қиёслади?
14 Eylül 2018 - 14:46 'да юкланди ва 740 марта ўқилди.

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ўтган видеоселекторда Мирзиёевга мурожаат қилиб ишдан ҳайдалган имом Фазлиддин Парпиев асосий мавзу бўлган. Муфтийдан тортиб сўзга чиққан бошқа имом-хатиблар Фазлиддин Парпиевни қоралаган, уни давлатга ношукурликда айблашган.

12 сентябр куни ўтган имом-хатибларнинг видеоселекторидан аудио файл Би-би-сига келиб тушди.

Уни олиб борган муфтий Усмонхон Алимов давлатнинг эътиборига ношукур бўлган имомларни ўрнини бўшатиб қўйишга чақирган.

Муфтий имомларнинг ичида мунофиқлари борлигини таъкидлаган.

“Ичимизда ўтирганлардан мунофиқлари бор. Мунофиқ имом, ўзингни бос. Ўзингни бос бирор балога учрамагин. Биздан воз кечгин, ҳозир ҳам кеч эмас. Ичимизда ўтириб олиб, одамларнинг, имомларнинг, идорамиз устидан кулишинг ҳеч нарсага олиб келмайдиган иш бу”, деган Усмонхон Алимов.

Муфтий ҳукумат бераётган эътиборга ношукр бўлган имомлардан жойини бўшатиб қўйишни сўраган.

“Минбардан чаённи чиқариб эмас, зиёни чиқариб ишлайдиган бўлсанг ишла! Ишламайдиган бўлсанг, катта йўл, марҳамат! Юртимизда бўлаётган бунақанги катта давлатнинг бераётган эътиборига ношукурлик билан қарамагин. Қарайсанми, марҳамат жойингни бўшатиб қўйгин”, деган у.

Имом Фазлиддин Парпиев ҳақида гапирган Усмонхон Алимов нега у мусулмонлар идорасига чиқмаган, деган савол ташлаган ва бунинг олдини олиш учун вилоят бош имом-хатибларига имомларни тергаб туриш топшириғини берган.

“Нега туман бош имом-хатибига, шаҳар бош имомига мурожаат қилмаган, нега Ўзбекистон мусулмонлари идорасига чиқмаган? Бу ҳолат бошқаларга сабоқ бўлсин. Ҳар ойда вилоят бош имом хатиби туман, шаҳар бош имомларини тергаб турсин. Ёзиб олинглар буни. Карвон кетаверади, одамлар акиллаб қолаверади”, деган у.

Мажлис бош мавзуси бўлган Фазлиддин Парпиев унда иштирок этмаган.

Юнусобод тумани бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ қори Сайфутдинов Фазлиддин Парпиевнинг шов-шувли чиқишини жайдари тилда тушунтиришга ҳаракат қилган.

“Жайдари гап билан айтадиган бўлсак, имомликни кўтара олмади. Ишлаганига 1 ой бўлмасдан туриб, бутун республика имомлари номидан гапириб катта хатога йўл қўйди”, деган у.

Раҳматуллоҳ қори Сайфутдинов ижтимоий тармоқ Ўзбекистондаги муҳитга таъсир қилаётганини тан олган. У мажлисда ўтирган имомларни ижтимоий тармоқларда аккаунт очиб, “таҳдид”ларга фаол жавоб беришга чақирган.

“Ижтимоий тармоқдаги барча, ғаразли фикр билдирувчилар сони, адади саноқлик. 10 та 20 тадан ошмайди. Аммо бизнинг сонимиз беш мингта деяпмиз. Нима учун ижтимоий тармоқдаги ғараз фикр эгалари, бизнинг раҳбаримизни ёки бизнинг муфтий ҳазратимизни ёки бирор бир имомни хоҳлаганча таҳдид қилса, бирор бир имом фикр билдирмайди. 5 мингтамиз-ку ахир. Нимага?!”, деган у.

Ижтимоий тармоқлардаги фикрларларга масжид меҳробидан туриб жавоб беришга одатланган Раҳматуллоҳ қори Сайфутдинов ўзига бўлаётган фикрларни мисол сифатида келтирган.

“Ҳатто охирги ўтган кунлардан бошлаб ҳаётимизга таҳдидлар бўляпти. Лекин бирорта имом бизнинг имом домламизни…бунақа деяпсизлар, деб чиқмаяпти-ку. Менинг ўзимга, яхши раддия бердингиз деган гапларни кўп эшитяпман. Лекин шу гапни ижтимоий тармоққа ёзишимиз керак. Агар 5та ғаразгўй ёзаётган бўлса, нима учун 200 та имом ёзиб кўмиб ташламаймиз. Бизнинг садоқатимиз оғзимизда қолиб кетаяпти, биродарлар”, дейди ҳижоб ва соқол ҳимоясига чиққан имом Фазлиддин Парпиевни қоралаган Раҳматиллоҳ Сайфутдинов.

Раҳматуллоҳ қори Сайфутдиновнинг бу таклифини муфтий Усмонхон Алимов қўллаб қувватлаган.

Тошкентнинг Юнусобод туманида жойлашган “Омина” масжиди имоми Фазлиддин Парпиев ўзининг Жума хутбасида рўмол ва соқол борасида мусулмонларга бўлаётган тазйиқларни қоралаган ва ҳукуматни виждон эркинлигини таъминлашга чақирган.

Имомнинг 7 сентябрь куни қилган ярим соатлик маърузасининг видео ва аудиоси унинг Facebook даги саҳифасида (Фазлиддин Парпиев) жойлаштирилди.

Жума намозига келган жамоат қаршисида гапирган Фазлиддин Парпиев мусулмонларни ўз ҳақ-ҳуқуқлари учун мавжуд қонунлар доирасида ҳаракат қилиш, жанжал ва тўполон қилмасликка даъват этган.

Унинг сўзларига кўра, мусулмонлар демократик давлатнинг қонунларига амал қилишлари керак, айни пайтда давлат ҳам мусулмонларнинг ўз қонунлари доирасида белгилаб қўйилган ҳақ-ҳуқуқларин таъминлаши лозим.

“Биз демократик давлатда яшаймиз, демократик давлат дегани шариатнинг ҳукмларини адо этмайди, лекин ўзида виждон эркинликларини киритиб қўйган кодексда, конституцияда… Шундай экан, давлат виждон эркинлигининг таъминланишини ҳам кузатиб, назорат қилиб бориши керак”, – деб айтган “Омина” жоме масжиди имоми.

У мусулмонларни портал орқали Президентга мурожаат қилишга чиқарган.

“Порталга мурожаат қилиш керак, шу жойда тазйиққа учрадим, илтимос, Президент шу бўйича ўзингиз назорат қилиб, ёрдам беринг, дейсиз. Ҳал бўлса бўлди, бўлмаса ҳеч нарса қилмайсиз. Сиз динингиз учун ўзингиздан талаб қилинган нарсани қилдингиз”, – деган имом 7 сентябрь куни қилган Жума хутбасида.

У мусулмонларнинг сўз эркинлигини ҳимоя қилган.

“Динимиз сабабидан бизга бирон озор етадиган бўлса, буни айта олишимиз керак, фикримизни баён қила олишимиз керак”, – деб айтган “Омина” масжиди имоми.

Шундан сўнг имом Ўзбекистон мусулмонлари идораси буйруғи билан ишдан бўшатилган. Ишдан олингани тўғрисида у хабардор ҳам қилинмаган.

Имом кейинчалик Facebookда қилган чиқишида Диний идора ундан пушаймонлиги тўғрисида видео чиқиш қилишни сўрагини айтган.

Фазлиддин Парпиев ушбу таклифларни рад қилган.

Бироқ унинг айтишича, диний идора бундай чиқишни унинг отасини ишлатиш орқали ёзиб олган.

Фазлиддин Парпиев отаси томонидан босимга дуч келаётганини айтган.

Унинг отаси эса, хабарларга кўра, Ўзбекистон расмий диндорлари ва ҳуқуқ-тартибот мулозимлари босими остида экани англашилади.

ЎХҲ ахборот бўлими

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort