Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Рауф Парфи билан учрашув

Рауф Парфи билан учрашув
26 Eylül 2018 - 10:00 'да юкланди ва 286 марта ўқилди.

#parfimaniya
РАУФ ПАРФИ БИЛАН УЧРАШУВ

2004 йил 6 март.

Жиззах шаҳри. Маънавият ва маърифат маркази.

Ёзувчи Туроб Мақсуд ташаббуси ва ҳомийлиги остида Ўзбекистон халқ шоири Рауф Парфи “Сангзор” адабий клуби аъзолари билан учрашди. Қуйида ана шу суҳбатнинг ярмини (қолгани топилмади) стенограммада ўқийсиз.

Ёзувчи Туроб Мақсуднинг қисқача кириш сўзи ҳамда жиззахлик шоир Туроб Юсуфнинг 50 ёшга тўлиши ҳақидаги хабар ва қутловдан кейин сўз Рауф Парфига берилди.

– Ассалому алайкум. Биз кўп учрашувларда бўламиз, аммо шундай адабиёт одамларининг йиғини бироз ҳаяжонлантиради. Бироз ташвишга солади мени, нимадан бошлашим керак деган маънода. Мен айтмоқчиман бугун жуда хурсанд бўлганим, Туроб Юсуфнинг туғилган кунига тўғри келиб қолганимга хурсандман. Мен Туроб Юсуфнинг тўртта бешта китобини ўқиганман, уларни йиғиб ўзимча сайланма қилиб чиқариш учун тайёрлаб қўйганман, у ёғда, бу ёғда чиқариш мумкин бўлмаганидан кейин, ҳеч бўлмаса қўлёзма ҳолида тайёрлайман, деб. Шошилишда шу китобни олиб келмабман. Туробжон соғ бўлинг. Бизнинг шеъриятимизда энг кучли шоирлардан бири Туроб Юсуф бўлади. Уни чуқур ўқиб англаган одам у шоирни чуқур тушунади. Мен Туроб Юсуфнинг яхши ўқувчилариданман, жуда хурсандман. Узоқ яшанг, бошқа кунларни ҳам кўринг, яхши кунларни ҳам кўринг. Биз энди ёмон кунларни кўриб, ўрганиб қолганмизда, бизда умуман яхши кун ҳақида фикр йўқ, чунки биз ҳаммамиз биламизки, балки шоир одамга яхши куннинг кераги ҳам йўқдир, ўзи йўғам-ку, яхши кунлар балки ёлғон кунлардир. Агар кимдир яхши яшаётган бўлса, яхши кун кўраяпман деган бўлса, ёлғоннинг ичидадир у. Биз мана шундай оғир кунларнинг ичида, яъни шеъриятнинг ичида… дунёдаги энг қонли, энг мушкул касблардан бири, дейди Нозим Ҳикмат, бу шоирликдир, дейди. Бу қонли касбни нега биз олдик… демак, ҳамиша кунларимиз оғир кечади. Бўйнимизга олишимиз керак. Мен сизни мана шундай мушкулот, машаққатлар билан табриклайман. Элликка кирганингизга қаранг, қойилман сизга.

Энди адабиётимиз ҳақида гапирадиган бўлсак, аввал Абдурауф Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирийлар кўз олдимизга келади. Агар бу янгича тасниф қилинадиган бўлса, яна бир алоҳида кишиларимиз кўз олдимизга келади. Яъни Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Уйғун, деган яна бир… пайдо бўлади. Ана шу инсонларнинг бугунги болалари ўтирибди. Баъзиси ҳалиги биринчи айтганларимнинг болалари бўлса, баъзилари кейинги айтган гуруҳнинг болалари. Ҳар ким ўз тирикчилигини кўради. Аммо бизнинг адабиётимизда қурбон бўлганлар бор, нима учун қурбон бўлганлиги ҳаммамизга аён. Уларнинг асосий ғояси, бутун интилишлари Туркистон ғояси эди. Туркчилик эди, турк миллатини бирлаштириш эди. Шунинг учун ҳаммаси қурбон қилинган. Бугун ҳам адабиётимизнинг… ҳозир тилга олинмайди кўпроқ… асосий мавзуи турк миллатини, миллатимизни кўтариш, туркий дунёнинг бирлигини ҳис қилиш, Туркистонни бирлаштириш, сен Қозоғистон, сен Қирғизистон, сен Ўзбекистон демасдан еримиз Туркистон экан, Туркистонни тиклаш ҳақидаги ғояни биринчи суришимиз керак, адабиётимизда ҳам, бошқада ҳам. Шунинг учун бизнинг энг улуғ одамларимиз қурбон бўлган экан, беҳуда қурбон бўлмаган улар. Мана шу ғояга эътиборни кучайтиришимиз керак, деб ўйлайман. Гарчи ҳозир бу масалага қараш бироз сусайган. Бизнинг тарихимизда Чўлпонлар ўтган экан, бизнинг адабиётимиз, бугунги шеъриятимиз мана шу Чўлпонлар билан боғлиқ. Бизнинг ҳасратларимиз, миллатимизнинг бугунги аҳволини тўғри ёритиш, ёлғонга қарши курашиш, ёлғонннинг адабиётга алоқаси йўқлиги ҳақида гапириш бизнинг биринчи ишимиз, деб ўйлайман. Чунки сиёсатда ёлғон бўлиши мумкин, шеъриятда ёлғон бўлиши мумкин эмас. Ўртоғларимизни, сафдошларимизни хафа қилмаган ҳолда улардан инсоф сўрашимиз мумкин, дўстлар, деб қўйишга ҳақимиз бордир, балки. Тўғриликни ташвиқ қиладиган бир макон бўлса, бу шеърият макони…

Ҳозир беш-олтита шеър ўқиймиз, кейин агар саволларингиз бўлса, агар сиёсий савол бўлмаса… Усмон Носирга мухаммасни ўқиб бераман. Агар сизларга маъқул бўлса. Яна давом эттираверамиз. (Орқага қараб кўзойнак сўрайди, у йўқ. Дарвоқе, деб шеърни ёддан ўқишни бошлайди):

Юзлашдинг балоларга аламлар ичра кўзлашдинг…

….

(Шеър ярмида Туроб Мақсуд кимнингдир кўзойнагини олиб беради. Шоир шеърни тўхтатмасдан уни кўзига тақиб, бошқа бу, деди-да яна шеърни давом эттирди.)

Хазон бўлган баҳор сенми, нишон ҳурликдан инмасми?

(Кейин Абдулла Қодирийга мухаммасни ўқиди).

Қодирий домла жуда яхши, гўзал ғазаллар ёзган. Лекин мен шунга мухаммас боғлаганман. Модомики ҳозир мухаммас билан гапиришяпмиз, ҳам бизнинг мазуимизга мос келяпти. Усмон Носирнинг сиз жуда яхши билган шеърига ҳам мухаммас боғлаганман. Ҳозир шуни…

(Шеър ўқийди “Юрак сенсан…”)

Энди саволларингиз бўлса, марҳамат!
Меъёр ҳақидаги савол

– Ҳамма касбларда меъёр бўлади, лекин шоирда, рассомда… уларнинг Конституцияси ҳам, қонуни ҳам, меъёри ҳам йўқ. Агар меъёри бўладиган бўлса, одобли идорада ишлайдиган одам бўлади. Шеърият шундай чегарасиз нарсаки, ундаги меъёр бугунги меъёр ҳақидаги тушунчамизга тўғри келмайди. Агар меъёр десак, чегараси чексиз меъёр, унинг меъёри чексизлик. Агар Тагорнинг гапи билан айтадиган бўлсак, Тагор айтади, мен чексизликнинг ҳам чекини топаман, дейди. Ўзи чексизлик бўлса, унинг чекини қаердан топамиз? Шу маънода бу меъёр тушунчасига қараш билан боғлиқ. Қонун қоидалар билан меъёрни белгилаб бўлмайди, демоқчиман-да. Ўзимизча гаплашиб келгандик, масалан мурувват, ҳақиқат, иймон ёки маърифат, маънавият деган биз ҳали… онгимизнинг ичида бўлган нарсаларни биз қонунга айлантирамиз баъзан, яъни меъёрга. Қандай қилиб масалан, мурувватни қандай қилиб меъёрга айлантириш мумкин. Инсоннинг муруввати ичида, у табиий мурувват билан туғилади. Яъни у ўз меъёри, чегарасиз меъёри билан туғилади. Меъёр ҳақидаги тушунчам менинг шунақа.

Савол: Сиз муҳаббат борлигига ишонасизми, биринчи муҳаббатингиз неча ёшда бўлган? Шу ёшгача неча марта севгансиз? (Ҳамма кулади.)

– Бутун дунёни бошқариб турган нарса ўзи муҳаббат. Инсониятни, тирикчиликни бошқарган… муҳаббат бўлмаса инсон қандай яшайди? Усиз мумкин эмас. Энди ҳалиги меъёрга олиб, қисқа метражли қилиб ўйлайдиган бўлсак, муҳаббат деганда аллақандай… кимдир билан ошначилик ёки ўртоқчилик дейдиган бўлсак, унинг ҳеч эга кесимини топиб бўлмай қолади. Муҳаббат шундай улуғки, Умар Хайёмда шундай сўз бор, сен танлаган йўл ул ҳам эмас, бул ҳам эмас, эй бехабар, дейди. Битта муҳаббат йўли бор. У Оллоҳга борадиган йўл. Бизнинг муҳаббатларимиз, Оллоҳга бўлган муҳаббатимизнинг кўринишларидир… деб тушунсак бўлар балки.

Савол: Биринчи шеърингизни неча ёшда ёзгансиз, унга нима туртки бўлган?

– Мен тўққиз ёшми, ўн ёшми Сталин ўлганда, 63 йил 5 мартда ёзганман биринчи шеъримни. Сталин домла ўлиб қолгандан кейин мен ўйлаганманки, демак ҳаёт тугади энди, деб. (ҳамма кулади) Шу даражада қайғурганман. Чин юракдан, кичкина боланинг қайғуриши касаллик даражасига бориб қоларкан. Ҳалиги… саҳнада ўқиб берганман-да уни, одамларнинг орасида, қандайдир мажлисда, кейин ҳушимдан кетганман, дадам уйга кўтариб кетган. У деворий газетада чиққан, қандай яшаймиз энди? Тахминан маъноси шунақа. Дунёни ушлаб турган одам шу эди, энди нима қиламиз? Одамнинг шахсиятига сиғиниш шу даражада бўлганки, бу кичкина боланиям қўлга олган. Демак, шахсга сиғинишнинг қуввати жуда кучли бўлади. Бу шахсга сиғиниш доимий бўладиган нарса экан, бугунам кўриб турибмиз, демоқчиман. Бу энг фожеали, оғир нарса. Мана сиз ҳозир савол беряпсиз, эслаб ҳамма жойим қайтадан оғрияпти.(кулади) Шу даражада қаттиқ таъсир қилган.

Савол: Сиз замонавий адабиётни қандай тасаввур қиласиз?

– Ўзи иккита адабиёт бор бу дунёда. Инсонларга тўғри хизмат қиладиган адабиёт бор. Ёки йўқ нарса бор, бу адабиёт ҳисобланмайди, ёлғон бўлади, яъни мана бу ерда одам оч-яланғоч турибди-да, бу бахтли яшаяпти деган адабиёт адабиёт эмас. Бунинг очлигини айтган адабиётни адабиёт, деб ҳисоблайман. Тўғриликка хизмат қиладиган, тўғри юрган одамни ҳам тўғриликка чақирадиган адабиётни мен адабиёт деб ўйлайман. Кўз олдимизга дарров Абдурауф Фитрат, Беҳбудий, Чўлпон, Қодирийлар келади. Бу ҳақиқий адабиёт. Ёлғон адабиётнинг ҳам вакиллари бор. Уларнинг номини айтишга ҳозир тилим бормайди. Тўғри бўлганлиги учун отилган, ўлдирилган. Навоий домла айтганидек, қалам ҳақ бўлганлиги учун ҳар куни боши кесилади. Тўғри адабиётнинг оғирлиги ҳам бор, келажаги ҳам бор, инсонларга хизмат қилади, лекин тўғри адабиётдаги инсонларнинг ҳаёти жуда оғир кечади.

Савол: Сиз қўшиқ ёзувчи шоирлар ҳақида қандай фикрдасиз?

– Жуда кўп қўшиқлар эшитамиз… уч тоифага бўлишимиз мумкин бастакорларимизни… мақом усулидагилар аруз билан уйғун ҳолда ривожланган, еттинчи асрдан то бугунги кунгача ўз қувватини йўқотмаган. Бу бизнинг қадимий қўшиқлармиз, мақом қўшиқларимиз. Уларга мослаштириб айтиладиган қўшиқлар жуда бошқача бўлади. Масалан, бугун ўшанга яқинлаштириб бастакорлар мусиқа басталаганда, у ердаги руҳни, инсоннинг тарихини бугунги бастакорларимиз қадимги бастакорлардан фарқли ўлароқ чуқур англаб етмайди. Бугунги бастакорларимиз… томга қўйдим шотини, анов кимнинг хотини каби тахминий шеърларни, ёки жуда ўртача ёзилган нарсаларни… жуда тез қўшиқ қилинади, сабаби унинг оҳанги кўп. Бу термалардан олинади, бошқалардан олинади-да эстрада дейилади, бошқа дейилади. Қўшиқ қилиб айтиб юрилади-да, улар оддий шеър маданиятига мос келмайди. Шеър маданияти жуда кучли нарса. Шунинг учун ҳалиги гап ҳам чиққану… шеър ёзсанг текис ёз, ё қўшиққа текст ёз, деганга ўхшаган. (Табассум қилади). Ҳозирги кўп тинглаётган қўшиқларимиз… шеърга алоқаси йўқ унинг. Умуман, ҳозир кўп тинглаётган қўшиқларимизнинг шеърга алоқаси йўқ. Уларни… шоирларимиз жуда бўш нарсаларни ёзиб берган. Аммо ёзувчилар уюшмасида, радиода, телевизионда махсус қўшиқ назоратчилари бор. Аммо жуда бўш нарсалар ҳам ўтиб кетади. Эшитамиз. Жуда кўп ёшларимиз айтаётган қўшиқларнинг шеърга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Текстлари жуда бўш. Ман уларга танқидий қарайман. Савол берган одамга айтяпман. Ман шу қўшиқ ёзмаганимга шукур қиламан. Мани шеъримга ҳалиям мусиқа ёзолмаганига шукур қиламан. Ҳали бир нима ёзмоқчи бўлган эди. Яхши бир бастакоримиз бор (пешонасини ушлаб ўйланади) Мустафо Вафоий деган. Энди у айтди у… “Додимни эшитгил қодир Оллоҳим”, деб бошланадиган. Симфония қиламиз, деди у. Ман айтдим, хўп дедим. Аммо гап шундаки, уни бугунги… арузнинг рамал баҳрида ёзилаётган шеърлар, бугунги шеъримиз. Биз аруздан чиқиб кетганимиз йўқ. Лекин халқ йўлидаги туркийлар деб қўяди, Навоий. Мезонул авзонда шунақа деб қўяди. Бизнинг бугунги ёзилаётган шеърлар ҳам арузнинг давоми. Ҳам ҳижо баҳри деймиз, бармоқ деймиз, барибир булар уйғунлашган қадимий шеъриятимиз. Хоҳлаймизми, хоҳламаймизми ундан чиқиб кета олмаймиз. Шу маънода бизнинг шоирларимизнинг… энг яхши шеърлари ҳали қўшиқ қилиб айтилмаган. Энг гўзал асарларни… Чўлпоннинг ёки Фитратнинг ё бошқа улуғ одамларимизнинг ҳали мусиқасини топиш керак. Унинг ҳали бастакори туғилиши керак. Бизни ҳалиги… ўртачалик бизни тамом қамраб олган. У ёққа борсангиз ҳам ўртачалик, бу ёққа борсангиз ҳам ўртачалик. Бу… мана бу… ҳақиқий адабиётни ўлдиргандан кейин саҳнага ўртачалик чиқди-да, ўртачалик ишни бошлади. Ўртачалик меъёрга айланди, ўртачалик ишни бошқара бошлади. Бу Ғафур Ғулом, бу Ҳамид Олимжон, ўзимизнинг Уйғун домла… шундай адабиёт, ёқимли барибир… Мана шу ўртача адабиёт эди. Бу ўртача адабиёт дунёга чиқадиган адабиёт эмас. Ўртача адабиёт ўртачаликни ҳимоя қилади. Кучли адабиёт кучли нарсани талаб қилади, холос, кучли дунёни талаб қилади, ўртачалик ўртача бўлиб юраверади. Бу қўшиқларимиз, бу адабиётимиз… ўртачалик тарафида турган адабиёт бизни ҳали кўп ташвишларга солади…

Шундан кейинги овоз топилмади, йўқолган, балки топилиб қолар…

Учрашув роппа-роса 2 соат 40 минут давом этганди.

Карим Баҳриев

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort